Биринчи хоним чиқиндиларсиз ҳаёт қурмоқчи

Олам 6281

Дунё мамлакатлари раҳбарларининг турмуш ўртоқлари ёки фарзандлари турли хайрия ташкилотларига раҳбарлик қилиб келади. Кимдир маданият ва санъатни ривожлантириш, анъаналарни тиклаш йўлида фаолият олиб боради. Яна кимдир спортга бошчилик қилади. Ногиронлиги мавжуд аҳоли, айниқса, оғир хасталикларга чалинган болаларни ўз ҳимоясига олган жамғармаларга раҳбарлик қилаётган биринчи хонимлар ҳам талай. Туркия Республикасининг Биринчи хоними Эмина Эрдўған эса чиқиндиларни қайта ишлаш, одамларда чиқиндини тўғри ташлаш маданиятини юксалтириш ва дунёни заҳарланишдан қутқариш йўлидаги лойиҳага қўл урди. 

“Мен боғчаси бор уйда улғайдим. Табиатнинг гўзаллигига шоҳид бўлдим. Боғимиздаги дарахтлар ерга тўкилган мевалар тупроққа қоришиб, ўғит бўларди. Эҳтиёжимиздан ортган меваларни эса қўшниларга улашардик. Сабзавотларни эскитмай, сақлаб қўярдик. Қарасам, менинг ёшимдаги кўплар учун анъанага айланган бу одатлар ҳозир анча ўзгарди. 

Ёшларимизнинг ҳаётида эса қайта ишланган маҳсулотларнинг ўрнини ҳеч нарса босмаяпти. Ҳолбуки, табиатни муҳофаза қилиш учун аввал уни танишимиз керак. Дунё учун бир яхшилик қилишимиз керак”, дейди Эмина Эрдўған. 

Биринчи хоним ташаббуси билан Туркияда “Ноль чиқинди” лойиҳаси бошланди. Бу лойиҳа орқали аввало дунёни чиқиндилардан тозалаш, бунинг ортидан эса уларни тўплаб, қайта ишлаш мақсад қилинди. Чиқиндилардан саноат учун хом ашё тайёрланади. Қайта ишлаш имкони бўлмаганлари эса энергетика соҳасига йўналтирилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш аввал давлат ташкилотларидан бошланди. 

Илк қадам Туркия Республикаси Президенти саройида ташланди. Саройга махсус чиқинди қутилари ўрнатилди. Пластик чиқиндилар учун, қоғоз чиқиндилар, қолаверса, озиқ-овқат қолдиқлари учун алоҳида қутилар ҳозирланди. Кейин бу амалиёт бошқа ташкилотларда ҳам амалга оширилди. Айни вақтда мамлакатдаги 21 мингдан ортиқ ташкилотда “Ноль чиқинди” лойиҳасининг махсус чиқинди қутилари мавжуд. 

Жорий йилнинг ёз ойларида бошланган бу сафарларбарлик мамлакатнинг денгизларида ғаввослар орқали давом эттирилди. Янги лойиҳа “Ноль чиқинди мовий” дея ном олди. Айни вақтда жамоатчиликнинг кўмаги билан денгизларнинг кирланишига қарши ҳаракат давом этмоқда. Эмина Эрдўған ўзи раҳбарлик қилаётган лойиҳа ҳақида гапираркан, шундай дейди: 

“Рассомлар, шоирларга илҳом берган табиатнинг йўқ бўлиб бораётганини ўйлашнинг ўзи юрагимизни оғритади. Ўйлайманки, кўм-кўк мусаффо осмон, зумрад сингари яшил денгиз ва тоза ҳавога тўла ормонлари билан янада гўзал дунёни келажак авлодларга мерос қилиб қолдирамиз”.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 2.9
t
×
×