ИИБдан чиққан ўлик. Қотил ким?
3-саҳифа
−
07 Декабрь 2023
14070Жорий йилнинг июнь ойида Тошкент вилояти Бўка тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга жалб этилган фуқаро вафот этгани ёдингизда бўлса керак. Унинг ўлимидан сўнг воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олиниб, туман ИИБ бошлиғи Бобоханов ва бошқа масъул шахслар лавозимидан озод этилган эди. 1 декабрь куни терговда фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлган ИИБ ходимларига суд ҳукми ўқилди.
Ўзбекистонда ички ишлардан ўлик чиқиши биринчи марта эмас. Тергов ҳибсхоналаридаги қийноқлар давлат раҳбари даражасида кўп танқид қилинади. Жамоатчилик бонг уради. Лекин Бўка воқеаси охиргиси бўлгани йўқ. Андижон ва Қашқадарёдаги қийноқнинг изи, чиққан ўликнинг гўри ҳали совумасдан Бўка ва Чилонзор, яқинда эса Чирчиқ шаҳар ИИБда ўзини осгани, аммо баданида жароҳатлари борлиги айтилган 22 ёшли боланинг ўлиги чиққанини ҳам эшитдик.
Бўка ҳолатида кимни неча йилга қамалганини айтишдан аввал, воқеа тафсилотларига тўхталсак.
Гап шундаки, шу йилнинг 4 июнь куни Ички ишлар вазирлиги навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида фуқаро бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган. Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро ҳимоячиси иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеога тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.
Гумонланувчи соат 19:00 да Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган.
Маълум қилинишича, шу куни соат 23:30 ларда гумонланувчининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, кўрсатилган муолажаларга қарамасдан у вафот этган.
Суд ҳукмида ёзилишича, ИИБ ходими Субанов ўзининг хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, мансабидан фойдаланиб, жиноий шериги Жанбиев (ИИБ ходими) билан биргаликда, тезкор вакил Ғаниевга фуқаро Салимбаевни туман ИИБ маъмурий биносига олиб бориши ва бирор-бир исботланган асос бўлмасада уни ушлаб туриши ва ундан иқрорлик кўрсатмасини олишни айтади.
Ходим Салимбаевни Бўка туман ИИБ маъмурий биносига олиб бориб, ИИБга олиб келинган фуқаролар сўров хонасида аудио – видеога қайд этилган ҳолда тезкор-суриштирув ишларини олиб бориши шарт эканлигини била туриб, фуқаро Салимбаевни 2023 йил 11 май куни соат тахминан 20:30 ларда Бўка туман ИИБ маъмурий биносига киришдаги мавжуд “Ички ишлар идорасига ушлаб келтирилганларни ҳисобга олиш” рўйхатидан ўтказмай, тўғридан тўғри ИИБга олиб кирган.
Ходимлар Ғаниев ва Жанбиев Салимбаевдан ўғрилик жиноятига шерик сифатида иқрорлик кўрсатувини олиш мақсадида, фуқаронинг қўлларига тақилган кишанларини ечмаган ҳолда, ҳаёт ва соғлик учун хавфли бўлган зўрликни қўллаш таҳдиди билан, унинг танасини турли жойларига қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, қийнаш, азоб бериш йўли билан унга нисбатан қонунга хилоф равишда руҳий ва жисмоний босим ўтказиб, қийноққа солишлари оқибатида, Салимбаев 2023 йилнинг 4 июнь куни соат 00-10ларда туман ИИБ ЖҚБ биносида, етказилган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этиб, одам ўлишига сабаб бўлишган.
Ўрта Чирчиқ тумани судида ушбу ҳолат кўриб чиқилди судланувчиларга суд ҳукми ўқилди. Ҳукмда келтирилишича, фуқаронинг ўлимида 4 нафар ходим айбдор деб топилган. Улар Бўка тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи бўлган 37 ёшли Ж.С., бўлимнинг тезкор вакиллари – 38 ёшли Д.Ж. ҳамда 31 ёшли Ш.Ғ., шунингдек, Бўка тумани ИИБ профилактика инспектори 31 ёшли С. Т.
Бўка тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи бўлган 37 ёшли Ж.С. Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди, 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 2-қисми “а,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
38 ёшли Д.Ж. Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
31 ёшли Ш.Ғ. Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бўка тумани ИИБ профилактика инспектори С. Т. Жиноят кодексининг 235-моддаси 2-қисми “а,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Уларнинг барчаси 3 йил муддатга Ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
LiveБарчаси