Тошкентда “свет”ни тиклаш учун нима қилиняпти? QALAMPIR.UZ жараённи ўрганди
Жамият
−
17 Январь 2023
11982Пойтахтда аномал совуқ туфайли газ босими пастлаши, уйлардаги “отопление” ҳароратининг тушиб кетиши ортидан асосий юклама электр таъминотига тушди. Оқибатда Тошкент шаҳрининг кўплаб туманларидаги электр тармоқларида носозликлар юзага келиб, ҳалигача таъминотда фавқулодда узилишлар содир бўлмоқда. Шу кунларда биргина пойтахтнинг ўзида 584 та маҳалладан 120 таси электр таъминотисиз қолди. 15 январь куни 542 та паст кучланишли иссиқлик пункти, шунингдек, 87 та трансформатор пункти юклама ортиши натижасида ишдан чиққан.
Юзага келаётган носозликларни олдини олиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали томонидан барча туман электр тармоқлари корхоналарида 24 соат фаолият юритувчи махсус гуруҳлар ташкил этилди. Ходимлар зарур транспорт воситалари, қўшимча электр қурилмалари захиралари билан таъминланган.
Хўш, 24 соатлик фаолият, зарур техникалар ва қўшимча қурилмалар фавқулодда узилишларни бартараф этишда қанчалик ўзини оқлаяпти? QALAMPIR.UZ жойларда ишлар қандай ташкил қилинаётгани бўйича ўрганиш олиб борди.
Ўрганиш Юнусобод туманидаги "Боғиэрам" маҳалласидан бошланди. Манзилга борилганда, 10 га яқин туман электр таъминоти корхонаси ходимлари, 1 та техника ҳамда лаборатория ускуналари билан масъуллар ҳудуддаги муаммо устида ишлаётганди.
“5 кундирки, маҳалламизда чироқ йўқ. Орада ёниб қолса, бир соатдан кўп турмайди. Одамларнинг музлатгичи, иситиш печлари куйиб қоляпти. Бизку бир амаллармиз, болаларимизчи? Улар касал бўлиб қолса, ким жавоб беради?” дейди маҳалла фуқароларидан бири.
Ҳудуддаги муаммо аниқ, унга ечим қандай бўлади? Саволларга манзилда бўлиб турган Юнусобод тумани электр таъминоти корхонасининг катта устаси Музаффар Алимов жавоб берди.
“Маҳаллага мавжуд муаммони бартараф қилиш учун келганмиз. Ҳолат ўрганилди. Ер остидан ўтган тармоқнинг 2 та жойида узилиш бўлган. Авариялар юкламалар ортиши сабаб келиб чиқмоқда. Биз аҳолига электрдан имкон борича тежаб фойдаланиш кераклигини тушунтирдик. Муаммо 2-3 соат атрофида бартараф қилинади, шундан сўнг электр яна қайтади”, дейди Музаффар Алимов.
Муаммо ечими масъулларга ишониб қолдирилгач, иккинчи манзилга, яъни Учтепа тумани "Дийдор" маҳалласи томон борилди.
Мазкур маҳаллада ҳам айни шу муаммо, юкламалар ортиши сабаб ер остидан ўтган тармоқ куйган. Оқибатда маҳаллада 3 кун электрда узоқ муддатли узилишлар бўлган.
“3 кундан бери “свет” йўқ. Ёнса ҳам 2 соатдан кўп турмайди. Мана бугун ҳам 3 соатгина ёнди, холос. Одамлар қийналиб кетди. Бир томондан газ паст, “отопление” музлаб ётибди. Бор умидимиз шу электрдан эди, энди шу ҳам йўқ”, дейди манзилда яшовчилардан бири.
Масъулларнинг айтишича, аҳоли электр токидан меъёрида фойдаланса, бу муаммо қайта бўлмайди.
“Биз аҳоли билан келишиб олдик. Энди ҳар бир хонадон биттадан иситиш печларини ишлатади, лифтдан ҳам вақтинча фойдаланмай туради. Одамлар ҳам бунга рози бўлди. Ҳозирги муаммони эса ярим соатларда ҳал қилиб берамиз”, дейди Учтепа туман электр таъминоти корхонасининг масъул ходими.
Ўрганиш ишлари Олмазор тумани "Чимбой" маҳалласида давом эттирилди.
Таъкидланишича, манзилда 3 кун аввал тармоқлардаги қисқа туташув сабаб трансформаторда ёнғин чиққан. Бугун у янгисига алмаштирилди.
Муаммони бартараф қилиш учун 10 га яқин масъул ходим, 1 та техника, шунингдек, маҳалла фуқаролари биргаликда иш олиб борди. Ерлар ковланиб, трансформатордан биринчи симёғочгача 25 метрли кабель уланди.
QALAMPIR.UZ 3 та ҳудуднинг ечимлари бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот котиби Фахриддин Нуралиев билан боғланганида, у ўрганилган ҳар бир маҳаллада вазият барқарорлашгани, хонадонлар шу куннинг ўзида электр билан таъминлангани ҳақида маълум қилди. Шунингдек, вазият назоратда бўлиши ҳақида ҳам қўшимча қилинди.
Акобир Мисиралиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь