Зўрланган қизлар, ўзини ўлдираётган аёллар ёхуд қаерга қараб кетяпмиз? – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Биздаги одамлар ҳеч ерда топилмайди. Ўз дарди, ташвиши қолиб, бошқалар муаммоси билан шуғулланишни яхши кўради. Ўз боласига тарбия керак бўла туриб, бошқаларнинг боласи тарбиясидан норози бўлади. Ўз ҳаёти остин-устун бўлса ҳам қўни-қўшниси ва атрофидагилар ҳаётини элакдан ўтказишдан тап тортмайди. Айниқса, бирор оила ажрашиб, бирор кор-хол бўлса борми? Кўринг, томошани. Қозилар ҳам, адвокатлар ҳам тайёр. Олдинлари бир оилага дарз кетганини эшитганимизда туғишган опам "ҳамманинг ҳар деганига ишонаверманглар, куёв норкаман экан ёки келин юраркан, деб гап чиқариш одат бўлиб қолган, бошидан нима ўтганини тўрт девори билади", деб айтарди. Бугун тўрт деворни унутдик. Оиланинг сири қолмади. Ҳамма гап кўчада, ҳамма интрига ўша тўрт девор ичида. Бировнинг оиласига аралашишни, ғийбат, деди-дедиларни шунчалик яхши кўрамизки, баъзан бор ишимизни ҳам йиғиштириб қўйиб, шулар билан оворамиз. Албатта, насиҳат қилишимга ҳали анча бор, лекин бугун бир пиёзни бошини олмаганлар, ҳали оила кўрмаганлар ёки турмушга чиқиб, оила нималигини билмай, эр-хотин муносабатлари ҳақида гапираётган психологларимиздан кўра ўзимни анча ҳақли деб биламан бу мавзуда гапиришга. Оила ва оилалардан ташкил топган жамиятимиздаги ўзгаришлар, ҳафта давомида содир бўлган воқеа ҳодисалар бирга таҳлил қиламиз. 

Сергели фожиаси ва ғийбат

Хабарингиз бор, тугаётган ҳафта аввалида Сергели туманида 27 ёшли аёл 3 фарзанди билан ўзини кўп қаватли уйнинг 9-қаватидан ташлади. Аёл аввал икки боласини пастига улоқтирган, кейин кенжа фарзанди, қизи билан ўзи ҳам сакраган. Ҳодисанинг барча иштирокчилари воқеа жойида вафот этган. Ижтимоий тармоқларда эса ушбу ҳолатдан ларза келди. Айтганимдек, қози ҳам, адвокатлар ҳам шу ердан чиқди. Ким аёл йиллар давомида эзилиб келганини, оилавий муносабатларда муаммоларга дуч келганини айтса, яна ким дарров эрнинг Умрага кетганини, кетганда ҳам яна бошқа хотини билан кетгани ҳақидаги гапларни сиздирди. Ана ундан кейин кўринг томошани. Эрнинг қайси пулига Умрага борганини сўроққа олганлар ҳам топилди. Эй, одамлар, қачон дўппини бир четга қўйиб тин оламиз, қачон бошқаларнинг оиласини, яна жиноий иш очилганлар ҳолатларни факт ва бошқаларсиз, терговга ҳалал берган ҳолатда элакдан ўтказамиз? Биз қачон бундай жамиятга айланиб қолдик? Ва бу билан нимани тарғиб қиляпмиз? Аёллар ҳуқуқларини сўзсиз қабул этамиз, лекин бу ҳуқуқ ҳар қайси аёл ўзи ва болаларини ўлдирганда йўққа чиқади. Шахсан мен учун шундай. Боя айтганимдек бу оила, эр-хотин ўртасида нималар ўтганини тўрт девор билади. Эскилар билиб айтган: эр-хотин ўртасига эсини еган тушади. 

Бош прокуратура ҳам шу фикрда. Прокуратура оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фаолларига ушбу ҳолат ортидан тасдиқланмаган маълумотлар, шунингдек, марҳума ва унинг яқинларига оид шахсий ахборотларни эълон қилмаслик бўйича огоҳлантириш билан чиқди. Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда шахсга доир маълумотларни тарқатиш ва терговга аралашиш қонун билан тақиқланишини эслатилди. 

Олинган маълумотларга кўра, марҳума аёл Тошкент вилояти Зангиота туманида турмуш ўртоғи билан истиқомат қилган хонадонда 2022 йил октябрь ойида ёнғин содир бўлган. Шу сабабли аёл 3 нафар фарзанди билан онасининг Сергели 8-мавзесидаги уйига келиб, шу ерда истиқомат қилган ҳамда ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-(қасддан одам ўлдириш) ва 103-(ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Хоразмлик педофиллар иши судда қайта кўрилади

Ўтган ҳафта охирида номи ҳам, донғи ҳам чиққан Хоразмдаги педофил амалдорларнинг қишмишлари жорий ҳафта диққат марказида турди. Билсангиз ҳам бир оғиз эслатиб ўтаман. Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Юлдуз Худойберганова 10 ой давомида васийлигидаги қизларнинг уч нафарини турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Мижозлар орасида эса вилоят Адлия бошқармаси бошлиги Ойбек Машарипов ва Янгиариқ туманида Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов ҳам бўлган. Уларнинг иши жамоатчиликнинг кўзидан йироқ, яширин ва ёпиқ тарзда кўрилиб, мудира 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жинсий зўравонларга эса 1,5 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. 

Бу ҳолат жамоатчилик орасида шов-шувларга сабаб бўлгач, кўплаб ташкилотлар раҳбарлари тилга кириб, баёнотлар беришни бошлади. Бошқа тарафдан эса аслида бундан уларнинг хабари бўлган деган аниқлиги юқори тахминлар ҳам йўқ эмас. 

Шу ҳафта Машарипов ва Қурязов иши аппеляция инстанция судида янгитдан кўриб чиқиладиган бўлди. 6 апрель куни Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримининг Машарипов ва Қурязовга оид қисмини бекор қилди. Ушбу ишни янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юбориш тўғрисидаги Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажрими билан Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести қаноатлантирилиб, ушбу жиноят ишини янгитдан аппелляция инстанция судида кўриш учун юборилиши белгиланган.

Хўш, энг аввалида суд нега Машарипов ва Қурязовга бундай енгил жазо тайинланди? Олий суддагилар бунга нима дейди? QALAMPIR.UZ Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовга микрофон тутди. 

Президентнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйининг жинсий зўравонликка учраган 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчиларининг хавфсизлиги таъминланган. 

Хоразмдан 16 яшар қизни 11 киши зўрлади

Хоразмдан узоқлашмаймиз. Вилоятнинг Янгиариқ туманида 2006 йилда туғилган, вояга етмаган қиз 11 эркак томонидан зўрланди. Гарчи ҳолат ўтган йилнинг август ойида рўй берган бўлсада, шу ҳафтага келиб иси чиқди. Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича тергов давомида 8 нафар шахс гумонланувчи, 3 нафар шахс айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ушбу ҳолат билан боғлиқ жиноят иши юзасидан аввалдан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

3 нафар айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, жиноят иши доирасида бир қатор мураккаб экспертизалар ўтказиш жараёни кетмоқда ва ҳолатга алоқадор шахслар батафсил сўроқ қилинмоқда.  

Барча зарур тергов ҳаракатлари ўтказилганидан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келинади. Тергов жараёни Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Айтилишича, зўравонларнинг уч нафари ҳибсга олинишида Болалар омбудсмани Алия Юнусованинг хизмати катта. Ушбу ҳолат бўйича август ойидан бери бонг урилаётгани, зўрланган қизнинг холаси ташкилотларга мурожаат қилганига қарамай, масала ёпди-ёпди қилиб келинган. Юнусова ушбу воқеадан хабар топгани замон Хоразмга йўл олган ва уч айбланувчининг ҳибсга олинишига эришган. 

