“Равшан Золотой” ким, у қидирувдами?
Таҳлил
−
13 Декабрь 2023
18692Ноябрь ойи охиридан буён кунлик хабарларнинг асосийси "қама-қама"лар ҳақида бўлиб қолди. Ўзбекистонда криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида олиб борилаётган тезкор тадбирлар давомида пойтахтнинг ўзида 103 нафар шахс қўлга олинди, 38 та жиноят иши қўзғатилди. Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича бу тадбирлар давом этяпти ва ҳали ҳам қидирувдагилар бор.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вице-президенти ва Бутунжаҳон бокс кенгаши олий кенгаши аъзоси Ғофур Раҳимовнинг жияни, “криминал авторитет” сифатида кўриладиган “Равшан Золотой” номи билан танилган – Равшан Муҳиддиновни қўлга олиш учун катта гуруҳ Туркияга кетгани ҳақидаги гап-сўзлар болалаганди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев бу каби гап сўзларга ойдинлик киритар экан шундай дейди:
“Бу ҳақда хабар йўқ. Қидирилаётганлар орасида Туркияга қочганлар йўқ”, дейди Тошхўжаев.
Хўш, ўзи Равшан Муҳиддинов ким, одамлар нима учун у қидирилаётганини иддао қилди. Энди шунга тўхталсак.
Ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг жияни, Равшан Муҳиддинов 1989 йилда Тошкентда туғилган. У ёшлигидан “Равшан Золотой”, Тилла номини олган.
Унинг тоғаси билан можаролар сабаб уни Ўзбекистонга кира олмагани ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалган.
Муҳиддинов Ғафур Раҳимовга нисбатан тазйиқлар кучайган даврда оғир жиноятларда айбланган ва мамлакатни тарк этган. ОАВда эълон қилинган маълумотларга кўра, 2007 йил 18 ёшда бўлган Равшан Муҳиддинов Жиноят Кодексининг 242-моддаси (Уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга бевосита раҳбарлик қилиш)да айбланиб, қидирувга берилган. У асосан Туркиянинг Истанбул ва Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳарларида истиқомат қилган. 2009 йил сентябрда Интерпол орқали қидирувга берилган Равшан Муҳиддинов Туркиянинг Истанбул шаҳрида Отатурк аэропортида ҳибсга олинган. Шунингдек, ҳибсга олинганидан сўнг 3 йил давомида Истанбулдаги Молтепа қамоқхонасида сақланган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.
Қўшимча маълумотларга кўра, 2013 йил октябрда Бирлашган Араб Амирликларида такроран ҳибсга олинган “Равшан Золотой” 2013 йил декабрига қадар Дубайдаги Ал-Авир қамоқхонасида ушлаб турилган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.
Ўша вақтда ОАВга интервью берган Равшан Муҳиддиновнинг отаси Баҳодир Муҳиддинов ўғлига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини орадан 12 йил ўтиб қайта кўриб чиқишни сўраб, Президент Шавкат Мирзиёев номига мактуб йўллаганини айтган.
“Президент Шавкат Миромоновичнинг олиб бораётган сиёсатларини, кўпчилик ноқонуний қидирувга берилганларнинг қайтиб келаётганини кўриб, Президентимиз номларига бир илтимоснома ёзган эдик. Унда тергов ишлари қайтадан, одилона кўриб чиқилишини илтимос қилдик”, деган Муҳиддиновнинг отаси.
Орадан икки ой ўтиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси терговчилари у билан боғланиб, ўғлига нисбатан эълон қилинган қидирув олиб ташлангани ва 12 йил муқаддам қўзғатилган тергов иши қайтадан кўриб чиқилаётганини маълум қилганини айтган. “Равшан Золотой”нинг отасига кўра¸ бўлиб ўтган жанжалнинг бошқа иштирокчилари ҳам ўғлининг жанжалга аралашмагани ҳақида кўрсатма берган.
2019 йилнинг 11 июлида “Равшан Золотой” Ўзбекистонга қайтади. Унинг Тошкентга қайтиши арафасида Ички ишлар вазирлиги сайтининг қидирувдаги шахслар рўйхатидан Муҳиддиновнинг исм шарифи олиб ташланган.
2019 йил 11 июль куни Ўзбекистонга қайтгани айтилган Равшан Муҳиддинов орадан бир неча кун ўтиб, аниқроғи 24 июль куни яна мамлакатни тарк этгани айтилди. Ҳозиргача у ҳақда бошқа ҳеч қандай маълумотлар очиқланмаган. “Долзарб 40 кунлик” тезкор қидирув тадбирлари давомида ўзини “кўча болалари” сифатида тутган бир нечта шахс қўлга олиниб, “Равшан Золотой” ҳам қидирувда экани ҳақида гаплар пайдо бўлди.
Хўш ҳозир Равшан Муҳиддинов қидирувдами?
QALAMPIR.UZ нинг ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбаларига кўра, бугунги кунда “Равшан Золотой” номи билан танилган Равшан Муҳиддинов қидирувда эмас. Унга қўйилган айблов 2019 йилда ечилган ва ҳозирги кунда Ўзбекистонга келишига ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Муҳиддинов ижтимоий тармоқларда у қадар фаол эмас. У онда-сонда Instagram саҳифасида сторислар жойлаб туради. Facebook'да эса бироз фаол. Facebook'даги маълумотларга кўра, Муҳиддинов Жаҳон Ногиронлар Хайрия Жамғармаси вице-президенти. Ҳозирги вақтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида истиқомат қилади.
Шунингдек, “Равшан Золотой” ижтимоий тармоқларда у қидирувда экани ҳақидаги хабарлар Тошкент шаҳар ИИББ томонидан рад этилганига шундай муносабат берган:
“Менинг тарихий Ватаним, Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳеч қандай қоидабузарлик ёки тушунмовчилик йўқлигини тасдиқловчи қисқа расмий жавоб! Самимий ташвиш қилганларга раҳмат”, деган Муҳиддинов.
Facebook'да эълон қилган видео ва расмларидан у спортни яхши кўришини билиш қийин эмас. Доимий равишда спортчиларимизни қўллаб-қувватлаб уларга омадлар тилаган ва ютуқларини ўзининг саҳифасида улашганини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, “Равшан Золотой” кўпчилик унинг нима иш қилишига қизиқиши ҳақида ёзаркан шундай деган:
“Ишлаётганларга шароит яратиб бераман. Лекин, мен бу ерга узоқ ва машаққатли йўлдан келдим. Ҳақ Таолонинг менга берган мансаби жуда катта меҳнат ва энг машаққатли ишим. Негаки, ҳар куни турли тоифадаги одамларни – олийжаноб ва сотқинларни учратиб қоламан, улар ҳар куни менинг йўлимдан боришга, номимни туҳмат билан ва ҳар томонлама ҳақорат қилишга уринмоқдалар. Бугунги куним учун, дастурхоним, ноним учун, Кўнглим тинч, ҳеч кимга тегмай, бировникини тортиб олмасдан шу кунга етганимни биламан. Мен бу дунёда ҳамма ўз чўққиларига бир хил йўл билан, ҳеч кимга зарар етказмасдан эришишини истардим”, деб жавоб берган.
LiveБарчаси