Рашид Қодиров қамоқдан қандай чиқди?

Жамият

4 январь куни кечки соат 22:00 дан бошлаб Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. На ички ишлар вазирлиги, на Жазони ижро этиш департаменти, на Олий суд бу хабарларга расмий муносабат бергани йўқ. Баёнот бериши керак бўлган ташкилотларнинг барчаси мана бир суткага яқин вақт ўтди ҳамки сукут сақлашни маъқул кўрмоқда. Тармоқлар Қодиров ва уни озодликка чиққани юзасидан турли фаразлар билан тўлди.

Кимдир “собиқ Бош прокурор касаллиги туфайли озод этилган” деса, яна кимдир “Қодировнинг озодликка чиқиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 7 декабрь куни имзолаган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони билан боғлиқ” деб айтди.

QALAMPIR.UZ Ички ишлар вазирлиги, Олий суд ва бошқа тегишли идоралар билан боғланиб, ҳолатни аниқлашга уринди. Афсуски улардан айтари жавоб ололмадик.

QALAMPIR.UZ'нинг ишончли манбаларига кўра Зангиота тумани 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланган Рашид Қодиров жорий йилнинг 2 январь куни суд қарори билан озодликка чиққан. Маълумотларга кўра, 29 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани судида Рашид Қодировга оид ишни кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтган. Суднинг ҳукмига кўра, Рашид Қодиров Жиноят кодексининг 73-моддаси (Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) билан озодликка чиқарилган. Лекин ушбу модданинг қайси банди айнан Қодировга нисбатан қўлланилгани бизга маълум эмас.

Қодировнинг озодликка чиқиши қанчалик қонуний?

Адвокат Абдумалик Абдуллаевга кўра, Рашид Қодиров пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган ва Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

“Мендаги маълумотлар собиқ Бош прокурор 2023 йил 2 январь куни озодликка чиққанини кўрсатмоқда. У ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажаргани, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани, суд тайинлаган жазо муддатининг камида яримни ҳақиқатда ўтаб бўлгани асослари билан муддатидан олдин шартли равишда жазони ўташдан озод қилинган. Озод қилинганлик ҳолатида Жиноят кодексининг 73-моддаси (Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш), 74-моддаси (Жазони енгилроғи билан алмаштириш) билан шартли озодликка чиқарилган”, дейди адвокат.

Юқорида айтилганидек собиқ Бош прокурорнинг Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисми тартибида 10 йил жазо муддатини ўташи белгиланган.  50-модданинг 6-қисмида эса шундай дейилади:

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Рашид Қодиров 1952 йилда туъгилганини инобатга олсак қамалган вақтида у 67 ёшда бўлга. Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисмида ёзилганидек, олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Бундан кўриниб турибдики собиқ Бош Прокурор ўша вақтнинг ўзидаёқ қачон чиқиши қисман аниқлик билан панжара ортига кирган ва бугун қонуний имтиёзларидан фойдаланиб озодликка чиққан.  

Хўш, Қодиров ўзи нега қамалганди.

Мамлакат Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашид Қодиров 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М.Мирзаев, Ж.Файзиев, У.Суннатов, Р.Пўлатов, А.Мусашайхов, У.Хуррамов, Ю.Гаипов, А.Мирзаев, М.Мирзаева, фуқаролар С.Косимов, А.Икрамов ва Х.Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашид Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодировни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.

Рашид Қодиров жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган даврда унинг ўғли Алишер Қодиров (тадбиркор) 2018 йилда фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилган. Куёви Нодир Тўрақулов, Сурхондарё вилояти миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи бўлган. 2018 йилда порахўрликда айбланиб, 16 йилга қамалган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

2.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг