Уйланаётган Жалолов, академия очаётган Шомуродов ва қамоқда қолаётган спорт ҳомийси
Спорт
−
17 Декабрь 2023
27556Жаҳон спорти юлдузларини тўйига таклиф қилган Баҳодир Жалолов, очиқда эмаслиги аниқ бўлган Ҳумоюн Тўхтамуродов, дунё футболида ўз ўрнини топиб бораётган Аббосбек Файзуллаев бугун диққат марказимизда. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Баҳодир Жалолов Махачев ва Макгрегорни тўйига таклиф қилди
Жорий йилнинг 9 декабрь кунида БААнинг Дубай шаҳрида Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) турнири бўлиб ўтди. Турнир доирасидаги тадбирларга Ўзбекистон делегацияси ҳам таклиф қилинди.
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов ҳам IBA тадбирларида иштирок этди ва машҳур UFC жангчилари россиялик Ислом Махачев ва ирландиялик Конор Макгрегор билан кўришиб, уларни шу ойда бўлиб ўтадиган тўйига таклиф қилди.
Турнир доирасида эса ўзбекистонлик яна бир боксчи, шу йили Тошкентда ўтказилган Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Саиджамшид Жафаров рингга кўтарилди. Япониялик Оказавага қарши жанг қилган Ўзбекистон вакили очколар ҳисобига кўра, ғалабага эришди.
Яна бир ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Ҳасанбой Дўсматов эса испаниялик Самуэль Кармонага қарши face-to-face'да иштирок этди. Стердаун Конор Макгрегор иштирокида ўтказилди. Шундай қилиб, Дўсматов 2024 йил 13 январь куни Кармона билан жанг қилади. Ғолиб боксчи IBA камарига эга бўлади.
“Ўзга сайёралик”лар яна тўқнашадиган бўлди
“Интер Майами” футбол клуби Саудия Арабистонида мавсумолди ўйинларини ўтказишини эълон қилди.
Жамоа у ерда иккита ўйин ўтказади. 29 январь куни “Интер Майами” “Ал-Ҳилол” билан, 1 февраль куни эса “Ал-Наср” билан баҳс олиб боради.
Эътиборлиси, 1 февраль куни Флорида клубида тўп сураётган аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси “Ал-Наср” шарафини ҳимоя қилаётган португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду билан учрашиши мумкин.
Месси 2023 йилнинг ёзидан буён “Интер Майами”да ўйнамоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2025 йилгача мўлжалланган.
Роналду эса 2023 йилнинг 1 январидан буён “Ал-Наср” футболчиси ҳисобланади. Португалияликнинг клуб билан шартномаси 2025 йилга қадар тузилган.
Роналду ва Месси мавзусидан узоқлашмаймиз. “Ўзга сайёралик” деб таъриф бериладиган икки футболчи ҳам 2023 йилда Googleда энг кўп қидирилган 10 та спортчи қаторига киритилмади.
Google қидирув тизимида сўровлар бўйича биринчи ўринни NFL (Америка футболи) “Баффало Биллс” жамоаси ярим ҳимоячиси Дамар Хемлин эгаллади. 2-ўринни ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе банд этди. Кучли учликни “Канзас Сити Чифс” (NFL) аъзоси Трэвис Келси якунлаб берди. Футболчилар орасида “Бавария” ва Англия терма жамоаси ҳужумчиси Ҳарри Кейн 5-ўринни эгаллаган. “Мемфис” клуби баскетболчиси Жа Морант эса 4-ўринга жойлашди.
Туркияда футбол ўйинидан сўнг ҳакам калтакланди
Туркия чемпионати 15-туридан ўрин олган “Ризеспор”га қарши баҳс (1:1) якунида “Анқарагужу” президенти Фарук Кожа майдонга югуриб чиқиб, ҳакам Ҳалил Мелернинг юзига мушт туширди. Ҳакам йиқилгач, яна икки киши уни тепкилади.
Гап шундаки, Бош ҳакам Ҳалил Мелер биринчи бўлимда мезбонларнинг битта голини ҳисобга олмаган ва 50-дақиқада ҳужумчи Али Соуга қизил карточка кўрсатган. Мелерга биринчи ёрдам кўрсатилган ва у шифохонага олиб кетилган.
Ҳолат Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни ҳам бефарқ қолдирмади ва давлат раҳбари ҳолатга муносабат билдирди.
“Мен бу воқеани қоралайман. Ҳакамнинг тезроқ тузалиб кетишини тилаб қоламан. Спорт – бу тинчлик ва биродарлик. Спорт зўравонликка қарши бўлиши керак. Турк спортида зўравонликка йўл қўймаймиз”, дейди Президент.
Кейинроқ “Анқарагужу” президенти Фарук Кожа Туркия футбол ассоциацияси томонидан умрбод дисквалификасия қилинди.
Кожага 5 йилга ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, жазо муддати 3 йилдан ортиқлиги туфайли эса ҳуқуқлардан доимий маҳрум қилиш жазоси берилган. Юз берган ҳолат учун Анқарагужу клуби 200 минг евро атрофида жарима тўлаши керак ва клубнинг кейинги бешта уй учрашувига томошабинлар киритилмайди.
Қайд этилишича, клубнинг бошқа мутасаддиларига жарима ва огоҳлантириш жазолари қўлланилган. Кожа беш йиллик тақиқ олди. Ассоциация қоидаларига кўра, уч йилдан ортиқ ўйинда қатнашишни тақиқлаш доимий бўлиб қолади.
12 декабрь куни кечқурун Кожа истеъфога чиқди.
Воқеа туфайли лиганинг барча ўйинлари 19 декабрга қадар тўхтатилади. Бу воқеа Туркиядан ташқарида ҳам норозилик уйғотди. Собиқ италиялик машҳур ҳакам Перлуиджи Коллина ва FIFA президенти Жанни Инфантино ҳолатни кескин қоралади.
Файзуллаев ва Беллингем дунёнинг энг зўр ёш ўйинчиси совринига даъвогарлик қилмоқда
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг ЦСКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаев Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерациясининг (IFFHS) “2023 йилнинг энг яхши ёш футболчиси” совринига номзодлар рўйхатидан жой олди.
Совринга даъвогарларнинг умумий рўйхатида “Реал” аъзоси Жуд Беллингем, “Барселона” футболчиси Гави, “Бавария” ҳужумкор ярим ҳимоячиси Жамол Мусиала ва бошқа бир қатор топ футболчиларни кўриш мумкин. Рўйхатдан жами 26 нафар футболчи ўрин олган.
Соврин IFFHS'га аъзо бўлган 120 та мамлакатнинг футбол экспертлари овозига кўра ўз эгасини топади.
Шунингдек, 13 декабрь куни Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер нархи ошди. Бу ҳақда “Transfermarkt” хабар берди.
Порталда Файзуллаевнинг қиймати 2 миллион еврога ошганини кўриш мумкин. Ҳозирга келиб 20 ёшли футболчининг нархи 4 миллион еврони ташкил этмоқда.
Шундай қилиб, Файзуллаев 20 ёшгача бўлган энг қиммат осиёлик футболчилар рейтингида яна 1-ўринга чиқиб олди. Осиёнинг 20 ёшгача бўлган энг қиммат футболчилари рейтингида 2 миллион евро қиймат билан австралиялик Алессандро Чиркати 2-ўринни банд этган бўлса, 1 миллион еврога баҳоланаётган ироқлик Зидан Иқбол 3-ўринда қайд этилди.
Файзуллаевга оид хушхабарлар сериясини давом эттирамиз. Москва жамоаси сафида кетма-кет учинчи марта ойнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогар бўлди.
Бунгача сентябрь ва октябрь ойларида «армиячилар»нинг энг яхши футболчиси деб топилган 20 ёшли Файзуллаевдан ташқари совринга Виллиан Роша, Иван Обляков, Келлвен, Чалов ва Заболотный каби футболчилар номзодлик қилмоқда.
Овоз бериш жараёнлари ЦСКАнинг расмий саҳифасида амалга оширилмоқда. Ҳозирда Файзуллаев 80 фоиз овоз тўплаб, бу борада яққол устунликка эга бўлиб турибди. Ғолиб футболчи 17 декабрь куни эълон қилинади.
Файзуллаев жорий мавсум Москва клуби сафида умумий 18 та ўйинда қатнашиб, 2 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
“Алмаштириб бўлмайдиган одамлар йўқ”. Тошхўжаев “Салимбойвачча” ва “Ғофурбой” ҳақида гапирди
12-декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) раиси ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси, Ўзбекистон яхшигина спорт ҳомийси сифатида танилган Салим Абдувалиевнинг қўлга олинганига муносабат билдирди.
“Спортни молиялаштириш билан боғлиқ ишлар нима бўлиши ҳақида бир нарса деёлмайман. Бир нарсани айтишим мумкин, бизнинг Президент билан бу ишлар муаммо бўлмайди. Оддий қилиб айтганда топилмас, алмаштириб бўлмайдиган одамлар йўқ. Шу учун молиялаштирадиганлар топилади”, дейди ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари.
Тошхўжаевга кўра, Абдувалиевнинг уйида тинтув ўтказилган. Абдувалиев уйида ноқонуний қурол сақлаши ҳақидаги маълумотлар анчадан буён ўрганилиб келинган.
“Салим Абдувалиев уйида ноқонуний равишда қурол сақлаганини билгандан кейин унинг уйида тинтув ўтказдик. Агар бу маълумот бизга келиб тушмаганида бормаган бўлар эдик. Бу маълумот ҳам ойлаб, йиллаб ўрганилган”, дейди Тошхўжаев.
Шунингдек, ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси вице-президенти Ғофур Раҳимовнинг қидирувга берилгани ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ берди.
“Бугунги кунда Ғофур Раҳимов ҳақида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган ва у билан боғлиқ ҳеч қандай тергов ҳаракатлари олиб борилмаяпти. Агар Раҳимов билан боғлиқ қандайдир маълумот бўлса мурожаат қилишингиз мумкин”, дея қўшимча қилди Дониёр Тошхўжаев
Ҳумоюн Тўхтамуродов очиқда эмас – Фарғона вилояти ИИБ
Жорий йилнинг 27 ноябрь санасида Республика бўйлаб ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” тезкор тадбирлари доирасида MMA жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов Қўқон шаҳрида икки нафар шахсларга тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширингани ва воқеа ортидан спортчи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ушлангани хабар қилинганди.
Тўхтамуродовга Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан 3 ойлик қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.
Ижтимоий тармоқларда спортчининг очиқда юрганлиги ҳақидаги миш-мишлар рад этилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.
“Бу ердаги ҳар бир дақиқамда ўзим учун тегишли хулосаларни чиқаряпман. Бундан кейин салбий ҳолатлар қайтарилмайди”, дейди спортчи.
Шунингдек, Фарғона вилояти ИИБ томонидан ёлғон хабарларга ишонмаслик сўралди.
“Фуқароларимиздан ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил хабарларга ишониб, алданиб қолмасликни сўраб қоламиз, дейилади Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарида.
Ўзбекистонда Элдор Шомуродов футбол академияси очилади
Сурхондарё вилоятида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва Италиянинг “Кальяри” клуби аъзоси Элдор Шомуродов футбол академияси ташкил этилади.
13 декабрь куни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманида жойлашган футбол академия негизида Элдор Шомуродов футбол академиясини қуриш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа билан танишган.
Қурилиш ишлари 2024 йил январь ойидан бошланиши режалаштирилган бўлиб, академия 154 ўринга мўлжалланган. Лойиҳада ёпиқ ва очиқ стадионлар, ётоқхона, ошхона ҳамда бошқа ёрдамчи бинолар бўлиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, 28 ёшли Элдор Шомуродов Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. У футболга илк катта қадамларини Қашқадарёнинг “Машъал” клубида ташлаган.
Нодирбек Абдусатторов нуфузли турнирда 3-ўринни эгаллади
Канаданинг Торонто шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича Champions Chess tour-2023 турнири ўзининг якуний палласига кирди. Мусобақанинг ярим финалида ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов америкалик Уэсли Со билан тўқнаш келиб, имкониятни бой берди.
Ярим финалнинг 1-сетида рақибидан 2,5:1,5 ҳисобида устун келган Ўзбекистон вакили 2-сетда худди шундай ҳисобда мағлубиятга учради.
3-сетда дастлабки 2 та партия дуранг билан якунлангач, томонлар тай-брекда ғолиб номига ойдинлик киритадиган бўлди. Қора доналарда рақибидан 5,5 дақиқа камроқ вақт билан ўйнаган Абдусатторов яхши позицияда бўлишига қарамай, якунда битта хато юриш натижасида рақибига устунликни бериб қўйиб, мусобақадаги юришини тўхтатди.
Иккинчи ярим финалда норвегиялик Магнус Карлсен АҚШ вакили Фабиано Каруанани мағлуб этиб, финалга йўл олди.
Шундай қилиб, ўзбекистонлик шахмат устаси турнирда 3-ўринни қўлга киритиб, 50 минг АҚШ доллари пул мукофотига эга чиқди.
Бу QALAMPIR.UZ'да ортда қолаётган ҳафта спортига доир энг муҳим хабарлар эди. Воқеалар ривожини саҳифаларимизда кузатиб боринг.