Бурак Ўзчивит иштирокидаги янги сериал экранга чиқди

Маданият-санъат 5701
image

Таниқли турк актёри Бурак Ўзчивит Туркияда суратга олинаётган “Қурилиш. Усмон” сериалида суратга тушаётгани ҳақида хабар берган эдик. Кеча, 20 ноябрь куни “ATV” телеканалида ушбу сериалнинг илк қисми намойиш этилди. 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг апрель ойида актёр Бурак Ўзчивит Ўзбекистонга келган эди. Ўшанда QALAMPIR.UZ билан суҳбатда янги тарихий сериалда бош қаҳрамон ролини ижро этаётгани, шу сабаб сочларини ўстираётганини айтганди. У “Қурилиш. Усмон” сериалида Усмонийлар салтанати асосчиси Усмоннинг образини гавдалантирмоқда.

Янги сериал бундан олдин суратга олинган ва 5 йил давомида дунёнинг 85 мамлакатида томоша қилинган “Тирилиш. Эртўғрул” сериалининг мантиқий давоми бўлиб, QALAMPIR.UZ куни кеча Туркияга амалга оширган сафари давомида сериал суратга олинаётган ҳудудни кўздан кечирди ва ижодкорлар билан суҳбатда бўлди. 

Айни “Қурилиш. Усмон” сериали суратга олинаётган майдонда ўзбек ва турк киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинаётган “Жалолиддин Мангуберди” сериалининг декорациялари қурилган. Декорацияларда Хоразмдаги тарихий обидалар акс этган. 

Айни вақтда сериал устида тарихчи олимлар, дизайнер, режиссёр, актёрлар жамоаси бош қотирмоқда. Тасдиғини топмаган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон томони мазкур сериални суратга олиш ишлари учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ажратган.

“Тирилиш. Эртўғрул”, “Қурилиш. Усмон” сериаллари продюсери ва сценарий муаллифи Меҳмет Бўздоғ ҳозирда Ўзбекистон билан ҳамкорликда суратга олинаётган “Жалолиддин Мангуберди” сериалига ҳам бошчилик қилмоқда. QALAMPIR.UZ Тошкентга ташрифида ОАВ билан мулоқот қилмаган Меҳмет Бўздоғ билан суҳбатлашиш, сериаллар суратга олинаётган майдонни ўз кўзи билан кўриш, тўлиқ маълумот олиш мақсадида Меҳмет Бўздоғнинг ортидан Истанбулга борди ва у билан суҳбатлашиб қайтди. Ушбу интервьюни эса тез орада QALAMPIR.UZ интернет нашрида ва YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 68
Рейтинг: 3.2
t
×
×