Тошкент метросининг 6 та бекати қуриб битказилди

Жамият 6926
image

Тошкент шаҳрида қурилаётган ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” участкасида 6 та бекат қуриб битказилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабар берди.

2019 йилнинг август ойида Тошкент ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” участкасидаги “Дўстлик-2” ҳамда 2-бекатларида қурилиш ишлари тугатилди. Оралиқ йўналишида 2 минг 303 метрлик янги рельслар ҳам ётқизилиб, дастлабки поездлар синов тариқасида ҳаракатланган эди.

“Маълумки, “Тошкент метрополитени” УКнинг “Дўстлик” бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган йўналиши 11 километр бўлиб, “Дўстлик-2” ҳамда 2, 3, 4, 5, 6 ҳамда Қўйлиқ бозоридаги 7-бекатлардан иборат. Айни пайтда “Дўстлик-2”дан Қўйлиқ мавзесигача эстакадаларнинг лойиҳада кўзда тутилган таянч устунлар, биринчи ва иккинчи поғона темир-бетон пойдеворлар, темир-бетон ригел ва балкалар тўлиқ ўрнатиб бўлинди. 2-бекатдан Янгиобод ҳудудидаги олтинчи бекатгача бўлган оралиғига янги рельслар ҳам ётқизилиб, сўнгги босқичда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда қурувчиларимиз олтинчи ҳамда Қўйлиқ бозоридаги еттинчи бекат оралиғида бунёдкорлик ишларини жадал суратларда амалга оширишмоқда. Бунинг учун 2 мингга яқин ишчи-ходим ва мутахассислар юздан кўпроқ замонавий техникалардан фойдаланмоқда”, дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Капитал қурилиш дирекцияси раҳбар ўринбосари Азиз Абдиев.

Бугунги кунга келиб 2-, 3-, 4-, 5- ҳамда 6-бекатларда ҳам қурилиш ишларини ниҳоясига етказилди. Янги қуриб битказилган бекатларда йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар ҳамда эскалатор билан жиҳозланган. Икки қаватлик бекатларнинг ҳар бирига имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифтлар ҳам ўрнатилди.

Ушбу йўналишда поездларнинг ўртача юриш тезлиги соатига 60 километрни ташкил этади. Ҳаракатланиш оралиқ вақти 5 дақиқадан иборат бўлиб, бекатлар 5та вагон тўхташи учун мўлжалланган. Россия Федерациясидан метро линияларининг эстакада йўналишида ҳаракатланадиган замонавий, юқори сифатли, йўловчилар учун барча қулайликларга эга дастлабки бешта ҳаракат таркиби келтирилди ва бугунги кунда буларнинг барчаси хизмат кўрсатиш учун техник жиҳатидан ҳар томонлама тайёргарлик кўрмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 178
Рейтинг: 3
Теглар
t
×