Тошкентни “қўлга олганлар” қўлга олинди
3-саҳифа
−
04 Декабрь 2023
15903Бир неча кундан буён Ўзбекистондаги барча Оммавий ахборот воситалари “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратиллаев, “Саидазиз медгородок”, “Бузрук”, “Завхоз”, “Зики эски шаҳар” каби ўзини "кўча болалари" сифатида намоён қилишга уринган йигитлар қамоққа олингани ҳақида Ички ишлар органларидаги манбаларига таяниб хабар бераётган эди. Орадан бир неча кун ўтиб расмий идоралар юқорида номлари келтирилган фуқаролар қўлга олинганини тасдиқлади.
Дастлаб, Тошкент шаҳрида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётгани ҳақида хабар берган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, биринчи бўлиб, “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев қўлга олингани ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Саидалиевга Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур иш доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари доирасида бир қатор жиноий ҳолатлар аниқланган.
“Тошкент шаҳрида “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидагламович Саидалиев спорт билан шуғулланган, жисмонан бақувват бўлган бир нечта шахсларни ўз атрофига жалб қилиб, бир нечта жиноятларни содир этган. Хусусан, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларни муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидандир" дейилади ИИББ хабарида.
Шунингдек, ИИББ фуқаролардан Саидазиз Саидалиев ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлса, ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилишлари ва уларнинг шахси сир сақланишини қўшимча қилган.
ИИББ “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев қўлга олинганини ҳам расман тасдиқлаб, унга ва бошқаларга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Бахтиёр Қудратуллаевга нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Қолаверса, мазкур жиноят иши доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида жиноий фаолият олиб борган бир нечта шахслар гумонланиб ушланган.
Жумладан:
1971 йилда туғилган Бахтиёр Зафарович Қудратуллаев ЖКнинг (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик; 276-модда 2-қисми, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш);
1980 йилда туғилган Дилшод Тулкинович Шарипов (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик);
1972 йилда туғилган Анвар Бабаражабович Мирзаханов (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик).
“Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган. Жиноят иши доирасида гумон қилинувчи Б.З.Қудратуллаев, А.Б.Мирзаханов, Д.Т.Шариповлар процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.
Ҳозиргача бир нечта ОАВда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйида қўлга олинганини ёзмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ буни расман очиқламаган бўлса ҳам, QALAMPIR.UZ манбаси бу маълумотни тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 декабрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган махсус операцияда "Салимбойвачча" номи билан танилган Салим Абдувалиев қўлга олинган. Айни вақтда Абдувалиевга нисбатан терговолди суриштирув жараёнлари давом этмоқда. Унинг саломатлиги борасида ижтимоий тармоқларда тарқалган хавотирли гаплар эса ўринсиз.
Шаҳарни “кўча болалари”дан тозалаш нафақат Тошкентда балки, Фарғонада ҳам бошланган.
Фарғона вилоятида ҳам криминоген вазият устидан катта тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Охирги 10 кунда жиноят содир этгани учун қидирилаётган 37 киши топилган, 22 киши безорилик устида ушланган, 248 кишининг уйида тинтув ўтказилган. Бу ҳақда Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қўлга олинганлар орасида ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов ҳам бор. Маълумотларга кўра, спортчи Қўқон шаҳрида икки нафар шахсларга тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Воқеа ортидан спортчи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ушланган.
“Жорий йилнинг 27 ноябрь куни эса, спортнинг жанговар тури билан шуғулланган Ҳ.Тўхтамуродов гуруҳбозликка интилиб, атрофига турли хил тезкор вазиятга салбий таъсир қилувчи шахсларни йиғиб, Қўқон шаҳрида икки нафар шахсга тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган вақтда, тезкор ходимлар томонидан ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди”, дейилади ИИБ хабарида.
Қайд этилишича, вилоятда “Зарбдор 40 кунлик” доирасида Фарғона вилоятида тезкор вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Олинган тезкор маълумотлар асосида криминоген муҳитда мавқега эга бўлган 248 нафар шахсларнинг яшаш ва бошқа манзилларида комплекс тезкор қидирув тадбирлари ўтказилган.
Шунингдек, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликларини аниқлаш бўйича 106 марта фаол тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, 66 та жиноят аниқланган.
Мазкур тадбирлар давомида:
⁃ 4 кг 749 грамм гиёҳвандлик воситалари;
⁃ 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар;
⁃ 45 дона турли хил компьютер, телефон ҳамда диний адабиётлар топилган.
Жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яширинган 37 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. Бундан ташқари, ўтказилган махсус тадбирлар давомида гуруҳбозлик қилган 22 нафар шахслар безорилик устида ушланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.
Фарғона ИИБнинг асослашича, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Олтиариқ туманида гуруҳбозликка интилувчи икки гуруҳ вакиллари А.Рустамов ва Т.Мирзараҳимов ўртасида жанжал келиб чиққан. Ўтказилган тезкор ишлар давомида 15 нафар гуруҳбозлар ва уларнинг издошлари қўлга олиниб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида уюшган гуруҳга раҳбарлик қилиб, фуқароларни товламачилик ва мулкларни бошқа йўллар билан талон-торож қилган А.Мамиров жиноят устида қўлга олиниб, тергов органларига топширилган.
LiveБарчаси