1 июлдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
Жамият
−
26 Июнь 2021
24050Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда бир қанча қарорларда белгиланган тартиблар кучга киради. QALAMPIR.UZ июль ойидан миллий қонунчиликда қандай ўзгаришлар бўлишини маълум қилади.
1 июлдан Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларни рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади. Бунда “ I тип — “DAV” серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсан бириктирилган ва навбатчи хизмат автомобилларига берилади (мудофаа, ички ишлар, божхона, фавқулодда вазиятлар органларининг автомобиллари ҳамда II типдаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақами бериладиган автомобиллар бундан мустасно).
1 июлдан пенсия ва нафақалар оширилди
Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади.
Фармон билан 1 июлдан бошлаб:
• белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади;
• Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади;
• белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга етказилди;
• зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказилди;
Боқувчисини йўқотганлик:
• пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилди;
• пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилсин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;
• нафақаси олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди;
• болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилди.
1 июлдан онкологик ва гематологик беморларнинг вилоятдан республика ихтисослаштирилган марказларга келиш харажатлари қоплаб берилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра:
• гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар тўлиқ қоплаб берилади;
• беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан қопланади;
• онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
1 июлдан мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан келган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилиб борилади
Қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига (data.gov.uz) ва давлат органлари ва ташкилотлари веб-сайтларига жойлаштирилиб, ҳар чоракда янгилаб борилади:
• амалга оширилган давлат харидлари;
• мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари;
• Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар;
• ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси.
1 июлдан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган боғчаларга субсидиялар тўланади
Белгиланган туманларда 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 фоизлик ставкада кредитлар ажратилади.
Шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги тегишли нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига:
• ҳар бир тарбияланувчи бола учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида субсидия тўланади;
• “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ёки “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг ҳар бир тарбияланувчи фарзандлари учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 25 фоизи миқдорида субсидия тўланади;
• давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида ойлик компенсациялар тўланади;
• 2018–2019 йилларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал берилган кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати 2022 йил 1 январга қадар узайтирилади.
1 июлдан 24 та туман (шаҳар)лар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 июлдан тегишли материалларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қуйидагилар тақдим этилади:
• инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар;
• Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидагича компенсациялар:
• миллий валютадаги кредитлар бўйича – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;
• чет эл валютасидаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;
• синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар.
Шунингдек, ушбу Фармонга кўра:
• 24 та туман (шаҳар)лар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб, уларда “кичик саноат зоналари” ташкил этилади;
• “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилинади.
Бундан ташқари яна бир қатор ўзгаришлар бўлиб, жорий йилнинг 1 июлидан давлат органларида таълим ташкилотлари ўқитувчиларини шартнома асосида жалб қилиб, ҳафтада камида бир маротаба ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.
Шунингдек, 1 июлдан республика ҳудудларида хизматлар соҳасининг ривожланганлиги рейтинги жорий этилиб, “BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимида эълон қилинади. Бунда ҳар ярим йилда тегишли ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг фаолияти баҳоланиб, натижалари бўйича ижобий кўрсаткичга эга бўлганлари – рағбатлантирилади, қониқарсиз кўрсаткичга эгалари – интизомий жавобгарликка тортилади.
LiveБарчаси