Мирзиёев яна Умрада
Жамият
−
20 Июль 2023
8717Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 18 июль куни Саудия Арабистонига “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Умра амалини бажарди.
Дастлаб бу хақда Тошкент шаҳар "Абдулҳамид ҳожи" жоме масжиди имом хатиби Жамолиддин Азимов ўзининг Telegram-каналида хабар берди. У саҳифасига “каъбапўш”нинг янгиланаётгани акс этган видеони жойлаштириб, унинг остига қуйидаги изоҳни ёзган.
“Дарҳақиқат кеча эсдан чиқмас тарихий кеча бўлди... Ютрбошимиз Муфтий ҳазрат ва бир неча ёрдамчилар билан Умра амалини бажардилар. Ўз юртинг подшоҳи Каъбани тавоф қилётганини кўриш ва ортидан юриш, чинакам инсон қалбига сурур завқ бағишлар экан”, деб ёзган Жамолиддин Азимов
Президент Администрацияси ушбу маълумотни тасдиқлаб, давлат раҳбари лавозимига сайланганидан кейин илк хорижий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлиб тургани ва муқаддас Макка шаҳрига борганини маьлум қилди.
Қайд этилишича, 19 июль - Ислом оламида бошланган ҳижрий 1445 йил муҳаррам ойининг биринчи кунида давлат раҳбари эҳромга кириб, Умра амалларини бажарган. Яна бир бор Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиш шарафига муяссар бўлган.
“Шавкат Мирзиёев динимиз арконларига мувофиқ Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилди. Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, барча юртдошларимиз, ёш авлодимиз бахту иқболи ва ёрқин келажагини тилаб дуолар қилинди.
Таъкидлаш жоизки, айнан шу куни Каъбанинг кисвасини алмаштириш маросими бўлиб ўтди”, дейилади Президент матбуот хизмати берган хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёевга Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназаров, Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ва куёвлари – Ойбек Турсунов ҳамда Отабек Умаров ҳамроҳлик қилган.
Шунингдек, “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун Саудия Арабистонига борган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам Умра зиёратини амалга ошириб, Каъбага киришга муваффақ бўлди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса Мадинага бориб, Масжид ан-Набавийни зиёрат қилди.
Давлат раҳбари 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.
Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Шайх Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Кувайт Давлати Амири ўринбосари, Валиаҳди шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ, Ўмон Султонлиги Бош вазири ўринбосари Асад бин Ториқ ал-Саид, Баҳрайн Подшоҳининг махсус вакили Шайх Носир бин Ҳамад Ал Халифа ҳамда Кенгаш бош котиби Жасим Муҳаммад ал-Будайвий ҳам қатнашди.
Саммитда кун тартибига мувофиқ, конструктив сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган.
Президент Мирзиёев ўз нутқида Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ эканини, яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва анъаналар, муқаддас Ислом дини уларнинг асосини ташкил этишини алоҳида таъкидлаган.
Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда буюк мутафаккир ва аллома боболарнинг беқиёс хизматлари борлиги қайд этилган.
“Мусулмон дунёсидаги олтита буюк муҳаддиснинг икки нафари минтақамизда туғилиб камол топгани, қадимий Бухоро эса “Қуббатул Ислом” номи билан шуҳрат қозонганидан ғурурланамиз. Маълумки, тўққизинчи аср бошида Аббосийлар давлатининг пойтахтидаги “Донишмандлар уйи” академияси Марказий Осиёлик 200 дан ортиқ алломалар илмий фаолият олиб борганлар. Мусо Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино каби улуғ алломаларимиз эса бебаҳо илмий асарларини айнан гўзал ва мукаммал араб тилида яратиб, бутун дунёда шон-шуҳрат қозонганлар”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Ҳозирги вазиятга баҳо берар экан, мамлакат раҳбари бугунги хавф-хатарларга қарамай, иккала минтақа ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келаётганини билдирган. Айни пайтда Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари бир-бирларига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қараётганини урғулаган.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилган.
Ушбу ижобий тажрибадан келиб чиқиб, минтақалар ўртасидаги амалий ҳамкорликни бир қатор йўналишларда кенгайтириш таклиф этилган.
Давлат раҳбари инновациялар, “сунъий” интеллект, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, “ақлли қишлоқ хўжалиги”, нано- ва биотехнологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик платформалари ва ишчи механизмларини яратиш зарурлигини қайд этган. Бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини таъсис этиш ва унинг дастлабки йиғилишини Самарқандда ўтказиш ташаббуси илгари сурган.
Бундан ташқари, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш соҳасида, шунингдек, бундай таҳдидларнинг интернет ва воситалар орқали тарқалишидан ёшларни ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини айтган.
Ўзбекистон Президенти Афғонистонда тинчликка эришиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтган.
“Бизнинг минтақаларимиз ташаббускор бўлиб, катта-катта минбарлардан Афғонистон муаммоларига бутун дунё эътиборини жалб этишимиз, афғон халқининг ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак”, деган Ўзбекистон раҳбари.
Саммит иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Мирзиёев саммит доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ўтказди.
Валиаҳд Ўзбекистон раҳбарини бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Саудия Арабистони раҳбариятига Ўзбекистон фуқаролари Ҳаж ва Умра амалларини адо этишларига яратилган шароитлар учун самимий миннатдорлик билдирган.
Музокараларда Ўзбекистон-Саудия муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган. Учрашувда халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташрифи якунланди, давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.
LiveБарчаси