Парламентга қўл силтаган Кушербоев. Одамлар нега ундан норози?
Жамият
−
24 Декабрь 2022
29270Хабарингиз бор, кеча 23 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев депутатлик лавозимидан кетгани ҳақида маълум қилди.
Кушербоев QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида депутатликдан кетиши ҳақида гапираркан иккиюзламачиликлар ва амалдорларнинг депутатларга муносабати амалда ўзгармаётгани, Парламентга бўлаётган муносабатдан ташвишланаётганини қайта-қайта тилга олди.
Унинг бу қарори жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Афсуски ҳозиргача на Қонунчилик палатаси, на ЎзЛиДеп партияси раҳбари ҳолатга изоҳ берганича йўқ.
Фаоллар, журналист, блогерлар, қолаверса ижтимоий тармоқ кузатувчилари ҳам Кушербоев Олий Мажлисдаги 150 депутат орасида ҳақиқатни қўрқмай гапирадиган, адолат учун курашадиган ягона депутат эканини айтиб, ҳолатга ойдинлик киритишни сўрамоқда.
Хўш, жамоатчилик фаоллари Расул Кушербоевнинг депутатликдан кетишига қандай фикр билдирмоқда?
“Раҳмат сенга Кушербоев”. Депутат Дониёр Ғаниев ҳамкасби Кушербоевни депутатликни тарк этишига ўз муносабатини айнан шундай бошлаган. У Кушербоевнинг лавозимдан кетиши Парламент учун катта йўқотиш эканини ҳам яширмаган.
— Парламент учун катта йўқотиш, афсус. Расулнинг журъати, “дух”ига доим тан берганман, ҳар қандай қаршилик ва босимларга қарамай ўз принципларида қатъий туришига ҳавас қилганман. Тан олиш керак, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Гарчи Расулни ҳурмат қилсам-да, лекин унинг бу галги қарорини унчалик маъқулламайман. Чунки Кушербоев кенг жамоатчилик учун айнан давлат раҳбари бошлаган сиёсий ислоҳотлар ютуғининг тимсолига айланган, мамлакатда кучли парламент ва демократик жамият қуришда кўпчиликка илҳомлантирувчи, умид берувчи шахс сифатида шаклланган эди. Унга минглаб сайловчилари ишонч билдирган, ундан депутат сифатида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишини кутишган.
Шу билан бирга, Расул бу қарорга осонликча келмаганига ҳам аминман. Эҳтимол бизга аён бўлмаган асосли сабаблари ёки шахсий муаммолари бордур.
Билишимча, депутатликдан кетишга ҳали расман ариза билан мурожаат қилмаган. Балки, сайловчилари фикрига қулоқ солиб, яна ўйлаб кўрар ва қарорини ўзгартирар. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам бу унинг шахсий қарори ва биз буни ҳурмат қилишимиз керак.
Ишонаманки, депутатликдан кетган тақдирда ҳам Расул Кушербоев халқ манфаатлари ва адолатли жамият барпо этиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилишдан тўхтамайди.
Расул Кушербоевдан сўнг Тошкент шаҳар халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг депутатликни тарк этишини маълум қилган ЎзЛиДеп партиясидан депутати Нуриддин Зайнитдинов депутатларнинг оғизи ёпилпётгани ва оилси, қариндошларига таъқиб ва босимлар борлигини маьлум қилган.
— Гапирма! Индама! Аралашма! Қачонгача бундан гапларни эшитамиз?! Депутатнинг гапиришдан бошқа нимаси қолмоқда? Энди шунгаям йўл берилмаса...
Дўстимиз, депутат Расул Кушербоев билан бўлган ҳолатни қоралайман. Қачонгача депутатлар оғзини ёпиш, қасддан уларни позициясини билдиришига қаршиликлар бўлади? Расул Кушербоевни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Депутат бўлиб, эмин-эркин депутатлик қилолмайдиган шароитда ишлаб бўлмайди. 2022 йилни ўзида 2-3 маротаба менга бўлган босимлар ва ноқонуний ишларни айбдорларига шу кунгача чора ҳам кўрилмади.
Оиламгача, қариндошларимгача таъқиб ва босим қилишга боришди. Мен ҳам маҳаллий Кенгаш депутатлигидан кетишга қарор қилдим. Бу қарор вақт масаласи эди. Яхши-ёмон гапларга рози бўлинглар. Бундай қарор қабул қилганимдан афсусдаман, бу осон бўлмади.
Тошкент вилояти Халы депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати Олим Сулайманов ҳам ҳолатга муносабат билдирар экан, Кушербоевнинг бу қарорга келишига мажбур қилган ҳолатлар ўрганилиши ва жамоатчиликка маълум қилиниши кераклигини урғулаган.
– Кушербоевнинг кетишини жамоатчилик фаоллари жуда оғир қабул қилмоқда. Биз Олий Мажлис Сенати раисидан ва Қонунчилик палатаси спикеридан Халқ депутатининг бундай қарорга келишига сабаб бўлган барча ҳолатларга аниқлик киритилишини ва ўртада қандайдир босим ёки тазйиқлар бўлган-бўлмаганлигига ойдинлик киритилишини талаб қиламиз!.
Иқтисод фанлари доктори Барногул Санақулова Расул Кушербоевнинг барча чиқишларини қўллаб-қувватламаса ҳам унинг депутатликдан кетиши давлатнинг сиёсий демократик ойнасига жиддий салбий таъсир кўрсатишини айтиб ўтган.
— Расул ака Кушербоев депутатлик мандатини топшираётганини, ортиқ бундай ишлай олмасликларини, топширишга мажбур бўлганликларини ўқиб, миям тормоз бўлиб қолди... Айтилган шунча гаплар ёлғонмиди, тил ва амал бошқамиди, қолган забонсиз, нимани олдига қўйса тасдиқлаб берадиган депутатларни бошига урадими халқ?
Расул акани ҳамма ҳаракатларини қўллаб-қувватламасман балким, лекин парламентдаги фаолиятларини доим қўллаб-қувватлаганман! Расул Кушербоевни депутатликдан кетишлари давлатнинг сиёсий-демократик ойнасига жиддий салбий таъсир кўрсатади, халқни сиёсий ислоҳотларга бўлган ишончини сўндиради, охирги пайт Расул ака пиарга берилиб кетган бўлса-да, лекин парламентдан кетиши – бу жуда-жуда ёмон, таҳликали замонлар бошланганидан сигнал деб қабул қилинади... Эндиги навбат Донёр Ғаниев бўлмаса бўлди ((.
Azon.uz таъсисчиси Мубашшир Аҳмад Расул Кушербоевни бу фикридан қайтишини сўраган.
– Расул Кушербоев депутатлик мандатини топшириш жараёнларини бошламаган бўлса, уни фикридан қайтишга чақираман!
Бу майдон расулларга муҳтож, кетишига эмас! Улар кўпайиши керак, камайиши эмас!
Сиёсатчи Ҳамид Содиқнинг муносабатидан 36 миллион халқдан биргина Кушербоевга ишонганига ишорани кщриш мумкин.
– Расул Кушербоев депутатлик мандатини топширишни эълон қилибди. 36 миллионли халқ биттагина мандат берганди. Уят эмасми!?.
“Yuristkadr” Telegram-канали асосчиси Сайдали Мухторалиев Депутат Расул Кушербоевни қўллаб қувватлаши аммо ҳозир уни кетиш вақти эмаслиги эканини айтган. Шунингдек, юрист Олий Мажлис Сенати раиси ва Қонунчилик палатаси спикеридан ҳолатга изоҳ беришини талаб қилган.
– Расул Кушербоев депутатликдан кетиш ҳақида қарор қилибди. Тўғри, қарор қабул қилиш ҳамманинг ўз шахсий ҳуқуқи. Шундай қарорга келганми, балки шунга арзигулик жиддий сабаб бордир. Бошқа томондан ўтган давр ичида Расул Кушербоев жуда катта босим остида қолиб кетди. Бундай босим ва бундай хавфни кўтариб юриш унча-мунча одамнинг қўлидан келмаса керак.
Катта-катта кучларга қарши туриш учун инсонда нафақат ақл-идрок, балки кучли матонат ҳам керак. Ана шундай матонат ва сабр билан ҳаммасига чидаб келди Кушербоев.
Лекин ҳозир бу кетишдан кимга зарар, кимга фойда экани ҳақида ўйлаб кўрадиган бўлсак, "қора кучлар" байрам қилиб дўппиларини баланд-баланд осмонларга отиши аниқ. Хурсандчилик ва бор фойда уларга. Бироқ, оддий халқ-чи? Нима бўлишидан қатъи назар ҳозир кетиш вақти эмас.
Биз Олий Мажлис Сенати раисидан ва Қонунчилик палатаси спикеридан:
– халқ депутатининг бундай қарорга келишига сабаб бўлган барча ҳолатларга аниқлик киритилишини ва ўртада қандайдир босим ёки тазйиқлар бўлган-бўлмаганлигига ойдинлик киритилишини талаб қиламиз.
Юрист-блогер Баҳодир Аҳмедов Кушербоевнинг депутатликдан кетишига муносабатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятовни ишдан кетиши кераклиги ва Парламент тарқатиб юборилиши лозимлигини қатъий равишда билдирган.
– Расул Кушербоев депутатликдан кетишга қарор қилибди. Депутатнинг маълум қилишича, депутатга 2023 йил Бюджети лойиҳаси муҳокамасида У. Иноятов томонидан сўз ҳам берилмаган. Мамлакатнинг бир йиллик тақдирини белгилайдиган бундай муҳим ҳужжат пала-партиш қабул қилиниши одамни хавотирга солади дўстлар.
Бизда парламент борми ўзи? Булар нимага ўтирибди юқорида? Нега бизнинг вакилларимиз деган номни кўтариб юрувчилар миллиард-миллиард долларлик пулларимизни устимиздан кулгандек қилиб тақсимлашади? Ҳақиқий депутат деб биладиганларимизга сўз ҳам беришмайди. Иноятов ишдан кетиши, ўзи умуман бу парламент тарқатиб юборилиши лозим, шарт.
Журналист Азиза Қурбонованинг ҳолатга билдирган муносабатини ўқиб, у Расул Кушербоевнинг кетиши қарорини оқламаганини тушуниш мумкин.
– Ўзи яхши кўрадиган халқ учун, уни сайлаган одамлар учун "система"да туриб курашиш қийин, аммо фойдали, майдонни бошқаларга қулай қилиб ташлаб кетиш осон ва бу ҳаракатдан одамларга фойда бўлиши даргумон. "Система"ни букилмас шахсиятлар тўғрилайди.
Шунингдек ҳолатга журналист Шуҳрат Шокиржонов ва Илёс Сафаров ҳам муносабат билдирган.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист:
– Расул Кушербоев шу ўлик парламентда қолса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди, кетса ҳам. Кетиб тўғри қилди.
Расул Кушербоевни жонкуяр депутат деб биладиган блогер Шаҳноза Соатова унинг кетиш ҳақидаги пости ниҳоятда пессимистик руҳда ёзилганини айтиб, ҳолатга ойдинлик киритилишига умид қилган.
– Расул Кушербоев депутатлик фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилди. Ушбу эълон контексти жуда пессимистик бўлиб, афсус туйдим. Гарчи қарор сабаби аниқ айтилмаган бўлса ҳам, “бундай ишлай олмас эканман”, “шунга мажбур бўлганимдан афсусдаман” деган ифодалар Қонунчилик палатасида нимадир бўлгани ва Расул ундан норозилиги англашилади. Шуҳрат Латипов вазиятни 2023 йил бюджет муҳокамаси ҳақида Кушербоев Twitter’да қолдирган твити билан боғламоқда.
Расул билан бир қанча масалаларда баҳсларимиз бор. Бироқ уни жонли ва жонкуяр депутат деб биламан. Умид қиламанки, вазият тез орада ижобий ечим топади.
Troll.uz (Умид Ғофуров):
– Баъзилар менга ҳам депутат бўлишни ёзишади. Бўлмайман. Бўлолмайман. Бу тизимда соғ одам ишлаши қийин. Соғни ё касал қилади, ё сиғдирмайди. Олий Мажлисда бугун байрам бўлса керак…
LiveБарчаси