Уйсиз, кийимсиз ва оч... Зилзиладан омон қолганлар қандай жон сақламоқда? (фоторепортаж)

Олам

image

Туркия жанубини ларзага солган зилзила 20 мингдан ортиқ инсонлар ўлимига сабаб бўлди. Тирик қолганларнинг бугунги аҳволи ҳам ҳавас қиларли ҳолатда эмас. Вайроналар остида қолаётган одамларни тирик қутқариш умиди кун сайин сўниб бормоқда.

Ҳатайнинг қадимий Антакя шаҳрида бинолар, масжид, эски бозор ва протестант черкови, турар-жой бинолари зилзила натижасида вайрон бўлди. Маҳаллий аҳоли қутқарувчиларнинг секин ишлаши ҳалок бўлганлар сонининг ортишига сабаб бўлаётганидан ғазабланди.

“Яхшиямки, аскарлар бир неча соат олдин етиб келишди, лекин қўлларида ҳеч қандай жиҳоз йўқ. Қўллари билан одамларни қазиб олишди”, дейди кўнгилли сифатида қутқарув ишларида қатнашаётган 42 ёшли Қубилай Сейиталилоғлу.

Турли давлатлардан ёрдам юборилишига қарамай, аҳолини зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш долзарблигича қолмоқда. Қишки кийим ёки ўтинни қаердан олиш, уйларга қайтиш хавфсиз ёки йўқлигини текшириш, ёнилғи тугаши билан иситиш учун фойдаланилаётган автомобиллар бакларини қандай тўлдириш, одамларнинг қариндошларини диний қоидаларга асосланиб, дафн этиш каби муаммолар олдинда қилинадиган ишлар ҳали талайгина эканини кўрсатмоқда. Электр тармоғидаги узилишлар сабабли ҳатто шам етишмовчилиги ҳам кузатилмоқда.

Туркия ҳукумати Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) зилзила қурбонларининг яқинлари топилмаса, 24 соат ичида уларни дафн этишга қарор қилган эди.

“Шахси аниқланмаган ёки қариндошлари топилмаган одамларга нисбатан 24 соат кутгандан сўнг DNK тести, бармоқ излари ва фотосуратларни олиш, шундан кейин дафн маросими ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу жараён диний урф-одатларга кўра ўтказилади”, дейилади раҳбарият сайтидаги хабарда.

Вазирлик баёнотига кўра, қабрнинг жойлашган жойи, шунингдек, унда ким дафн этилгани кўрсатилиши керак эди. Шу билан бирга ҳукумат томонидан зилзиладан жабр кўрган оилаларга нафақа сифатида 530 доллар тўланиши ваъда қилинган.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа, Ҳатайдаги AFAD марказида ўтказган йиғилишида халқ мисли кўрилмаган фалокат билан курашаётганини таъкидлади. Шунингдек, у умуминсоний саъй-ҳаракатлар учун барча халқларга самимий миннатдорчилик билдирди.

“Дунёда жуда кам учрайдиган бирлик ва курашни намойиш қилмоқдамиз. Бу оғир вазиятни бирга енгамиз. Қардошлик руҳимизнинг энг инсоний жиҳати бўлган ҳамкорлик бугунги кунлардаги қийинчиликларни бартараф этишнинг калитидир”, дея қўшимча қилди Кожа.

Маълумот берилишича, вайроналарда қолган фуқароларга фавқулодда ёрдам кўрсатиш ортидан жами 20 минг тез ёрдам машинаси ва денгиз транспорти сафарбар этилган. Харобаларда 760 нафар қидирув-қутқарув ходимлари ишламоқда. Дунёнинг 41 нуқтасидан жами 3040 нафар хорижлик ходим К-9 итлари билан қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.

AFAD координациясининг 7 та жойида шаҳарчалар қурилган. Уларда жами 9120 та чодир ўрнатилган. Ҳозирда 10 та тумандаги 73 пунктда иссиқ овқат тарқатилмоқда. Шунга қарамай, мамлакатда бошпана етишмовчилиги, одамларнинг совуқ ҳавода кўчада тунаб қолаётгани кузатилмоқда. Мисол учун, Ҳатай шаҳридаги вайроналар олдида одамлар ўз машиналарида тунамоқда.

Қутқарув жараёнларида шахси номаълум кишиларнинг жуда кўп қисмини 18 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Улардан баъзиларининг фотосуратларини махсус дастурларга юклаш орқали индентификация маълумотларига эришилди.

Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) Туркия ва Суриядаги ҳалокатли зилзиладан жабр кўрган заиф оилаларга ёрдам кўрсатишни бошлаган. БМТ матбуот котибининг маълум қилишича, кейинги уч-тўрт ой ичида ярим миллион жабрланувчининг шошилинч гуманитар эҳтиёжларини қондириш учун 46 миллион доллар керак бўлади.

Табиий офатдан олдин юқори инфляция ва паст иш ҳақи билан ажралиб турган Туркиянинг ички иқтисодий аҳволи ҳам зилзила таъсирида янада ёмонлашди. Мамлакатнинг асосий фонд биржаси индекси 7 фоизга тушиб кетиши билан савдолар тўхтатилди. Таҳлилларга кўра, асосий фонд индекси январь ойининг бошидаги энг юқори кўрсаткичдан 20 фоизга пастлаган. Биржа савдолари қачон тикланиши номаълум.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг