Дунёни йиғлатган Туркия фожиаси ёхуд аламли ҳафта
Таҳлил
−
12 Февраль 2023
13043Ўтган ҳафта хизмат сафари билан Истанбулда эдим. Туркияда даҳшатли зилзила содир бўлиишидан бир кун аввал Тошкентга қайтдим. Қайтдим-у бир томондан соғ-омон Ватанга келиб олганимдан хурсанд бўлсам, бошқа томондан қардош халқнинг бошига тушган кулфатлар юракни эзди. Яна Туркияга, зилзила содир бўлган ҳудудларда бориб, воқеа жойининг ўзидан репортаж тайёрлаш учун йўлга отланмоқчи бўлдиму ўйлаб қолдим: вазият оғир, зилзилалар давом этмоқда, ҳатто ОАВ ҳам вайроналар атрофида қутқарувчиларга ҳалал беряпти, қолаверса, вилоятларга элтадиган йўллар автомобиллар билан тўлган, парвозлар бекор қилинган, аэропортлар ёпиқ, меҳмонхоналарда эса қайсидир жабрланувчининг ўрнини банд қиламиз. Шу боис Тошкентда қолдик. Шу ўйлар билан фаолиятимиз давомидаги энг оғир ва қайғули хабарлар дайжестини тақдим этамиз.
Дунёни ларзага келтирган Туркия фожиаси
Дунёни ларзага келтирган воқеалар талай: Иккинчи жаҳон уруши, 2001 йилдаги АҚШда содир этилган террорчилик акти ва 2020 йилда бошланган пандемия. Жорий йилнинг 6 февраль куни Туркияда содир бўлган зилзила ҳам улар қаторига қўшилди.
Шу куни Туркиянинг Жануби-Шарқий Анадолу минтақасида маҳаллий вақт билан соат 04:17 ва 13:24 та 2 йирик зилзила содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, эпимаркази Қаҳрамонмараш вилояти бўлган зилзилаларнинг биринчиси 7,7 балл, иккинчиси 7,6 баллни ташкил этди. Оқибатда Ғозиантеп ва Қаҳрамонмараш вилоятлари, Ҳатай, Адияман, Ғозиантеп, Диёрбакир, Малатья, Усмония, Элазиғ, Килис, Шонлиурфа, Адана шаҳаларида ҳалокатли ҳодисалар рўй берди. Қурбонлар 20 мингдан ошиб кетди, 90 мингдан ортиқ одам жароҳатланди. Қарийб 6,5 минг бино вайрон бўлди.
Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан, Сурия, Ливан, (тан олинмаган) Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилган. Сурия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 3 мингдан ортиқ киши табиий офат қурбони бўлган.
Туркияда зилзила содир бўлган биринчи куннинг ўзидаёқ мингдан ортиқ қурбонлар берилгани ортидан Президент Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатда 7 кунлик мотам эълон қилди ва 12 февралга қадар мамлакат ичи ва ташқарисидаги барча идорлар ҳамда дипломатик корпусларда турк байроғи ярмига туширилиши бўйича қарорни имзолади. Эрдўғаннинг қарори Брюсселда ҳам акс-садо берди. НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳи олдидаги 30 иттифоқчи давлат байроқлари Туркия ва турк халқи билан бирдамлик учун 8 февраль оқшомига қадар ярмиига туширилди.
Бу орада зилзилага оид бошқа фактлар пйдо бўла бошлади. Гап шундаки, Нидерланд сейсмолог олими Франк Ҳогербитс Туркиянинг жануби-шарқи, унга қўшни Сурия, Иордания ва Ливан билан чегарадош ҳудудларида яқин кунларда 7,5 магнитудалик кучли зилзила бўлишини воқеадан икки кун олдин прогноз қилган. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида ёзиб қолдирган.
Кўплаб туркияликлар, сиёсатчилар мутахассисларнинг Туркия ҳукуматига огоҳлантиришларига бефарқ муносабатда бўлиб, эрта тайёргарлик кўрмаганидан эътироз билдирди. Хўш, бу башоратларга Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ўлган Бекар нима дейди? QALAMPIR.UZ унга микрофон тутди.
“Бунақа спекуляцияларга жавоб беришни ўринли деб ҳисобламайман, чунки ҳеч бир мутахассис зилзила ушбу ҳудудда бўлади деб айта олмайди, бу имконсиз. Туркиянинг барча идоралари ҳозир зилзила талафотларини бартараф қилиш билан шуғулланяпти”, дейди Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ўлган Бекар.
Туркия содир бўлган зилзила ортидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғанга қўнғироқ қилиб, ҳамдардлик билдирди.
Президент топшириғи билан табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида 7 февраль куни Ўзбекистондан Туркияга гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар гуруҳи жўнатилди. Дастлабки гуруҳдан 100 нафар қутқарувчи ўрин олди.
Орадан икки кун ўтиб, 9 февраль куни Ўзбекистон 71 кишидан иборат ҳарбий-тиббий ва қидирув-қутқарув гуруҳини Туркияга йўллади. Шу куни махсус борт 11 нафар Ўзбекистон ва 6 нафар Қирғизистон фуқароларини зилзила содир бўлган ҳудудлардан олиб қайтди.
9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги элчихонасига бориб, қардош халққа яна бир бор ҳамдардлик билдирди. Ўзбекистон барча зарур ёрдамга тайёрлигини айтди. Элчихонада очилган ҳамдардлик китобига тасалли сўзларни ёзиб қолдирди.
Шунингдек, бундай анъана дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам кузатилди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам ўз мамлакатларидаги Туркия элчихонасига бориб, ҳамдардлик китобига қайд қолдирдилар. Тожикистонда эса бу ишни бажариш Бош вазир Қохир Расулзода чекига тушди.
Туркиянинг бошига тушган кулфатга ўзбекистонликлар жим қараб тургани йўқ. Пойтахт Тошкент ва вилоятларда ёрдам марказлари ташкил этилиб, бу ерда 10 ортиқ турдаги маҳсулотлар, кийим-кечаклар йиғила бошлади. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова эса 10 минг АҚШ доллари хайрия қилди.
Туркияда эса зилзила сиёсий вазиятни юмшатиб, сиёсатчиларни бирлаштира олгани йўқ. Мамлакатнинг 10 вилоятида вайрон бўлган бир пайтда мухолифат ва айрим фуқаролар Президент Эрдўғанни ва Ҳукуматни сўроққа тутишни бошлади. 1999 йилда жорий қилинган зилзила солиғи нималарга сарфлагани ҳисоби сўралди. Ижтимоий тармоқ ҳақорат ва туҳматга тўла постлар билан бойиди. Бунинг ортидан мамлакатда Twitter ва TikTok блокланди.
Туркия парламенти – Буюк Миллат Мажлиси Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг эпимаркази Қаҳрамонмарашда бўлган икки вайронали зилзиладан жабр кўрган ўнта вилояти – Қаҳрамонмараш, Адана, Адияман, Диёрбакир, Ғозиантеп, Ҳатай, Килис, Малатья, Усмония ва Шонлиурфаджа фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони лойиҳасини маъқуллади.
Эрдўған зилзила содир бўлган ҳудудларга бирма-бир борди, аҳоли билан суҳбатлашди, чодирларга кирди. Зилзила оқибатларини бартараф этиш учун давлат барча воситалар ва имкониятларни ишга солганига ишонтирди. Зилзиладан жабр кўрган оилаларнинг ҳар бирига давлатдан 10 минг лирадан ёрдам берилишини айтди. Ҳозирги доллар курси билан ҳисобласа бу тақрибан 530 АҚШ долларини ташкил этади.
Шунингдек, табиий офат зонаси аҳолиси, агар чодирларда кун кечиришни хоҳламаса, Анталия, Алания ва Мерсиндаги меҳмонхоналарда қолиши мумкин. Эрдўған 10 вилоятда вайрон бўлган уйлар ўрнига бир йил ичида янгилари қурилишини билдирди. Бу давр ичида аҳолининг бирор уйда яшаб туриши учун бир йиллик ижара пули давлат томонидан тўлаб берилади.
Новосибирскдаги “дом” портлади
Одамлар ўлимига сабаб олиб келган фожиавий воқеалар фақат Туркия билан чеклангани йўқ. 9 февраль куни эрталаб Новосибирскнинг Заельцовск туманидаги Линейная кўчасидаги беш қаватли панелли бинода газ портлаши содир бўлди. Портлаш оқибатида уйга кирувчи иккита подъезд қулаб тушган. Сўнгги маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган. Портлашдан кейин ёнғин бошланган бинодан 50 киши эвакуация қилинган. Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун 358 киши ва 68 техника жалб қилинган.
Тергов қўмитаси Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-қисми ("Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш") билан жиноий иш қўзғатди. Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин иш бўйича терговни назоратга олди. Хавфсизлик хизмати ходимлари ўзларини “Межрегионгаз-сервис” МЧЖ ходимларимиз деб таништирган икки шахсни қўлга олди. Улар бир нечта хонадонлардаги газ плиталарига техник хизмат кўрсатган.
Ўзбекистон Туркиядаги зилзиладан қандай дарс чиқариши керак?
Туркиянинг зилзила содир бўлган деярли барча ҳудудларида ўзим бўлганман. Қаҳрамонмараш, Шонлиурфа, Ғозиантеп, Усмония, Диёрбакир шаҳарларига бориб, бу ердаги биноларнинг ҳайбати, тарихий обидаларнинг виқоридан ҳайратда қайтгандим. Аммо ҳамма нарса кўринганидек бўлмас экан. Бугун Ўзбекистон, унинг юраги пойтахт Тошкент ҳам маҳобатли биноларга тўлиб боряпти. Кўпларининг қурувчилари ҳам айнан турк ширкатлари. Хўш, бугун Туркиянинг бошига тушган кулфатлар кун келиб Ўзбекистонга ҳам соя солмайдими? Туркиядаги зилзила фонида Ўзбекистондаги биноларнинг сифати, зилзилабардошлиги ҳафта ўйловига айланди. Ҳатто, бу масалада Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги алоҳида йиғин ҳам ташкил қилди.
Агар шундай кучли зилзила Ўзбекистонда кузатилса, талафотларнинг олди олинганми? Бунга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов шундай жавоб қилди:
“Туркиядаги зилзила оқибатларини ўрганиш натижасида, туркиялик мутахассислар, Туркия қурилиш вазирлиги мутасаддилари билан гаплашдим. Ҳозир зарар кўрган бинолар категорияларга ажратилмоқда. Биз учун ҳам бу ҳодисадан жуда катта сабоқ, дарс чиқади. Яъни биз бугунгача зилзилаларга бардошли қурилиш материалларини тадбиқ этиш, янги стандартларни киритишга илмий-текшириш методологияси орқали ёндашар эдик. Лекин сўнгги кунларда содир бўлган воқеалардан катта дарс олиш кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда”, дейди вазир ўринбосари.
Туркиянинг унчалик мустаҳкам бўлмаган бинолари ва қурилиш соҳасидаги амалда ўзини оқламаган тажрибаси бугун Ўзбекистонда қўлланилаётган бўлиши мумкинми? Хўш, бунга масъуллар нима дейди:
“Ўзбекистонда бино лойиҳасини турк лойиҳачиси қиладими ёки япон лойиҳачисими, улар лойиҳани тугатгандан кейин биринчи навбатда маҳаллий лойиҳа институти тарафидан аккредитациядан ўтказилади ва Ўзбекистон шароитига мослаштирилади. Шундан сўнг, Қурилиш вазирлиги экспертизасидан ўтказилади. Шунинг учун чет элда бинолар йиқилди, энди биздаги бинолар ҳам йиқиладими, деган хавотирларингиз ўринсиз. У бинолар билан Ўзбекистондаги бинолар ўртасида от билан туячалик фарқ бор”, дейди Одилов.
Намойишлардан боши чиқмаган Париж
Тугаётган ҳафтада Франциянинг боши намойишлардан чиқмади. Ҳафта бошидан буён пойтахт Парижда ва бошқа ҳудудларда йирик намойишлар бўлиб ўтди.
7 февраль куни Франция касаба уюшмалари пенсия ёшини узайтириш режасига қарши умуммиллий иш ташлашнинг учинчи тўлқинини бошлади.
Қайд этилишича, пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга ошириш тўғрисидаги қонун парламент муҳокамасига қўйилган. Намойишлар шундан сўнг авж олган. Темир йўл хизматлари бекор қилинган, мактаблар тўхтатилган ва касаба уюшмалари жамоатчиликни яна кўчага чиқишга чақирган.
Сени-Дени хиёбонида бир гуруҳ ёшлар дўкон ва қаҳвахона ойналарини синдириб ташлади, ахлат қутиларига ўт қўйди. Вазиятни бартараф этиш учун етиб келган полициячилар гуруҳига тартиббузарлар томонидан қаршиликлар ҳам кўрсатилган. Бунга жавобан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўзни ёшлантирувчи газ пуркаган.
“Умумий меҳнат конфедерацияси” касаба уюшмаси маълумотларига кўра, Париждаги намойишда 400 мингдан ортиқ киши қатнашмоқда.
8 февраль куни эса француз фермерлари Европа Иттифоқининг энг йирик қишлоқ хўжалигида фермер хўжаликлари ишлаб чиқаришига таҳдид солаётган пестицид (заракунандаларга қарши қўлланиладиган кимёвий дорилар) чекловлари ва бошқа экологик қоидаларга қарши норозилик билдириш учун Парижга юзлаб тракторларни ҳайдаб кирди.
Қайд этилишича, фермерларнинг мазкур ҳаракатига Европа Иттифоқи судининг ўтган ойдаги қарори сабаб бўлган. Чунки ушбу қарор ортидан қанд лавлаги етиштирувчиларига Европа Иттифоқи томонидан тақиқланган инсектицид (зараркунанда ҳашаротларни йўқотиш учун ишлатиладиган кимёвий модда)дан фойдаланишга рухсат берувчи Франция сиёсати бекор қилинган. Бу эса лавлаги экишнинг янада қисқариши ва шакар заводларининг ёпилишидан хавотир уйғотган.
“Макрон қишлоқ хўжалигини йўқ қилмоқда”, “Фермерингни асра” деган баннерлар осилган тракторлар Париж марказий кўчалари бўйлаб ҳаракатланган.
Шамшетовнинг ўлими ортида қийноқ борми?
2022 йил 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар иштирокчиси, Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Полат Шамшетов жорий йилнинг 4 февраль куни ҳибсда вафот этди.
У Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган эди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, Полат Шамшетов тўсатдан вафот этган.
Таъкидланишича, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган. Кўздан кечириш жараёнларида эса Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошлари ҳам иштирок этган.
Бош прокуратурага кўра, Шамшетов юрак хуружидан вафот этган. Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Полат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан ва 6 йил озодликдан маҳрум қилинган эди. У 2 июль куни "одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилганлик ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлганлик"да айбланган.
Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссиянинг маълум қилишича, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказилган. Шамшетов билан бир камерада сақланган икки маҳбусга кўра, ўлимидан бир кун аввал Шамшетов кўп тамаки чеккани туфайли нафас олиши оғирроқ бўлиб қолган. Ўша куни марҳум кўп безовталанган, тўсатдан уларнинг кўз ўнгида хушини йўқотган.
Шунингдек, комиссиянинг қайд этишича, марҳумга нисбатан руҳий ёки жисмоний қийноқ қўлланилмаган.
Шу ўринда Нукус воқеаларига оид яна бир хабар: тугаётган ҳафтанинг 6 февраль куни Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Уларнинг аксарияти оммавий тартибсизликлар ташкил этиш, уларда фаоил қатнашиш, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг талабига бўйсунмаслик, уларга жароҳат етказиш ва сепаратизм ғоялари билан йўғрилган видеоматериалларни тарқатиш, Д. Тажимуратовни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан ҳимоя қилиб, уларга тан жароҳатлари етказганликда айбланмоқда.
Яна бир блогер ҳибсга олинди
Тугаётган ҳафтада блогер Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, Мўминовга нисбатан Жиноят кодексининг 168- ва 165-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББга фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминов исмли шахснинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, Абдуқодир Мўминов 2021 йилнинг октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаронинг укаси номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали ишончга кириб, ўзининг хизматлари учун жами 10 000 АҚШ долларини сўраб, шундан 3 800 АҚШ долларини олдиндан олган. Лекин у берган ваъдасини бажармай, олган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойида Абдуқодир Мўминов Жиззах вилоятида яна бир фуқаро билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлаганини, ушбу материални ўзининг “Кўзгу” номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтиб, уни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70 000 АҚШ доллари сўраган.
Қайд этилишича, фуқаро ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида Абдуқодир Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудио ёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Абдуқодир Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 165-моддаси (“Товламачилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. А.Муминов процессуал тартибда ушланган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Док-1 Макс” машмашаси давом этмоқда
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори Сардор Кариев ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта жиноий шериклари қамоққа олинди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идоралари эмас, балки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда ўтказилган ўрганиш якунларига кўра, аниқланган жуда кўп миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар ҳамда бюджет маблағларининг сарф қилинишида белгиланган талабларнинг қўпол равишда бузилганлик ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек,
Маълум қилинишича, Кариев ва бошқалар “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропининг ножўя таъсири сабабли “ўткир буйрак этишмовчилиги” ташхиси билан болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида қамоққа олинган.
Дастлабки тергов давомида сифатсиз дори воситаларини Ўзбекистонга импорт қилиб, истеъмолга чиқарилишига рухсат берган масъуллар доирасини аниқлаб, ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришга қаратилган комплекс тергов-тезкор ҳаракатлари ва тегишли экспертизалар ўтказилмоқда.
Иноятов айтган каламушлар ким?
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигидан узоқлашмаймиз. Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ушбу агентлик “Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКга бориб, ҳали суд томонидан тасдиқланмаган айблов хулосаларини ўқиб эшиттирди. У ўтказган йиғилишда агентликнинг кўплаб ходимлари қатнашишдан бош тортган бўлса ҳам QALAMPIR.UZ мухбири ҳозиру нозир бўлди.
Вазир Иноятов ҳам “Док-1 Макс” воқеасида асосий жавобгар орган Дори воситаталари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш маркази эканини таъкидлади.
У марказнинг хато-камчиликларини санаб ўтар экан, унинг штат бирлиги ниҳоятда катта экани, ҳатто бу борада бутун бошли Соғлиқни сақлаш вазирлигини ҳам ортда қолдиришини айтди.
Амрулло Иноятовнинг айтишича, стандартлаштириш маркази мутасаддилари мунтазам равишда Ҳиндистон дориларига қалбакилаштирилган сертификатлар бериб келган, “Док-1 Макс” бўйича ҳужжатларни эса йўқ қилиб юборган.
Мажлисда Иноятов ушбу марказнинг ходимлари томонидан йиллар давомида йўл қўйиб келинган хато ва камчиликларга тўхталиб ўтди.
Улар орасида дориларга бериладиган сертификатларни сохталаштирадиган, пора эвазига ишга киритиб қўядиган, тажриба учун олиб келинадиган кемирувчиларни ҳам ҳужжатда кўп кўрсатиб, аслида кам олиб келадиган ходимлар бор. Бироқ мазкур ходимларнинг айби ҳали тўлиқ тасдиқланмаган.
Иноятов йиғилишда қатнашмаганларни каламушга ўхшатди.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов томонидан ўтказилган мажлиснинг тўлиқ шаклини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Сергелини янги метрода кезган Президент
Маълумки, айни пайтда пойтахт Тошкентда Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитен барпо этилмоқда. Қарийб 12 километрлик бу қисмда 7 та бекат бўлади. Ҳозир унинг Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилди. Президент Шавкат Мирзиёев тугаётган ҳафтада Сенат раиси Танзила Норбоева, унинг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажараётган Бахтиёр Раҳмонов билан метрони бориб кўрди.
Маълум қилинишича, Қурувчилар даҳасидан Қипчоқ бекатигача бўлган қарийб 4 километрлик метро йўли ҳам яқин ойларда ишга туширилади. Шу тариқа, Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.
Шу куннинг ўзида Президент пойтахт ва Сергели фаоллари билан мулоқот қилиб, Тошкентда бош режа бўлмагунча, янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини айтди. У қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилди.
Шунингдек, Мирзиёев жорий йилнинг 1 апрелига қадар пойтахт Тошкентга қўшимча мингта автобус олиб келинишини айтди. 25 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади, йил якунигача 233 та чорраҳадаги светофорларни йўловчи оқимига қараб бошқариш тизими жорий қилинади, 20 та оқим юқори кўчаларда хусусий шериклик асосида жами 10 минг ўринли паркоматлар ташкил этилади, Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар очилиб, тайёр бизнес сифатида аукционга чиқарилади.
Йиғилишда Президент Тошкентда чиқиндиларни қайта ишлаш тизимидан умуман қониқмаётганини билдирди. Шунингдек, тугаётган ҳафтада Президент Жиззах вилоятига ҳам борди.
Россиянинг газ иттифоқи таклифи ё чангали...
Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирликлари ҳамда “Газпром” газ соҳасида уч томонлама ҳамкорлик бўйича музокараларни тезлаштириш ниятида.
9 февраль куни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Болат Ақчулаков музокаралар ўтказган. Унда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни ташкил этиш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг дастлабки техник баҳолари муҳокама қилинган.
Учрашув якунида уч томонлама тадқиқотларнинг навбатдаги босқичини жадаллаштириш ва уларнинг натижаларига кўра қисқа муддатда уч томонлама учрашувни қайта ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.
“Газпром”нинг хабар беришича, учрашув иштирокчилари газ соҳасида уч томонлама ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.
Аввалроқ, Президент Владимир Путин Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонга “уч томонлама газ иттифоқи” тузишни таклиф қилган эди. Жорий йилнинг январь ойида “Газпром” Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирликлари билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича икки томонлама “йўл хариталари”ни имзолаган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбарининг айтишича, йўл харитасида техник шартларни ўрганиш, сўнгра Россия газининг Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали ўтувчи “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали транзити кўзда тутилган. Шу билан бирга, у газ етказиб беришнинг тўғридан-тўғри шартлари ҳалигача келишилмаганини таъкидлади.
Ўзбекистон ОАВ эркинлиги ёмон давлатлар қаторидан ўрин олди
“Чегара билмас мухбирлар” нодавлат ташкилотининг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги индексида 2022 йилги натижаларга кўра, Ўзбекистон 133-ўринни эгаллади.
Қайд этилишича, ушбу рейтингда 179 мамлакатнинг рўйхати келтирилган. Мазкур рейтингда Ўзбекистоннинг матбуот эркинлиги кўрсаткичи 45,74 баллни ташкил этиб, мамлакат сўз эркинлиги даражаси паст бўлган давлатлар сирасига кирган. Бу кўрсаткич ташкилот томонидан ёмон дея баҳоланган ва Ўзбекистоннинг матбуот эркинлигига изоҳ берилган.
“Мамлакатнинг собиқ Президенти Ислом Каримов вафотидан кейин ОАВ учун шароитлар деярли яхшиланмади ва давлат ҳокимиятини танқид қилиш мураккаблигича қолмоқда”, дейилади изоҳда.
Шунингдек, ОАВ эркинлиги кўрсаткичи паст бўлган давлатлар қаторига Хитой, Мьянма, Туркманистон, Эрон, Эритерия кирган бўлса, Норвегия, Дания, Швеция матбуот эркинлик даражаси юқори бўлган мамлакатлар сифатида қайд этилган.
Қўшни давлатлардан Қирғизистон ушбу рейтингда 64,25 балл билан 72-ўринда, Қозоғистон эса 48,28 балл билан 122-ўринда турибди.
Сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият жуда ёмон бўлган Беларусь 39,62 балл билан 153-ўрин, Россия эса 38,82 балл билан 155-ўринни эгаллаган.
Зеленскийнинг Европага кетганда Россия қақшатқич зарба берди
Россиянинг Украинага босқини бошланганига 1 йил тўлиши олдидан Украина Президенти дунё кезди. У бирданига 4 давлатда меҳмон бўлди. Зеленскийнинг биринчи манзили Буюк Британия. У Бош вазири Риши Сунак билан учрашди ва музокаралар ўтказди.
Сунак Британия парламентининг Жамоатчилик палатасида сўзлаган нутқида Британия Украина 2023 йилда Россия кучлари устидан ҳал қилувчи ғалабани қўлга киритишини кутаётганини яширмади.
У Буюк Британия Украина Қуролли Кучлари учувчиларини НАТОга тегишли қирувчи самолётларни бошқаришга ўргатиш ниятида эканини маълум қилди. Ўша куни Буюк Британия Россияга қарши санкциялар рўйхатини 15 бандга кенгайтирди. Бундан 8 нафари жисмоний шахслар бўлса, қолган еттитаси компаниялар ва ана шу 7 танинг олтитаси мудофаа компаниялари.
Зеленскийнинг кейинги манзили Франция бўлди. У Макрон билан учрашди. Франция раҳбари Владимир Зеленскийни Франциянинг олий мукофоти – “Фахрий легион” ордени билан тақдирлади.
Зеленский қўйни-қўнжини тўлдириб, 9 февраль куни Брюсселга етиб келди. Зеленский ва унга ҳамроҳлик қилган Франция Президенти Эммануэль Макронни аэропортда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель кутиб олди.
Зеленскийнинг Брюсселга келиши – Украинага Европа Иттифоқига номзод мақоми берилганидан кейин ташкилот марказига қилинган биринчи ташриф бўлди.
Бельгия Буюк Британия ва Франция сафаридан сўнг Зеленский борган Ғарбий Европадаги учинчи давлат бўлди. Украина раҳбари бу ерда Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитида иштирок этди ҳамда Европарламентда чиқиш қилди ва уруш давомида доимий қўллаб-қувватлагани учун Европарламентга миннатдорлик билдирди. У Европа турмуш тарзига хос бўлган плюрализм, фикрлар хилма-хиллиги, тенглик, эркин намойиш ўтказиш ҳуқуқи ва бузилмайдиган ҳудудий чегаралар каби қадриятларни санаб ўтган. Буларнинг ҳаммаси бирлашиб, одамларда эртанги кунга ишонч ҳосил қилишини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Россия уруш орқали Европа турмуш тарзини йўқ қилишга уринмоқда. Владимир Зеленский Россияни Эрон каби диктатура тузумлари ёрдамида Европа қадриятларига қарши тўлиқ уруш олиб бораётганликда айблаган.
Саммит иштирокчилари Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдамни кенгайтиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларнинг можаро бошланганидан бери Киевга кўрсатган умумий ёрдами 67 миллиард еврони ташкил этиши, шундан қурол-яроғ етказиб бериш 12 миллиард еврога баҳоланиши айтилган.
Шунингдек, Европа Иттифоқи раҳбарлари ярадор украиналик аскарларни кейинчалик фуқаролик ҳаётига қайта интеграциялашуви учун даволаш ва реабилитация қилиш дастурини ишга туширишга ваъда берган.
Зеленскийнинг ташрифи давомида Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларининг ўнинчи пакетини тайёрлаётганини ҳам маълум қилган. Мазкур санкциялар пакети россиялик ҳарбийлар ва журналистларга нисбатан чеклов чоралар ҳамда 10 миллиард евролик экспорт тақиқларини ўз ичига олиши айтилган.
Зеленский Брюсселдан кетгач, Польшага борди ва Президент Анжей Дуда билан учрашди. Улар Европа Иттифоқи саммити натижалари ва бўлажак НАТО саммитини муҳокама қилган.
Президентлар ҳозирги хавфсизлик ҳолатини, Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича келгусида биргаликда амалга ошириладиган зарур саъй-ҳаракатларни муҳокама қилган. Суҳбатда санкциялар мавзуси ҳам кўриб чиқилган. Зеленский Президент Дудага Польшанинг Украинага кўрсатаётган ёрдами, жумладан, миллионлаб украиналик қочқинларга ғамхўрлик қилгани учун миннатдорлик билдирган.
Зеленский Европа бўйлаб сафар қилиб, Евроиттифоқ етакчилари билан Украинага қўшимча қурол-яроғ, жумладан, қирувчи самолётлар етказиш бўйича музокаралар ўтказаётган бир пайтда Россия мамлакатдаги муҳим инфратузилмаларга ракета зарбаларининг янги тўлқинини бошлаб юборди.
Россия Украинага бостириб кирганидан буён энг кучли ҳужумга учраган Запорожье шаҳрига бир соат ичида камида 17 та ракета урилган.
“Укрэнерго”нинг маълум қилишича, Украинанинг шарқий, жанубий ва ғарбий қисмидаги бир нечта энергетика объектларига учувчисиз самолётлар ва ракеталарнинг бир кеча-кундузда қилинган зарбаларидан сўнг электр таъминоти тўхтаб қолган. Масалан, Украина шарқидаги Харьков шаҳрида, ғарбидаги Хмельницкий ва мамлакат марказидаги Днепр вилоятида ҳам инфратузилма жиддий зарар кўрган.
Шунингдек, Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларда камида учта портлаш содир бўлган. Ракета қолдиқлари пойтахтдаги уй, иккита автомобиль ва электр тармоқларига зарар етказган.
Ҳарбий ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Иҳнат эса ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари Украинага учирилган еттита учувчисиз самолётдан бештасини ва олтита Калибер ракетасидан бештасини уриб туширганини айтган. Шунингдек, ҳарбий ҳаво кучлари Харьков ва Запорожье вилоятларида Украина ҳаво мудофааси уриб тушира олмайдиган 35 та S-300 ракеталари учирилганини тасдиқлаган.
Хитойнинг “жосус шар”ини уриб туширган АҚШ
Ўтган ҳафтада АҚШ ҳаво ҳудудида Хитойга тегишли бўлган ҳаво шари аниқланган эди. Жорий ҳафтада эса АҚШ ҳарбийлари шарни уриб туширишга қарор қилди.
Қайд этилишича, “жосус шар” Виржиниядаги Ленгли ҳарбий ҳаво базаси самолётлари томонидан отиб туширилган. АҚШ расмийлари шарни разведка мақсадларида фойдаланилган деб гумон қилган. Хитой эса ҳаво шарининг уриб туширилишига нисбатан норозилигини билдириб, АҚШни ҳаддан ташқари реакция билдирганлик ва халқаро амалиётни жиддий бузганликда айблаган.
Шунингдек, Хитой расмийлари АҚШни Хитой манфаатларига зиён етказувчи бошқа ҳаракатлар қилмасликка, кескинликни кучайтирмасликка чақирган.
“АҚШнинг қилган иши ҳар икки томоннинг саъй-ҳаракатлари ва икки томонлама муносабатларни барқарорлаштириш йўлидаги Бали учрашувидан [Жо Байден ва Си Цзиньпин ўртасида – таҳр.] кейин эришилган муваффақиятга жиддий таъсир кўрсатди ва зарар келтирди”, дейилади Хитой ТИВ баёнотида.
Баёнотга кўра, АҚШ ҳаво шарининг форс-мажор ҳолатлари туфайли Қўшма Штатлар ҳудудига адашиб кириб кетганига ишонмагани ва АҚШ ҳаво ҳудудидан кетиш арафасида турган шарга нисбатан куч ишлатгани учун жавоб беради. Пекин зарур бўлган барча қарши чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Ушбу воқеадан кейин АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, сўнгги бир неча йил ичида Хитойнинг кузатув шарлари камида бешта қитъада кўрилганини ва Вашингтон бу операциялар ҳақида маълумот алмашиш учун иттифоқчилари билан алоқада эканини маълум қилди.
Америка дипломатияси раҳбарининг айтишича, Вашингтонда “жосус шар” лойиҳаси ҳақидаги маълумотлари соат сайин ошиб бормоқда. У яқин кунларда янада батафсил маълумот бера олишини маълум қилган.
Блинкенга кўра, АҚШ беш қитъадаги давлатлар суверенитетини бузган ушбу дастурнинг ягона нишони эмас эди.
Шунингдек, НАТО Бош котиби Столтенберг бу масала минтақавий бўлиб қолмай, глобал хавфсизликликка таъсир қилишини, шунинг учун ҳам Хитой разведкасининг доимий хавфидан хабардор бўлиш ва кейинги ҳимоя шаклларини кучайтириш кераклигини айтган.
Ўзбекистонлик террорчи Молдовада қўлга олинди
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари бошчилигида диний-экстремистик фаолиятга алоқадорлиги учун қидирилаётган жиноятчи Кишинёв шаҳридан Тошкентга етказилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳибсга олинган шахс Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан яшириниб, халқаро экстремистик ташкилотга қўшилган ва у ерда террорчилик ҳаракатларини содир этиш ва тайёрлаш бўйича ўқув машғулотларида иштирок этган. Шунингдек, ташкилот етакчиларидан бирига айланган.
Қайд этилишича, жиноятчини қўлга олиш Тошкент ва Кишинёв Интерпол Миллий Марказий бюроларининг биргаликдаги ҳаракатлари ва тезкор ахборот алмашинуви туфайли амалга оширилган.
Молдованинг ваколатли органлари томонидан экстрадиция масаласи ижобий ҳал этилганидан сўнг, қидирилаётган шахс суд олдида жавоб бериш учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган.
Шифокорларни халқнинг ўзи боқиб олади. Иноятовни-чи?
Сал аввал Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига бориб, танқидий йиғилиш ўтказгани, у ердаги айрим ходимларни каламушга ўхшатганини айтгандик. Тугаётган ҳафтада унинг ўзи ҳам танқидларда бебахра қолмади. Иш бошлаганига кўп бўлмаган вазирнинг Фарғонада ўтказган йиғилиши ва шифокорларни халқнинг ўзи рози қилиши ҳақидаги гаплари катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Ижтимоий тармоқда тарқалган аудиога кўра, вазир Иноятов шифокордан маоши қанчалигини сўраган ва шифокорнинг “5,5 млн”, деган жавобини эшитгач, унга “беморни даволасангиз, ўзи чин дилдан пул беради. Етмайдими?” дея юзланган. Бундан ташқари, вазир ўзи ҳам операция қилишини қистириб ўтган ва шифокор ўзининг брендини яратса, уни халқнинг ўзи боқиб олишини айтган.
Вазирнинг гаплари шунчаки қолиб кетмади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муносабат билдириб, шифокорларни рағбатлантиришда беморлардан пул олиш бу ноқонуний эканини билдирди.
Муносабатда айтилишича, шифокорларни рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида беморлар берган маблағнинг эътироф этилишини қонунчиликка ва мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракатдир.
Ҳафта давомида содир бўлган муҳим воқеалар жуда кўп. Аммо буларнинг ҳеч бири ҳозиргача 20 мингдан ортиқ одамнинг ёстиғи қуритган Туркия фожиасичалик муҳим бўлолмайди. Туркиядаги даҳшатли зилзила ва унинг талафотлари нафақат ҳафтанинг, балки асримиз воқеасига айланди. Бу мусибат чегара танламади. Дунёнинг ҳар бир мамлакати уни ўзиникидек қабул қиляпти. Чунки ҳеч ким бундай офатлардан суғурталанмаган. Бугунгача дунёдаги уруш ва бўҳронларни тинчитишда воситачи бўлишга ҳаракат қилган, миллионлаб қачоқларга эшигини очган Туркиянинг ўзи бугун ёрдамга муҳтож. Тили, дини, миллатидан қатъи назар дарди ҳам дунёни бирлаштирди, Туркиянинг. Хитой, АҚШ, Россия, Қатар, Исроил, Саудия Арабистони, боринг ана, Туркия билан жиққа мушт бўлган Греция ҳам ёрдам жўнатди шу кунларда. Жим турмади. Дунё Туркия учун оҳ уряпти. Яратган ҳар бир мамлакатга, дунёга, жумладан Туркия ҳам тинчлик ва офиятни берсин.
LiveБарчаси