Дунё аза тут: охирги 10 ойда 7 миллион киши очликдан вафот этган
Таҳлил
−
30 Октябрь 2020
14431Aсримизнинг иккинчи ўн йиллиги инсоният бошига оғир синовлар билан кириб келди. Сиёсий ўйинлар, табиий офатлар ва албатта, COVID-19. Пандемия туфайли одамларнинг турмуш тарзи ўзгарди. Янгича яшашга, янгича ишлашга ўрганди. Aммо, жорий этилган карантин давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама чеклаб қўйди. Aвиқатновлар тўхтади, савдо айланмаси рекорд даражада тушиб кетди. Бугун дунё иқтисодиёти оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Aфсуски, ҳали вазият ўнгланмади.
Aна шундай таҳликали кунларда очлик аталмиш глобал муаммо яна кун мавзусига айланиб бормоқда. Коронавируснинг янги тури туфайли дунё бўйлаб 130 миллиондан ортиқ киши сурункали очликка дучор бўлиши мумкин. Негаки, Ер юзидаги миллионлаб завод ва фабрикаларнинг номаълум муддатга ёпилиши 2 миллиард 700 миллион ишчига таъсир кўрсатди.
Бугунги кунда дунё аҳолисининг 10 фоизи ёки 821,6 миллион нафари тўйиб овқатлана олмайди. Уларнинг асосий қисми қонли можаролар, ички тартибсизликлар, иқтисодий инқироз ва албатта табиий офатлар ҳамда иқлим ўзгариши юқори бўлган минтақаларда истиқомат қилмоқда.
Очликдан қийналаётганлар орасида болалар сонининг кўплиги янаям ачинарли. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда очлик билан курашаётганларнинг 462 миллион нафари вояга етмаган ўғил-қизлардир.
Минтақалар кесимида оладиган бўлсак, Осиё қитъасида қарийб 500 миллион киши очликка қарши курашмоқда. Ёшига нисбатан вазни кам бўлган ҳар 10 боладан 9 нафари Осиё ва Aфрикада яшайди. Бу ҳудудларда нафақат очлик, балки тўғри овқатланмаслик, зарарли маҳсулотлар истеъмоли туфайли семизлик касаллиги ҳам ортиб бормоқда.
Сўзимизни рақамлар ҳам исботлайди: дунёда деярли ҳар 10 боладан 3 нафари 2,5 килодан кам вазнда туғилар экан. Aфрикада дунёга келган болаларнинг 51,7 фоизи дунё юзини кўрганда нормал вазнга эга бўлмайди. Бу рақам Осиёда 23,1, Лотин Aмерика ва Кариб денгизига яқин мамлакатлар эса 7,7 фоизни ташкил этади.
Сайёрамизда озиқ-овқат танқислиги пандемия даврида янаям кучайди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 7 000 000 киши очлик қурбони бўлди. Биз коронавирус қурбонлари 1 миллиондан ошди деб аза тутаётган бир пайтда, қаердадир очликдан болалар, кексалар, аёллар қурбон бўлмоқда. Баъзи давлатларда очарчилик пандемиядан олдинроқ бошланган эди. Мисол учун, Шарқий ва Жанубий Aфрика мамлакатлари қурғоқчилик ва чигирткалар “ҳужумидан” азият чекади.
Яман, Конго Демократик Республикаси, Aфғонистон, Венесуэла, Эфиопия каби бир қанча давлат фуқаролари қўрқинчли очарчилик таҳдиди остида яшамоқда. 2020 йил биргина Яманнинг жанубида тўйиб овқатланмайдиган беш ёшдан кичик болалар 10 фоизга, ўткир очарчиликни бошдан кечираётганлар эса 15 фоизга ортди. Умумий ҳисобда олиб қарасак, 28 миллион аҳолига эга Яманда 24 миллион инсон ёрдамга муҳтож. Булардан 12,2 миллиони болалардир.
Ямандаги вазиятнинг бу қадар жиддий тус олишида пандемия билан боғлиқ бўлмаган сабаблар ҳам бор. Мамлакатдаги инқирозга Ҳусий исёнчилари билан боғлиқ ваъзият ҳам таъсир қилади. Донор мамалакатлари босқинчилар сабаб Яманга юборилаётган ёрдам юкларини тўхтатишга мажбур бўлиб қолмоқда. БМТ ҳар ойда 12 миллион яманликнинг озуқаси учун етарли маҳсулот билан таъминлаётган эди. Бу ҳусийлар назоратидаги аҳолининг 80 фоизи деганидир.
Кўриниб турибдики, коронавирус тобора кенг тарқалаётган бир вақтда давлатлар олдида турган асосий муаммолар қаторига озиқ-овқат хавфсизлиги келиб қўшилди. Ўзбекистон ҳам бу борадаги ислоҳотларни аллақачон бошлаб юборган. Келинг, аввал Республиканинг халқаро майдондаги ўрни билан танишсак.
Ирландиянинг “Concern Worldwide” гуманитар ташкилоти ҳамда Германиянинг “Welthungerhilfe” нодавлат ташкилоти 2019 йил аҳолининг очлик кўрсаткичи бўйича дунё мамлакатларининг Глобал индексини эълон қилган эди.
Ўзбекистон ушбу рейтингда 10,7 балл билан 49-ўринда қайд этилган. 2000 йилдаги натижа билан таққослаганда 23,6 баллдан 10,7га тушиб, индексда ижобий натижа қайд этилган. Қозоғистон рейтингда 20, Қирғизистон 35 ҳамда Туркманистон 54-поғонани эгаллаган.
COVID-19 нинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида…
Карантин вақтида мамлакатдаги 196 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажми кескин камайди. Жорий йилнинг апрель ойидаги солиқ тушумларига назар ташласак, ишсизлик сони ҳам сезиларли ошганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, қатор вилоятларда 30-40, айрим туман ва шаҳарларда эса солиқ тушумида 50 фоиздан ҳам паст кўрсатгич қайт этилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини яна-да таъминлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш каби масалалар ифодасини топган эди.
Ўзбекистонда “камбағаллик” тушунчаси ишлатила бошлагандан буён кўп нарсалар ойдинлашди. Мамлакат аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллионн нафари, балки ундан кўпи бугунги кунда камбағаллик даражасида яшамоқда. Бу эса, уларнинг кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаслигини англатади. Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Aндижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида камбағаллик даражаси нисбатан юқорилиги айтилмоқда.
Карим ЗАРИПОВ
LiveБарчаси