АПЛга йўл олган ўзбек ва сенсацион Осиё кубоги – Спорт дайжести

Таҳлил

Бугун фаолиятини Англияда давом эттирадиган ўзбекистонлик футболчи, қизғин ўйинларга ва қизиқ ҳолатларга бой тарзда ўтаётган Осиё кубоги ва 8 марта пистолетдан ўққа тутилган ММА жангчиси ҳақида гаплашамиз. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ'да спорт дайжести.

Осиё кубоги-2023: Нега тожикистонлик футболчилар Ўзбекистон байроғини ҳилпиратди?

28 январь куни Осиё кубогининг 1/8 финали доирасида мусобақа дебютанти Тожикистон терма жамоаси сенсацион тарзда турнирнинг кучли жамоаларидан бири БААдан пенальтилар сериясида устун келиб, чорак финалга йўл олди. Баҳсдан сўнг ғалабани нишонлаш чоғида 2-3 нафар тожикистонлик футболчи трибунадаги мухлислардан Ўзбекистон байроғини олиб, майдон узра айлантирди. Бу эса Ўзбекистон футбол жамоатчилигининг эътиборини тортди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон мухлисларининг етакчиларидан бири Жавоҳир Шокиров ва яна бир қатор ўзбекистонлик мухлислар тожик футболчиларига Ўзбекистон байроғини берган. Бу ҳақда Жавоҳир Шокиров QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

“Тожикистонлик мухлислар стадионда тарқоқ ҳолда ўтирганди, ўзбекистонлик ишқибозлар эса битта секторда тожик футболчиларини қўллаб-қувватлади. Шу сабабдан ҳам ўйин охирида футболчилар Ўзбекистон байроғини олиб ҳилпиратди”, дейди Шокиров.

Ўзбекистонга мағлуб бўлган таиландликлар катта пулдан қуруқ қолди

30 январь куни Осиё кубоги 1/8 финали доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Таиланд баҳсидан олдин таиландлик футболчиларга агар ғалабага қозонган тақдирда, 4 миллион бат (113 минг АҚШ доллари) ваъда қилингани маълум бўлди. 

Таиланд терма жамоаси менежери ва мамлакатда кўзга кўринган миллиардер сифатида танилган Панг хоним баҳсдан олдин ғалаба учун футболчиларни мукофотлашини билдирган, бироқ таиландликлар Ўзбекистон терма жамоасига 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди.

Қайд этилишича, Панг хоним Ўзбекистон билан ўйингача ҳам футболчиларни турнир гуруҳ босқичидаги муносиб иштироки учун тақдирлаган. У Таиланд нимчорак финалга чиққани учун терма жамоага ўз ҳисобидан 5 миллион бат (141 минг АҚШ доллари) ажратган.

Тожикистон терма жамоаси 450 минг доллар билан тақдирланди

Футбол бўйича Тожикистон терма жамоаси Осиё кубогининг 1/8 финалида гуруҳдан чиққани ва ғалаба қозонгани учун 450 минг доллар олди. Бу ҳақда Тожикистон футбол федерацияси (ТФФ) президенти Рустами Имомали ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.

Агар чорак финалда Иордания термаси устидан ғалаба қозонган тақдирда, терма жамоа яна 200 минг доллар бонус ваъда қилинга, бироқ тожикистонликлар чорак финалда ўз юришини тўхтатишга мажбур бўлди. 
Ўйиннинг 66-дақиқасида тожикистонликлар ҳимоячиси Ваҳдат Ҳанонов ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. 1:0 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармади ва Иордания турнирнинг ярим финалига йўл олди.

2 февраль куни яна бир баҳсда Жанубий Корея Австралияга қарши баҳс олиб борди. Драматик ўйинга айланиб кетган баҳс якунда кореяликлар фойдасига ҳал бўлди. 42-дақиқада кенгрулар сафида Гудвин ҳисобни очди. Ўйин якунлашига саноқли сониялар қолганда аниқроғи 90+6 дақиқада Австралия футболчиси ўз жарима майдончасида рақибга нисбатан қўполлик ишлатди ва ҳакам 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Пенальтидан Ҳван унумли фойдаланди ва жамоалар ғолиб номини экстра таймларда аниқлаб оладиган бўлди. Экстра таймнинг 104-дақиқасида йўлбарслар етакчиси Сон Хён Мин жарима зарбасидан супер гол уриб, жамоасини ярим финалга олиб чиқди. Энди ярим финалда корейслар Иордания билан баҳс олиб боради.

Абдусатторов нуфузли турнир совриндори бўлди

Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича нуфузли “Tata Steel Chess-2024” турнири якунланди. Мусобақада ғолиблик учун баҳс олиб борган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов якунда 3-ўринни эгаллади.

Турнирнинг охирги турида германиялик Александр Донченкодан устун келган Нодирбек, ярим финалда хитойлик Вэй Йига қарши баҳс олиб бориб, 1,5:0,5 ҳисобида имкониятни бой берди ва 3-ўрин билан кифояланди.

Финалга йўл олган Вэй Йи якунда мусобақа ғолибига айланди. У финалда ҳиндистонлик Гукеш Домаржуга қарши дона сурди. Томонлар ўртасидаги дастлабки ўйин дуранг билан якунланган бўлса, 2-баҳсда Йининг қўли баланд келди.

Абдураҳмонов халқаро турнирда совриндор бўлди

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бекзод Абдураҳмонов Россиянинг Красноярск шаҳрида икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Иван Яригин хотирасига бағишланган халқаро мусобақада бронза медалини қўлга киритди.

Ярим финалда россиялик Давид Баевга мағлубиятга учраган Абдураҳмонов, 3-ўрин учун кечган баҳсда яна бир мезбон спортчи Исраил Касумовдан устун келди.

Ўзбекистон вакилларидан Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг) ва Сардор Рўзимов (-61 кг) ҳам шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой олди. 

Шунингдек, турнир якунларига кўра, Абдураҳмонов “Энг яхши хорижлик спортчи” деб топилиб, 250 минг рубль (34,5 миллион сўм) пул мукофоти билан тақдирланди.

Ўзбек бокси оғир жудоликка учради

Фарғона вилояти бокс терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, Халқаро тоифадаги ҳакам, Ўзбекистонда боксни ривожланишига катта ҳиссасини қўшиб келган Станислав Бўтаев 83 ёшида оламдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Станислав Бўтаев ўзининг мураббийлик фаолияти давомида кўплаб спорт усталари ва Халқаро мусобақалар ғолибларини тайёрлаган. У 1980 йил (Москва) ва 2004 йилги (Афина) Олимпия ўйинларида бокс мусобақаларида ҳакамлик қилган.

“Ўзбекистон бокс федерацияси номидан марҳумнинг яқинларига таъзия билдирамиз ва сабр тилаймиз”, дейилади манба хабарида.

“Андижон” футболчиси фаолиятини Саудияда давом эттиради

“Андижон" футбол клубининг албаниялик футболчиси, ўтган мавсум якунларига кўра, Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлган Рубин Ҳебай фаолиятини Саудия Арабистонининг “Ал-Оруба” клубида давом эттирадиган бўлди.  Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

“Албатта, “Андижон” Рубинни сотиш ниятида эмасди. Бироқ Ҳебайнинг хоҳиш ва истагидан келиб чиққан ҳолда мазкур трансфер амалга оширилди”, дейилади клуб баёнотида.

Маълумотларга кўра, “Андижон” Ҳебай трансферидан 200 минг евро даромад кўрган.

Ҳозирда “Ал-Оруба” Саудия Арабистони биринчи дивизионида иштирок этмоқда. Жамоа турнир жадвалида 31 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди.

Маълумот учун, Ҳебай ўтган мавсумда 27 ўйинда иштирок этиб, 14 та гол урди ҳамда 3 та голли узатмани амалга оширди.

Ўзбек футболи тарихида илк бор АПЛга футболчи трансфер қилинди

Тошкентнинг “Пахтакор” клуби аъзоси Муҳаммадали Ўринбоев Англиянинг “Брентфорд” клубига ижарага берилди.
Клублар ўртасидаги келишувга мувофиқ, у 30 июнга қадар “Брентфорд”да ижара асосида ўйнайди.  Ушбу муддатдан кейин эса Англия клуби Муҳаммадалини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Ўринбоев “Пахтакор”да 17 ёшга тўлмасдан ўз дебютини ўтказган ва ўз ёш тоифасида терма жамоа аъзоси саналади.

1 февраль куни расман “Брентфорд” клуби ўзбекистонлик 18 ёшли футболчи Муҳаммадали Ўринбоевни ўз сафига қўшиб олганини маълум қилди. 

“Брентфорд”га хуш келибсан,Али”, дейилади жамоа матбуот хизмати хабарида.

Қайд этиш жоиз, “Брентфорд”га ўзбекистонлик футболчининг ижараси 200 минг еврога тушди.

Эътиборлиси, мазкур клубда англиялик машҳур футболчи Дэвид Бекхэмнинг ўғли Ромео Бекҳем ҳам тўп тепади.

Қизиғи, кичик Бекхэм Ўринбоев билан бир хил позицияда ҳаракатланади.

Маълумот учун, Ўринбоев ўтган мавсум Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сафида Осиё Чемпионлар лигасида 3 та ўйинда майдонга тушишга улгурган. У Ўзбекистон U-17 терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.

Махачқалъада Ҳабибнинг отасига шогирд бўлган спортчи отиб ўлдирилди

Доғистонлик ММА устаси Магомедрасул Мутаев Махачқалъа марказида ҳалок бўлди.

Номаълум шахс уйи ёнида 20 ёшли Мутаевга яқинлашиб, тўппончадан саккиз марта ўқ узган. Спортчи тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилаётганда вафот этган.

Ҳозирда ролиция 20 ёшли AMC Fight Nights жангчиси Магомедрасул Мутаевнинг қотилини қидирмоқда.

Махачқалъадаги жангчини ўлдирганликда гумон қилиниб, Қўрқмаскали қишлоғида яшовчи 18 ёшли йигит қидирилмоқда.

Гумон қилинаётган сабаб қасосдир. Маълум бўлишича, Мутаев ва унинг дўстлари тахминан бир ой олдин 18 ёшли йигитни калтаклаб, уни ҳақорат қилган.

Ҳозирда воқеа жойида терговчилар ва криминологлар ишламоқда. 

Қайд этилишича, марҳум Магомед Мутаев аралаш яккакураш бўйича машҳур жангчи, енгил вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳаммедовнинг отаси Абдулманноп Нурмуҳаммедов номидаги жанг санъатлари мактабида таҳсил олган.

Жалолиддин Машарипов Греция клубини тарк этди

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи футболчиларидан бири Жалолиддин Машарипов Грециянинг “Пансерраикос” клуби билан ўзаро келишувига кўра шартномани бекор қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Машарипов “Пансерраикос”да жами 8 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та ассист муаллифига айланди. Маълумотларга қараганда 30 ёшли футболчи фаолиятини катта эҳтимол билан Ўзбекистонда давом эттиради.
Маълумотларга кўра, Машарипов катта эҳтимол билан фаолиятини Наманганнинг Навбаҳор клубида давом эттиради.

Жалолиддин Машариповнинг “Transfermarkt”га кўра нархи 1,5 миллион еврони ташкил этади. У фаолияти давомида БААнинг “Шабаб Ал-Аҳли” ва Саудиянинг “Ал-Наср” каби клубларида тўп тепган. Ҳозирда футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Осиё кубогида иштирок этмоқда.

Роналдусиз ўтган ўйинда Месси жамоаси тор-мор келтирилди

1 февраль куни Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” ҳамда Американинг “Интер Майами” клублари ўртоқлик учрашувида тўқнаш келди. Ар-Риёддаги “Кингдом Арена”да бўлиб ўтган баҳс 6:0 ҳисобида Саудия клуби фойдасига ҳал бўлди.

Дастлабки дақиқалардан устунликни ўз қўлига олган риёдликлар 15-дақиқага келибоқ, рақиб дарвозасига 3 та тўп киритишга муваффақ бўлди. Роналду жамоадошлари сафида голларга Отавио, Ляпорт, Маран ва Талиска муаллифлик қилди. Бразилиялик футболчи учрашувда хет-трик қайд этиб, жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшдии. “Интер Майами” ҳужумчиси Лионель Месси учрашувни захира ўриндиғида бошлади ва ўйиннинг 83-дақиқасида майдонга тушди.

Қайд этиш жоиз, мазкур баҳсни португалиялик футболчи Криштиану Роналду жароҳати боис ўтказиб юборди. “Ал-Наср” 38 ёшли футболчининг соғлиғини хавф остига қўйишни истамади ва уни қайдномага киритмади.
Шундай қилиб, MLS клуби Саудиядаги турнесида қаторасига иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Бундан олдин Месси жамоадошлари “Ал-Ҳилол”га 4:3 ҳисобида имкониятни бой берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made