Спорт орқали сиёсат Туркия – Исроил ўртасида яна жанжал

Спорт

Туркияда тўп тепадиган исроиллик футболчиларга нисбатан текширув ва терговлар бошланди ва мазкур ҳолат Туркия ва Исроил муносабатларининг янада ёмонлашувига сабаб бўлмоқда.

Футболчиларни ҳибсга олиш

“Анталияспор” футбол клубининг исроиллик ярим ҳимоячиси Сагив Ехезкел “оммавий адоват ва нафрат уйғотиш”да айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч маълум қилди. 

Унга кўра, 28 ёшли футболчи “Исроил томонидан Ғазо секторида амалга оширилган қирғинни қўллаб-қувватлашдаги масъулиятсиз ҳаракатлари туфайли” қўлга олинган.

14 январь куни Сагив Ехезкел “Анталияспор” - “Трабзонспор” учрашувида гол урди, шундан сўнг қўлидаги “100 кун. 7.10” ёзуви бор бандажни кўрсатди.  

Бу орқали Ехезкел урушга қарши бўлгани учун ишора қилганини айтди.

Ўйиндан сўнг “Анталияспор” клуби раҳбарияти Ехезкелни жамоадан четлатганини маълум қилди ва у билан шартномасини бекор қилди. 

Қайд этилишича, клуб спортчини Туркиянинг “миллий қадриятларига қарши гапирганликда” айблаган.
Ҳолатга Исроилнинг собиқ бош вазири Нафтали Беннет Туркиянинг ҳаракатларини очиқчасига қоралаб, ҳолатга муносабат билдирди.

“Бу Туркия – 2024. Уят, Туркия ҳукумати”, дейди Беннет.

Ҳозирда Исроил ҳукумати Ехезкелнинг озод этиш чораларини кўраётгани айтилмоқда.

15 январь куни Анталия прокуратураси Ехезкелни ҳибсдан озод қилди. Бу ҳақда “TRT Haber” маълум қилди.

Қайд этилишича, футболчини олиб кетиш учун Исроилдан махсус самолёт юборилган.

Шунингдек, “Истанбул Башакшехир” футбол клуби жамоасининг исроиллик ярим ҳимоячиси Эден Карцевга Исроил-Фаластин можароси бошланганига 100 кун тўлиши муносабати билан ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида постлар эълон қилгани учун тергов бошланди. 

Футболчи ўз Instagramʼига Австралия сионистик федерациясининг постини жойлаган. Постда сариқ ленталар тасвири ва “Уларни ҳозир уйга олиб келинг” хештегини кўриш мумкин.

“Клубимиз ижтимоий тармоқдаги шахсий аккаунтига мамлакатимиз миллий қадриятларига зид бўлган постларни жойлаб, клуб интизомий қоидаларини бузган Эден Карцевга нисбатан интизомий иш очди”, дейилади “Истанбул Башакшехир” матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, Карцев 23 ёшда ва 2023 йилдан буён Истанбул жамоасида ўйнамоқда. Футболчи Исроил терма жамоаси сафида 5 та ўйин ўтказган. 

28 ёшли футболчи Исроил томонидан Ғазо секторида амалга оширилган қирғинни қўллаб-қувватлашдаги масъулиятсиз ҳаракатлари туфайли қўлга олинган.

Табиийки, вазиятга икки мамлакатнинг кўзга кўринган шахслари бефарқ қараб турмаяпти. 

Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац, исроиллик футболчи Сагив Ехезкелнинг Туркияда “оммавий адоват ва нафрат уйғотганлик”да айбланиб ҳибсга олиниши ортидан мамлакат ҳукуматини танқид қилди. Кацнинг сўзларига кўра, Туркиядаги бу ишлар спорт анъаналарига зид ва республиканинг “қоронғи диктатура”га айланаётганидан далолат беради.

“Туркия инсонпарварлик қадриятлари ва спорт қадриятларига зид ишлайдиган “қоронғи диктатура”га айланди. Футболчини 100 кундан ортиқ вақт давомида гаровга олинган 136 кишини қўллаб-қувватлаши террорчи ва қотил ташкилотга бўлган нафратини ифодалайди. Дунё ҳамжамияти ва халқаро спорт ташкилотларини Туркияга қарши чора кўришга чақираман”, дейди Исроил вазири.

Кац, спортчиларга нисбатан сиёсий мақсадларда таҳдид қилиш нотўғри эканлигини айтиб ўтди. 
Исроил Миллий хавфсизлик вазири, ўта ўнгчи “Оцма ехудит” (“Яҳудий кучи”) партияси раҳбари Итамар Бен-Гвир исроиллик футболчи Сагив Ехезкель Туркияда ҳибсга олинганидан кейин мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни “ҳақиқий нацист” деб атади ва исроилликларни Туркияни бойкот қилишга чақирди. 

"Туркия исроиллик ўйинчиларга ва умуман, исроиллик маъносига эга бўлган ҳамма нарсага нацизм асосида муносабатда бўлади. Эрдўған ҳақиқий нацист", деб ёзган Бен-Гвир.

У исроилликларни Туркияга учмасликка, турк товарларини харид қилмасликка ёки “уларни молиявий қўллаб-қувватламасликка” чақирган. 

“Исроил давлати ва фуқаролари Туркияга нисбатан илтифот кўрсатмаслиги керак. Биз ўзимизни оёқ ости қилишларига йўл қўймаймиз”, дея қўшимча қилган вазир.

Исроил ва Туркия муносабатларининг ёмонлашуви

2023 йил 7 октябрда Ғазо секторидан ҲАМАС ҳаракатининг Исроил ҳудудига кириб бориши, чегарадаги аҳоли пунктларида аҳолининг ўлдирилиши ва 240 дан ортиқ гаровга олинган, жумладан, болалар, аёллар ва фуқароларнинг қўлга олиниши билан бирга Яқин Шарқдаги вазият кескин ёмонлашди. Радикаллар бу ҳужумни Исроил расмийларининг Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига қарши ҳаракатларига жавоб деб атади. Исроил Ғазони тўлиқ ўз қўлига олганини эълон қилди ҳамда Ливан ва Суриянинг айрим ҳудудларига зарба беришни бошлади.
Бу кескинлашув ўтган йилларда яхшиланган Туркия-Исроил муносабатларининг тез фурсатда ёмонлашишига олиб келди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроилнинг Ғазодаги хатти-ҳаракатини бир неча бор кескин танқид қилди, Эрдўған Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни “ҳарбий жиноятчи” деб атади ва уни жавобгарликка тортишга ваъда бериб, Исроилни “террорчи давлат”га чиқарди. Нетаньяху бунга жавобан Эрдўған курдларга қарши геноцид қилаётганини айтди.

2023 йил октябрь ойи охирида, Анқара томонидан ёмонлашган риторика фонида, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги “Исроил-Туркия муносабатларини қайта кўриб чиқиш учун” дипломатларни чақириб олишини эълон қилди. Туркия ҳам Тель-Авивдаги элчисини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди.

Сиёсий ишлар фонида спортчиларнинг жавобгарликка тортилиши қай даражада тўғри. Фикрларингизни  изоҳлар бўлимида ёзиб қолдиринг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг