Қирғизистон Президентларига қарғиш теккан...ми?

Таҳлил

image

Бугун дунёда содир бўлаётган турли урушлару низолар, очарчиликлару қирғинбаротлар ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Гуё бу каби йирик муаммолардан жаҳон ҳамжамияти чарчагандек эди. Бироқ шу кунларда дунёнинг нигоҳи Қирғизистонга қаратилди. Ҳар 2-3 йилда бутун жаҳоннинг эътиборини ўзига жалб этишга одатланган мамлакатда “спектакллар” “аншлаг”лардан сўнг давом этяпти. Яъни Қирғизистонда собиқ Президентлар билан хайрлашувнинг “ўзига хос” кўринишлари, сиёсий “ўйинлар” давом этяпти ва бу биринчиси эмас. Шундай қилиб, қўшни республикада анъана даражасига чиққан собиқ Президентлар билан “хайрлашув спекталлари” тарихига назар соламиз. 

Марказий Осиёда жойлашган майдони 199,951 квадрат километрни ташкил этадиган Қирғизистонда бугунга келиб, 6 миллион 300 минг кишидан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Асосан тоғ ва тоғ ҳудудларидан ташкил топган республика 1991 йилнинг 31 августида ўз мустақиллигини эълон қилган.

1990 йилнинг 27 октябрида республика ҳали собиқ Иттифоқ таркибида бўлган даврда Москва томонидан тайинланган асли касби инженер-механик бўлган Асқар Акаев орадан бир йил ўтиб, мустақил Қирғизистоннинг биринчи Президентига айланди. 

“Қыргызстандын тунгуч Президенти” 1991 йил октябрда (сайловда) ва 1994 йил январида ўтказилган референдумда Акаевнинг Президентлик ваколатлари тасдиқланди. 1995 йил 24 декабрда у иккинчи муддатга қайта сайланди. Аскар Акаевни сайловчиларнинг 70 фоиздан кўпроғи қўллаб-қувватлади. 

2000 йилнинг 29 октябрида учинчи муддатга қайта сайланганида уни сайловчиларнинг 70 фоиздан кўпроғи қўллаб-қувватлади. 2003 йил февраль ойидаги референдумда Президент ваколатлари тасдиқланди. 

Бироқ мамлакат мустақиллигининг ўн тўртинчи йили Акаевнинг Президентликдаги сўнгги йили бўлди. 

Биринчи сценарий: “Лола инқилоби” ва Москвага йўл 

2005 йил февраль-март ойларида Қирғизистонда навбатдаги Парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловларни бевосита кузатган халқаро кузатувчилар уни номақбул деб тан олди. Бу эса, турмуш даражаси оғирлигидан жони ҳиқилдоғига келган қирғиз халқининг норозилиги кучайишишига сабаб бўлди. Мамлакатда вазият кескинлашди. Пойтахт Бишкекда ва республиканинг бошқа ҳудудларида норозилик намойишлари авж олди. Минглаб одамлар кўчаларда ҳукуматга қарши исён кўтарди. Милиция ва бошқа куч ишлатар тузилмаларнинг оломонни тинчлантиришга қурби етмади. Ахир айтишадику, халқ қўзғалса куч йўқ деб. 

Мустақил Қирғизистон тарихига “Лола инқилоби” деб киритилган давлат тўнтариши оқибатида амалдаги Президент Асқар Акаев ҳокимияти ағдарилиши ва мамлакат турли хил мухолиф гуруҳлар қўлига ўтиши билан якун топди. 

Иложсиз қолган Акаев Россиядан сиёсий бошпана сўради ва кўп ўтмай Москвага жўнаб кетди. У 2006 йилда Россия Фанлар Академиясининг хорижий аъзоси этиб сайланиши баробарида Москва давлат универитетининг профессори сифатида фаолият юритди. 

2014 йилдан бери Москва Миллий тадқиқот университети Иқтисодиёт олий мактабининг ижтимоий-сиёсий беқарорлашиши хавфини мониторинг қилиш бўйича илмий ва ўқув лабораториясининг бошлиғи лавозимида ишлаб келади. 

Таъкидлаш керакки, Марказий Осиё минтақасидаги биринчи рангли инқилоб “Лола инқилоби”нинг “сценарий муаллифлари” ва “ижрочи продюссерлари” кейинчалик маълум бўлди. Булар Қирғизистон Парламенти депутати, Қорасу бозорининг эгаси ва мамлакат жанубидаги энг йирик жиноий гуруҳ раҳбари Баяман Еркинбаев, пойтахтдаги бозорлар эгаси ва парламент депутати Жиргалбек Сурабалдиев ҳамда Тинчич Aкматбаевлар экани ойдинлашди. Бакиев тарафдори бўлган бу учала “шоввоз” 2005 йилнинг ўзидаёқ турли вақтлар оралиғида ўлдирилди. 

Иккинчи сценарий: Парвоз узоқ давом этмади

Бош вазир Қурманбек Бакиев муддатидан олдин ўтказилган Президентлик сайловларига қадар давлат раҳбари сифатида ишлади. Президентликка асосий номзодлар Бакиевнинг ўзи ва мухолифат лидери Феликс Қулов ҳисобланар эди. Aммо Қулов ғалаба қозонган тақдирда ҳам ўзини Бош вазир этиб тайинланиши ваъдаси эвазига Бакиев фойдасига номзодини рад этди. Сайловда Бакиев ғалаба қозонди.

2009 йил 23 июлда Қирғизистонда навбатдаги Президент сайловлари бўлиб ўтди. Aмалдаги Президент Қурманбек Бакиев 90 фоизга яқин овоз олди. Бироқ кузатувчилар ушбу сайловларнинг адолатлилигини шубҳа остига олди. Ўша йилнинг 2 августида қайта сайланган Бакиевнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Қурманбек Бакиев ўз Президентлиги даврида кўп викторли сиёсат юргизишга ҳаракат қилди. Аммо, мамлакат иқтисодиёти барқарорлашуви ўрнига орқага қараб кетишда давом этди. Бакиев бошқарувидаги энг катта хатолардан бири эса унинг мамлакатда бир-бирига қарши бўлган АҚШ ва Россия ҳарбий базаларининг фаолият юритишини таъминлаши бўлди. 

Оқибатда сўнгги 5 йилликда қўзғалмаган халқ “учинчи” томон ёрдамида ғалаён кўтарди. 2010 йилнинг баҳорида Қурманбек Бакиевнинг истеъфосини талаб қилиб, мухолифат намойишлари бўлиб ўтди. Ўша йилнинг 7 апрелида мухолифат билан Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги тўқнашувлар қуролли инқилобга айланди, мухолифат тарафдорлари пойтахт Бишкек ва асосий маъмурий биноларни эгаллаб олди. Бакиев пойтахтдан Жалолобод вилоятига қочиб кетди. 8 апрель куни Бакиев қирғиз халқига мурожаат қилди. У мамлакатдаги вазиятни назорат қилмаслигини тан олганига қарамай, истеъфога чиқишни рад этди. Қурманбек Бакиев ташқи кучларнинг Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдорлигини эълон қилди, лекин у қайси мамлакатни назарда тутганини аниқ кўрсатмади. БМТни Қирғизистонга тинчликпарвар кучларни киритишга чақирди. 

2010 йилнинг 15 апрель куни Жалолободда мухолифат етакчилари ва Бакиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Мухолифат босими остида Қурманбек Бакиев хавфсизлик кафолати эвазига истеъфога чиқиш тўғрисидаги хатни имзолашга рози бўлди. Ўша куни у Қирғизистонни тарк этиб, Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига учиб кетди ва 16 апрель куни Қозоғистонда Қирғизистон Президентлигидан истеъфога чиқиш хатини имзолашим билан Муваққат Ҳукумат тўқнашув тугаганини эълон қилди.

Уч кун ўтиб. Қурманбек Бакиев Беларусга учди. Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Бакиев ва унинг оиласига сиёсий бошпана берди.

Таъкидлаш жоизки, Қирғизистоннинг ён қўшниси Ўзбекистон биринчи Президенти, марҳум Ислом Каримов ушбу мамлакатдаги раҳбарият ўзгаришига олиб келган воқеаларга “Қирғизистоннинг ички иши”, деб муносабат билдирган ва қарама-қаршиликни тинч йўл билан ечишга чақирган.

Биринчи аёл Президент ва ўтиш даври

2010 йил 19 майда Қирғизистон Президенти муваққат Ҳукуматнинг махсус қарорини ўтиш даврида эълон қилди. Ушбу фармонга мувофиқ, ўтиш даври Қирғизистон Республикаси Президентининг ваколат муддати 2011 йил 31 декабргача белгиланди. Роза Отунбоева Қирғизистоннинг биринчи аёл Президенти ва шу пайтгача МДҲ давлатларида Президент сифатида ишлаган ягона аёл бўлиб тарихга кирди. Яқин тарихда мусулмонлар сони кўп бўлган мамлакатда иккинчи аёл Президент (биринчиси - Мегавати Сукарнопутри, 2001-2004 йилларда Индонезия Президенти). 

У ушбу лавозимда 2011 йил 1 декабрда Aлмазбек Aтамбоев лавозимига киришгунга қадар ишлаган. Роза Отунбоева Акаев ҳукуматида 1997 йилдан Қирғизистоннинг Буюк Британия ва Ирландиядаги элчиси, 2002 йил май ойидан Aбхазия, Грузиядаги БМТ Бош котибининг махсус вакилининг ўринбосари лавозимида ишлади. 2004-2005 йилларда Отунбоева БМТ Бош котибининг грузин-абхаз можаросини ҳал қилиш бўйича махсус вакили бўлган.

Лекин, Роза Отунбоева иқтидорга келганидан кўп ўтмай мамлакатда хунгрезликлар бошланди. 2010 йил июнида Қирғизистонлик ўзбеклар ҳужумга тутилди. Айтиш лозимки, этник ўзбеклар Қирғизистонда сон жиҳатдан иккинчи миллат ҳисобланади. “Июнь воқеалари” сифатида тарихга кирган ўша машъум кунларда уйлар ёндирилди, инсонлар ўлдирилди ва таҳқирланди. 100 минглаб ўзбек Ўзбекистонга қочиб ўтди. Ўзбекистон қочқинларни бир неча кун ичида ортга қайтарди. Мамлакатнинг ўша вақтдаги раҳбари, марҳум Ислом Каримов Ўш қирғини айбдорларини жазолашни БМТ раҳбарига масала сифатида кўтариб чиқди. Бироқ қирғиз томони ҳужумларда энг кўп жабрланган ўзбекларни жазолашда давом этди. “Июнь воқеалари” бостирилгач, Қирғизистон халқи бир оз муддат тин олди. 

Мамлакатда ўтиш даври ниҳоясига етгач, Президентлик сайловларида ғалаб қозонган муваққат Ҳукумат Бош вазири Алмазбек Атамбоев иннагурация маросимидан сўнг Қирғизистон Президентлигига киришди. 

Янги эра “Атамбоев даври”

Мустақил кузатувчиларга кўра, Атамбоев даврида мамлакатда бир қатор ўзгаришлар юз бердики, бу давлатнинг янги имиджини шаклланишига сабаб бўлди. Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиб кирди. Аммо, республиканинг мазкур ташкилотга аъзо бўлгандан сўнг, бирданига “ишлари юришиб” кетгани йўқ. Атамбоев МДҲ, КХШТ, ШҲТ каби йирик ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ўз мамлакати номидан гапирганда, баландпарвоз оҳанги билан икки қўшни республика Ўзбекистон ҳамда Қозоғистонга қирғизларнинг аслида ким эканини хас-пўштлаш билан овора эди. Унинг Президентлик даври сўнгги йиллари узоқ йиллик тортишув ва қарама-қаршиликлардан сўнг Ўзбекистон билан давлат чегаралари делимитация қилинишига, икки ўртада ўзаро алоқалар ривожаланишига замин ҳозирлади. Бироқ, Атамбоев ваколати ниҳоясига етар экан, ўз ўрнига муносиб номзод сифатида Сооронбой Жээнбековни маъқул кўрди. Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Қирғизистондаги сайловларга аралашишда айблаб, унга Президентлик сайлови Қирғизистоннинг ички иши эканини таъкидлаб, аралашмасликка чақирди. Бу эса ўз навбатида жиддий  келишмовчиликларни келтириб чиқарди. Мазкур мураккаб жараён янги Президент Жээнбеков даврида қозоқ томони билан муносабатларни тикланишидан сўнг унутилди. Маълумот ўрнида: Алмазбек Атамбоев 2011-2017 йилларда Қирғизистонга раҳбарлик қилган. Атамбоев тўлиқ Президентликдан кейин ўз хоҳиши билан лавозимини тарк этган биринчи Президент бўлган.

Ўзингники ўзагинг кесар

Алмазбек Атамбоевнинг кўмаги билан қудратга келган амалдаги Президент Сооронбой Жээнбеков 1958 йилда Ўш вилоятида таваллуд топган. Унинг биографиясига назар ташлар экансиз, 2012-2015 йилларда Жээнбеков Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили, 2016 -2017 йилларда мамлкат Бош вазири лавозимларида ишлаганини ҳамда унинг укаси Асилбек Жээнбеков — V чақириқ Жогорку Кенешнинг раиси бўлгани қайд этилган. Айнан акасининг иқтидорга келиши сабаб Асилбек Жээнбеков ўз лавозимидан кетишга мажбур бўлган. 

Сооронбой Жээнбеков Президентлик лавозимига киришар экан, мамлакатда жиддий ислоҳотларни олиб боришга киришди. Лекин, бу ислоҳотларнинг ҳаммаси ҳам унинг ўзидан олдинги Президент томонидан илиқ кутиб олинмади. Алмазбек Атамбоев турли давраларда Жээнбековнинг ҳокимиятга олиб келганини ўз хатоси эканини айтишдан чарчамади. Қирғизистон Бош прокуратураси собиқ Президент Алмазбек Атамбоев устидан жиноий иш очди. Бироқ, Атамбоев терговларга боришдан бош тортиб келди ва ўзининг хавф остида эканини англаб, мамлакатдаги рус ҳарбий базасидан Россия томон учди. Аммо, кўп ўтмай Қирғизистонга қайтиб келди. Собиқ Президентга Россия сафаридан қайтгач, миллат хоини деган тамға ёпиштирилди. Қирғизистонда собиқ Президентни ҳибсга олиш бўйича кенг кўламли амалиёт бошланди. Чуй вилоятининг Қўй-тош қишлоғидаги Атамбоев қароргоҳида бўлиб ўтган тўқнашувда 200га яқин милиция ходимлари ва 400га яқин Атамбоев тарафдорлари иштирок этди. Милиция ходимларига Молотов коктейллари ва тошлар улоқтирилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ёруғлик-шовқин гранаталаридан фойдалана бошлашганидан сўнг Атамбоевнинг тарафдорлари ортга чекинди. 9 август куни мамлакатнинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 319-моддасига биноан ҳибсга олинди. У 26 августга қадар тергов изоляторда ушлаб турилади. 


Қўшни мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ортидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август кунининг охирида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниш баробарида Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Қирғизистонда вазият амалдаги қонунчилик доирасида тез орада яхшиланишига умид билдирилди. 

Айни пайтда Бишкекда ўтаётган Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилишида бўлиб турган Россия Федерацияси Ҳукумат раҳбари Дмитрий Медведев Қирғизистоннинг собиқ Президенти Aлмазбек Aтамбоевнинг яқинда ҳибсга олинишини изоҳлади ва буни давлатнинг "ички иши" бироқ, Москва бўлаётган воқеаларга "бефарқ" бўла олмаслигини таъкидлаб, “нима бўлаётганини диққат билан кузатмоқдамиз", деди. 


Шу ўринда айтиш жоизки, мамлакатда бу каби сценарийлашган воқеалар йиллар давомида такрорланар экан, иқтисодий ва сиёсий танглик нафақат раҳбарларга балки, халққа ҳам яхшилик олиб келмаслиги, бутун бошли авлодларнинг ўз давлатига бўлган ишончининг йўқолишига бунинг ортидан миллат онгида нафрат уруғининг палак ёзишига сабаб бўлади. 

Айрим гегемон давлатларнинг дунёни бўлиб олиш мақсадида амалга ошираётган фитналари рангли инқилоблару “демократияни ўрнатайлик” деган сохта ниқобларга бурканганини қардошларимиз тушунмасмикан? Балки, бу каби воқеалар яхшиликкадур десанг, бу биринчиси эмас. Нимагадир ўйлаб қоласан киши Қирғизистонда Президентларга қарғиш текканми? 

Акбаржон Абдураимов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

381

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made