Ўгай ота 13 яшар қизини зўрлади

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 13 ёшли оилавий болалар уйи тарбияланувчиси уни асраб олган 51 яшар эркак томонидан зўрланди. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, қиз ҳомиладор бўлиб қолган ва унинг боласини мажбуран туширтиришган.

Ҳозирда эркак Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми ва 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Келтирилишича, унинг бу жиноят ишини кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида 7 апрель куни бошланди.

Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилиши айтилди. 

19 яшар келин ўзини осди

Жорий йилнинг 3 март куни Самарқандда 2004 йилда туғилган аёл ўзини осиб қўйди. Мартдаги воқеа ҳақида оғиз очмай ўтиришни апрелгача уддасидан чиқишди ва жорий ҳафтада бу ҳолатнинг ҳам сирлиги қолмади. 

Ургут тумани “Терсак” маҳалласида яшовчи 19 ёшли келин шу маҳаллада жойлашган ота-онасининг хонадонида номаълум сабабларга кўра ўз жонига қасд қилиб, арқон ёрдамида ўзини осган. Оқибатда у воқеа жойида вафот этган.

Марҳуманинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида шу куни суд тиббиёт экспертизаси тайинланган. Экспертиза хулосасида унинг ўлими осилишда бўйин аъзоларини сиртмоқ билан қисилиши оқибатидаги механик асфиксиядан келиб чиққани кўрсатилган.

Келиннинг ўлими ортидан унинг фотосурати Telegram тармоғидаги беҳаё каналга чиқариб юборилгани сабабли, у ўзини ўзи осиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижасига кўра жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳакида қарор қабул қилинган. 

Қарор Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, бекор қилинди ва қўшимча текшириш ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказиш хакида кўрсатма берилди. 

Фарҳод Манноповнинг ўлиги чиққан клиникада хатолар аниқланди

Шу йилнинг 5 март куни вафот этган “Mittivine” тахаллуси билан танилган 27 ёшли блогер Фарҳод Маннопов ўлими юзасидан Соғликни сақлаш вазирининг 2023 йил 7 мартдаги 43-сонли буйруғи асосида “Star Med Center” клиникасида ўтказилган текширув натижалари маълум бўлди. 

Текшириш жараёнида бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ягона Низомнинг 27-иловасида белгилаб берилган бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилган.

Хусусан, Фарҳод Маннопов операция қилинган “Star Med Center” клиникасида беморга анестизиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокорда ва пластик жарроҳда малакавий тоифа бўлмаган. Клиника эса бундай шароитда унинг беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйган.

Бундан ташқари, бош ва бурун соҳасидан жиддий жароҳат олган блогерга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлари шифокорининг ўзлари фаолият юритаётган тиббий ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи амалдаги ҳужжатлар текширувда тақдим этилмаган.

Шу билан бирга, лаборант шифокорнинг белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификати текширувга тақдим этилмаган. Шу боис уларга малакавий тоифа бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилгани лицензия талабларини бузиш ҳисобланади.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Чилонзор тумани прокуратураси томонидан олиб борилаётган дастлабки суриштирув ишлари давомида “Star Med Center” клиникасида 2013 йилда яна бир шахс жарроҳлик амалиёти вақтида вафот этгани ҳақида кўрсатма олинган.

Бироқ тергов давомида ушбу важ ўз тасдиғини топмаган ва шу сабабли сабабли жиноят иши Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “а” бандидан 116-моддаси 3-қисмига қайта малакаланган.

Шунингдек, тергов ишлари давомида жарроҳлик амалиётини ўтказган клиника шифокорлари, анестезиолог ҳамда марҳумнинг танишлари, шунингдек, жами 15 нафар шахс гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. Шу билан бирга, жиноят иши бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тайинланган хизмат текшируви хулосаси олиниб, жиноят иши ҳужжатларига қўшилган.

Ҳозирда эса жиноят иши доирасида мураккаб экспертизаларни ўтказиш жараёни кетаётгани айтилди. 

Айиқ ваҳшийларча йўқ қилинди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги қишлоқлардан бирида айиқ юргани акс этган видео тарқалди. Унда қашқадарёликлар айиқни Nexia русумли машинада қувлагани акс этган. 

Шу куни айиқ аҳоли яшаш жойида пайдо бўлди ва мактаблардан бирига бориб, деразаларга урилди. Дераза синиши оқибатида қон излари пайдо бўлган. Айиқ мактабга келиши оқибатида бирор-бир ўқувчи ёки педагог ходимларга тажовуз қилмаган. Ҳеч қандай жароҳат кўриш ҳолати мавжуд эмас.

Инсон шу қадар ваҳшийки, нафақат одамларга, ҳайвонларга ҳам кун бермайди. Қизил китобга киритилган ушбу қўнғир айиқ Чироқчида отиб ўлдирилди. Яна бунга Ички ишлар ходими бошчилик қилди. 

5 апрель куни соат 23:00 ларда айиқ Қумдарёга яқин жойдаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олган. Бироздан сўнг бу ерда маҳаллий аҳоли тўпланган. Маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаган. 

Айиқ жарликдан тепага чиқишга уринган пайтда Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи Бешимқулов овчига айиққа ўқ узишга кўрсатма берган. Оқибатда айиқнинг жони узилган. 

Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари ҳодиса жойига етиб борганида айиқ нобуд бўлган эди.

Айтилишича, мазкур ҳолат ўрганилиши давом этмоқда. Масъулиятсизликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида қўнғир айиқнинг ўлимига сабаб бўлган масъулларга нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилади.

Эколог уз берган маълумотларга кўра, отиб ўлдирилган айиқнинг жасади Қарши шаҳрида печда куйдирилган. Асосий далил йўқ қилинган. Далилий ашё йўқ.

Фуқаро бўғзига писка тортди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида фуқаро Мажбурий ижро бюросида ўз жонига қасд қилди. Бу воқеа ҳам 24 март куни содир бўлган, аммо апрелга келиб хабар қилинди. 

Туманнинг Чўмич маҳалласи Мажнунтол кўчасида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро Мажбурий ижро бюроси биносига келиб, писка бўлаги билан бўйин қисмини кесиб, ўзига тан жароҳати етказган. Оқибатда олган тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

МИБнинг туман давлат ижрочиси Мўминовга кўра, қарздор фуқарога нисбатан алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд бўлган. Унинг алимент тўловлари 18 миллион сўмдан ошиқроқ эди. Қарздор фуқаро МИБ хизмат хонасига чақирилиб, ундан қарздорлигини тўлаши талаб қилинганида у норозилик билдириб, тўламаслигини айтган. Шундан сўнг у ўзи билан олиб келган писка билан бўйин қисмига жароҳат етказган ва хонадан чиқиб, коридорга ётиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан давлат ижрочиси Ж.Мўминовнинг ҳаракатлари бўйича МИБ вилоят бошқармасида хизмат текшируви тайинланган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Порахўрларга оғирроқ жазо тайинланяпти

Энди порахўрларга 20 йилга қамалиши мумкин. Олий Мажлис Сенати жорий ҳафта ўтказилган 39-ялпи мажлисида Жиноят кодексидаги коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллади. Унга кўра, пора олганлик (210-модда), пора берганлик (211-модда) ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик (212-модда) учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда) ҳамда Ҳокимият ҳаракатсизлиги (208-модда) жиноятлари ғаразли ниятларда содир этилган бўлса, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш назарда тутилмоқда.

Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими Коррупцияга оид жиноятлар атамаси билан тўлдирилмоқда. 16 та моддада назарда тутилган, шунингдек, коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларга нисбатан содир этилган жиноятлар коррупциявий жиноятлар сифатида қаралади. 

Шунингдек, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги, коррупцияга оид оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш қўлланилмаслиги белгиланмоқда.

Қонун Президент томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.

Буйруқни берган ректор, ҳайдалган проректор

Қўқон Давлат педагогика институти ётоқхонасининг талаба қизлар яшайдиган хонага яширин видеокамера ўрнатилди. Апрель ойи бошида ўрнатилган камерани ётоқхонада яшайдиган қизлар пайқаб қолди ва шу заҳоти Ички ишларга хабар берди. 

Камера ўрнатилгани фош бўлиши ортидан педагогика институти ректорати мужмал муносабат билдирди. Унга кўра, камера ўрнатиш институт ректорининг буйруғи бўлган.

“Бундан кўзланган мақсад талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш, уларнинг руҳий ҳолатларини барқарорлаштириш ҳамда ўқиш жараёнидаги стресс ҳолатларини олдини олиш бўйича махсус хона ташкил этиш бўлган”, дейилади ректорат муносабатида.

Камера қўйишни ректор буюрган бўлсада ректор қолиб, проректор ва 3 ходим лавозимидан озод этилди. Яна бир кишига интизомий жазо чораси қўлланилган.

Айни вақтда, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширув ишлари давом эттирилмоқда.

Фермерларнинг рўзасини очирмоқчи бўлган ҳокимбува

Тугаётган ҳафтада Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев рўзадор фермерларнинг оғзини мажбуран очтиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Жорий йилнинг 31 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев қишлоқ хўжалигидаги муаммолар ҳақида ғазаб билан нутқ сўзлаган.

“Сенлар рўза тутволиб, сипо бўлиб юрасанлар. Ишни ким қилади?”, дея рўзадорларни сув ичишга мажбур қилган ҳоким.

Ҳокимнинг ушбу хатти-ҳаракатлари интернет фойдаланувчилари томонидан кескин танқидларга сабаб бўлди. Бунинг ортидан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Бош прокуратурага мурожаат қилди.

Унда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 31-моддаси ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддаси эслатиб ўтилган.

“Мамлакатимизда Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган сиёсий жараёнлар пайтида Косон тумани ҳокимининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг кенг эътирозларига сабаб бўлмоқда”, дейилади мурожаат хатида.

Шунингдек, юқоридагиларни инобатга олиб ҳокимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан прокурор назорати ҳужжатини қўллаш масаласи кўриб чиқилишида амалий ёрдам бериш сўралган.

Ал-Ақсода мусулмонларга ҳужум қилинди

Жорий ҳафтада Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида Исроил хавфсизлик кучлари билан тўқнашувда ўнлаб фаластинликлар яраланди..

4 апрель куни кечқурун Исроил кучлари масжиднинг намозхонасига бостириб кириб, у ердаги фаластинликларга шовқинли гранаталар, заҳарли газ, резина ўқлар ва бошқа қуроллар билан ҳужум қилган. Масжидга бостириб кирган Исроил хавфсизлик кучлари дубинка ва милтиқ дасталаридан ҳам фойдаланган.

Маълумотларга кўра, Исроил Ал-Ақсода уюштирган рейд натижасида 200 дан ортиқ фаластинликни қўлга олган. Улар Исроилнинг Қуддусдаги Анатадаги ҳарбий базасига ўтказилган.

Фаластин матбуотининг қайд этишича, рейддан сўнг Ғарбий Соҳилнинг бир қатор шаҳарларида намойишлар бошланган. Фаластин Бош вазири Муҳаммад Штайе айтганидек, Ал-Ақсо масжидида содир бўлаётган воқеалар намозхонларга қарши катта жиноятдир.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 6 апрель куни Қуддусдаги вазият бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказди. Унда айтилишича, мусулмонлар муқаддас Рамазон ойини нишонлаётган, яҳудийлар эса Фисиҳ байрамини бошлашга тайёргарлик кўраётган бир пайтда Ал-Ақсо масжидида юз берган ҳунрезлик бутун дунёда зиддиятли вазиятнинг янада кескинлашиб кетишидан хавотир уйғотди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркия, АҚШ, Канада ва бошқа бир қанча давлат ва идоралар Исроил кучларининг Ал-Ақсо масжидига бостириб киргани, шовқинли гранаталар отгани ва фаластинлик намозхонларга ҳужум қилганидан ҳайрат ва хавотир билдирган.

Тугаётган ҳафтада Ғазодаги фаластинлик жангчилар Исроил ҳужумига ракета билан жавоб қайтарган, Исроил самолётлари эса қамал остидаги анклавларга ҳужум қилган. Шунингдек, Ливандан ҳам Исроилга ракета учирилган, Тель-Авив бунга ҳам жавоб қайтарган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш юқоридаги воқеалардан ларзага келганини, Исроил хавфсизлик кучларининг Ал-Ақсо масжидида одамларни калтаклагани тасвирларини кўриб ҳайрат ва даҳшатдан донг қотганини  айтган. Гутерриш яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган кунларда зўравонликни тўхтатиб, тинчликни сақлашга чақирган.  

Америка Қўшма Штатлари ҳам мазкур вазиятдан жуда хавотирда эканини билдиб, исроилликлар ва фаластинликларни вазминликка чақирган.

“Биз зўравонлик давом этаётганидан ўта хавотирдамиз ва барча томонларни унинг янада авж олишидан қочишга чақирамиз. Исроилликлар ҳам, фаластинликлар ҳам бу кескинликни пасайтириш ва хотиржамликни тиклаш учун биргаликда ҳаракат қилишлари зарур”, деган Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса Исроил полициясининг рейдини қоралаб, масжид биносидаги бундай хатти-ҳаракатларни Туркия учун “қизил чизиқ” деб атаган.

“Ватаним ва халқим номидан мусулмонларнинг биринчи қибласига қилинган нопок ҳаракатларни қоралайман ва ҳужумларни имкон қадар тезроқ тўхтатишга чақираман. Бунинг номи репрессия сиёсати, қон сиёсати, провокация сиёсати. Туркия бу ҳужумлар қаршисида ҳеч қачон жим ва ҳаракатсиз туролмайди. Масжид-и Ақсога қўл кўтариш ва унинг муқаддаслигини оёқости қилиш биз учун қизил чизиқдир”, деган Эрдўған. 

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ҳам Брюсселдаги НАТО йиғилиши чоғида Исроил билан меъёрлаштириш бошлангани, аммо бу ҳужумлар чегарадан ошиб кетганини айтган. 

Араб Лигаси эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидан Исроилнинг Ал-Ақсо масжидидаги жиноятларини тўхтатиш учун вазиятга аралашишни сўраган. 5 апрель куни Қоҳирада ўтказилган фавқулодда йиғилишдан сўнг эълон қилинган баёнотда Араб Лигаси Исроил ҳужумларини қоралаган.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо ҳам Исроил ҳукуматининг оловли риторикасини танқид қилган ва уни фаластинликларга муносабатини ўзгартиришга чақирган.

Шунингдек, Иордания, Миср, Германия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой ҳам Исроил ҳаракатларини қоралаб, томонларни вазминликка чақирган.

Эрдўған Мирзиёевга автомобиль юборяпти

Туркиянинг илк миллий автомобили – TOGG электромобили жорий ҳафтада сотувга чиқди. Мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Togg'нинг дастлабки Т10Х моделини қабул қилиб олар экан, ушбу электомобилнинг ишлаб чиқарилишини Туркиянинг иқтисодий ва технологик тараққиёти ҳамда глобал обрўсининг ўсиши разми эканини айтган. Президент рафиқаси билан Анқарадаги саройида автомобилда сайрга чиқди ва журналистлар билан мулоқот қилди. 

Автомобиль Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга юборилгани, тез орада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам топширилишини маълум қилди.

Бу гаплар айтилганининг эртасигаёқ Алиевга автомобиль етказиб берилди. 8 апрель ҳолатига кўра, ҳали ушбу автомобиль Шавкат Мирзиёевга топширилгани ҳақида хабарлар эълон қилинмади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг