Калтакни ўқитувчи ейди, ҳолвани ҳокимми?
Жамият
−
17 Март 2023
16076Наврўз кунларида ўқитувчилар байрам қилиб боласини айлантиришга ҳаққи йўқми? Нега улар кўргазмаларни машинага ортиб, ҳокимият белгилаб берган жойда нарсаларини ёйиб, иссиқда жим ўтиришга маҳкум? Бу қатъий саволни Республика таълим маркази директори ўринбосари Исроилжон Тиллабоев ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. У Наврўз байрамида ўқитувчилар кўргазмалар билан сарсон қилинишига қарши эканини билдирган. Тиллабоев постини “Бошқаларга байрам, мактабларга эса ортиқча ташвиш(ми?!)” деб бошлаган.
“Ҳар Наврўз ва Мустақиллик байрамида туман ҳокимиятлари талаби билан тумандаги жамики мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари ёйма бозордек ўз мактаб ёки боғчалари кўргазмаларини ёйиб, “намойиш” қилиш анъанаси бор.
Энсам қотади, нега керак бу нарсалар, савдо кўргазмаси бўлаётгани йўқ-ку, байрам бўляпти-ку, ўзбек халқининг энг катта байрами Мустақиллик ва Наврўз!
Бу кунда ўқитувчилар байрам қилиб, боласини айлантиришга ҳаққи йўқми? Нега улар бир дунё кўч-кўрони билан машинага ортиб, ҳокимият белгилаб берган жойга нарсаларини олиб келиб, ёйиб, кечгача иссиқда жим ўтиришга маҳкум?!” деган Исроилжон Тиллабоев.
Республика таълим маркази директори ўринбосари 6 март куни Сенат ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонунни маъқуллаганини эслаб, байрамларда ўқитувчиларни кўргазмада ўтириши ҳам мажбурий меҳнат эканини қўшимча қилган.
“Бу мажбурий меҳнатни бутунлай тўхтатиш вақти аллақачон келган! Ўқитувчи байрамда барча қатори байрам қилсин, айлансин, яйрасин, болалари билан сайлга чиқсин! Кўргазма таши, ёйиб кечгача ўтир, давоматидан ўт, байрам тугагач, яна юкла, обор мактабга, ҳаммасига бир дунё чиқим қил... Етар?!
Вазирлик масъулларидан ҳар эҳтимол сўрадим, “бунга вазирлик топшириқ берадими, байрамда бундай қатнашиши мажбурми”, деб, йўқ, ҳеч қачон вазирлик томонидан бундай буйруқ берилмас экан. Демак, булар яна одатдагидек туман ҳокимлигининг мажбурий меҳнати!”, дейди Республика таълим маркази директори ўринбосари.
Шунингдек, у ўқитувчиларга юзланаркан шундай дейди:
“Ҳурматли устозлар, балки ҳозир ҳам қайсидир туманда бу постни “байрам”да кўргазма ёйволиб ўқиб ўтиргандирсиз: ўқиган заҳотингиз юклаб қайтворинг!
Балки эрта-индин кўргазма олиб чиқиш мажбуриятини олгандирсиз: ҳеч қаёққа ҳеч нима олиб чиқмайман, денг!
Балки аллақачон байрам ўтиб бўлгандир, кўргазма ташкил қилиб бўлгандирсиз: келаси байрамларда олиб чиқманг!
Устозлар ҳам байрам қилишга ҳаққи бор, улар бундай кераксиз дабдабабозликда қийналишига мажбур эмас, улар ортида шахсан Президент турибди!
Бу постни максимал тарқатинглар, айниқса, туман ҳокимлари ўқишса яхши бўлар эди!”
Пост Telegram’даги ўқитувчилар гуруҳларида муҳокама бўлар экан, Республика таълим маркази директори ўринбосарининг фикрига қўшиладиганлар кўп эканини кўриш қийин эмас. Кимдир бу кўргазмага ўз пулидан харажат қилганини айтса, яна кимдир Ўзбекистонда Қонунлар ишламаслигини ёзади.
“1 ҳафтадан бери адирда ташландиқ жойни ўзлаштириб юрибди устозлар”.
Ўқитувчиларнинг бири постга жавоб ёзаркан, ҳашар учун бир кунлик иш ҳақиларини ўтказиб берганларини айтади.
“Директор мажлис килиб эртага бўладиган шанбаликка хам, бир оғиз “бир кунлик пулимизни ўтказайлик, чунки бошқалар ҳашарни тушунмайди, ўзимиз ўтказсак савоб бўлади”, деб айтса, 90 фоиз ўқитувчи бир кунлик иш ҳақини ўтказади!”
Бир ўқитувчи “Эртага паркка келинглар, ёйма билан чиқяпмиз”, деса бошқа бири “Қани эди шуни [постни] масъуллардан кимдир ўқиса”, деб ёзади.
Гуруҳда ўқитувчиларга юкламалар масаласи қизғин муҳокама бўларкан улардан бири шундай дейди:
“Гапларнинг ҳаммаси ҳақиқат. Биз 70 км узоққа бориб, 70 км ортга қайтишимиз керак. Буларнинг бари иқтисод билан боғлиқ. Байрамга деб 200 000 сўмдан аванс ташлаб беришди”.
Муҳокамага қўшилган кутубхоначилар китобларни ташиши ва маош масаласига ҳам тўхталмай қолишмади.
“Кутубхоначилар ҳақидаям гапирилар. Мактаб дарсликларини ташийди. Камини мактабларда юриб излайди. Рағбатлантириш йўқ. Институтда контракт тўлаб ўқиб, бир ярим миллион маошга ишлаш ачинарли”.
Ўқитувчилардан бири Ўзбекистонда қонунлар, қарорлар ишламаслигини айтиб, мажбурий меҳнатга жалб этилгани учун “мансабдорлар жаримага тортилади” деган гаплар фақат қоғозларда эканини айтади.
“Ўзбекистонда қонун ҳам, қарор ҳам, бало ҳам, баттар ҳам ишламайди. Фақат кўзбўямачилик. Мажбурий меҳнатга жарима фақат қоғозда”.
Улардан бири ўқитувчиларнинг андишасини қўрқоқлик деб баҳолашларини хам қўшимча қилди.
“Ўқитувчи халқи, олий маълумотли андишали халқ, шунинг учун хар доим “хўп бўлади”, деб ишни қилади, лекин юқоридагилар андишани номини қўрқоқ қўйиб ҳалигача ўқитувчига буйруғини ўтказади”.
LiveБарчаси