Амалдорларга савол: “коляска”га ўтириб, зинадан чиқа оласизми?
Таҳлил
−
03 Декабрь 2022
9716Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар расман 860 минг, уларнинг 150 мингдан ортиғини 18 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни нишонланиши арафасида ногиронлиги бор шахслар ёдимизга тушиб қолади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, дунёда 1,3 миллиард киши ногиронлик рўйхатида туради. Янада аниқроқ айтганда дунё аҳолисининг ҳар олтисидан бири ногиронликдан азият чекади.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда 96 144 нафар ногиронлиги бор шахслар қайд этилган. Ундан 52 235 нафари эркаклар, 43 909 нафари эса аёллар. Очиқ маълумотларга кўра, 96 144 нафардан 37 640 таси болаликдан ногиронлиги бўлган фуқаролардир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2021 йил 29 майда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида конвенция”ни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган. Мазкур конвенцияда имконияти чекланган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлаш масалалари аниқ қилиб ёзилган.
“Конвенция Президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан ратификация қилинди. Бу иш билан Ўзбекистон томони ногиронлиги бўлган фуқаролар тўсиқсиз муҳитни яратиш ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашни бўйнига олди”, дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов.
Олий Мажлис Сенати томонидан 2020 йил 11 сентябрда маъқулланган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонунда имконияти чекланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари аниқ қилиб ёзилган:
• Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглигини таъминлаш ва камситилишига йўл қўймаслик – 18-модда;
• Фуқаролик ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи – 21-модда;
• Ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя этган ҳолда лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш – 23-модда;
• Транспорт воситаларининг ва йўл инфратузилмасининг қулайлиги – 24-модда;
• Меҳмонхона хоналарининг қулайлиги – 25-модда;
• Маданий ҳаётда иштирок этишга, дам олишга ва спорт билан шуғулланишга бўлган ҳуқуқ – 27-модда.
Юқорида келтирилган моддалар қонундан бир парча. Аммо энг муҳимларидан, десак муболаға бўлмайди. Имконияти чекланган фуқаролар ҳуқуқлари, уларга берилаётган моддий ёрдам, ойлик тўлов ёки бошқалар ҳақида ҳар қанча гапирилмасин, қонун ижроси вақтида ва тўлиқ таъминланмас экан, "қонун ишлаяпти", деб оғиз кўпиртиргандан фойда бўлмайди.
Қонун қабул қилинишида бош-қош бўладиган сенаторлар унинг ижроси таъминланиши борасида нима дейди?
Инсон қадри улуғлиги ва одамлар ҳар қандай ҳолатда бир-бирига ёрдам беришини айтиб гап бошлаган Сенатор Толибжон Муродовдан “Имконияти чекланганларга тўсиқларсиз ҳаракатланишлари учун шароитлар яратилганми, қабул қилган қонунларингиз амалда ишлаяптими?” деб сўрадик.
“Менга Андижон вилоятидаги бешта туман – Пахтаобод, Избосган, Жалақудуқ, Қўрғонтепа ҳамда Хонобод бириктирилган. Ҳар сафар Андижонга борганимда шу туман ва ундаги муаммолар билан ишлайман. Имконияти чекланган фуқаролар даволанадиган муассасаларга бораман шароитларни кўраман. Олдин барча шароитларни ўрганиб, ундан кейин фуқаролар билан гаплашаман. Уларни биров тўсмайди. Андижонда “коляска”да ҳаракатланиш учун шароитлар бор”, дейди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров.
Қўшни Қозоғистонда ҳоким ногиронлар аравачасига ўтириб, тумандаги қурилишларни текширгани, шу орқали имконияти чекланган фуқароларга яратилмаётган шароитларни ўрганганини эслатиб, собиқ Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсуновга юзландик.
“Имконияти чекланганлар тўсиқсиз ҳаракатланишлари борасида қиладиган ишларимиз кўп. Бу борада йўл хариталари ишлаб чиқилган. Ижро ҳокимиятлари томонидан муаммонинг ечими бўйича қарор лойиҳалари тайёрланмоқда. Муаммонинг якуни бу йилда бўлмайди. Ҳаёт бор – туғилиш, ривожланиш бор. Ҳокимлар ҳудудни “коляска”да айланиши шарт эмас, улар қайси жойда муаммо борлигини яхши билади”, Навоийнинг собиқ ҳокими сенатор Қобул Турсунов.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан халққа мурожаатида мамлакатдаги 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган юртдошларига самимий ҳурмат-эҳтироми ва эзгу тилакларини изҳор этди.
“Ҳозирги вақтда ногиронлиги бор фуқароларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган бир қатор тузилмалар, хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти самарали фаолият кўрсатмоқда.
Ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида бир қатор қонун ҳамда 25 дан ортиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бундан буён бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, жамоат транспорти, ахборот ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан ҳеч бир монеликсиз фойдалана олишига бирламчи аҳамият қаратилади”, деган Президент Шавкат Мирзиёев.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Халқаро ногиронлар куни арафасида эълон қилинган янги ҳисоботига кўра, тизимли соғлиқни сақлаш тенгсизликлари кўплаб ногиронларнинг ўлим хавфини оширади.
Тошкент шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланаркансиз, турли мавзудаги шиорларга кўзингиз тушади. “Имконияти чеклангани – ҳуқуқи чекланган дегани эмас!” Бу ҳам “баландпарвоз” шиорлардан бири. Шиорни катта қилиб ёзиш, унга амал қилишга ундаш ҳисобланади. Шиорни метрога илиб қўйсагу, метрога тушиш имкони берилмаса, “коляска” билан таъминлаб керилсагу зинадан чиқиш имкони бўлмаса, светофор ўрнатсагу кўзи ожизлар учун махсус йўл қурилмаса, ер ости йўлакларига лифт ўрнатсагу у ишламаса, катта CITY'лар қурсагу ҳамма бирдек яшай олмаса, қонунлар қабул қилсагу у ишламаса…
Бу мақолани Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа бир қанча ҳужжатларни қабул қилган ва ижросини таъминламаётган, ишини бажармаётганларни кўра туриб жавобгарликка тортмаётган амалдорларга саволлар билан якунлаймиз.
“Коляска”га ўтириб, зинадан чиқа оласизми?
LiveБарчаси