Эрдўған оғир ва ёқимсиз бўлишига қарамай, Имомўғлуни табриклади

Олам

image

Аввалроқ, Туркияда Истанбул шаҳри раҳбарлиги учун ўтказилган қайта сайловда яна "Республика халқ" партияси номзоди Экрем Имомўғлунинг қўли баланд келгани ҳақида хабар берган эдик. 

Натижалар ҳали расман эълон қилинганича йўқ. Шунга қарамай, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўзи раҳбарлик қилиб келаётган "Адолат ва тараққиёт" партиясининг асосий рақиби,  "Республика халқ" партияси номзоди Экрем Имомўғлуни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Эрдўған Twitter’даги саҳифасида шундай ёзади:

"Истанбул раҳбарлиги учун қайта сайлов натижаларини Истанбулимиз учун хайрли бўлишини тилайман. Бугун Миллий ирода яна бир бор ўзини кўрсатда. Расмий натижаларга кўра, сайловда ғолиб бўлган Экрем Имомўғлуни табриклайман!

Бундан аввал бўлгани каби бундан кейин ҳам демкоратиядан, ҳуқуқнинг устуворлигидан, мамлакатимизнинг тинчлик, осойишталик ва барқарорлигидан воз кечмасдан давлат иттифоқининг тамойиллари асосида бирлик ва бирдамликда 2023 йилдаги режаларимизга томон қадам ташлаймиз. 

Шу ой охирида бўлиб ўтадиган G-20 саммити, Хитойга ташриф ва унинг ортидан Жанубий Европа ва Болқонлар саммитида қатнашиш билан бирга, Туркия олдида турган барча ички ва ташқи масалаларни миллий манфаатларимиз асосида синчковлик билан ҳал этишда давом этамиз".

Эслатиб ўтамиз, 31март куни бўлиб ўтган сайловда ҳам  "Республика халқ" партияси номзоди Экрем Имомўғлу юқори овоз тўплаганди. Аммо, Эрдўғанчилар партияси - "Адолат ва тараққиёт"нинг талаби билан Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилди ва 23 июнь куни қайта сайлов ўтказилишини айтди. 

Маълумки, қайта сайловда "Адолат ва тараққиёт" партиясидан Бинали Йилдирим, "Республика халқ" партиясидан Экрем Имомўғлу, "Саодат" партиясидан Неждет Кўкчинор, "Ватан" партиясидан Мустафо Илкер Южел, "Кўплик" демократик партиясидан Дўған Туман куч синашди. Булар орасида энг кучли рақиблар Имомўғлу ва Йилдирим бўлди. 

Истанбул раҳбарлиги учун сайловда 10 миллилн 570 минг 222 киши иштирок этди. 31 минг 186 та сандиқдан 30 минг 989 таси очилди. Расмий бўлмаган натижаларга кўра, 99,37% фоиз сандиқдан 8 миллион 868 минг 664 овоз варақалари олинган. Қайд этилишича, сайловда жами овоз берувчилардан 84,42%и қатнашган. 

Дастлабки натижаларга кўра, "Республика халқ" партиясидан Экрем Имомўғлу 4 миллион 698 минг 782 та (54,03%),  "Адолат ва тараққиёт" партиясидан Бинали Йилдирим 3 миллион 921 минг 201 та (45,09%) овоз тўплаган. 

Таъкидлаш лозимки, 2000 йилдан буён "Адолат ва тараққиёт" партияси мамлакатда катта шуҳратга эга бўлган. Сайловларда унинг доим қўли баланд келган. Бироқ, мамлакатдаги сиёсий вазият, Сурияда можароларга аралашув, миллионлаб қочоқларга эшик очиш ва уларни боқиш, Америка билан олишувлар ва ортидан долларнинг ошиб кетиши, ортидан келиб чиққан иқтисодий танглик Эрдўған тизими ва "Адолат ва тараққиёт" партиясига ишончсизликни келтириб чиқарди. Мамлакатдан нарх-навонинг суратли кўтарилиб бориши, пулнинг қадрсизланаётгани, кредитлар ошиб бораётгани ва солиқ юки ортиб бораётгани норозилик, мавжуд Ҳукуматга ишончсизликни келтириб чиқармоқда.

31 март куни ўтган сайловларда ғалаба қилган Экрем Имомўғлу то МСК натижаларни бекор қилгунга қадар 18 кун давомида Истанбул мэри бўлиб ишлади. Бу кунлар ичида у ўқувчилар ва талабалар учун йўл ҳақини 50% га пасайтиришга эришди. Кам таъминланган оилаларга алоҳида маблағ ажратиш борасида амалий натижа кўрсатди. Қолаверса, кекса ва боқувчисини йўқотганларга шаҳар ҳокимлиги номидан нон ва сув пули берилишини таъминлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Экрем Имомўғлу

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made