Уруш Советникидир, аммо хотираси бизники (махсус фильм)
Таҳлил
−
09 Май 2020
18675Пойтахт Тошкентнинг Олмазор туманида Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан барпо этилган “Ғалаба боғи” жорий йилнинг 9 май куни мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида очиб берилди. QALAMPIR.UZ ушбу музейда бўлиб, "Уруш Советникидир, аммо хотираси бизники" номли фильм тайёрлади. Уни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Ушбу боғда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган жангчилар ва марҳумлар хотираларини абадийлаштириш, уруш йиллари фойдаланилган қурол-аслаҳалар, техник воситаларни сақлаб қолиш ва бугунги тинч кунларга шукроналик рамзи сифатида “Шон-шараф” музейи қад ростлади. Музейдан 20 мингга яқин экспонатлар жой олган. Уларнинг барчаси архив ҳужжатлар ва уруш қатнашчиларининг яқинларидан йиғилган.
Уруш қатнашчиси марҳум Ваҳоб Ибрагимовнинг фарзандлари ҳам оталари умрининг энг даҳшатли воқеалари акс этган суратлар, ўша даврдан қолган ҳужжатларни жовонда чанг босиб ётишини истамадилар. Аксинча, у бугунги авлодлар учун ўрнак, тарихнинг бир саҳифаси сифатида хизмат қилишини ихтиёр этиб, музей фондига топширдилар.
1922 йилда туғилган Ваҳоб Ибрагимов 19 ёшида кўнгиллилар сафида армияга кетади. У қисқа муддатда сержантлар мактабини тугатиб, фронтга жўнайди. 1942 йил Харковь учун кечган жангларнинг бирида Ибрагимов қаттиқ жароҳатланиб, немис армияси томонидан асирга олинади. Кўп ўтмай у Берлинга олиб кетилади ва фашизм қасамёдини қабул қилишга мажбурланади. Бундан бош тортган Ибрагимов бошқа лагерга олиб кетилади. У лагердан қочишга уринганида, қўлга тушади. Уни қаттиқ дўппослашади ва Берлин яқинидаги “Заксенхаузен” концлагерига ташлашади. У 1944 йилгача шу ерда жон сақлайди. Булар ҳақида уларнинг фарзандларидан эшитсак.
“Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу музейни кўриб, ҳайратдаман. Қаранг, қанча материаллар йиғилган. Булар неча йиллар давомида одамларнинг уйида, жовонда ётган.
Уруш аламини тотмаган хонадон йўқ. Урушга кетганларнинг қанчаси қайтмаган. Музейда уруш қатнашчилари бўлган яқинларининг ҳужжатларини олиб келган одамларнинг кўнгли тўқ бўлади”, дейди уруш қатнашчиси Ваҳоб Ибрагимовнинг қизи Муҳаббат Ибрагимова.
Ваҳоб Ибрагимов концлагерда дўст орттиради. 65633 рақамли маҳбус Фредерик Бергстрем унга дўстона қўл узатади. Кун келиб Фредерик касал бўлиб қолганда, Ваҳоб Ибрагимов унга нонни чайнаб беради.
Концлагерда уч ойдан ортиқ бетоб бўлган маҳбусларни газ камераларида ёқиш бўйича буйруқ бор эди. Ваҳоб Ибрагимов эса олган жароҳатлари сабаб уч ой ётоққа михланади. Лагерда ҳужжатларни юритувчи бўлиб ишлаётган Фредерик Ваҳоб Ибрагимовнинг ҳужжатларидаги саналарни сохталаштириб, унинг ҳаётини сақлаб қолади. Муҳаббат Ибрагимова қуйидагиларни қўшимча қилади:
“Уруш тугагач, 1963 йилда дадам дўстлари Фредерик Бергстрем билан Навоийда учрашиб қоладилар. 1971 йилда у киши рафиқаси билан Тошкентга келади ва уйимизда меҳмон бўлди. Миллий таомларимиздан тайёрлаб бердик. Онам ҳар куни тандирда нон ёпардилар. У киши патир ва сариёғни яхши кўрарди.
Уруш ваҳимаси дадамда умр бўйи сақланиб қолди. 1966 йил 26 апрель куни зилзила содир бўлганда дадам уруш бошланди деб ўйлаганларини айтиб берганлар. Улар урушни эсласалар жуда катта ҳаяжон билан, кўзларига ёш олиб гапирардилар”.
Бу эртак эмас. Тошкентнинг Юнусобод туманида яшаган, кўпчиликка маълуму машҳур Ваҳоб Ибрагимовнинг ҳаётидан бир парча. Бир парчаки, умрининг тамомила сўнгига қадар унга эргашган қисмат. Бу бир оила альбомининг муҳим саҳифаси, тарихи. Хўш, уни шунчаки унутиш, ўчириб юбориш мумкинми? Ваҳоб Ибрагимов бундан 24 йил аввал вафот этди, аммо эзгу амаллари бугун эл ардоғида.
“Шон-шараф” музейини сўнгги йилларда Ўзбекистонда асос солинган замонавий ва инновацион музейлардан бири дейиш мумкин. Музей икки қаватдан иборат.
Музейга кириш қисмида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Алиқулов томонидан чизилган 22 метрлик панно жойлаштирилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонлик йигитларнинг фронтга жўнатилаётгани, оила аъзолари билан видолашув онлари акс этган.
Музейдан урушга дахдор буюмлар, либослар, ўша вақтдаги ҳарбий қисмлар жанговар байроқлари, ҳайкаллар, автомобиллар, уруш қатнашчиларига оид қуроллар, медаль ва ҳужжатлар ўрин олган. Иккинчи қаватдаги экспонатлар эса республик ҳудудлари кесимида ажратиб чиқилган.
Қобил Ҳасанов Тошкентнинг “Оқлон” маҳалласида истиқомат қилади. У музей ташкил этилаётганини эшитгани заҳоти, уруш қатнашчиси бўлган отаси Адҳам Ҳасановга оид ҳужжатларни музей фондига топширди.
“Дадамнинг барча суратлари, газетадаги мақолалар ва медалларини музейга олиб келиб топширдим. У киши босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида мен ва фарзандларим, набираларим яхши билади. Аммо кейинги авлодга ҳам бус-бутун етиб бориши керак.
Дадам 6 июнь куни туғилган бўлишларига қарамай, бу кунни 9 майда нишонлар эдилар. Ҳозир бу анъанани улар вафот этганларидан кейин ҳам давом эттиряпмиз”, дейди уруш қатнашчиси Адҳам Ҳасановнинг ўғли Қобил Ҳасанов.
1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида кўп миллатли Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтди.
Ўша ғоят оғир ва суронли даврда юртимиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди, бу ердаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилиб, уларнинг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Ўзбекистонга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни тиклашда фуқароларимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.
Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1,5 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 250 минг нафари болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ҳақиқий инсонпарварлик фазилатларини намойиш этди.
“Музейимизнинг бош ғояси – ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага қўшган улкан ҳиссасини келажак авлодга етказиш. Бу ерда жанглардаги қаҳрамонлик, мардлик, жасорат, фронт ортидаги машаққатли меҳнат, халқимизнинг бағрикенглиги ва баложонлигини очиб беришга эътибор қаратилган. Бугунги кунда жаҳонда бўлаётган вазиятни кузатар экансиз, тинчликка раҳна солишга қаратилган уринишларни ҳам кўрамиз. Музейга келган ҳар бири киши эса бугунги тинчликнинг қадрига етяпмизми деган саволни ўзига беради”, дейди Чирчиқ Олий танк қўмондонлик билим юрти доценти Ҳабибулло Холматов.
Бу бир тарих. Яхшими ё ёмон, тинч ёки суронли, уни ҳаётимиздан ўчириб ташлай олмаймиз. Йўқотганларимиз топганларимиздан кўп. Аммо, ушбу урушда эришилган ғалаба ҳақида сўз кетганда, эътиборимизни ўзбек халқининг кучли иродаси, матонати, мардлигига қаратсак, бу ғалабанинг муҳим омили бўлганини кўриш, тарихнинг ушбу қисми халқимиз учун нақадар муҳим эканини ҳис қилишимиз мумкин.
“Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба, халқимизнинг жасорати сиёсий тортишувларга сабаб бўладиган мавзу эмас. Балки, ғурурланиб яшашга сабаб бўладиган мавзу. Бунда эътибор аждодларнинг кўрсатган жасорати билан ғурурланиш, уларга муносиб бўлишга қаратилган. Биламизки, бугун ижтимоий тармоқларда Иккинчи жаҳон уруши ҳақида ҳар-хил тортишувлар бўлмоқда. Бир нарсани унутмаслик керакки, Иккинчи жаҳон урушининг юзага келиши ҳам – бу инсониятга қаратилган жиноят. Қандайдир юқори даражадаги ирқ, ўзидан паст бўлган миллат ва ирқ вакилларини қириб ташлашга бўлган ҳаракат эди. Қандай қилиб бу сиёсий тортишувга сабаб бўлиши мумкин?”, дейди Чирчиқ Олий танк қўмондонлик билим юрти доценти Ҳабибулло Холматов.
Хотира муқаддас, қадр абадий. Иккинчи жаҳон урушида оиласи, аёли, фарзандлари тинчлиги учун жангга отланган, остонада турган душманга кўксини тутган, бировнинг, керак бўлса душманнинг боласини бошини силаб, ўзбекчиликни дунёга танитган танти, меҳнаткаш, ҳалол ва виждонли одамлар, эрини урушга йўллаб, қора хат олганда ҳам уни чиқмаган мард аёллар, фронт ортида жавлон уриб меҳнат қилганлар хотираси мудом яшайди. Ўзбеклар ким учун, нега жангга кирди деган баҳсларга жавоб битта: улар оиласи, ота-онаси, аёли, фарзандлари, уларнинг эртаси учун қон кечди. Улар ўша вақт гарданига тушган вазифани сидқидилдан бажарди. Муҳими шу. Бугун ҳаётлар эса доим эъзозда. Уларнинг кўзларида ўша аламли хотиралар яшайди. Эслаганда хотиралар жонланади. Бу хотираларни унутишга, унуттиришга ҳақлимизми?
QALAMPIR.UZ томонидан тайёрланган "Уруш Советникидир, аммо хотираси бизники" номли фильмни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси