Вазирлар кетиши учун гўдаклар ўлиши керакми? Сўнгги ҳафта дайжести

Таҳлил

Бундан 10 йиллар илгари дадамнинг дорихоналари бўлган. Мактабда ўқиб юрган пайтларим таътилда кўпинча ёнларига борардим. Ўшанда дадам дорихонанинг сотув бўлимига қадам қўйганимни кўрсалар қаттиқ жаҳллари чиқарди. Ходимлар ҳам оқ халат ва бош кийимини канда қилмасди. Дадам уйга келгач, жарнинг оғзида ишлаб келаман, текширув кўп, десалар, ҳайрон бўлардим, дорихонанинг нимасини текширади деб. Ҳозир-чи, дорихоналарда текширувлар борми? Оқ халатни талаб қилишни қўйинга, кўпгина дорихоналарда ҳали вояга етмаган болалар дори сотяпти. Аксарият сотувчиларнинг фармацевтикага умуман алоқаси йўқ. Айниқса, тунги соатларда ишлаётган кўпгина дорихона ходимларида савод анқонинг уруғи. Қўлда ёзилган рецептни ўқий олмайди, шифокорнинг ёзувини таниса хўп-хўп, танимаса қўлига тушган дорини бериб юборади. Тунов куни ўзимда ҳам шундай бўлди. Дорихонага кирдим, сотувчи 14 яшар бола. Сўраган дорим бор-йўқлигини айтмай туриб, менга бошқа дорини тавсия қила кетди. Мана, бизнинг бугунги фармацевтиканинг аҳволи, мана, бизнинг соғлиққни сақлаш тизимининг асл ва кўпчилигимиз учун одатий бўлиб кетган юзи. 

Тиббиёт абгор давлатларда дорифурушнинг ошиғи олчи бўлади

Германияга борганимда аксарият дорилар шифокор рецептисиз сотилмаслиги ва дорихоналар кечки 6 дан кейин ва дам олиш кунлари ишламаслигига гувоҳ бўлгандим. Қанақа давлат ўзи бу? Ахир кечаси кимдир тўсатдан бетоб бўлиб қолиши мумкин ёки фалончихон опанинг қариндоши қўнғироқ қилиб, қўшнисининг аммаси ичган дорини тавсия қилиб қолиши мумкин, деган ўй-хаёл борми ўзи буларда, дегандим. Роса кулгандим немисларнинг устидан. Бугун эса куйиб ўтирибман, куйиб ўтирибмиз. Тиббиёт абгор давлатларда дорифурушнинг ошиғи олчи бўлади, деганлари рост экан. 

“Док-1 Макс” дориси билан боғлиқ вазиятдан кўпчилигингизнинг хабарингиз бор. Аввалига Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар ўлими содир бўлгани ҳақида ахборот бермади, яширди. Сўнг Болалар Омбудсмани Алия Юнусова Самарқандга бориб, “Док-1 Макс” дорисидан 18 нафар бола ўлганини маълум қилди. Одамлар сергак тортди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна дорида заҳарли модда борлиги, сотувчилар тавсияси билан қўлланилгани, шифокор рухсатисиз ичирилгани, хуллас шунга ўхшаш куракда турмайдиган эски услубдаги баёнот билан чиқди. Ортидан вазир Беҳзод Мусаев узр сўради. Мана у нима деган. 

Нима? Меъёрдан ортиқ ичиш оқибатида? Нима болалар дорини литрлаб ичганми? Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ушбу дорини ичиб вафот этган болалардан бирининг вазир Мусаевга ёзган очиқ хати тарқалди. Унда онаизор шўрлик "Агар дори шифокор рецепти билан сотилиши керак бўлса, нега уни очиқ савдога қўйгансизлар?" деган ҳақли саволни ўртага ташлаган. Шунингдек, у вазирни дори шифокор рецептисиз истеъмол қилинган деган важлар ортига яширинмасликка чақирган. 

Энг кулгили тарафи шундаки, вазир Мусаев ўз видеомурожаатида Самарқанддаги тиббиёт ходимлари ўз вақтида хабар бермаганини айтиб, уларни айблаган. 

Хўш, энди шу дорини ишлаб чиқарган, уни мамлакатга олиб кирганлар қолиб, шифокорлар айбдорми? Қани дори ортидан жарақ-жарақ пул қилганлар. Сир эмас, бу катта бизнес ва бу айниқса пандемия вақтида фош бўлди. 

Хуллас, вазият анча чигал. Бу орада Соғлиқни сақлаш вазирлиги керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилганини маълум қилди. У ушбу ишга алоқадор бўлганлар жавобгарликка тортилишини ваъда қилдию орадан 3 кун ўтар-ўтмас, ўзи вазирликдан кетиб қолди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.

Бу орада ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

28 декабрь куни Қашқадарёда ҳам “Док-1 Макс”нинг яна бир қурбони аниқланди. 27 декабрь куни Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшаган 2021 йилда туғилган бола 5 кун давомида ушбу сиропни истеъмол қилиб, соғлиги ёмонлашган ва уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий амалий маркази Қашқадарё филиалига олиб борилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, бола вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

29 декабрь куни “Док-1 Макс” дорисини ишлаб чиқарган Marion Biotech компаниясига Ҳиндистон ҳукумати иш очди. Дори воситалари стандартларини назорат қилиш марказий ташкилоти ходимлари текширувларни натижаларига кўра, ушбу компаниядан дори воситалари ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатишни талаб қилган. Унга кўра, “Marion Biotech” компаниясининг Ноида шаҳридаги барча ишлаб чиқариш фаолияти 30 декабрь куни тунда тўхтатилди. 

Аввалига дориларнинг меъёрдан кўп ичилиши ва шифокорларни айблаётган соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам шошиб қолди. Энди “Marion Biotech”га тегишли 16 турдаги дорилари савдосига запрет қўйди. 

Албатта, бундай инқирозли вазиятдан Президент Шавкат Мирзиёев ҳам хабар топди. Давлат раҳбари 30 декабрь куни йиғилиш ўтказиб, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевни ишдан олди. 

Янги вазирликларни эгаллаган эски вазирлар

Тугаётган ҳафта тайинловлар билан ҳам ёдда қолди. Прокурорга нисбатан босим ўтказаётгани акс этган овози тарқалганидан кейин кўпчиликнинг наздида аллақачон ҳокимликдан кетиши керак бўлган Тўра Боболов шу ҳафта бошида Сурхондарё ҳокимлигидан истеъфога чиқарилди. Буни унинг бошқа ишга ўтаётгани билан изоҳлашди. Унинг ўрнига эса Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаётган Улуғбек Қосимов тайинланди. 

Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Владимир Норов ҳам бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан истеъфога чиқарилди, унинг ўрнини эса Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов эгаллади. Очиғи, биз ҳам сиз каби ҳайратдамиз? Мактаблар билан шуғулланиб юрган Саидовнинг Ташқи сиёсатга қандай алоқаси бор? Камига у Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган ва фаолиятини бухгалтерликдан бошлаган. Фаолиятининг сўнгги йилларида, 2017 йилдан 2021 йилгача Хитойда элчи бўлган.

Молия вазири Тимур Ишметов эса Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Нодиржон Холбўтаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Олий ва ўрта махсус таълими вазири бўлиб ишлаб келаётган ва 12 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда Бош вазирдан ҳайфсан олган Абдуқодир Тошқулов тайинланди. Ол-а! Фақат Ўзбекистонда ҳайфсан ана шундай буюк манзилларга элтиши мумкин. 

Шунингдек, тугаётган ҳафтада Ҳукуматда йирик тебранишлар бўлиб, янги ташкил этилган вазирликларга раҳбарлар тайинланди. Аммо уларнинг аксарияти эскилар. Масалан Очилбой Раматов, Жамшид Қўчқоров, Жамшид Хўжаев, Зулайҳо Маҳкамова яна Бош вазирга ўринбосар бўлди. Боя гапимиз чала қолганди. Вазирлик фаолияти давомида 19 боланинг доридан вафоти билан тарихда қолаётган Мусаев "Док-1 Макс" иши ҳал бўлмай туриб, бошқа лавозимга ўтди. Асли иқтисодчи бўлган Мусаев ана энди ўз ўрнини топди, у камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигини бошқаради. Мусаевнинг биринчи ўринбосари бўлган тиббиёт фанлари доктори, профессор Амрилло Иноятов Соғлиқни сақлаш вазири бўлди. Унга Мусаевдан Док-1 Макс масаласи мерос бўлиб қолди. 

Албатта, тайинловлар шу билан тугагани йўқ. Бу узундан узун рўйхатини ўқиб бермай-да, яхшиси сайтимиз орқали ўзингиз танишиб чиқишингиз мумкин, албатта, сизга қизиқ бўлса. 

Алвидо, Пеле

Бразилиялик афсонавий футболчи, футбол қироли Пеле 82 ёшида Сан-Паулудаги хусусий клиникада вафот этди. У анчадан буён саратон касаллиги билан курашиб келаётганди. Пеле бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида шифохонада бўлди. 

Бразилияда уч карра жаҳон чемпиони Пеленинг вафоти муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилинди.  

Футболчини хотирлаш маросими 2 январь бўлиб ўтади. Шундан сўнг Пеленинг тобути Сантос кўчалари бўйлаб полиция кортежи ҳамроҳлигида, жумладан, унинг юз ёшли онаси Селест Арантис яшайдиган уй ёнидан олиб ўтилиши кутилмоқда. 3 январь куни футболчи дафн этилади. Маросимнинг бу қисми меҳмонлар ва расмийлар учун ёпиқ бўлади. 

Осон унутилган Кушербоев, сукутдаги парламент

Расул Кушербоевнинг парламентдан кетиши ва бунга на Ҳукумат ва на парламентнинг пинагини бузмаслиги нафақат ҳафта ёки ой, балки йил воқеаси сифатида тарихда қолди. У бир неча йиллик фаолияти давомида шу қадар кўп тарафдорларга эга бўлибдию аммо парламентда ўзига ҳамфикр орттиролмабди. Албатта, биз бунда парламентдагилар унинг ортидан иш ташлаши керак эди, деган фикрни илгари суришдан йироқмиз. Гап на уни сайловга олиб чиққан партия ва на фракциянинг миқ этмаганида. Ё улар ҳам Кушербоевдан қутулолмай юрганмиди? Парламент-ку чуқур сукутда. На спикер Нурдинжон Исмоилов ва на унинг ўринбосарлари, айниқса, Улуғбек Иноятов муносабат билдиргани йўқ. Одоб комиссияси ҳам тўпланиб, Кушербоевга мажлисда сўз берилмагани муҳокама қилинмади. Унинг парламент ва халқ олдидаги меҳнатлари осон унутилди, қўл силтанди. 

Кушербоев 26 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигидан кетмоқчилиги бўйича ариза ёзди. Мажлисда комиссия аъзолари унинг аризасини бир овоздан қабул қилди, Кушербоев эркин қушга айланди. 

Кушербоев қарши чиққан қонун Сенатда ҳам қабул қилинди

Кушербоев “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга фикр билдирмоқчи бўлганида унга сўз берилмагани ва балки биз билмаган қатор ҳолатлар сабаб ишдан кетди. Аммо қонун қуйи палатада ҳам, Сенатда ҳам маъқулланди. Гап шундаки, жорий ҳафтанинг 27-28 декабрь кулари Олий Мажлис Сенатининг 36-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари миқдорида этиб белгиланмоқда.

2023 йилги Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, Сенат ялпи мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинди. Унга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотаётган шахс 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса сотишни рад этиш шартлиги белгиланди.  

Энди алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар сафи кенгайтирилиб, уларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. 

Қонунга мувофиқ, эндиликда тамаки маҳсулотлари қаторига чекилмайдиган маҳсулотлар (носвой, тамаки қопчаси, ҳидланадиган тамаки), таркибида никотин бўлган маҳсулотлар, электрон сигареталар ҳамда таркибида тамаки ва никотин бўлмаган, лекин шуларни истеъмол қилувчи воситалар билан фойдаланиш учун мўлжалланган маҳсулотлар ҳам киради.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасини лицензиялаш ИИВга ўтказилмоқда. Бу норма сенаторлар қабул қилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда акс этган.

Қонунга кўра автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича фаолиятни, шунингдек автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш юзасидан хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатли орган мақоми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан Ички ишлар вазирлигига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, Қонун билан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни лицензиялаш учун тўланадиган давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида белгиланмоқда.

Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ялпи мажлисда сенаторлар “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунни шошмашошарлик билан тайёрлангани учун рад этди. Бунинг сабаблари бисёр. Сенат раиси Танзила Норбоеванинг айтишича, қонунда биргина “профилактика суҳбати” нормаси тушунарсиз, кўплаб муаммоли саволларни келтириб чиқарадиган дарада белгиланган. Масалан ушбу суҳбат қандай, қачон, қанча вақт ўтказилиши аниқ кўрсатилмаган. Бу эса одамларни бесамар ушлаб туришга сабаб бўлади. 

Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни маъқулланди. 

Қайд этилишича, мазкур халқаро битимни ратификация қилиш ҳақидаги Қонун Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.

Ушбу Битим 2022 йил 30 март куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.

Путиннинг 2023 йилдаги режалари

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу йил ҳисобидан сўнгги хорижий ташрифини амалга оширди. Қаерга дейсизми? Россияга. Федерация Президенти Владимир Путин ўтган йил бошлаган анъанасига мувофиқ Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари раҳбарларини Санкт-Петербургга, норасмий саммитга йиғди. 

Унда қатнашиш учун Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь ҳукмдори Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Питерга борди. 

Саммит Путиннинг Президентларга коса тагида нимкосали чақируви билан бошланди.

“Шундай дўстона даврага яна бир бор тўпланганимиз, менимча, МДҲ маконида ҳамкорликни чинакам стратегик шериклик, ўзаро манфаатдорлик ва барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш руҳида янада биргаликда қуриш истагимиздан ёрқин далолат беради”, деган Путин. Қизиқ, Путин ўзига савол бердимикин, ҳақиқатан ҳам у истаётган нарсаларни бошқалар ҳам хоҳлайдими? 

Бу ҳам етмагандек, у МДҲ доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ушбу мамлакатлар халқларининг туб манфаатларига жавоб беришини қистириб ўтди. Россия раҳбари Ҳамдўстлик мамлакатлари халқларини умумий тарих, муштарак маънавий илдизлар, чуқур чамбарчас боғланган маданият ва урф-одатлар, қадриятлар, анъаналар, айниқса, қудратли бирлаштирувчи куч – рус тили боғлашини айтди ва 2023 йилда МДҲ давлатларида рус тили йили нишонланишига қарор қабул қилинганини эслатди.

Путиннинг меҳмоннавозлиги Қозоғистон Президенти Тўқаевни тўлқинлантириб юборди чоғи, бирдан сўз олиб, МДҲда рус тилининг ўрни мустаҳкам эканини айтди. У Санкт-Петербургга 2023 йилда Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти расмий мақомининг берилиши МДҲ давлатлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини урғулади. 

Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан мулоқотда саммитга келган Президентлар бир-бирларига Янги йил совғаси бериши режалаштирилмаганини айтганди. Бироқ, Путин уларни қуруқ йўл билан қайтармади. Давлат раҳбарларига Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари раҳбарлари совға сифатида Янги йил табриклари ёзилган ва ташкилот рамзи туширилган узукларни совға қилган. Шошқалоқ Лукашенко узукни дарров тақиб олган ва бу камералар объективига муҳрланган. 

Умрага борган ўзбекистонликлар ЙТҲга учради

Тугаётган ҳафтада Умра сафарига борган ўзбекистонликлар ўтирган автобус Саудия Арабистонида Мадина шаҳридан Маккага йўл олган вақтида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Автобусда 50 нафар ўзбекистонликлар бўлган. Маълум бўлишича, 10 нафар йўловчи жароҳатланган. 

Йўл-транспорт ҳодисасига автобус ҳайдовчисининг ухлаб қолиши сабаб бўлган. 

Жароҳатланганларга Мадина шаҳри яқинидаги “Вади Ал-Фаръ” ва “Ал-Ҳимна” шифохоналарида тез тиббий ёрдам кўрсатилган. 

Автобусдаги 40 нафар зиёратчи Мадина шаҳридаги меҳмонхонага жойлаштирилган. 

Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олингани ва ушбу мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамда тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилганини маълум қилди. 

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади

Доим мамлакатда корррупцияга, давлат маблағларини ўзлаштиришга қарши кураш кетаётиб, унда фақат майда балиқлар қўлга олиниб, наҳанглар ялло қилаётганидан нолирдик. Иш ҳатто туман ҳокимлари даражасига ҳам етиб бормай, ўринбосари билан ҳал бўларди одатда. Бироқ бу гал наҳанг эмас, наҳанглар гуруҳининг жиноятлари фош қилинди. 

Шу ҳафта с обиқ Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Хайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

26 декабрь куни Фарғона вилоят суди биносида собиқ Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Хайдаров, Андижон шаҳар ХТБ марказлашган молия-бухгалтерия хизматида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган С.Юлчиева, собиқ Андижон вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси К.Асқаров, собиқ Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Муллажанов, собиқ Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармасининг маҳаллий бюджет даромадларини режалаштириш ва бюджетларини шакллантириш бўлими бошлиғи Ш.Хошимов ва жами 45 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди. 

Унга кўра:

Баҳром Хайдаров Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Хайдаровга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ҳамда 61-моддаси тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг 2022 йил 13 декабрдаги ҳукми билан тайинланган жазо тўлиқ қўшилиб, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баравари, яъни 85 750 000 сўм жарима жазоси тайинлангаан.

Яна тўрт кишига – Андижон шаҳар ХТБ марказлашган молия-бухгалтерия хизматида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Йўлчиевага 7 йил 11 ой 26 кун озодликдан маҳрум қилиш, Андижон вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси Асқаровга 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муллажановга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармасининг маҳаллий бюджет даромадларини режалаштириш ва бюджетларини шакллантириш бўлими бошлиғи Хошимовга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қолган 40 нафар судланувчи содир қилган жиноий ҳаракатлари доирасида тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 167, 168, 205, 207, 208, 209, 211, 28,211, 228 ва 243 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга 4 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 йилгача озодликни чеклаш ҳамда 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш жазолари тайинланди.

Жиноят оқибатида етказилган 63 млрд сўмдан зиёд миқдоридаги моддий зарарнинг 16 млрд сўмдан ортиғи қопланган бўлиб, зарарнинг қолган қисмини судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.

Президентнинг йил сўнгидаги сўнгги учрашуви

Тугаётган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар билан норасмий мулоқот ўтказди, янги, замонавий дарсликлар тақдимотида қатнашди. Учрашувда 10 мингдан ортиқ мактабдан 842 тасининг бирорта битирувчиси олий ўқув юртига кира олмагани афсус билан тилга олинди. Президент айрим фанларни қисқартириш, замонавий фанларни кўпайтиришни таклиф қилди. Шунингдек, у “Болалар ёмон бўлиб кетди” деган фикрдан воз кечишга чақирди.

Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазирлигининг қуйи бошқарув органлари – туман халқ таълими бўлими (“Районо”) ва вилоят халқ таълими бошқармаси (“облоно”)ни йўқ қилишни ўйлаётганини қистириб ўтди. 

Учрашувда давлат раҳбари олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари мактабда ўтилган фанлар бўйича ўтказилиши бўйича берилган таклифни маъқуллади.

1 январдан бошлаб 14 та ҳудудда янги дарсликларни тажриба асосида ўқитилишини айтди. Аммо бу дарсликларнинг муаллифлари, қайси маблағлар эвазига ишлаб чиқарилаётгани бизга маълум эмас.

Дорихоналардаги вазият тиббиётнинг юзига тутилган ойна

Республикадаги туғруқхоналарнинг деярли барчасида янги туғилган чақалоқлар учун Триметабол сироп дорисини ичириш кераклигини бир энлик қоғозга ёзиб беришади. Ушбу дори Испания маҳсулоти бўлиб, аммо пойтахтдаги дорихоналардан уни тополмайсиз. Дори қидирув хизматларида ҳам Испанияники деб ёзиб қўйилгани билан, дорихонларга борсангиз, Покистон маҳсулоти сотиляпти. Камига қути ичида қўлланма йўқ. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, дориларни қўлланмасиз сотиш мумкин эмас. Буни текширадиган одам бўлмаганидан кейин савдолар авжида. Дорихоналардаги сотувчиларнинг эса қутиларда қўлланма мавжуд эмаслигидан хабари ҳам йўқ. Қути устига эса қўлланма урду тилида ёзилган. Нима энду мен шу сиропни боламга ичирмоқчи бўлсам урду тилини ўрганишим керакми? Камига шу дорини тавсия қилган шифокор ҳам балодек хабардор унинг Испанияники дорихоналарда йўқлиги ва Покистон маҳсулоти сотилаётганидан. Пинагини бузмай, ҳеч нарса қилмайди, ҳамма шуни ичиряпти дейди қўлланмаси йўқ-ку деганимга қарамай. Дорихонларда ушбу дори қандай сотилаётганини яширин камерамизга муҳрладик. Мана, ўзингиз кўринг. 

Аслида бу битта дори билан боғлиқ вазият. Док-1 Макс можароси ва мен айтган дори савдоси билан боғлиқ аҳвол фармацевтикамизнинг аҳволини кўрсатиб турибди. Назорат қиладиган одам йўқ, бўлса ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйган ёки нималар учундир кўз юмади. Афсуски, оқибатда одамлар ўляпти. 

Бу 2022 йилнинг сўнгги ҳафта дайжести эди. Кўпгина амалдорлар, давлатнинг масъуллари танқидлардан, дод-войлардан, оммавий ахборот воситаларидаги муносабатлардан ўзига қўрғон ясаб олиб, умуман парво қилмай қўйган яна бир йилни ортда қолдирдик. Баъзан ооммавий ахборот воситаларининг натижасиз, сўзи ва танқидлари кун сайин таъсирсиз бўлиб бораётгани қийнайди. Аммо ишлашда давом этамиз. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг