“Катта ўзбек”нинг катта тўйи ва катта тўяналар – Спорт дайжести
Таҳлил
−
24 Декабрь 2023
13795Катта ўзбекнинг катта тўйи ва катта тўяналар, пул мукофотларини қабул қилиб олган Осиё ўйинлари иштирокчилари, Россия майдонларини “ёндираётган” Аббосбек Файзуллаев ва Франция клубида тобора ўз ўрнини топиб бораётган Абдуқодир Ҳусанов бугун диққат марказида. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ'да спорт дайжести
Ўзбекистонлик шахматчи қиз Осиё чемпиони бўлди
17 декабрь куни БААнинг Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бошланди.
Мусобақанинг дастлабки кунидаёқ Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Умида Омонова блиц йўналишида Осиё чемпиони деган номга сазовор бўлди. Шунингдек, Даврон Шарипов 2-ўринни, Маликахон Жумаева ва Ҳуснорахон Ҳусниддиновалар 3-ўринни қўлга киритди.
Таъкидлаш жоиз, Умида Омонова Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилган Осиё ўйинларида кумуш медалга эга чиққанди.
Маълумот учун, мусобақада 41 та давлатдан 650 нафар шахматчилар иштирок этмоқда.
Ўзбекистонлик велоспортчи қиз халқаро турнирда чемпион бўлди
Португалияда велоспортнинг трек йўналиши бўйича “Trofeu Internacional de Pista” халқаро мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Маргарита Мисюрина олтин медални қўлга киритди.
Мисюрина ғолибликка скретч дастурида эришди. Шоҳсупанинг қолган ўринларини Португалия ва Испания вакиллари банд этди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Нафосат Козиева ҳамда София Каримовалар ҳам қатнашмоқда.
Маълумот учун, 20 ёшли Мисюрина бунгача Полша давлати мезбонлик қилган “Grand Prix Poland USI ” турнирда кумуш медалга сазовор бўлган. Шунингдек, велоспортчи шу йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам иштирок этди.
Файзуллаев кетма-кет учинчи марта ЦСКАнинг энг яхши футболчиси бўлди
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Аббосбек Файзуллаев ноябрь-декабрь ойига кўра, ЦСКА клубининг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда Москва клуби матбуот хизмати хабар берди.
Клуб ижтимоий тармоқларида ўтказилган сўровномада 80 фоиз билан жамоадошларини ортда қолдирди. Умумий ҳисобда 34 мингдан ортиқ мухлис Файзуллаевга овоз берган. Аббосбекдан ташқари, Виллиан Роша, Иван Обляков, Келлвен, Федор Чалов ва Антон Заболотний ойнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлик қилганди.
Маълумот учун, ҳозирда Файзуллаев БААда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қатар мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.
Таъкидлаш жоиз, 20 ёшли Файзуллаев сентябрь ва октябрь ойларида ҳам ўз клубининг энг яхши футболчиси деб эътироф этилганди.
Франция клуби сафидаги ўзбекистонлик футболчининг қиймати ошди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Франциянинг “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи кўтарилди. Бу ҳақда “Transfermarkt” хабар берди.
Футболчининг янги қиймати 800 минг евродан 1,5 миллион еврога кўтарилди. Шундай қилиб, Ҳусанов Осиёда 20 ёшгача бўлган энг қиммат футболчилар рейтингида 3-ўринга кўтарилиб олди. Футболчи бу борада фақатгина австралиялик Чирсати ва ҳамюрти Аббосбек Файзуллаевдан ортда қолмоқда.
Таъкидлаш жоиз, ҳозирда Ҳусанов 2004 йилда туғилган Осиёнинг энг қиммат футболчиси саналади.
Маълумот учун, 19 ёшли Ҳусанов жорий йил “Ланс” таркибида 6 та ўйинда майдонга тушди.
“Шалпангқулоқ кубок”нинг 1/8 финалига қуръа ташланди
18 декабрь куни Швейцариянинг Ньон шаҳрида футбол бўйича Европа Чемпионлар лигасининг (ЕЧЛ) 1/8 финалига қуръа ташланди.
Қуръа натижаларига кўра, жорий мусобақада ғолиблик учун асосий даъвогар сифатида кўрилаётган Мадриднинг “Реал” клуби билан Германиянинг “Лейпциг” клуби тўқнашадиган бўлди. Амалдаги чемпион Англиянинг “Манчестер Сити“ клуби эса чорак финалга чиқиш учун Даниянинг “Копенгаген” жамоаси билан баҳс олиб боради.
Қуръа натижалари:
“Порту”-“Арсенал”;
“Наполи”-“Барселона”;
ПСЖ-“РеалСосьедад”;
“Интер”-“Атлетико”;
ПСВ-“Боруссия Дортмунд”;
“Лацио”-“Бавария”;
“Копенгаган”- “Ман Сити”;
“Лейпциг”-“Реал”.
Маълумот учун, жорий мавсум ЕЧЛ финалига Англия пойтахти Лондон шаҳри мезбонлик қилади. Ҳал қилувчи ўйин афсонавий “Уэмбли” стадионида ўтказилади.
Баҳодир Жалолов уйланди
20 декабрь куни Тошкент шаҳрида ўзбекистонлик профессионал боксчи, Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалоловнинг тўйи муносабати урф-одатларга кўра ош дастурхони ёзилди.
Йиғинга Ўзбекистоннинг кўплаб таниқли шахслари иштирок этди. Жумладан боксчига бахт тилаш учун ресторанга ўзбек спорти ҳукумати вакиллари Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Очилбой Раматов, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарлари келди.
21 декабрь куни эса никоҳ тўйи бўлиб ўтди.
Маълум бўлишича, 29 яшар боксчининг турмуш ўртоғи Азиза ҳозирда университетда таҳсил олади.
Айтиш мумкинки, Жалоловнинг хонадонига келиннинг қадами қутлуғ келди. Тўйнинг эртаси куниёқ Халқаро бокс ассоциацияси раҳбари Умар Кремлев ўзбекистонлик боксчига BMW автобрендининг X5 русумидаги автомобилни совға қилди. Маълум бўлишича, мазкур русумдаги “тойчоқ”ларнинг нархи 90 минг АҚШ долларидан бошланади. Жалолов тўянани қабул қилиб олгач Умар Кремлев телефон орқали спорчини табриклади. Ундан ташқари россиялик машҳур боксчи Дмитрий Бивол Жалоловга бахт тилаб, унга самимий тилакларини йўллади.
Осиё ўйинлари совриндорларига пул мукофотлари берилди
21 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Олимпия шон-шуҳрати музейида шу йили Ханчжоуда ўтказилган Осиё ва Пара Осиё ўйинлари совриндорларига пул мукофотлари топширилди.
Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Паралимпия қўмитаси раҳбари Мухторхон Тошхўжаев ва бошқа спорт федерациялари раҳбарлари иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилда қабул қилинган тегишли қарорига кўра, Осиё ва Пара Осиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчиларга 10 минг, кумуш медаль соҳибларига 5 минг ва 3-ўрин эгаларига 2,5 минг АҚШ доллари пул мукофоти топширилди/Шунингдек, спортчиларни мусобақаларга тайёрлаган мураббийларига ҳам пул мукофотлари берилди.
Спортчиларини тайёрлаган тренерларга:
• олтин медаль учун – 5 000 доллар;
• кумуш медаль учун – 2 500 доллар;
• бронза медаль учун – 1 250 доллар.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси Осиё ўйинларида 71 та, Пара Осиё ўйинларида эса 79 та медаль жамғарганди.
Неймар Америка кубогини ўтказиб юборади
Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби аъзоси ва Бразилия терма жамоаси етакчиси Неймар 2024 йилги Америка кубогида ватани термасига ёрдам бера олмайди. Бу ҳақда терма жамоа шифокори Ласмар маълум қилди.
Манбага кўра, 2024/2025 йилги мавсум бошида тўлиқ сафга қайтиши режалаштирилган Неймарни кейинги ёзгача тикланишга мажбурлашдан маъно йўқ.
Америка Кубоги 2024 келаси йилнинг 20 июндан 14 июлига қадар АҚШда бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Неймар 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги Бразилия ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги ўйинда жароҳат олган эди. Кейинчалик футболчига чап тиззасидаги хочсимон пайнинг узилиши ташхиси қўйилди
LiveБарчаси