08.08.08. Беш кунлик жанг ёхуд Грузия-Россия урушига нима сабаб бўлган?

Таҳлил

image

“Уруш – бу қўпол хатолар жамланмаси”.
Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилль

Қўшни мамлакатлар ўртасида ҳудудий келишмовчиликлар жуда кўп учрайди. Баъзан бу можаролар ҳатто, икки қўшни давлатнинг қуролли тўқнашувига ҳам сабаб бўлган. Галдаги тарихий фактларга асосланган мақоламизда бундан роппа-роса 13 йил олдин содир бўлган Грузия-Россия уруши ҳақида сўз юритамиз.

Атиргул инқилоби

2003 йилнинг октябрь ойида Грузияда парламент сайлови бўлиб ўтади. Унда Грузия Президенти Эдуард Шеварднадзе ва унинг иттифоқчилари ғалаба қозонди. Аммо, эълон қилинган натижалар, халқаро кузатувчилар ва мухолифат томонидан тан олинмади. Сайловнинг сохталаштирилганидан норози бўлган “Ягона миллий ҳаракат” партияси раҳбари Михаил Саакашвили ва Нино Буржанадзе бошчилигида мамлакатда норозилик намойишлари бошланди. Тарихда бу кўтарилиш “Атиргул инқилоби”, деб номланди.

Тбилисида норозилик намойишлари давом этмоқда

Ноябрь ойининг ўрталарига келиб, Грузия пойтахти Тбилисида оммавий намойишлар бошланди. Вақт ўтиши билан бу намойишлар мамлакатнинг бошқа шаҳарларига тарқалди. 2003 йилнинг 22 ноябрида оппозиция кучлари парламент биносини эгаллаб олиб, Шеварднадзенинг истеъфога чиқишини талаб этадилар.

23 ноябрь куни Грузия Президент Шеварднадзе билан мухолифат лидерлари ўртасида Россия Ташқи ишлар вазири Игорь Иванов воситачилигида музокара бўлиб ўтади. Музокаралардан сўнг, Шеварднадзе ўзининг истеъфога чиққанлигини эълон қилади. Президентлик вазифасини вақтинча Нино Буржанадзе ўз қўлига олади. Шундай қилиб, “Атиргул инқилоби” натижасида Грузияда қон тўкмасдан ҳокимият алмашинуви амалга ошди. 2004 йилнинг январь ойида президентлик сайловида Михаил Саакашвили ғалаба қозониб, ҳокимиятни ўз қўлига олади.

Саакашвилининг олиб борган сиёсати

Давлат бошқарувига Михаил Саакашвили келгач, Россия билан муносабатлар совуқлашиб кетди. Грузия асосан АҚШ ва Европа мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Мамлакатга хорижий инвестициялар жадал суратда кириб кела бошлади. Грузия ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида НАТОга қўшилиш учун Референдум ўтказади. Референдумда қатнашганларнинг 77 фоизи НАТОга қўшилиш учун овоз беради.

2004 йилнинг февраль ойида Саакашвили мактуб орқали НАТОнинг ўша вақтдаги бош котиби Хооп Схефферга Грузия альянсга қўшилмоқчи эканини маълум қилади. Бу эса “Катта оға” Россияга ёқмайди. Агар, Грузия НАТОга аъзо бўлса, АҚШ ўз ҳарбий базаларини Грузияга жойлаштириши табиий ҳол эди. Россиянинг шундоққина биқинида қарама-қарши кучларнинг армияси туриши “Катта оға” учун жиддий хавф эди ва Кремль бунга тоқат қилолмасди. Шундоқ ҳам СССР тарқалиб кетгач, АҚШ ва НАТО ўз ҳарбий кучларини Болтиқбўйи республикалари – Литва, Латвия, Эстонияга ҳамда Польша ҳудудларига жойлаштирган эди. Россия наздида Грузиянинг НАТОга қўшилиши ошиқча бўлган.

Грузиянинг бу ҳаракатига жавобан Россия 2008 йил 6 март куни МДҲ доирасида 1996 йилнинг 19 январида қабул қилинган “Грузия-Абхазия можароларини тартибга солиш” ҳақидаги келишувдан чиққанлигини маълум қилади.

Грузия НАТОга қўшилиш учун қанча ҳаракат қилмасин альянсга аъзо бўла олмади. Чунки, НАТО сафига қўшилиш учун номзод давлатнинг нафақат қўшнилари билан балки, мамлакат ичида ҳам ҳудудий можаролар бўлмаслиги керак эди. Саакашвили ҳудудий можаролар сабабли НАТОга қўшила олмаслигини билгач, Ажария, Абхазия ва Жанубий Осетия муаммосини ҳал қилиш йўлларини излай бошлади.

Ҳудудий низоларнинг тарихи

Грузияда СССР даврида учта автоном ҳудуд бор эди. Булар – Абхазия, Жанубий Осетия ва Ажария вилоятлари. СССР тарқалиб кетгач Абхазия ва Жанубий Осетия Грузия таркибидан чиқиб кетади. 1992 йилда Абхазияни мустақил суверен давлат деб эълон қилинди. Лекин дунё давлатлари уни тан олмади. Грузия Президенти Шеварднадзе у ерга қўшинларини киритади. Аммо, Чеченистон ва Россия ҳарбийларининг махфий аралашуви оқибатида грузин қўшинлари Абхазиядан сиқиб чиқарилади.

Жанубий Осетия билан бўлган можаролар ҳам шу сценарий остида кечди. Россия қўллаб турган бу республикани ҳам ортга қайтаришнинг иложи бўлмади. Кейинчалик, Саакашвилигача Грузияни бошқарган Эдуард Шеварднадзе тақдирга тан беради ва Абхазия ҳамда Жанубий Осетияни ортга қайтаришдан умидини узади. Шу-шу Грузия билан бу икки республика ўртасида жиддий қуролли можаролар содир бўлиб турган.

Учинчи автоном ҳудуд Ажария 2004 йилда Грузиядан ажралиб чиқиш учун ҳаракатларни бошлади. Ўша вақтда, эндигина мамлакат бошқарувини ўз қўлига олган Саакашвили, Ажарияни 1991 йилдан бери бошқариб келаётган Аслан Абашидзени кескин танқид қилиб чиқади. Бунга жавобан, Ажария раҳбари Грузиядан ажралиб чиқишини билдиради ва икки ўртада қуролли можаро бошланади. Россия Аслан Абашидзени зимдан қўллаб, унга ҳар томонлама ёрдам берган бўлса ҳам воқеалар ажариялик айирмачиларнинг мағлубияти билан тугади. Абашидзе Москвага, “валинеъмат”ларининг паноҳига қочиб кетади. Шу тариқа, Саакашвили Ажария муаммосини ҳал қилади ва унинг олдида Абхазия ҳамда Жанубий Осетия муаммоси қолади. 

Грузия ва Россия муносабатларининг кескинлашуви

1992 йилдан кейин Жанубий Осетия амалда мустақил давлат бўлиб, ўз Конституциясига (1993 йилда қабул қилинган) ва давлат рамзларига эга эди. Грузия ҳукумати ҳали ҳам Жанубий Осетияни ўзининг Цхинвал вилояти деб ҳисоблаган.

2002 йил 1 июль куни Россия фуқаролик тўғрисида янги қонун эълон қилади. Унга кўра, собиқ СССР фуқаролари Россия фуқаролигига ўтиши ўта соддалаштирилди. 2002 йилнинг июнь ойидан бошлаб Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолиси оммавий равишда Россиянинг фуқаролигини қабул қила бошлади. Бир ойда саккиз минг абхазиялик Россия фуқаролигини олди. 2002 йилнинг охирига келиб, Жанубий Осетиянинг 60 фоиз аҳолиси Россия фуқаролигини қабул қилди. 2006 йилнинг 20 июлида Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов Грузия тажовуз қилган тақдирда Абхазия ва Жанубий Осетияга ёрдам беришга ваъда берди. 2008 йилга келиб, Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисининг 80 фоизи Россия фуқаролари эди. 

2008 йилнинг ёзида Грузия ва Жанубий Осетия ўртасидаги чегарада тез-тез қуролли тўқнашувлар содир бўла бошлади. Берилаётган баёнотларда ҳар икки тараф ҳам бир-бирини айблади.

Можаронинг бошланиши

2004 йилда грузин-осетин тўқнашувидан сўнг, Грузия раҳбарияти ўз армиясининг салоҳиятини билиб олди. Саакашвили мамлакатда кенг кўламли ҳарбий ислоҳотлар бошлади. Грузия ҳарбийлари НАТО стандартларига мувофиқ ўқитилди. Саакашвили Президентлик даврида Грузия ҳарбий бюджетининг ўсиши бўйича жаҳон рекордини ўрнатди.

2008 йилнинг 10 июнидан бошлаб, Россия ҳарбий самолётлари халқаро қонунга зид равишда Жанубий Осетия осмонида парвоз қила бошлади. Бундан норози бўлган Саакашвили 11 июль куни Грузиянинг Москвадаги элчисини чақириб олади.
 
Июлнинг иккинчи ярмида Грузия АҚШ ҳарбийлари билан қўшма ҳарбий ўқув машғулоти ўтказади. Бунга жавобан, Россия ҳам “Кавказ-2008” ҳарбий ўқув машқини ўтказди.

7 август куни Грузия ва тан олинмаган Жанубий Осетия чегарачилари ўртасида яна отишма содир бўлади. Тушдан кейин икки томон ўт очишни тўхтатганини маълум қилди. Бироқ бу пайтда Грузия ҳарбийлари Цхинвал томон ҳаракатланаётган эди.

2008 йил 7 август куни тан олинмаган Жанубий Осетия Хавфсизлик кенгаши котиби Анатолий Баранкевич шундай деди:

“Грузия қўшинлари Жанубий Осетия чегараларида фаоллашди. Буларнинг барчаси Грузия республикамизга қарши кенг кўламли тажовузни бошлаганидан далолат беради”. 

Грузия-Россия урушнинг бошланиши

8 август тушга яқин Грузия артиллерияси Цхинвал томон ўт оча бошлади. Грузия Жанубий Осетияга ҳужум бошлаган вақтда, Хитой пойтахти Пекиндаги ёзги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтаётган эди. Хитой раҳбарининг таклифига биноан дунёнинг 80 та давлат раҳбарлари ёки ҳукумат раислари ушбу тадбирда қатнашаётган эди. Шу жумладан, ўша пайтдаги Россия Бош вазири бўлган Владимир Путин ҳам Пекинда эди. Грузиянинг Жанубий Осетияга ҳужум бошлаганидан хабар топган Путин “Грузия Жанубий Осетияга нисбатан жуда агрессив йўлдан боргани, бу одамлар ҳалок бўлишига олиб келгани, шаҳарлар вайрон бўлгани ҳамда Россия Грузиянинг бу босқинчилик ҳаракатини жавобсиз қолдирмаслиги”ни айтади.

9 август куни эрта тонгда бутун дунё Грузиянинг Жанубий Осетияга бостириб кирганидан хабар топди. Зудлик билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонлардан ўт очишни тўхтатилишини талаб этди.

Халқаро ташкилотлар ҳодисага юмшоқлик билан муносабат билдирганидан сўнг, Жанубий Осетия хавфсизлик кенгаши раиси Анатолий Баранкевич Россиядан ҳарбий ёрдам сўрайди. Баранкевич аллақачон Россиядан ҳарбий ёрдам сўраб бўлганди, кейинги очиқ мурожаат расмиятчилик бўлди, холос. Россиянинг Шимолий Кавказдаги 58-армиясига тегишли ҳарбий қисмлар аллақачон Цхинвалга яқинлашиб қолган эди.

9 август куни Россия Президенти Дмитрий Медведев тўғридан-тўғри жонли эфирга чиқиб шундай дейди;

“Россия ҳар доим Кавказ халқлари учун тинчликни таъминлаш кафолати бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Россия Конституцияси ва федерал қонунларига мувофиқ, Россия Президенти сифатида мен мамлакат фуқароларини ва ўз ватандошларимни, улар қаерда, қандай ҳолатда бўлса ҳам, муносиб ҳимоя қила оламан”.

Медведев “мамлакат фуқароларини ва ўз ватандошларимни”, деганда Россия паспортини олган жанубий осетияликларни назарда тутган эди. Бу эса Россиянинг урушга аралашувига баҳона бўлди. 

Қонли тўқнашувлар

Россиянинг 58-армия бўлинмаси 8 августдаёқ Шимолий Кавказдаги ҳарбий базаларидан Цхинвал томон ҳаракатлана бошлаган эди. Бу армиянинг таркибида 1500 нафар ҳарбий, 14 та Т-72 танки, 16 та “Акация” типидаги ўзи юрадиган артиллерия, 9 та “Град” артиллерия қурилмаси бўлган. 

9 август куни эрта тонгда Россия ҳарбий самолётлари Грузиянинг муҳим объектларига ҳаводан зарба бера бошлади. 58-армия бўлинмаси эса, Цхинвални грузинлардан озод қилиш учун жангларни бошлайди. Ўша куни соат 11:30 да Грузия Президенти Саакашвили мамлакат бўйлаб жанговар шайлик ҳолатини эълон қилди. Тушдан сўнг, Россия Грузиянинг бир қанча муҳим ҳудудларига десант ташлади. Гори, Вазиани ва Марнеулида жойлашган ҳарбий аэродромларга ҳаводан зарбалар берилди.

10-12 август кунлари Россия ва Грузия ҳарбийлари ўртасида жанглар давом этди. 12 август куни Франция Президенти Николя Саркози икки мамлакат ўртасидаги бу урушни тўхтатиш масаласида воситачилик қилиш учун Москвага ташриф буюради. У Москвадаги музокараларни тугатиб, 12 августда Тбилисига боради ва Саакашвили билан музокара ўтказади.

12 август куни Грузия урушда енгилганини тан олиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатди. Уруш тугади. Аммо Россия ҳарбийлари ўзи эгаллаган позицияда 16 августгача қолади. Россия ҳарбийлари Грузия пойтахти Тбилисига жуда яқин келиб қолган эди. Агар, Саакашвили Грузиянинг енгилганини тан олмаганида, россиялик ҳарбийлар Грузия пойтахтини ҳам босиб олиши мумкин эди.

Йўқотишлар

Бу урушда Россия армияси минимал йўқотишларга учради. Тахминларга кўра, Россия армиясидан 64 нафар ҳарбий ҳалок бўлган, 283 нафар ҳарбий жароҳатланган, 3 ҳарбий бедарак йўқолган, 6 та ҳарбий самолёт уриб туширилган.

Грузиянинг йўқотишлари: 179 нафар ҳарбий ҳалок бўлган, 1 964 нафар ҳарбий ва полициячи яраланган. Грузия бу урушда ўзининг кўплаб ҳарбий техникаларидан, авиациясидан ва ҳарбий кемаларидан айрилди. Бундан ташқари, мамлакатнинг бир қисми вайронага айланди.

Мағрур Грузия

2008 йил 26 август куни Россия Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олди, 28 августда эса, Грузия-Россия билан барча дипломатик алоқаларни узди. Грузия ва Россия ўртасидаги иқтисодий, сиёсий алоқалар узилгач, россиялик айрим сиёсатчилар “Россияда ишлаб юрган грузияликларни қувдик, Грузия маҳсулотлари Россияга энди кирмайди, очликдан ўлмаслик учун ҳали Саакашвили олдимизга ялиниб келади”, деб ўйлашган эди.

Аксинча қийинчиликлар грузин халқининг иродасини тоблади. Саакашвили урушдан кейин ҳам ўз ислоҳотларини давом эттирди. Бунинг натижасида, мамлакатда коррупция ҳолати кескин камайди. Грузияга Европадан улкан инвестициялар кириб келди. Бу мамлакат иқтисодиёти қисқа вақт ичида гуркираб ривожланди. Бир сўз билан айтганда, Грузия “Катта оға”сиз ҳам яшай олишини бутун дунё кўз ўнгида исботлади.

Сардор Али Нурматов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

558

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг