Директорни йўқотиш кимга керак?

Таҳлил

31 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимда қатнашиб  таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитувчилар обрўсини ошириш ҳақида гапираётган бир вақтда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга “милтиқ бўлса отиб ташланг” деб гап қайтарган Сариосиёлик мактаб директори ўласи қилиб калтакланди.

Ижтимоий тармоқларда 28-мактаб директорининг калтаклангани акс этган суратлар тарқалди. Унда аёлнинг аҳволи оғир эканини кўриш мумкин. Орадан вақт ўтиб, директорнинг синглиси Президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, опаси ёлланган ўқитувчиларнинг оила аъзолари томонида аёвсиз калтакланганини маълум қилди.

“Ҳурматли Шавкат Мирзиёев, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари илтимос сизлардан бизга ёрдам беринг. Бугун 28-мактаб директори ёлланган ўқитувчиларнинг оила аъзолари томонидан дўппосланди. ИИБ ходимлари ҳам, тез ёрдам ҳам жуда кечикиб келди. Биринчи ёрдамни биз ўзимиз беришга мажбур бўлдик. Тиббиёт муассасасига зўрға етиб келдик. Илтимос бизга ёрдам беринг, буларга қарши чора кўришингизни сўрайман”, дейилган мурожаатда.

QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат юзасидан батафсил маълумот олиш мақсадида директорнинг синглиси билан боғланди.

Жабрланувчининг синглиси Гулрухсор Турсунованинг маълум қилишича, аёлни ўзи раҳбарлик қилаётган мактабда ишловчи ўқитувчи аёлнинг турмуш ўртоғи дўппослаган.

“Опамни ўзи ишлайдиган мактаб ўқитувчисининг эри урган. Ўша аёл турмуш ўртоғини олиб келиб, опамни калтаклатган. Сабабини билмайман, лекин эркак киши аёлни бу даражада урмаслиги кераклигини биламан холос. Аёл кишини уриш у ёқда турсин, унга баланд овозда гапириш ҳам мумкин эмас. Ҳар ҳолда Президентимиз шундай қонун қабул қилган”, дейди у.

Директорнинг оила аъзолари унинг аҳволи оғир экани ва у ўзига келмаганини айтган бир вақтда Сурхондарё вилоят прокуратураси “тилга кириб”, юқоридаги воқеа юзасидан расмий баёнотини эълон қилди.

Прокуратуранинг билдиришича, директор томонидан мактаб ўқитувчисининг дарс соатларини асоссиз равишда камайтирилганлиги сабабли, ўқитувчининг турмуш ўртоғи директорни уриб, тан жароҳати етказган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган. Шунингдек, гумон қилинувчи шахс процессуал тартибда ушланган.

“Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган”, дейилади баёнотда.

Прокуратуранинг берган маълумотида “аёлга енгил тан жароҳати етказилган” деб ёзилган, қолаверса, жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилгани айтилганди.

Бу баёнот ортидан тармоқлар яна жонланди. Фаоллар прокуратуранинг “аёлга енгил тан жароҳати етказилган” деган жумласи ва жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганини танқид қила бошлади.

Бу баёнот ортидан QALAMPIR.UZ билан боғланган мактаб директорининг синглиси прокуратура ёлғон ахборот тарқатганини айтди.

“Шу ерда ички ишлар, соғлиқни сақлаш ходимлари бор. Ҳаммасини ўзлари кўзлари билан кўришди. “Енгил жароҳат етказган” деб ёзишган. [Опамнинг] шу аҳволи енгил жароҳатга тўғри келадими? Дарров ёпиш бошланди. Булардан ўлиб қутилиш керак тамом. Аёл кишини олиб кетади, қамайди. То сиз хабардор бўлиб, ижтимоий тармоқларда чиқиб Ўзбекистонга жар солмагунингизча ҳал бўлмайди. Индамасангиз ўлдириб юборса. Биз нима қилайлик. Ким буларни тартибга солади?”, дейди директорнинг синглиси Гулрухсор Турсунова.

Турли танқидлар ортидан Сурхондарё вилоят прокуратураси баёнотига ўзгартириш киритди. “Енгил жароҳат етказган” деб ёзилган жумла “уриб, тан жароҳати етказилган”га, жиноят кодексининг 109-моддаси – қасддан баданга енгил шикаст етказиш, қасддан баданга шикаст етказишга ўзгартирилган.

Баёнотдаги жумлаларнинг ўзгаришига кўз ҳам юмарсиз, лекин бутун бошли жиноят кодексдаги модданинг номини ўзгартириш мумкинми деган савол бизни қийнаяпти. Томоша қилаётганлар орасида адвокатлар, юристлар бўлса бу борадаги билимларингиз билан бўлишинг, изоҳларда фаол бўлинг.

Юқорида айтганимиздек жамоатчилик фаоллари ҳолатга ўз муносабатини билдирмоқда. Тармоқлар байрам куни бир аёлнинг калтакланишини муҳокама қиляпти. X (собиқ Twitter) фойдаланувчиларидан бири шундай ёзади: 

“Аввало бунда ҳокимиятнинг қўли йўқ, деб умид қиламан-у, лекин ҳоким билан бўлган тортишувдан кейин содир бўлгани, шубҳаларни пайдо қилади. Агар шундай бўлса, улар нақадар ожиз аҳмоқ ва ёввойи экканликларини намойиш этган бўлади”. 

Бир кузатувчи эса “Назоратимга олдим. Вазир. Муҳр. Имзо”, деб киноя ҳам қилган.

Яна бир фаол “Жуда ачинарли хабар, ҳар бир оқимга қарши гапириб қўйган одам билан бўлиши мумкин бу”, деб твит қолдирган. Инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов воқеадан ажабланмаганини айтмоқда. 

“Бу воқеадан умуман ажабланганим йўқ. Ундан ҳам хунукроқ бўлиши мумкин эди. Бу ҳолатда воқеалар бошидан нотўғри бўлган. Ҳокимнинг жазоланмаслиги, директорнинг ҳимояга олинмагани вазиятни шу томонга кетишига сабаб бўлди. Бундан кейин ҳам аёлнинг ҳаёти хавф остида. Мен ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бирор айб топиб аёлни узоқроқ муддатга қамаб юбориши мумкин деб қўрққандим. Бу иш бошқача йўл билан қилинди. Ўқитувчининг ҳимояси шунчаки тилдаги гап экани аён бўлиб қолди”, дейди Ташанов. 

Бу орада вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов воқеа ҳақида эшитгач, дарров жабрланувчининг ҳолидан хабар олиш учун шифохонага борган.
Ҳокимлик матбуот хизматининг ёзишича, Қосимов бошчилигидаги бутун раҳбарият директор билан юз берган вазиятдан чуқур афсусда.

Сариосиё туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари берган ташхисларига кўра, аёлга “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона тепа энса соҳаси кўплаб эзилиб йиртилган жароҳатлари, иккала кўз юқори ва пастки қовоқларга қонталашиш” диагнози қўйилган. Қайд этилишича, аёлга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиали мутахассислари томонидан консультация қилиниб, зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. 

Мактаб директорининг аҳволини билиш мақсадида синглиси Гулрухсор Турсунова билан боғландик. Унинг айтишича опаси кеча 31 август куни ўзига келган ва сув сўраган. Бир икки қултум сув ичганича ҳали кўзини очмаган. 

“Ҳозирги аҳволи яхши. Кеча “сув” деб айтди бўлди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов хабар олгани келди ва ҳолатни назоратга олишини айтганди. Ундан ташқари Сариосиё тумани ҳокими Абдуқодир Донаев ҳам хабар олди. Бугун ҳам шу ерда. Бугун эрталабдан алоҳида катта тез тиббий ёрдам машинаси ажратишди ва 2 та шифокор назоратида вилоят тез ёрдам травматология бўлимига олиб келдик. Ҳозир опам шифокорлар назоратидан ўтяпти”, дейди директорнинг синглиси.

Вилоят ҳокими аёлга шикаст етказган айбдорнинг қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилишини ҳамда унинг тўлақонли даволанишини ўз назоратига олганини билдирган.

Эҳее шу вақтгача қанча ишлар бўлмади ва қанчаси назоратга олинмади дейсиз. Бир воқеа содир бўлса ҳамма чиқиб баёнот беради, “иш бизнинг назоратимизда” деб қўяди. Орадан бир ҳафта ўтиб, ҳаммаси ўз ҳолига қайтади. Яна “эски тос, эски ҳаммом”.

Майли нима бўлганда ҳам адолат қарор топиши керак. Бу аёл билан боғлиқ нафақат бугунги балки аввалги ҳолатлар юзасидан ҳам текширув ўтказилиши ва натижа жамоатчиликка очиқланиши зарур. Директорни оғир аҳволга солган эркак жазо олиши ва август ойининг бошида ҳоким билан содир бўлган ҳолат юзасидан ҳам текширув ўтказилиши, Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мактаб директорини ишдан бўшатгани ва мактабда текширув бошлатганини юқори турувчи органлар ўрганиши, ҳокимнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг