АҚШ Россияни мажбурламоқчи
Олам
−
07 Август 2023
25272Америка Қўшма Штатлари Россияга 2008 йилда имзоланган сулҳ битими бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун босим ўтказади. Бу ҳақда Россиянинг Грузияга бостириб киришининг 15 йиллиги муносабати билан АҚШ Давлат департаменти томонидан берилган баёнот сўз борган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен баёнот бериб, Грузия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирди.
“15 йил аввал Россия суверен Грузия давлатига бостириб кирди ва унинг ҳудудидан 20 фоизини босиб олди. Қўшма Штатлар Грузиянинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келади. Россиянинг хатти-ҳаракатлари ушбу можародан жабрланган одамларнинг ҳаётини абадий ўзгартирди”, дейди Блинкен.
У Россия истилоси даврида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
“Россиянинг ишғол давридаги ҳаракатлари, жумладан, Кремлнинг шафқатсиз дезинформацион кампаниялари ва аҳолининг оммавий кўчишлари ҳали ҳам чексиз азоб-уқубатларга олиб келмоқда. Украинадаги каби Грузия халқи ҳам Россиянинг халқаро ҳуқуқни менсимаслиги ва қўшнилари устидан ҳукмронлик қилишга интилиши оқибатларидан азият чекмоқда”, дейди Давлат котиби.
Қўшма Штатлар Россияни 2008 йилдаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув бўйича ҳали бажарилмаган мажбуриятларини бажаришга мажбурлаш ниятида. Бу қўшинларни можаро бошланишидан олдин мавжуд бўлган позицияларга олиб чиқиш ва гуманитар ёрдам етказиб бериш учун тўсиқсиз киришни таъминлашдир.
Блинкеннинг қайд этишича, Россия ҳам Грузиянинг Абхазия ва Жанубий Осетия деб аталмиш ҳудудлари мустақиллигини тан олишдан бош тортиши керак.
“Ушбу ҳаракатлар юз минглаб ички кўчирилганлар ўз уйларига хавфсиз қайтишлари ва муносиб яшашлари учун зарур”, дейилади баёнотда.
Давлат котиби Америка Қўшма Штатлари Грузия халқининг Евро-Атлантика интеграцияси, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш ҳамда можарони тинч йўл билан ҳал қилишга интилишида сўзсиз қўллаб-қувватлашини билдирди.
Маълумот учун, 2008 йил бошида Россия-Грузия муносабатларида жиддий ёмонлашув кузатилди. Грузия-осетин можароси ҳудудидаги вазият июл ойининг охири – август ойининг бошида кескинлаша бошлади. 7 августдан 8 августга ўтар кечаси Грузия Жанубий Осетия пойтахтини ўққа тутиб, исёнкор минтақа устидан назорат ўрнатишни бошлаганида, олдинги кескинликларнинг чўққисига айланган кенг кўламли қуролли тўқнашув бошланди. 8 август куни тушдан кейин Россия президенти можаро зонасига қўшинлар киритилиши бошланганини эълон қилди (айрим бўлинмалар аввалроқ кирган бўлса).
Бир неча кун ичида рус қўшинлари Жанубий Осетия қуролли тузилмалари билан биргаликда Грузия қўшинларини Жанубий Осетиядан қувиб чиқардилар.
Уруш муҳим геосиёсий, иқтисодий ва бошқа оқибатларга олиб келди. Шундай қилиб, 26 август куни Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни мустақил давлат сифатида расман тан олди. 2 сентябрь куни Грузия Россия билан дипломатик алоқаларини узди. Грузиянинг НАТОга кириш жараёни секинлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь