1 июндан ўзбекистонликлар ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлади?

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 июнидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та қарор ва 4 фармонида белгиланган айрим ўзгаришлар кучга киради. QALAMPIR.UZ янги ой бошидан Ўзбекистон қонунчилигда кучга кирадиган ўзгаришларни жамлади.

1. Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Президентниг ПФ-6191-сонли “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФҲДЁ), никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга ошириш тартиби ўрнатилади. 

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олиниши белгиланади.

Бундан ташқари юқоридаги фармонга мувофиқ: 

•  тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;

•  хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;

•  давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади;

•  давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда қайтариб берилган маблағлар Агентлик томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан регресс тартибида ундириб олинади.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорларга барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида:

•  пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;

•  уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;

•  ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;

•  пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
•  пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;

•  фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

2. Президентнинг ПҚ-4887-сонли “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувоқиқ аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича бир қатор тартиблар қонуний кучга киради:
•  6 — 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;

•  6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини билан;

•  2 — 10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.

Бундан ташқари, Президентнинг ПҚ-5087-сонли қарорига кўра 1 июндан бошлаб инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали ажратишга рухсат берилади.

Шунингдек, ушбу қарорга мувофиқ:

•  3 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш;

•  3 йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

3. Президент ПҚ-4913-сонли “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилади. Бунда:

•  мазкур талаб давлат органлари ва ташкилотларининг тегишли функцияларни хусусий секторга ўтказиш бўйича олиб борилган таҳлиллари, самарадорлигини ўрганиш натижалари ва аниқ ҳисоб-китоблари асосида Молия вазирлигининг салбий хулосаси мавжуд бўлган ҳолатларда татбиқ қилинмайди;

•  давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларни ўзи муассис бўлган давлат корхоналарига юклаш тақиқланади.

Олий Мажлис, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ва вазирликлар томонидан қабул қилинган ва қабул қилинаётган қонун, фармон ёки қарорларни қабул қилишдан мақсад аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, айрим соҳаларда енгилликлар бериш, мавжуд бўлган муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларга имтиёзлар бериш, уларни қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Лекин ушбу қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларни жойларда ижросини таъминлаш, унга амал қилиш, уларни ҳудудий раҳбарлар тўғри талқин қилиш масаласи кўндаланг турибди.

Аввалроқ, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлардан айрим ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниши ҳақида ҳабар берган эдик.

Шохрух Олимжонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

198

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made