Совет тамғасидан оқланганлар мустақил Ўзбекистондан компенсация олиши мумкин...ми?

Жамият

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган 173 нафар шахсга оид жиноят ишини апелляция тартибида кўриб чиқди. 

Судланган шахсларнинг кўпи Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 78-моддаси билан айбдор деб топилиб, турли йилларга Концлагерга сургун қилинган. ЖКнинг 58-моддаси, 66-моддаси 2-қисми, 67-моддаси билан айбдор деб топилиб, сиёсий ҳуқуқларини йўқотган ҳолда, мол-мулклари конфискация қилиниб озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, ЖКнинг 58-моддаси билан айбдор деб топилиб, отувга ҳукм қилинган.

Суд мажлиси давомида совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган 173 нафар шахс оқланди.

Жиноят ишлари бўйича Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов оқлов ҳукмини ўқиш давомида ҳукмда номи зикр этилган шахслар ноқонуний жавобгарликка тортилгани оқибатида уларга етказилган зиённи қоплаш ва бошқа ҳуқуқларни тиклаш юзасидан оқланганларнинг меросхўрлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 37-боб “Реабилитация асослари ва оқибатлари” ва 38-боб “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш тартиби” асосида мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлигини айтди. "Совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган, ҳозирги кунда оқланган шахслар орасида компенсация ундириш ниятида бўлганлар мурожаат қилса, ундирув пуллари қайси маблағлар ҳисобидан қопланади", деган савол билан унга мурожаат қилдик.

“Реабилитация асослари Қонун билан белгиланган. Унга кўра, агар оқланган шахслар тирик бўлса ўзи, вафот этган бўлса яқин қариндошлари (қариндоши эканини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилган ҳолда), етказилган моддий зарарни ундиришга даъво бериш ҳуқуқига эга. Моддий зарарнинг аниқ суммаси белгиланиши керак. Маблағлар Давлат бюджети ҳисобидан қопланади”, дейди Олий суд раиси ўринбосари.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ бугунгача 400 дан ортиқ киши оқланди. Умуман ўтган 30 йил давомида қатағон қурбонларининг яқинлари орасида Олий судга оқлаш масаласида мурожаат қилганлар бўлганми? Бу саволга Икром Муслимов қуйидагича жавоб берди:

“Йўқ. Фақат мана шу фармон асосида биз изланиш олиб боряпмиз. Бугунги кунда топилган айрим ишларимиз бор, буни яширмаймиз. Собиқ Иттифоқ вақтидаги СССР олий суди даврида судланганлар бор, уларнинг ҳам жиноят ишларини талаб қилиб олиш, оқлов ишларини қайта кўриб чиқиш устида ишлар олиб бориляпти. Бунга анча вақт, сиёсий ирода талаб қилинади”, дейди Жиноят ишлари бўйича Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов.

Бугунги суд мажлисида оқланганларнинг тўлиқ рўйхати билан бундан аввалги мақолаларда танишишингиз мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

суд Совет сср оқланди

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг