Ўзбекистон-Сурия ўйинини томоша қилиш учун стадионга 32 мингдан ортиқ томошабин келди

Спорт

image

Аввалроқ,  Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкент шаҳрида жойлашган Миллий стадионида Сурия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳозиргина ўз якунига етган қизиқарли ўйиннинг илк дақиқалариданоқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари ўзларининг илк ҳужумидаёқ, рақиблари посбонини ожиз қолдиришди.

Баҳснинг 3-дақиқасида марказдан терма сардори Одилжон Аҳмедов ўзатган тўпни Россиянинг Ростов клуби сафида ўйновчи ҳужумчи Элдор Шомуродов Сурия дарвозасига жойлаб қўйди. Ўзбекистон - Сурия 1:0.

Шундан сўнг ўзбекистонликлар бироз ортга чекинишди. Сурия терма жамоаси футболчилари биринчи бўлим давомида икки марта хавфли вазият яратишди. Биринчисида ўзбекистонликлар посбони Элдор Суюнов хавфни бартараф этган бўлса, иккинчисида суриялик ҳужумчининг чалқанча услубда берган зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.

Тайм якунида Эктор Купер шогирдлари бироз жонланишди. Бунинг натижасида Элдор Шомуродов 41-дақиқада гол киритиб, терма жамоа сафидаги иккинчи дублини ўз ҳисобига ёзиб қўйди. 

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов шу йилнинг январь ойида ўтказилган Осиё кубогида Туркманистон терма жамоаси дарвозасини ҳам икки марта ишғол этган эди.

Иккинчи бўлим сокинликда, томонларнинг тўпни назорат қилишга бўлган уринишлари остида кечди. Вақти-вақти билан қилинган ҳужумлар дарвозабонлар учун ортиқча хавфни юзага келтира олмади. Шу сабабдан биринчи таймда ўрнатилган ҳисоб иккинчи бўлимда ўзгаришсиз қолди.

Учрашув якунида "Миллий" стадиони суҳандони учрашувни бевосита томоша қилиш учун 32 271 томошабин ташриф буюрганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг