Уйдаги гап кўчага чиқмасин. Ёхуд замон зўравонларникими?

Таҳлил

image

Ҳар сония дунёнинг қайсидир бурчагида аёл зўравонликка учрайди. Ҳар дақиқа қайсидир аёл яқинлари ёки бегона эркаклар томонидан таҳқирланади. Ҳар куни юзлаб аёллар мушт ейди, ўнлаб аёллар ўлдирилади. Бу Ўзбекистон учун ҳам ёт бўлмаган, қулоққа таниш ҳолатлар. 

Чида, сабр қил, чиққан қиз чиғириқдан ташқари, одамлар нима дейди... Баъзан таскин, тасалли ва юпатиш ўрнидаги маҳкумият қарорларимизнинг чеки йўқ.

Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб ҳар уч аёлдан бири психологик, жинсий ва жисмоний зўравонликларга дуч келади. Ачинарлиси, кўпинча бу ҳолатлар улар ўзлари ишонадиган ва севадиган одам томонидан содир этилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ҳаёти давомида ўз умр йўлдоши жисмоний тазйиқ ўтказади. Аёллар ўлимининг 38 фоизи эса уларнинг турмуш ўртоғи томонидан амалга оширилади. Зўравонликка дуч келган аёлларнинг фақат 42 фоизигина муаммо ҳақида очиқ сўзлайди.

Аёлларга нисбатан зўравонлик нафақат оилада, балки ишда, ўқишда, жамиятнинг турли жабҳаларида ҳам намоён бўлмоқда. Аёллардан нафратланувчи эркакларни фақат қашшоқ ёки бадавлат, олий маълумотли ёки маълумоти йўқ, европалик ё осиёлик, деб ажратиб бўлмайди. Бундайларнинг алоҳида бир миллати ё эътиқоди мавжуд эмас.

Одамлар бундай муаммоларни уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қурбони шармандали ҳолат ва турли гап-сўзлардан қўрқиб, жим юришга мажбур бўлади. Бундай вазиятда қолган аёлларнинг индамаслигига бир неча сабаб бор: кимдир молиявий ёрдамсиз қолишдан қўрқса, бошқаси фарзандлари ва ўз ҳаёти учун хавфсирайди. Зўравонлик қурбони бўлган аёл ҳар томонлама қийин ҳолатда қолишини унутмаслик керак. Айниқса, ҳатто энг яқин инсонлари ҳам бу муаммони ҳал қилишдан ўзини олиб қочса, охир-оқибат бу доимий қўрқув, депрессия, ўз жонига қасд қилиш каби нохуш ҳолатлар билан тугайди.

Афсуски, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Мамлакатда маиший ёки “уй зўравонлиги”га кўпинча бир оила муаммоси сифатида қаралади ва “уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш” аёл киши учун иснод эканлиги унинг болалигидан уқтириб келинади. Шу туфайли аёллар ўзига нисбатан бўлаётган зўравонликка “сабр қилиш” орқали барҳам беришга уринади. Бироқ бундай аянчли ҳолатга фақатгина уй бекаси бўлган ёки ўз мустақил фикрига эга бўлмаган аёллар эмас, жамиятда муносиб мавқега эга бўлган опа-сингиллар ҳам учраши мумкин.

Хўш, аёлларга нисбатан зўравонликда қадриятларга амал қилиб яшаш ҳам сабаб бўладими? Аёлларга аёллар томонидан тазйиқлар кучайиб кетаётганига сабаб нимада? Ёлғиз аёллар, турмушга чиқмаган қизлар ёки яқинини йўқотган гўзал жинс вакилларига нисбатан зўравонлик қай ҳолатларда кўпроқ кузатилади? Ушбу саволлар билан QALAMPIR.UZ жамиятда ўз ўрнига, мавқеига эга бўлган аёлларга микрофон тутди.

“Биз ўзимизни “латта” қилиб берамизда, хафа қилишса, йиғлаб ўтирамиз”

Нозима Воҳидова, журналист

— Эркакларнинг аёлига зўравонлиги ҳозирда ўта кучайган, масалан, миннат тарзида. Олиб келган луқмасини таъна қилиб бериш ҳам аслида зўравонлик. Психологик нуқтаи назардан масхара қилиш ҳолатлари ҳам жуда-жуда кўп.

Ўзим билган бир мисолни айтсам. Олийгоҳни қизил диплом билан тугатган, чиройли қизга совчи келади. Йигит ҳам ишлайдиган, спортчи эди. Тўйдан аввал унчалик суриштирилмаган. Кейин билсак йигитнинг хотини ва боласи бўлган экан. Қуда тараф “Уйлантирсак ана шу хотинини унутади” деган эгоистик қараш билан тўй қилган. “Ўзимнинг ҳам қизим бор, эртага шу нарса менинг ҳам бошимга тушиши мумкин” деб ўйламаган. Бировнинг тақдирини мана шундай осон ҳал қилиб қўйган. 

Бироқ йигит биринчи хотини билан ажрашмаган. Оқибатда у биринчи аёлидан икки, янги келиндан эса учта фарзанд кўрган. Буни аёли билиб қолганидан кейин уни тепиб, қўлини учта жойидан синдирган. Оқибатда у қизнинг битта қўли ногирон бўлиб қолди, ҳозиргача қўлида темир билан юради. 

“Одамлар нима дейди?”, деган андиша билан улар ҳалигача бирга яшамоқда. Ҳозир ҳам ана шу зулм бор, ана шу руҳда болалар ўсяпти. Бу фақатгина аёлнинг эмас, болаларнинг ҳам ҳаётига нуқта. Улар қўрқади, ҳаётида завқ бўлмайди, эркакларга аламзадалик билан улғаяди.

Биз оилавий тарбия, шарқона менталитет сабаб одамлар нима дейишини ўйлаб, маишийлашиб кетган халқмиз. Ривожланиш учун эмас, одамларнинг гапи учун яшаймиз. Умуман олганда ажрим бу иқтисодий аҳвол билан боғлиқ жараён. Аёллар нима учун бундай ҳаётда яшайди? Болаларини боқиш учун! 

Биздаги оилаларда қизларга сўз айтиш ўргатилмайди. Нима бўлса ҳам борган жойингда “палаҳмон тошидек қот, одамлар эшитмасин, чида, сабр қил" дейишади. Табиийки, сабр қилиш керак, аммо бунда ҳам меъёр бўлиши лозим.

Шахсий кузатувларимга кўра, оилада энг ёмони бу психологик зулм. Бу одамни ичидан адо қилади. Онкологик касалхоналар ҳеч қачон бу қадар тўла бўлмаган. Ўзим шу ҳолатларни ўрганганман, аёллар ичидагини айтолмаса, томоқдан бўғилади, узоқни кўришни истамаса кўзидан нури кетади. Аслида биз аёллар ўзимиз, энг аввал, ўзимизни қурбон қиламиз. “Латта”га айлантиришларига қўйиб берамизда, хафа қилишса, йиғлаб ўтирамиз. Демак, аёллар устидан қилинаётган зўравонликларга уларнинг ўзлари ҳам сабабчи.

“Қадриятларга амал қилишда ҳам балансни ушлаш керак”

Нилуфар Абдувалиева, “Mursak” модалар уйи раҳбари

— Биласизми, аёлларга нисбатан зўравонликда баъзи ҳолатларда қадриятлар ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Бу, албатта, ҳар доим ҳам эмас. Масалан, қадимда бувиларимиз “уйдаги гапни кўчага олиб чиқма”, деб ўргатган. Бу аслида тўғри, чунки уйдаги вазиятларни бошқаларга етказганидан эр ёки қайнона хабардор бўлса, бу уларнинг ғазабига сабаб бўлиши мумкин. Ва шу ҳолат уйдаги зиддиятни янада кучайиб кетишига туртки бўлади.

Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Агарда уйдаги ҳолат зўравонлик даражасида бўлса, аёлга эри ва қариндошлари томонидан мунтазам тазйиқлар ўтказиб келинса, бундай ҳолатда аёлнинг “жим ўтириши” тўғри эмас. Эркак аёлга бир марта қўл кўтардими, бу доимий давом этиши мумкин. Агар бу каби мураккаб вазиятнинг олди вақтида олинмаса, аёлнинг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас. Ҳатто, ҳаётига ҳам хавф солиши мумкин. Аёл – бу она. Фарзандларни эса ҳеч ким онадан яхши парвариш қила олмайди. Шу туфайли оилада зўравонлик авж олган вазиятда тегишли жойларга мурожаат қилиш шарт. Катталарни чақириб, маслаҳат қилиш лозим.

Умуман олганда, бу ҳаётий тажриба. Ҳамма бу ҳолатга ўзидан келиб чиқиб, индивидуал ёндашиши керак. Мен аёл “уйдаги гап”ни қачон олиб чиқиши керак, қачон йўқ – буни (индивидуал) аниқ билиши шарт, деб ҳисоблайман. Қадриятларга амал қилишда ҳам балансни тўғри ушлай билиш керак. 

“Аёл ўзини шахс сифатида намоён этиши керак”

Зарина Ширинова (Зара), бошловчи

— Аёлларга бўлган зўравонлик жуда узоқ тарихга эга. Зўравонлик ҳодисалари, уларнинг интенсивлиги ўзгариб борган. Бугунги кунда ҳам жамиятлар орасида фарқланади. Сиз айтаётган зўравонлик кўпинча ўзига бўйсундириш механизми сифатида қаралади, яъни жамиятдаги муносабатларда аёлларни бўйсундириш.

Аёл, менимча, биринчи ўринда, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамласа, ҳеч қандай зўравонликни қабул қилолмайди. Масалан, ўзимда ҳам ҳаётда яқинларини йўқотган, “қаноти синган” одам сифатида шундай нарса бошимдан ўтган. Ҳар бир инсон учун оилада, ҳаётда энг катта пойдевор ота-она ҳисобланаркан. Онамнинг вафотидан кейин менинг “бир қанотим синган”. Хаёл қилишни ҳам, орзу қилишни ҳам, ишлашни ҳам билмаганман ўшанда. Умуман режасиз инсон сифатида яшаганман. Ойимнинг ўлимидан сўнг бизда молиявий етишмовчилик келиб чиқди. Хоҳлаган нарсамни сотиб ололмасдим, хоҳлаган жойимга боролмасдим. Танлаган касбим вақт ўтиши билан ўз мевасини беришни бошлади. 

Аёл зўравонликка қарши жавоб бера олиши учун ўзини шахс сифатида намоён этиши керак. Агар ўзингизни шахс сифатида қўйган бўлсангиз, атрофдаги одамларнинг муносабати ҳам ўзгаради. Ҳурмати бошқача бўлади. Мен молиявий тарафлама айтмаяпман. Агар ўзингизга бўлган ишончингизни бошқаларга исботлаб бера олсангиз, атрофдагилар ҳам сизга жавоб реакциясини қайтаради.

Жамиятимиздаги аёллар, ишсизлиги, даромадсизлиги, ночорлиги сабабли зўравонликка ва жабр-зулмга чидаб яшайди. Шунинг учун ҳам аёлларга ишлашини, даромадли бўлишини маслаҳат бераман.

“Аёл қачон иқтисодий эркин бўлса, шунда ижтимоий эркин бўла олади”

Жамила Шермуҳаммедова, Республика Маърифат ва маънавият маркази эксперти, файласуф, сиёсатшунос, жамоатчи, олима:

— Фикримча, бундай вазиятларнинг барчаси маънавий озуқага бориб тақалади. Оиладан келиб чиқади: жаҳолат ҳам, зўравонлик ҳам. Агар ота-она оилада фарзандларига ибрат бўлса, уларга тўғри тарбия бера олса, бундай ҳодиса бўлмайди.

Менимча, ўғил болаларимизни тарбиялашга эътиборни кучайтиришимиз керак. Ҳозир биз фақат қиз болага урғу беряпмиз. Қиз бола саришта бўлиши керак, одобли бўлиши керак. Ия, ўғил бола одобли бўлиши керакмасми? Оиласига, аёлига ҳурмат кўрсатиши керакмасми? Шунинг учун ҳам таълим билан тарбияни уйғунликда боғлаб, фарзандларимизни ўғил бола, қиз бола деб ажратмасдан, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, келажак бунёдкори сифатида вояга етказишимиз керак.  

Эркакларнинг меҳнатсиз даромади, машаққатсиз топилган пули, боқимандалиги ҳам зўравонликка олиб келади. Ўз ўрнида қизларимизни ҳам қўшимча даромадга ўргатишимиз керак. Аёл қачонки иқтисодий эркин бўлса, шунда ижтимоий эркин бўла олади. Шундагина унга қарши зўравонлик бўлмайди.

Яна шуни таъкидлаш керакки, зўравонлик фақат оилада эмас, иш жойларида ҳам бўлмоқда. Булар билан ҳам жиддий курашиш шарт. Мана яқинда Президентимиз томонидан раҳбар ходимларнинг этик нормаси қабул қилинди. Унда раҳбарлар иш жараёнини қандай ташкил қилиши, ходимлар билан муносабатлари қандай бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Энди шу раҳбарлар мазкур нормаларни ўқиб, уларга амал қилиши талаб этилади.

Аёлнинг муваффақияти унинг бош душманими?

Сабина (Эльмира) Бекмуродова, журналист:

Менимча, ҳар бир аёл, нафақат гўзал, балки билимли, муваффақиятли ва иқтидорли аёллар ҳам тазйиқларга дуч келган. Бу жамиятда табиий ҳодисадир. Бунинг сабаби, биринчи навбатда, ривожланишни тўхтатиб, турғун бўлиб қолган ва натижада жамиятда ўз ўрнини йўқотиш, истеъдодли одамлар соясида қолиш қўрқуви туфайли юзага келади. Аммо истеъдодли, билимли ва муваффақиятли аёлларнинг жамоага қўшилиши, икки томон учун ҳам ўз қобилиятларини янада кўпроқ намоён этишга ва натижада, бутун жамоанинг самарадорлигини ортишига  туртки бўлиши мумкин.

Асосан бундай тазйиқлар анчадан бери шаклланган жамоаларда кузатилади. Агар жамоа яқинда шаклланган бўлса, бундай ҳолатлар кам учрайди. Шахсан ўзим жамоамда бундай ҳолатларга дуч келмаганман. Аммо баъзан жамиятда буни ўзимга нисбатан ҳис қиламан, лекин менга бу ҳеч қандай салбий таъсирини кўрсатмайди.

“Аёллар бундай вазиятда кандай чора кўриши керак?” деган саволга жавоб берадиган бўлсам, мен фақат ўз ишингизни қилишни маслаҳат бераман. Ўз устингизда ва билимингиз устида ишлашда давом этинг, малакангизни оширинг. Бу сизни бошқаларга зулм қиладиган одам қиёфасида бўлмаслигингизга имкон беради.

“Келин касал бўлса, онасиникига жўнатадиган қайноналар бор

Лола Абдусамадова, олий тоифали генеколог, тиббиёт фанлари номзоди 

— Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ  аёл мунтазам асабийлашиш организмда стресс гормонларини ишлаб чиқаришга сабаб бўлади. Бу эса организмда кечаётган нормал биохимик реакцияларни ўзгартириб юборади. Оқибатда организмда саратон касаллиги ривожланади. Асабийлашиш, бир-бирини хафа қилиш айниқса, эркакларнинг сўкиб гапириши оқибатида, яхши сўз эшитмаган аёлларда ҳар доим стресс гормони ўйнаб туради. Стресс гормони нафақат саратон, балки биринчи ўринда бўқоқ касаллигига олиб келади. 80% аёлларда бўқоқ касаллиги бор. Эри билан, қайнонаси билан уришса, уйда соғлом муҳит бўлмаса, шу аёлларда бўқоқ касаллиги ривожланади.

Келин ва қайнонанинг оилада статуси тенг бўлиши керак. Келин янги оилага келдими, ўша оиланинг аъзоси ҳисобланади. У ҳам аёл сифатида қабул қилинши керак, хизматкор эмас. 

Албатта, барча қайноналар ҳам баравар эмас. Қабулимга келинларини кўрикдан ўтказиш учун олиб келиб, дори-дармонларини олиб берадиган қайноналарни ҳам кўп учратаман. Бироқ, афсуски, келин касал бўлса, онасиникига жўнатадиган қайноналар ҳам учрайди. Уни даволатиш онасига юкланади. Бу, албатта, нотўғри. Бундай қайноналарнинг ўзини тарбиялаш ишларини олиб бориш керак. Ахир, бу қайтар дунё!

Аёлларнинг келин олиш вақти асосан “климакс” даврига тўғри келади. Ана шу даврда юз берадиган асаб бузилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг аламини келинидан олади. Бироқ бундай вақтда аксинча психологлар ва мутахассислар билан биргаликда қайнона асабини даволатиши керак. Шунда келин билан боғлиқ зиддиятлар вужудга келмайди.

“Турмушдан қайтган аёлни акаси урар экан

Шоира Мирсодиқова, журналист

— Зўравонлик турли инсонлар ўртасида кузатилади. Масалан, она ва бола, қайнона-келин, эр-хотин, ота ва қиз, турмушдан қайтган қизларга ота-она, ака-ука томонидан зўравонлик ва бошқалар.

Ижтимоий тармоқлар орқали менга кўп мурожаат қилишади. Оналарнинг ўз фарзандларига нисбатан тазйиқлари ҳақида гапиришади. 

Қайнона-келин ўртасидаги зўравонликка эса, афсуски сўнгги пайтларда табиий ҳолдек қарашга ўрганиб қолинди. Аслида бу жуда чуқур мавзу. Мен бунда фақатгина қайнона ёки келинни айбламайман. Ҳар иккала томон ҳам ўз ўрнида бу вазиятга жавобгар бўлади.

Эр-хотин ўртасидаги зўравонлик эса асосан оилада аёл кўпроқ пул топиши натижасида намоён бўлади, деб ҳисоблайман. Ҳаттоки, ҳозирда фарзандларнинг тўйларини қилишни ҳам аёлларга юклаб қўйган ҳолатларни кўрамиз. Бу ҳолатда эркаклар “индамасдан зўравонлик қиляпти” дейиш мумкин.

Отанинг қизга нисбатан зўравонлиги асосан уларни ўқиши ва ишлашига қарши чиқиши оқибатида кузатилади. Аёллар ўзини моддий таъминлай олмагани туфайли зўравонликка чидашга мажбур бўлади. Мен шунинг учун ҳар доим қариндошлар орасида қизларнинг ўқиши учун курашиб келганман. Ҳеч бўлмаса ҳунар ўргансин дейман.

Айниқса, турмушидан қайтган қизга ота уй олиб бера олмайди ва у жигарлари томонидан зуғмларга дуч келади. Бугун ҳам айни шу бўйича бир воқеани айтиб беришди. Турмушдан қайтган аёлни акаси урар экан. Агар у ўзини таъминлай олса, акасига қарам бўлмас эди ва бундай зуғмларга чидамаган бўларди.

“Сабр қилиш ва чидаш ўртасида фарқ бор”

Гавҳархоним Мадраҳимова, психолог

— Доим айтиладики, сабр билан чидаш орасида фарқ бор. Сабр қилиш бу келажакда яхши нарсага умид қилиш, сабрининг ҳосилини олишга ишонишдир. Чидаш эса ҳамма ғазабларни, хўрликларни ичига ютишдир. Биринчи навбатда, аёллар чидаяптими ёки сабр қиляптими, шуни аниқлаб олиши керак. Агар аёл сабр қилаётган бўлса, бу вазиятни ўнгласа бўлади. Мутахассислар, диний уламолар, оиланинг катталари ёрдамида тўғри тушунтириш ишларини олиб бориш керак бўлади.

Агар аёл чидаётганини англаса, унда нима қилиши керак? Чидаётганини англагандан кейин, яна савол берилади: ўзимни алдаб нимага чидаяпман, менга бу қийинчиликларга, хўрликларга чидаш нимага керак, бундан нима манфаат оламан?

Кимдир “болам учун чидайман” дейди, яна бошқаси “болам учун чидашим шартми” дейди. Фарзандим бундай нотинч оилада катта бўлиши қанчалик тўғри, деб савол беради.

Агар аёл чидаётган бўлса, унинг ечими фақат ажримми?

Йўқ, ажрим ягона ечим эмас. Баъзида тўғри ечим ҳам эмас. Бахт қидириб топилмайди, у яратилади, дейишади. Бу жуда ҳам тўғри гап. Оиласини барбод қилган тақдирда ҳам, ёлғиз аёл, ажрашган аёл сифатида ўзини бахтли ҳис қила олмайди. Аёл ҳамиша ўз жуфти билан бахтли бўлади. Шунинг учун ҳам аёл бахтини яратиш учун курашиши керак. Ҳаммада вазият ҳар хил. 

Бироқ жуда оғир ҳолатларда психологлар этикасига тўғри келмаса ҳам ажрашишни ва ҳаётни янгидан бошлашни маслаҳат берамиз.

Соҳиба Комиловна


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

167

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг