Ўзбекнинг кетмонини учирган режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан суҳбат
Интервью
−
25 Ноябрь 2022
16123Ўзбек фильмларининг савияси ҳақида сўз очилиши билан ўзбек киноси жар ёқасига келиб қолганини айтадиганлар топилади. Албатта, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман”, “Ёр-ёр”, “Шум бола” ва “Сен етим эмассан” каби ўзбек кино дурдоналарини кўриб кўзи ўрганган одамлар қалбига янги фильм билан йўл топиш мушкул масала.
“Абдуллажон”, “Бомба”, “Яратганга шукур”, “Кичкина табиб”, “Ойижон”, “Осмондаги болалар”, “Ватан”, “Қўрғошин”, “Новда”, “Берлин — Оққўрғон” каби кўпчилик учун севимли ва қадрдон бўлиб улгурган фильмлар режиссёри, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони соҳиби Зулфиқор Мусоқов QALAMPIR.UZ’нинг меҳмонига айланди.
Ушбу махсус видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Улуғбек Худойберганов, мухбир: — Ҳар бир ижодкорнинг ўз илҳом манбаи бўлади. Зулфиқор Мусоқовнинг илҳом манбаи нима?
Зулфиқор Мусоқов, режиссёр: — Ҳаёт.
У.Х.: — Фильмларингиздаги бош қаҳрамонларнинг прототипларини қаердан топасиз?
З.М.: — Прототипларни ватандошларимдан оламан. Масалан, “Берлин-Оққўрғон” фильмида унинг прототиплари кўплаб ўзбек мерганлари. Ана шу вақтда Мамадали Толиповнинг ҳаётини ўрганганман. Ҳар хил йиғма образлар топганман.
У.Х.: — Ўткир Ҳошимов “соғлар айтолмаган гапни, жиннилар айтади”, деган. Сизнинг деярли ҳар бир фильмингизда “довдир” инсонлар образи бор. У образлар ортида қандай маъно яширин? Балки айтолмаган гапларингизни ана шу образлар билан юзага чиқарарсиз?
З.М.: — Одамлар ҳар хил бўлади. Ҳаттоки, беш бармоқ ҳам бир хил бўлмайди тўғрими? О.Генри айтган экан, “Миллатнинг ўз устидан маъюс кулиш қобилиятига эга бўлиши, бу уни руҳий соғлигидан дарак беради”. Шунинг учун “довдир” деган фикрга қўшилмайман. Тўғри сал соддароқ, ўжарроқ, бетга чопарроқ. Бизда бундай одамлар йўқми? Бор. Мен ҳаммасини ҳаётдан олганман. “Ватан”да ўйнаган Гунафша ҳам менинг қариндошларим ичида бўлган, шунақа шаддод, чўрткесар. Эсимда бор, келинойимизнинг узоқ қариндошини ўз кўзим билан кўрганман. Мен асли Оққўрғонликман. Саккиз ёшда эдим. Бўлажак куёв жуда уятчанг эди. Бир куни қизнинг ўзи совчиликка келган, ўғлингиз менга ёқади, тезроқ тўйни қилинглар деган. Кейин тўққизта болали бўлишди.
У.Х.: — Агар хусусий фильм олганимда балки бойроқ, омадлироқ ва ёқимлироқ бўлардим деб ўйлаганмисиз?
З.М.: — Ўзи ҳаётимда бир марта “Суиқасд” деган хусусий фильмни олганман. Яхши чиққан, телевизорда ҳам кўрсатишган. Ўшанда жуда кўп эмас, ҳамма қатори пули тўланган. Бойроқ бўлиб кетармидим деб айтмайман, ношукрлик қилмайман. Менинг данғиллама ҳовлим, саройим йўқ. Мен кинога пулнинг орқасидан келмаганман. Баъзилар “кинодан пул қилиш керак”, дейди, яъни давлатнинг пулига кўз олайтиради. Мен сизларда уят борми, деб айтаман. Давлат берганига раҳмат! Президент Шавкат Мирзиёев: “бизнесмен бўлсанг ўзингга, санъатдек даргоҳга кириб келма, қўлингни торт”, деган. Мен шуни ўз қулоғим билан эшитганман, бир неча маротаба ёзилган, лекин амалда шуни тескариси бўляпти. Бўлса бўлаверсин, мен ўзим учун жавоб бераман. Балки бойроқ бўлардим? Йўқ, балки кўпроқ кино суратга олардим. Бошқалар айтади, бу 30 йил ичида энг кўп кинони суратга олди, еб тўймас экан-да дейишади, лекин амалга ошмаган лойиҳалар борда. Сценарийларни топшириб қўйганман, аммо уларнинг ўқишга вақти йўқ. Бўлмаса “отни калласидек” ойлик олишади, куни билан кабинетда ўтиришади. Энди у саволларингизни ҳаммасини тепадаги бошлиқларга берасиз. Кино учун жавоб берадиганлар бор.
У.Х.: — “Жексон ва унинг набираси”, “Менинг акам Акбар”, “Алвидо, Учқудуқ”, “Ҳотамтой” каби сценарийларингиз бадиий кенгашга топширилган. Ижодингизга эътибор берсак, “Ватан” 3 йил, “Берлин-Оққўрғон” 6 йил давомида бадиий кенгашдан ўтилиши кутилган экан. Сценарийлар бу қадар узоқ вақт кўриб чиқилиши нормал ҳолатми?
З.М.: — Менимча, бу нормал ҳолат эмас. Тўппа-тўғри “Ватан”ни мен уч йил кутганман. “Берлин-Оққўрғон”ни олти йил кутганман. Уни ичида 3-4 та бошлиқ алмашди. Бошқалар “тўрва халта”га солиб, ўн йиллаб битта сценарийсини кўтариб юришади. Кунлар келиб балки ўтар. Учта нусхада топшириб қўйганман. Масалан, “Осмондаги болалар-3” фильмини бир йил кутдим. Бўлмаса сценарийни “Ҳайрат” фильмидан олдин топширган эдим. Айтяпман-ку, менда фақат саволлар бор, афсуски, жавоблар йўқ. Қумга тушган томчидек, уларга одат бўлиб қолган. Фақат тепасида турган бошлиқ сўраса, ҳозиржавоб бўлишади. Мен кимман? Оддий одам бўлсам. Мендан сўрамай, нетмай “Ўзбеккино” агентлиги штатидан — бутун умрим ўтган студиядаги штатдан чиқиб кетинг, деб хат беришди. Сизларни Худога топширдим, деб ёзиб берганман.
У.Х.: — Осмондаги болаларнинг дастлабки икки фильми премьера қилинган вақтда ёш бўлган томошабинлар ҳозир улғайишди, ота-онага айланишди. Улар ҳаёт ташвишлари, муаммолари билан ўралашиб қолган бўлишлари мумкин. Учинчи фильм дастлабки икки фильм мавқейига таъсир қилиши мумкинми? Учинчи фильмда масъулият қанчалик оғир?
З.М.: — Менимча, масъулият олдинги икки фильмдан ҳам оғирроқ. Чунки “Осмондаги болалар-2” олинганига 20 йил бўлди. Бу вақт ичида болаларнинг ўзи бола-чақали бўлди. Тимур Мусоқов яқинда 40 ёшга тўлади. Улар ҳаётда ютуқларга эришди. Энди гап тўрт ўртоқнинг болаларининг тақдири ҳақида. Фильм ҳақида бошқа ҳеч нарса айтолмайман. Бўлмаса сирларни очиб қўяман. Ўзи учинчи фильмни суратга олиш ниятим йўқ эди. Ҳаттоки, Facebook’дан ҳам чиқиб кетдим, нимага? Чунки ҳар куни минглаб хатлар келарди. Эртага уларга жавоб ёзиш ҳам бор эди. Менда уларнинг видеолари ҳам бор, хоҳлаган одамдан сўранг, кутишяпти, томошабинлар кутяпти. Мен тушунмаган сабабларга кўра қоғозбозлик кўп. Бизнинг амалдорларнинг олдига қачон кирмагин вақтлари йўқ. Мен ёш боламанми? Бир марта сўрадим, иккинчи марта сўрадим. Мен давлатдан ўзим учун ҳеч нарса сўрамаганман. Ҳамиша берган ойлигини олиб ишлаганман. Нимадан уяламан ёки қўрқаман? Буни майдакашлик, деб биламан.
У.Х.: — Умуман олганда, мантиқ нуқтаи назаридан сиз каби санъат арбоби, узоқ йиллик тажрибага эга кинорежиссёр учун аксинча ҳаммаси енгил ва осон битиши керак эмасми?
З.М.: — Афсуски ундай эмас. Мен борини айтяпман. Ҳайронман, бу нарсани ҳамма билади. 33 йилдан бери мен яратган фильмларни ойда бир марта беришарди, ҳозир каналлар кўпайиб, ҳафтада бир ёки бир кунда иккита фильмимни кўрсатади. Энди мендан сўрангчи, мен бир тийин бўлса ҳам ишладимми шуни орқасидан? Йўқ. Муаллифлик ҳуқуқи оқсоқ, умуман ишламайди. YouTube’да ҳамма фильмларим бор, кимдир пул қиляпти. Буни кимдан сўрашни ҳам билмайман.
У.Х.: — “Абдуллажон” фильмининг иккинчи номи “Стивен Спилбергга бағишлов” эди. Интервьюларингиздан бирида Спилбергни ўзи ҳам бу фильмни кўриб, ижобий фикр билдиргани ҳақида айтгансиз. Зулфиқор Мусоқовга бошқаларнинг фикри қанчалик аҳамиятли? Атрофдагиларнинг фикри сизнинг хулосаларингизни ўзгартириши мумкинми?
З.М.: — Агар ақлли, ғаразсиз фикр бўлса мен ўйлаб кўраман, лекин мақсад путур етказиш, зарар етказиш бўлса, мен бунақаларни писанд қилмайман, эътибор ҳам бермайман. Очиқ айтаман гинабозлик, туҳмат жуда катта. Мен ўзбек киносида охирги уч йилда бўлаётган жараёнларга менинг муносабатимни билмоқчи бўлсангиз гапиравериб тилимга чечак чиқиб кетди. Очиқдан-очиқ, бировни ҳақорат қилмасдан, кинони орқасидан сочи оқариб, озми-кўпми хизмат қилган инсонни фикри тепадагиларга афзалроқми ёки кеча келиб, умуман кинони тушунмайдиган одамларнинг фикри қизиқроқми? Ўзлари ҳал қилишсин. Мен умримда лавозимга интилмаганман.
У.Х.: — Спилбергни ўзи билан ҳаётда кўришганмисиз?
З.М.: — Йўқ, буни менга япон ҳамкасбларим “Абдуллажон”нинг Токиода бўлиб ўтган биринчи премьерасидан кейин айтишган. Улар шовқин-суронни, дабдабани, қизил йўлакни жуда ёмон кўришади. Жуда камтарин, лекин жуда шинам, 1000 кишилик залда зиёли кеча, премьерани ўтказишди. Спилберг Америкага кетишдан аввал тасодифан NHK студиясида меҳмон бўлибди. Шунда японлар Ўзбекистонлик бир ёш йигит сизга атаб фильм қилган экан, деб менинг фильмимни кўрсатишибди. Спилберг у фильмни инглиз тилида кўргач, кулавериб йиқилиб тушибди. Японлар айтиши бўйича Спилберг шу йигитга ёрдам беринглар, деб айтибди. Шундан кейин “Ойижон” ва “Яратганга шукур” фильмларига буюртма беришди, мана шу икки фильм японларнинг пулига суратга олинган.
У.Х.: — Фильмларингиздаги маънони томошабинлар тушунишадими?
З.М.: — Михалков “мен тушунарли бўлишни хоҳламайман, мени тушунишларини хоҳлайман”, дерди. Бу иккита сўзни орасида жуда катта фарқ бор. Шунинг учун тушунганлар — тушунар. 36 миллион одам ичида ҳамма ҳар хил. Кимдир тушунади, кимдир тушунмайди. Мен ҳеч қачон кассабоп фильм суратга оламан, деб мақсад қилмайман.
У.Х.: — Цензура ҳозирги кунда ҳам борми?
З.М.: — Цензура эмас, бу сценарийни қабул қилаётган одамларнинг маданияти, гоҳида бу уларнинг калтафаҳмлиги, кинони тушунмаслиги ва гинабозлиги, деб ҳисоблайман. Гоҳида жуда аҳмоқона эътирозлар билдирилади. Кинони ҳам, жанрларини ҳам билишмайди, кинодан анча узоқ одамлар сценарийларнинг тақдирини ҳал қилиб ўтирибди. Буни олдин ҳам айтганман.
“Тошкент нон шаҳри” фильмининг сценарий муаллифи, буюк режиссёр Кончаловский айтган, “Халқнинг тақдири унинг маданиятига боғлиқ”. Маданият қанчалик юксак бўлса, ўша халқ ривожланади.
Мана яққол мисол, мен ўз кўзим билан кўрган Япония. Тўртта кичкинагина оролда яшашади, табиий қазилмалар йўқ, Иккинчи жаҳон урушидан кейин “дабдаласи чиққан” мамлакат эди. Уларни нима ривожлантирди? Ички маданият! Бу уларнинг генетикасига ўтиб кетган. Мен қайтиб келганимдан кейин, “оббо, XXIII асрда бўлибман-ку” деганман. Япония мени кўп нарсага ўргатди. Мен ҳаётимдан бахтлиман, нимага? Мен ҳаётимда ажойиб инсонлар билан учрашдим. Бу учрашувлар кўпинча тасодифан бўлди. Бу учрашувлар бир дақиқадан, йилларга чўзилган мулоқотлар. Масалан, мен учун энг даҳо режиссёрлардан бири Акира Куросаванинг қабрига гул олиб борганман. Мен билмабманки, у гулни қабрга қўйиш мумкин эмас экан, кейин дўконга бориб хризантема олиб келганман. Уларнинг мозорини зиёрат қилиб, “менга Такеши Китано билан учрашув қилиб беринг”, десам, “ундан кўра Япония Императори билан учрашув ташкил этишимиз осонроқ-ку”, дейишган. Тўртинчи куни лифтга чиққан эдим, иккинчи қаватдан тирик Такеши Китано чиқиб қолса бўладими? Нима дейишимни билмай, қотиб қолдим. У 17-қаватга чиқди, лекин у қаватга чиқиш мумкин эмасди, қўриқчилар турарди.
Мен кино санъатига 8 синфдалигимда “касал бўлганман”. Алексей Герман “Урушсиз 20 кун” деган фильмини бизнинг қумлоқда олган. Бир куни болалар “тирик Никулин келди” дейишган, кейин кўргани бориб, суратга олиш майдончасида бир ҳафта қолиб кетганман. Меҳнат қилиб топган биринчи пулим эса 6 рубль бўлган. Бир аёл суратга тушишимни таклиф қилган ва ўшанда Юрий Никулиндан 200 метр нарида ўтиб кетганман. Ўша фильмнинг режиссёри 30 йилдан кейин бизга Москвада домлалик қилди. Бориб мен сизнинг фильмингизда чиққанман дейиш мен томондан нокамтарлик бўларди. Кейин унинг ўзи “сен Тошкентданмисан? Мен у ерда кино суратга олганман”, деб айтди. Мен эса сиз фильмни менинг кўчамда суратга олгансиз деганимда кулиб юборган. Мен яна нимадан бахтлиман? Мен жуда кўп адиблар билан учрашдим. Масалан, Германияда Чингиз Айтматов билан икки соат суҳбатда бўлдим, ўша пайтда у Германияда элчи эди. Бир фактни айтсам ишонмайсиз. Биз Чингиз Айтматов билан ижодий учрашув учун катта саройга борганмиз. Унинг атрофида 500га яқин талабалар турарди, биздан 100 маркага билетни сотишимизни сўрашган. Ҳозир мени олдимга шогирд болалар келади. “Чингиз Айтматов ким?” десам билишмайди.
У.Х.: — Бизнинг актёрлар хорижга кўчиб бориши янгилик бўлмай қолди. Лекин улар хорижда ўз касби билан эмас, бошқа касб билан шуғулланмоқда. Бу бизнинг кино мактабимизнинг камчилигими ёки актёрларнинг?
З.М.: — Энди ҳар битта одамнинг тақдири, ўз йўли бор. Кимдир шахсий ҳаётини изга солиш учун, яна кимдир тирикчилик учун боради. Мен чет элда қолиб кетганларни камдан-кам биламан. Ўз соҳаси билан шуғулланаётганлар кам. Бутун дунё ўзини Голливудга урса, ҳар йили бир миллион даъвогар ўз суратини Голливудга юборар экан. Улардан ўнтаси кинога илинса катта гап. У ерда ҳаводан пул қиладиган идоралар, бу кино агентликлари. Интернетдан расм юборинг, дейди, лекин уларнинг ҳисобига 50 АҚШ доллари юбормасангиз расмингизни очиб қарамайди ҳам. 50 долларни сиз ҳавога юборасиз, улар расмни кўрадими ёки йўқ? Афсуски ҳаётимизда ёлғон кўпайиб кетди. Иқтидорсиз инсонларнинг ғаразлиги, бировларга зарар етказиш воқеалари ҳам жуда кўп. Танимай-нетмай бу ким бўлибди? Бугун у ҳақда ёмон гапирасан, сценарийни бадном қиласан, бу фильмни ёмонлайсан, деган буйруққа қараб нима дейсиз бошлиқ-ча дейдиган лаганбардорлар жуда кўп. Одамни кўнгли озиб кетади. Мен уларга йўл кўрсатиб, маслаҳат беролмайман. Умидворманки, бу кунлар тугар.
У.Х.: — Сўнги 5-6 йилда жамиятимизда ўзига хос ўсиш бўлди. 5-6 йил аввал одамлар сиёсат ҳақида гапиришдан қўрққан бўлса, ҳозир муҳокама қилишмоқда. Хорижий хабарларни кузатиш баробарида бунга ўз муносабатларини билдира бошлашди. Лекин киночиларимизнинг қарашлари 5-6 йил аввалги ҳолатда қолиб кетгандек. Бугун жамиятни ўйлантираётган, муҳокама қилаётган дарахт кесаётган ҳокимлар, ҳақиқат учун курашаётган журналист-блогерлар, қамоқда қийноқ кўрган одамлар, зўравонлик қурбони бўлаётган аёллар масаласи эмас, балки маиший масалаларга эътибор қаратаётганига фикрингиз қандай?
З.М.: — Мени таажжублантираётган нарса, ана шу воқеалар содир бўлаётгани. Тўғри интернетнинг ошкоралик йўлида фойдаси кўпроқ. Баъзилар интернет ахлатхона дейишади. Аммо мен биламанки, шуни одамларга фойдаси тегди, бўлмаса кўпчилик бу ҳақда билмасди. Мен бутун киночилар учун жавоб беролмайман, лекин менда савол туғилади “менинг маслаҳатим бировга керакми?” Керак бўлганда ҳам ўз ишини қилиб кетяпти-ку, “гапирса-гапираверсин, менинг тепада паноҳларим бор”, дейдида. Одамларда ишонч йўқоляпти, бу ёмон. Адлия, прокуратура ва судлар жуда кечиримли бўлиб кетди. Бўлмаса ўзлари мана шунақа-шунақа жиноят қилган деб, бир ой-икки ойдан кейин хавфи йўқ экан деб қўйиб юборишади ёки кулгили жарима қўйишади-ки одамлар нима дейишини билмай қолади. Одамларнинг устидан кулиш бўляпти. Бу менинг фуқаро сифатидаги шахсий фикрим.
Умримда ҳеч қачон коллектив хатга қўл қўймаганман. Кўпинча сиз ҳам қўл қўйинг дейишса мен йўқ деганман. Керак бўлганда иш бўйича Президентга хат ёздим, ҳеч кимни ҳақорат қилмасдан. Натижада бош вазир мен билан бир ярим соат гаплашдилар. Лекин амалда… Қўйинг мен кабинетлардан узоқ юраман. Ўзимни ишимни қиляпман бўлди. Бизни халқнинг менталитетига бу нарса мансубдир, уятчанлик, тортинчоқлик баъзида қўрқувга айланиб кетяпти. Қонунни билмаса улар нима қилсин? Содда одамларимизни қўлидан ушлаб олиб “қаёққа борсанг, бор” дейдиганлар кўп. Шунинг учун айтяпманки, ҳар бир миллатнинг тақдири унинг маданиятига боғлиқ. Маданиятсиз одам компьютернинг олдига қўлида болға билан боришига нима дейсиз?
У.Х.: — Бугунги тезлашиб кетган замонда одамлар бир жойда ўтириб кино кўришлари учун хотиржамлик, вақт ва кино завқи етишмаётгандек кўринади. Хориж сериаллари ҳам 80 дақиқалик стандартлардан 40 дақиқалик стандартларга ўтишди. Кинонинг идеал давомийлиги қанча вақтни ташкил этиши керак деб ҳисоблайсиз?
З.М.: — Мен бутун кино учун жавоб беролмайман. Сериалларнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор. Телеканалларга сон керакми ёки сифат керакми? Киноларнинг савияси ҳақида Президент ҳам очиқдан-очиқ гапирди, танқидлар бўлди. Гап шундаки, Фрэнсис Форд Коппола бизга лекцияда айтганки, муаллиф ва режиссёрлар томошабиндан икки-уч қадам олдинда юриши керак. Бизда эса аксинча томошабинни орқасидан рейтинг борку деб қувишяпти.
Ҳозир афсуски шу нарса бўляптики, худди мен телевидениенинг хўжайинидек, такси ҳайдовчилари менга гапиришади. Нимага айтмайсиз дейишади, мени ким эшитади? Мени эшитагидан борми? Биронта катталар билан учрашувга мени чақиришдими? Мен бирор рўйхатда бўлсам, охирги дақиқаларда Зулфиқор ака бирор нарса деб қўймасин деб мени рўйхатдан ўчириб қўйишади. Президент Шавкат Миромонович бир марта ижодкорлар билан учрашув ўтказди, иккинчи марта “Ўзбекфильм” очилишида бўлди. Бирор марта мени чақиришмаган. Бу тасодифми? Ўйлайманки, тасодиф эмас. Агар мени таклиф қилишганида, жаноб Президент аҳвол чатоқ, дердим. Давлат раҳбарининг ўзи ижодкорлар билан биринчи учрашувда, “кино санъати ёш авлодни тарбиялаш, маданиятини оширишда мудофаа вазирлиги билан тенг, баъзида ундан ҳам муҳимроқ”, деган гапларини қулоғимга қуйиб олганман. Ўзим бориб мени қабул қилинг дейишга одам уялади. Керак бўлсам чақиришар.
У.Х.: — Netflix каби халқаро кино платформалар фаолият олиб бормоқда. У ерда муаллифлик ҳуқуқидан тортиб, сифатгача ҳаммаси етарли. Лекин у ерда ўзбек фильмларини кўрмаяпмиз.
З.М.: — Очиқ гап мен интернетдан узоқман. Унинг устаси фаранглари жуда кўп. Менинг фильмларим YouTube’да 18 миллион маротаба кўрилибди. Лекин менга ҳеч ким бир тийин тўламади. Кимдир мен яратган фильмларни интернетда сотиб олган эмиш. Мен интернет ўйинларидан анча узоқман. Мана яқинда ўғлим “iphone” совға қилди. Ишлатолмадим, 10 йилдан буён тугмачалик телефондан фойдаланаман. Мен учун энг муҳими кўп миллатли халқ кўрсин.
20 ёшимда ўзбек тилида зўрға гаплашардим, лекин ўз хоҳишим билан, халқимиз билан яқинроқ бўлиш учун ўзбек тилини ўргандим. Ҳаттоки ўқув курсларида бир шогирдим кастинг қачон бўлади деб сўраганди, кастинг нима дегани? Русча ёки ўзбекча гапир, аммо, икки тилни қориштирма дедим.
Ёшимни яшаб, ошимни ошаб қўйган одамман. Мен фильмларни самимий равишда яратганман. Менинг бахтим шундаки кўп фильмлар халқимиз қалбидан жой олган, бир неча маротаба қайта кўришади. Лекин мен айтаман, нимага ҳамма “Осмондаги болалар”га “ёпишади”? Бошқа фильмлар қилмаганманми? Қанчадан-қанча фильмлар яратган эдим, барибир “Осмондаги болалар” бошқачада дейишади.
Суҳбатимиз охирида бир қайғули нарсани айтмоқчи эдим. Бу мен учун ҳам қарз, ҳам фарз. Афсуски, менинг тирик қолган қаҳрамонларимдан, вафот этган қаҳрамонларим кўпроқ. Вокзалда битта ўзим қоляпман. Мен учун биринчи катта зарба Ҳожиакбар Нурматов бўлди, кейин Тўйчи Орипов, Ҳусан Шарипов, Пўлат Саидқосимов, Тўти Юсупова, Тожибой Норматов, Рима Аҳмедова, Фарангиз Режаметова, Рихсивой Муҳаммаджонов, “Осмондаги болалар” мусиқаларини ёзган Анвар Эргашев, доимий рассомим Садриддин Зиёмуҳаммедов улар менинг ҳаётим эди. Фатҳулла Маъсудов вафотидан кейин ўзимга келолмай бир ҳафта касалхонада даволаниб чиқдим. Мени доимий директорим Насруллохон Сагдуллаев. Гоҳида аёлим бунақада ўзингизни бериб қўясизку деб айтади. Мен ишонган, ҳурмат қилган одамларим кетиб қоляпти. “Берлин–Оққўрғон” фильмида кўринг, сочини олиб келди. Бўлмаса Миллий театр директори эди. Мирза Азизов, Обид Юнусов ҳам оламдан ўтди. Мана шу инсонларсиз мен шунча фильмни яратолмасдим. Мен уларнинг фарзанди эдим. Улар бизнинг миллий бойлигимиз эди.
Баҳодир Йўлдошев билан жуда кўп суҳбатлашганмиз, мен кўп марта фильмларимда ўйнашларини илтимос қилганман. “Ватан”да чолни улар ўйнашларини режа қилгандик. Лекин менинг театрда ишларим бор, вақтим йўқ, ўғлимни ўйнатавер дедилар. Мен “Бобур Йўлдошев ёшлигидан менинг фильмларимда роль ижро этиб катта бўлдику”, дедим.
Кўплар “нега фақат бир хил актёрларни танлайсиз?” деб сўрайди. Мен 20 дан зиёд номларни кашф қилдим. Шахзода Матчоновани кўчада кўриб қолиб, хотинимга “мана шу қизни чақир” деб айтганман. Яқинда чиқадиган “Ҳайрат” фильмида иқтисодиёт фанлари доктори ўйнади. Баъзи бир актёрлар рашк қилиб келишади, нимага Бобур Йўлдошев билан Раъно Шодиевага ёпишиб олгансиз дейишади. Интилганга толе ёр! Тоза кўнгил, тоза юрак билан санъатга қўл урсангиз мақсадга эришасиз! Сизларга тинчлик ва соғлик тилаб қоламан.
У.Х.: — Бугунги суҳбат учун сизга катта раҳмат!
LiveБарчаси