Амалдорлар “ови” бошланди...ми?
3-саҳифа
−
19 Декабрь 2023
2172227 ноябрдан буён Республика бўйлаб ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик " тадбири доирасида бир нечта жиноятчилар қўлга олинди. Республика бўйлаб криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида ўтказилаётган тадбир доирасида навбат амалдорларга келди чоғи, 18 декабрдан буён ҳали у ҳали бу Оммавий ахборот воситалари ўз манбасига таяниб, собиқ вазир, ҳоким, "зам" ҳоким-у солиқчилар қамоққа олинаётганини ёзмоқда. Бу сафар бош ролда ИИВ ёки Тошкент шаҳар ИИББ эмас балки Бош прокуратура ва ДХХ экани айтиляпти. Чунки қўлга олинганларнинг кўпи ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, коррупция билан қамоққа олингани айтилмоқда. Айтилмоқда деганимиз бежиз эмас. Чунки амалдорларга бошланган ов ҳақида ҳозиргача расмий маълумот берилганича йўқ.
Энди бир бошидан бошласак. Кеча 18 декабрь куни, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)си 3-қисми “а” банди ва 205-модда ( Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)си 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни қилганликда гумонланиб ушлангани ва унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланиб, ДХХ қамоқхонасида сақланаётгани аниқ бўлди.
Воитов охирги 7 йилда қўлга олинган энг йирик амалдор ҳисобланади. Шу вақтгача шахсан Президент ҳокимларни ишдан олган эди. Вазир ёки унинг “зам”лари дакки эшитиш билан чекланган. Бу сафар вазият жиддий чоғи қамоққа олишни собиқ қишлоқ хўжалиги вазиридан бошлашди.
Бугун, 19 декабрь тонгидан Тошкентда яширин тадбиркорлик субъектларининг ноқонуний фаолиятларига ёрдам берган солиқ идоралари мансабдор шахслари ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар QALAMPIR.UZ га етиб келди.
Унга кўра, Солиқ қўмитасининг Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги бошқармасининг ҚҚС тўловчиларини махсус рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи ҳамда қўмитанинг Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти директори ўринбосари қўлга олинган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси камерал солиқ текширувлар шўбаси бошлиғи ҳам ушлангани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда мансаб сохтакорлиги моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва ушбу шахслар гумонланувчи тариқасида ҳибсхонага жойлаштирилган.
Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги бош мутахассиси ҳам фирибгарлик ҳамда пора беришда гумонланиб ҳибсга олингани айтилмоқда.
Нафақат Тошкентдаги солиқчилар балки Фарғона вилояти Солиқ бошқармаси ҚҚС маъмуриятчилиги бўлими бошлиғи ҳам қўлга олингани ҳақида хабарлар бор.
Шунингдек, Фарғона вилояти Солиқ бошқармаси ҚҚС маъмуриятчилиги бўлими давлат солиқ катта инспектори ҳам Жиноят кодексининг солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш ҳамда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилингани, Фарғона шаҳар солиқ инспекцияси сайёр солиқ текширувлари шўбаси бош инспектори пора олишда гумонланиб ҳибсга олингани айтилмоқда.
Қама-қамалар солиқчилар билан тугамайдиганга ўхшайди. Маълумотларга кўра, Бухоро тумани ҳокими Хайрилло Жўраев Қодирович қамоққа олинган. У Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229-4- (ўзбошимчалик билан ер бериш тартибини бузиш) моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланаётгани айтилмоқда.
Хайрилло Жўраев Бухоро тумани ҳокими лавозимига 2020 йилнинг 3 декабрь куни тайинланган ва 3 йил давомида ҳокимлик лавозимини бажарган.
Бухородан кейин ДХХ ходимлари Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаевни қўлга олгани айтилмоқда. Мирзаев лавозимга тўрт ой аввал тайинланганди. Ҳоким маблағларни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Унга нисбатан ҳам қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллангани айтилди.
Шунингдек, Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи 20 млн АҚШ доллари миқдорида пулларни ўзлаштиришда айбланиб, қўлга олингани айтилмоқда. У жиноий гуруҳлар билан тил бириктириб, кредит маблағлари ажратилишида уларга амалий ёрдам кўрсатган дейди QALAMPIR.UZ манбаси.
Манбамиз унга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилганини қўшимча қилмоқда.
Бизда ҳозирча шулар. Яна бир бор такрорлаб айтамиз, юқорида номлари тилга олинганларнинг барчаси гумонланувчи тариқасида қўлга олинган ва айби ҳали исботланмаган. Биздаги маълумотларга кўра, уларнинг барчасига қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган. Амалдорларнинг қўлга олиниши ҳақидаги гапларга ҳозиргача расмий маълумот берилмади. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ'да кузатинг.
LiveБарчаси