Тўшак мавзусидан уялмай қўйдикми?
Таҳлил
−
15 Декабрь 2022
115593“Севиш керак, севилиш керак, керак бўлса кун ора **кс бўлиш керак...” Сиз ўқиётган бу фикр қандайдир аёл эмас, балки маданият, зиё, маънавият тарқатувчи соҳа вакиласи – актриса Нилуфар Ҳамидова томонидан айтилган. Унинг YouTube каналларидан бирига берган интервьюси айни вақтда жамоатчилик, фаоллар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг элагидан ўтмоқда. Актриса бу гапларни айтаётганда нимани кўзлагани, аслида қандай фикрни илгари сурмоқчи бўлгани бизга қоронғу. “Айтилган гап – отилган ўқ”, дейди халқ. Ҳамидова айтди, ўқ жамиятнинг нозик жойидан яралади, энди эса шунга яраша дашномга чидаши керак.
Деярли ҳар куни телевидение орқали эркаклар ва аёлларнинг жинсий фаоллигини оширувчи дори воситалари ҳақидаги рекламаларни кўрамиз. Кимдир қарғай-қарғай бошқа каналга олади, кимдир болаларидан уялганича овозини пастлайди, яна бошқа биров рекламада кўрсатилаётган нарсанинг фарқига ҳам бормайди. Ҳар ҳолда жамиятимизда ўша воситаларнинг афзалликларини оиласи ва фарзандлари билан муҳокама қилиб ўтирадиганлар йўқ, назаримизда. Шуни ўзигагина куйиб турган эдик ҳамки, ўртадаги пардалар анча кўтарилганини Ҳамидова ўз интервьюсида исботлади. Аслида исботлашнинг аввалида ўша пардани ўзи кўтариб, камига “йиртиб” ташлади.
Хўш, нега бу ҳақда гап бошлаяпмиз? Бугун ўзбек жамиятида аёллар, хотин-қизларга берилган эркинлик ҳар қачонгидан устунлик касб этади. Қаерга қараманг, аёллар ҳуқуқи. “Аёллар гапирсин, ичига ютмасин, муаммоларини ҳал этишда ўзи ҳам иштирок этсин”, дейиляпти. Аммо гапиришга ҳам фаросат, ақл, тарбия керак. Сўнгги пайтларда турли (нопрофессионал ) психологлар, санъаткорлар ва бошқа нозик хилқат вакилаларининг билдираётган“эркин” фикрларини ўқиб, эшитиб бу айнан биз кутган ва эришаётган хурликмикан ёки “хўрлик”нинг бошланишими деб ўйга толасан киши.
Бундан 10 йиллар аввал эфирга узатилган “Туташ тақдирлар” телесериали орқали узун сочли келин – Наргиза образи билан танилган Нилуфар Ҳамидованинг YouTube каналлардан бирига берган интервьюсида аёл-эркак муносабатлари ҳақидаги “очиқ” суҳбатни кўриб, очиғи ундан кўзланган мақсад нима бўлганлигини англаб етиш бироз қийин.
Бошқа бировнинг эътиқоди, ирқи, ижтимоий келиб чиқишини муҳокама қилиш қанчалик айб саналса, жинсий масалаларни ҳам очиқ-ойдин медиа воситаларида муҳокама қилиш ундан кам хато эмас. Ҳар ким ўз ҳаётини, жумладан шахсий, жинсий ҳаётини ҳам ўз билганича яшайди. Бир одам иккинчисига ёки тор доирада маслаҳат бериши мумкиндир, лекин оммавий ахборот воситаситалари орқали бу гапларни айтиш, камига аёл киши тарафидан, қанчалик тўғри? Эр-хотин муносабатлари, уларнинг ҳоҳиш-истаклари, буларнинг барчаси икки инсон ўртасида сир сақланиб, кенг оммага ошкор қилиниши талаб қилинмайдиган ёзилмаган қонунлардан бири эмасми, аслида?
Бу каби интервьюлардан кимлар манфаатдор?
Шу ўринда бу масалани муҳокама қилаётганда Ҳамидованинг қаршисида унинг гапларига қулоқ тутиб турган, мавзуни яна чўзишга ундовчи саволлар берган ва интервьюни тўлиқ эълон қилган эркакни ҳам назардан қочиролмаймиз. Оммавий ахборот воситалари вакилларининг барчаси ҳар қандай ижод маҳсулини тайёрлашдан олдин, албатта, “бу кенг оммага, халққа қандай фойдаси тегиши мумкин?” деб ўзига савол беради, агар бунга салоҳияти бўлса. Пиар, шов-шув, рейтинг ортидан қувган баъзи “журналист”ларга эса бу ёт ҳолат. Мавзу қанчалик, “бепарда” бўлиши эса уларни асло қизиқтирмайди. Муҳими, интернетдаги аудитория кўпчиликни ташкил қилсин.
Суҳбати кенг тарқалган интервью берувчи ҳам “реклама” бўлишидан албатта манфаатдор. Зарарни эса, фақат оддий томошабин тўлайди.
Кўпчилик учун эриш туюлаётган бу гаплар аслида бошқалар учун ҳам бегона ўтдекми? Ё Ҳамидованинг айтганлари, интервью олувчининг бепарда саволлари фақат баъзиларнинг ғашига тегяптими? Балки айрим санъат олами вакиллари назарида вазият кўпчилик ўйлаган ва таъсирлантиргандан бошқачароқдир. Шу боис Ҳамидованинг ҳамкасбларига (агар улар Ҳамидовани ҳамкасби деб билса) микрофон тутдик.
Раъно Ярашева, Ўзбекистон халқ артисти:
— Биз ижод аҳлимиз. Кўпчиликнинг назарида бўламиз, бизга ҳавас қиладиган мухлисларимиз бор. Демак, биз улар учун намуна, ибрат бўлишимиз, ҳар бир қилаётган ишимизни, гапираётган гапимизни ўйлаб сўзлашимиз шарт. Бизнинг елкамизда ана шундай масъулият ётади.
Энди яна бир муҳим томони борки, буни эътиборга олмаслик хато бўлади. Бу интервьюни тайёрлаган журналист ҳам айбсиз эмас. Сабаби, ўз соҳасининг мутахассиси бўлган ҳар қандай журналист тўғри келган, таҳрирланмаган медиа маҳсулот ва мақолани кенг оммага тарқатиши нотўғри. Шу билан бирга мусулмонлигимизни ва шунга лойиқ иш тутишимизни ёддан чиқармаслигимиз лозим!
Замира Бегимқулова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Туташ тақдирлар” сериали режиссёри:
— Мен шу аёл билан ишлаганимдан жуда афсусдаман. “Туташ тақдирлар” телесериалини суратга олиш ишларини бошлаганимизда, Наргиза ролига жуда кўп актрисаларни синовдан ўтказганмиз. Аслида Нилуфар узун сочли бўлгани учун сценарийга келиннинг сочини ҳам узун қилиб киритгандим. У пайтлар Нилуфар бунақа эмас эди. Оилали, бўйи етган қизи бор она нега бунчалар аҳмоқлик қиляпти, ҳайронман. Кеча телефон орқали гаплашиб, унга бу ишлари уят эканини, ўзбек аёлига ярашмаслигини тушунтирмоқчи бўлдим. Лекин Нилуфар қилаётган ишларидан мутлақо пушаймон эмаслигини, тўғри йўлда эканини айтди.
Жамила Шермуҳаммедова, Республика Маърифат ва маънавият маркази эксперти, файласуф, сиёсатшунос, жамоатчи, олима:
— Шарқ аёлларининг одоб-аҳлоқи, маънавияти, маърифати унинг ибоси ва ҳаёсидадир. Чунки айнан ана шу жиҳатлар дунёга машҳур рассом, файласуф ва олимларни ўзига мафтун қилган. Энди актриса қизимизнинг интервьюси ҳақида гапирадиган бўлсак, умуман олганда теран фикрловчи, ўз нуқтаи назарига эга шахслигини англаш қийин эмас. Аммо шу билан бирга актрисанинг “мен”и ўта юқорилиги унга панд бераётганини ҳам сезиш мумкин. “Истасангиз шу, истамасангиз ўзингиз биласиз” деган руҳда гапирган. Ўзбек аёли ўзини бундай тутиш катта хато. Чунки жамият, жамоат, қадрият, миллий ғурур бор. Касби, ижтимоий келиб чиқиши, жамиятдаги ўрнидан қатъий назар буларни ҳар бир аёл ёдда сақлаши лозим. Қаерда қандай кийиниш, қандай гапларни гапириш кераклигини элга танилган инсон яхши билиши керак. Чунки у нафақат оиласининг, балки миллатининг ҳам ғуруридир. Қайсидир маънода таниқли инсонларга қараб ўша мамлакатга баҳо берилади. Шунингдек, “социум”га бўйсуниши керак. Уларнинг ғашига тегадиган турли хил гаплар гапириш, ноўрин ҳаракатлар қилишга ҳаққи йўқ. Чунки биз шу жамиятда яшаяпмизми, унинг аъзосимиз, демак унинг қадриятлари ва урф-одатларига амал қилишимиз шарт.
“Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”
Тўшак мавзуси, эр-хотин орасидаги “нозик” муаммоларни соҳа мутахассиси эмас, балки маданият ходими, яъни актриса муҳокама қилиши қанчалик тўғри? Бугунги кунда интернетнинг асосий аудиторияси балоғатга етмаган ўсмирлар. Шундоғам телевидение ва интернет тармоқлари орқали турли сериал ва клипларни кўравериб, ёш авлоднинг бети қотиб бўлган. Етмаганига энди, тушак мавзуси олиб чиқилиб, унинг инсон ҳаётидаги роли нечоғлик муҳимлигини муҳокама қилиш, ўзбек миллатига ярашармикан?
Ҳулоса қилиб айтганда...
Ижтимоий тармоқда “кимдир фикр билдириб тарқатса тарқатибди-да, бунинг устига бу унинг шахсий фикри. Шунга шунчами?” дейдиганлар ҳам топилади. Ҳатто, орамизда уни олқишлаётган, “яша”, “баракалла” деб бунданда бепарда гапларга ундаётганлар талайгина. Аммо...
Дунё аҳолисининг қарийб 4 миллиарди аллақачон интернетдан муттасил фойдаланади. Бу кўрсатгич Ўзбекистонда эса 31 миллиондан ошиқни ташкил қилмоқда. Мавжуд мобиль абонентлар сони эса, 29,5 миллиондан ибратлиги ҳақида маълумот мавжуд. Интернетдан фойдаланувчилар ёши кундан кунга “ёшариб” бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, муаммо анча жиддий. Ҳамидованинг айтганлари тўрт девор орасида қолиб кетаёттгани йўқ. Ва жамиятда катта бўлинишни ҳосил қиляпти. Оқибат нималигини билмоқчимисиз? Оқибат эндигина аёллар ҳуқуқлари, уларнинг ҳам инсонлиги, фикр билдириш, гапириш ҳуқуқи борлиги, аёллардан ҳам кучли ғоялар, асрга татигулик фикрлар чиқишига айрим эркакларни, айниқса, жамиятда аёлни фақат уй-рўзғор ва кир-чирга ўралаштириб қўядиган эркакларни эдигина, базўр ва бирма-бир ишонтиришга ҳаракат қилинаётган бугунги даврда Ҳамидова яна орага кирдию “мана, хотинларга гапириш ҳуқуқини берганлар қани энди” деган тирнаб ўтадиган саволларга йўл очди. Хуллас, халқ кўп айтган, хўп айтган: “ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”. Токи сен айтган гаплар бадалини қайсидир эндигина жамиятга қўшилишни бошлаган аёл яна тўрт девор орасига маҳкум қилиниш билан тўламасин.
Дилфуза Баймирова
LiveБарчаси