Даврон Файзиев ЖЧдан нималар кутяпти?

Интервью

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Қатарда тўрт йилликнинг энг йирик футбол мусобақаси Жаҳон чемпионати старт олди. Охирги марта 32 та жамоа қатнашадиган турнир аллақачон шиддатли тўқнашувлари билан дунё эътиборини ўзига қаратиб олди. Жорий мундиал сенсациялар, ҳакамларнинг ўзига хос қарорлари, жароҳатлар билан мухлислар ёдида қолиши аниқ. 

2018 йилда Россия мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатинг ғолибини тўғри тахмин қила олган таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев Қатар мундиали ҳақида ўзининг қизиқарли маълумотлари, таҳлилий фикрлари билан ўртоқлашиб, жорий ЖЧда қайси жамоа чемпион бўлиши мумкинилигини ҳам тахмин қилди. Шунингдек, QALAMPIR.UZ Даврон Файзиевнинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси, Элдор Шомуродовнинг келажаги ва “Пахтакор” стадионида рус букмекерлик компаниясининг рекламаси айлангани билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги фикрлари билан ҳам қизиқди.

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Қуйида ушбу интервьюнининг матнини ўқиш имкони мавжуд. 

Шаҳзод Шукуров, мухбир: — 2019 йилда ЎФА матбуот ва медиа департаменти раҳбарига айландингиз. Бу сизнинг журналистик ва шарҳловчилик фаолиятингизга қай даражада таъсир қилди?

Даврон Файзиев, футбол шарҳловчиси: —  Мен терма жамоага журналист сифатида қарамайман, чунки терма жамоанинг матбуот котибиман, шу жамоанинг бир қисмиман. Ҳамма жойда шу жамоанинг манфаати ва шарафини ҳимоя қиламан. Шунинг учун бу саволга менинг позициям объектив бўлиши мумкин. Объектив ва журналистик йўналишни бирлаштириб жавоб беришга ҳаракат қиламан. Ўйлашимча, Сречко Катенец терма жамоага ўзининг тушунча ва ғояларини сингдиришни бошлади. Даставвал, осон бўлгани йўқ, шунингдек, терма жамоага баҳо берадиган даражадаги ўйинлар ҳам бўлмади. Терма жамоанинг ўйинига баҳо берадиган вазият нисбатан кучи яқинроқ жамоалар билан ўйинлар ташкил этилганда юзага келади. Куз ойларида ташкил этилган ўртоқлик ўйинлари терма жамоани Катанец бошчилигида қандай ҳолатда бўлишини кўрсатиб берди. Ўйлашимча, Қозоғистонга қарши баҳсда терма жамоамиз бир йил ичидаги энг яхши ўйинини кўрсатди. Ҳамма позицияларда футболчилар яхши ўйнайди, дарвозабон супер сейв ижро этди, Шомуродов яйраб тўп сурди, айниқса, менга ёққани таянч ярим ҳимоячиларимизнинг ўйини бўлди. Отабек Шукуров ва Одил Ҳамробеков майдон марказини эгаллашди.

Катанец ҳимоядаги эксприментларни секин-аста тизимга айлантириб боряпти. Агар таркибга Машарипов ҳам қайтадиган бўлса, терма жамоамиз Россияни ҳам юта оларкан деган хулосага келдим, лекин камчиликларимиз бор. Муаммоларни Осиё кубогига қадар бартараф этамиз.

Ш.Ш.: —Элдор Шомуродовнинг келажаги ҳақида нималар дея оласиз? Шомуродов рақобат жуда ҳам кучли бўлган "Рома"да қолиб, асосий таркиб учун курашгани яхшими ёки бирорта ўртамиёна жамоага ўтиб, ўзига асосий таркибдан жой кафолатлагани маъқулми?

Д.Ф.: —  Моуриньонинг унга муносабатидан келиб чиқиб фикр билдирадиган бўлсак, кетиши керак. Моуриньо Шомуродовга сал бўлса ҳам имконият бермаяпти. Шунинг учун, Элдор бошқа вариантларни кўриб чиқиши керак. Иложи борича, А Серияда қолгани яхши. 

Ш.Ш.: — Ўзбекистон - Россия ўйини вақтида “Пахтакор” стадионидаги таблоларда рус букмекерлик конторрасининг рекламаси айланиб турди. Биламизки, Ўзбекистонда қиморга асосланган ўйинларни реклама қилиш қонунга зид. Бу ҳолат қандай содир бўлди?

Д.Ф.: —  Иккита ассоцияциянинг ўзаро юридик келишувлари борки, уларнинг маълумоти шахсан менга тақдим этилмайди. Тақдим этилмагани учун ўзим ҳам бу мавзуда батафсил маълумотга эга эмасман, лекин тушунишимча, Россия терма жамоасининг талаб ва мажбуриятларидан бир эди бу ва қандайдир шартномаларда бу ҳолатнинг содир бўлишига келишув сабаб бўлган. Бу менинг тахминим, мазкур ҳолат бўйича аниқ маълумотга эга эмасман. 

Ш.Ш.: — Бугунги кунда Ўзбекистонда мухлислик маданияти қандай ҳолатда деб ўйлайсиз?

Д.Ф.: —  Биздаги мухлислик маданиятини жуда ёмон ҳолатда деб бўлмайди. Биз маданиятли халқмиз, аммо баъзида ишқибозларнинг рақиб жамоага, расмийларга нисбатан ҳурматсизлик ва шунингдек, ўз жамоаларига нисбатан ҳам эътироз билдирган ҳолатларини кўряпмиз. Ғалаба ва мағлубият спортда ёнма-ён юради. 90 дақиқа майдонда тўп тепган футболчиларни сўкиб кузатиб қўйиш нотўғри.

Ш.Ш.: — 2018 йилги мундиалда қилган тахминларингиз ўзини оқлаганди, яъни сиз айтган жамоа Франция якунда ЖЧ ғолиблигини қўлга киритган. Қатар мундиалида қайси жамоанинг чемпион бўлишини тахмин қиляпсиз?

Д.Ф.: —  Бир қанча ўйинларни кўришга улгурдик ва бу ҳолат ҳам тахминларга таъсир қилиши мумкин. Англия ва Испания зўр ўйин кўрсатди, лекин аввал ҳам бир қанча ресурсларда айтгандим: Бразилия кучлироқ кўриняпти.

Ш.Ш.: — Клублар футболида номи чиқмаётган қайси футболчилар мундиалда дунё футбол жамоатчилигига ўзини эслатиб қўйиши мумкин? 

Д.Ф.: —  Бу саволга жавоб бериш қийин. Ҳозир уларни эслашга тўғри келяпти. Испанияда шундай футболчи бўлиши мумкин, кеча Асенсио ўзини кўрсатди. Азарни айтмасак, лидерларнинг ҳаммаси клубида ҳам яхши ўйнашади. Масалан, Батшуаи одатда клубида захирада ўтирарди, лекин терма жамоада Лукакунинг ўрнини сездирмасдан яхши ўйнаб берди. 

Ш.Ш.: — Аргентина илк турда кутилмаган натижа қайд этди. Марадона ватандошлари гуруҳдан чиқа олади деб ўйлайсизми?

Д.Ф.: —  Аргентинани ютқазган ҳолатида ҳам барибир гуруҳ фаворити деб ўйлайман. Менимча, қолган иккита ўйинда ютади ва гуруҳдан чиқади. 

Ш.Ш.: — ЖЧда қайси қарама-қаршиликни кўришни хоҳлаяпсиз ва нима учун?

Д.Ф.: —  Албатта, Португалия-Аргентина тўқнашуви. Сабабини ҳам ҳамма билади.

Ш.Ш.: — Сизнингча, ушбу Жаҳон чемпионатидаги Португалиянинг натижаси Роналдунинг кейинги манзилини белгилаб берадими?

Д.Ф.: —  100 фоиз. Балки, Роналду бирорта клуб билан келишувга эришиб қўйгандир. Агар, ҳеч қайси клуб келишиб билан қўймаган бўлса, ЖЧда зўр ўйнаса, Роналдунинг “МЮ” ҳақидаги танқидлари тасдиғини топади. Мабодо тескариси бўлса, демак бўлди Роналду етиб келди деган хулоса келиб чиқади.

Ш.Ш.: — ЖЧда ҳакамлар асосий вақтга одатдагидан анча кўп вақт қўшиб беряпти. Бу ҳолат футболчиларга қай даражада таъсир қилади?

Д.Ф.: —  Шарҳловчига ортиқча таъсир ўтлазмайди, лекин футболчиларга таъсир қиляпти. Бу қандай принцип эканлигини билмадим. Машҳур ҳакам Каллина тоза ўйин вақтини кўпайтирмоқчимиз деб айтиб ўтди. Тоза ўйин вақтини кўпайтиришнинг бошқа йўллари ҳам бор, лекин FIFA шу йўлдан борди. Ҳакамлар ўйинга жуда кўп вақт қўшиб беряпти, бу эса футболнинг томошабоплигига таъсир ўтказади.

Ш.Ш.: — Япониянинг Германия устидан қозонган ғалабаси ҳақида фикрингиз қандай? Германия кетма-кет 2 та мундиалда дастлабки ўйинда мағлубиятга учради. Бу нимадан далолат беради?

Д.Ф.: —  Чемпион бўлган жамоаларда сал пасайиш бўлар экан. Бир неча турнирларда шундай ҳолат кузатилди. Германиянинг ҳам футболида пасайиш бўлди, деб айта оламиз. Германиянинг олтин авлоди бор эди, аммо у авлод футболчилари бирин-кетин термани тарк этди. Ҳозирги авлод футболчиларнинг кўпини ҳали клубда ҳам етакчи бўла олди, дея олмаймиз. Германиянинг ҳозирги муваффақиятсизлигига авлодлар алмашинуви таъсир қиляпти, деб ўйлайман.

Ш.Ш.: — Франция - Австралия ўйинини шарҳлаб бордингиз? Кўпгина етакчиларидан фойдалана олмаётган Францияни ҳали ҳам мундиал фаворити дея оламизми? Нима деб ўйлайсиз?

Д.Ф.: —  Шу туришида ҳам Франция Нидерландиядан кучсиз эмас. Ҳозирги ҳолатида ҳам французларнинг Португалия билан даражаси бир хил. Шунинг учун Францияни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ўйини чиқса Франция ҳамон хавфли жамоа.

Ш.Ш.: — Сизнингча, Испания терма жамоасида якунда қайси фактор кучлилик қилади: иштиёқ ёки тажрибасизлик?

Д.Ф.: —  Испаниянинг мундиалдаги дастлабки ўйинига қадар жамоанинг узоқроққа бора олишига бироз шубҳам бор эди, аммо Энрике жамоани бирлаштириб бўлибди. Жамаоада Альба, Бускетс каби тажрибали футболчилар ҳам бор. Бу жамоа узоққа бора олади.

Ш.Ш.: — Биринчи бўлимдаёқ ўйин тақдири ҳал бўлганда телекран қаршисида аудиторияни ушлаб қолиш учун нималар қиласиз?

Д.Ф.: —  Биринчи бўлимдаёқ ўйини тақдири ҳал бўлган ўйинлар камайиб кетяпти. Агар шундай ҳолат юз берса, шарҳдаги финтларни ишга туширамиз.

Ш.Ш.: — 8 та жамоагина мундиалларда чемпион бўла олган. Булар Бразилия, Германия, Италия, Аргентина, Франция, Уругвай, Англия ва Испания. Қатар мундиалида янги чемпионларни кўришимиз мумкинми ва бу борада қайси терманинг имкониятлари кўпроқ?

Д.Ф.: —  ЖЧда янги чемпион пайдо бўлиши қийин масала. Балки, Португалия бўлар, лекин бу ҳам қийинга ўхшайди. Катта эҳтимол, эски чемпионлар яна ғолибликни қўлга киритса керак.

Ш.Ш.: — “H” ва “G” гуруҳлари жамоаларининг имкониятлари ҳақида фикрингиз қандай? Биламизки, бу гуруҳда Бразилия, Португалия, Уругвай каби жамолар бор.
Д.Ф.: — Бразилия ўз гуруҳидан муаммосиз чиқса керак, биргина Сербиянинг қаршилигини инобатга олмаса, беш карра чемпионлар бу гуруҳдан осон чиқади. Португалияда эса вазият қийинроқ. Уругвайнинг юлдузлари Португалияникидан кам эмас. Жанубий Корея эса сюрприз қилиши мумкин бўлган жамоа ҳисобланади. 

Ш.Ш.: — Қайси терма жамоа Қатар мундиалида кашфиёт бўлишини кутяпсиз?

Д.Ф.: —  Сербия. Олдин нормал натижа қайд этмаган жамоалар орасида Сербияянинг таркиби жуда кучли кўринишга эга. Кўряпмизки, Саудия, Япония каби давлатлар локал сенсациялар кўрсата олади. Узоқроққа бориш ҳақида гап кетар экан, Хорватиянинг 2018 йилда кўрсатган "ҳунарлари"ни фақатгина серблар қайтара олса керак.

Блиц саволлар

—Кучлироғини танланг: Марадонанинг Аргентинаси ёки Месси бошчлигидаги Аргентина?

—ЖЧда ғолиб бўлгани учун Марадонанинг Аргентинаси.

— Қайси Осиё жамоаси мундиалда узоқроққа боради деб ўйлайсиз? Саудия Арабистони ёки Япония?

—Саудия Арабистони.

—Нойер ёки Куртуа?

—Куртуа.

—Мундиалда қайси клуб футболчилари кўпроқ муваффақият қозонади?

—“Барселона”.

—Ҳозирги Роналду кўпроқ қайси чемпионатга мосроқ тушади АПЛ, Ла Лига ёки MLS?

—МLS’га борса юлдуз бўлади, лекин АПЛ ёки Ла Лигада қолгани яхшироқ. Ла Лига унга мосроқ.

Ш.Ш.: — Мундиалдаги терма жамоаларнинг позицияларидан келиб чиқиб, терма жамоа тузиб беринг?

Д.Ф.: — Дарвоза: Белгия Ҳимоя: Бразилия Ярим ҳимоя: Испания-Англия Ҳужум: Бразилия-спания-Англия.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг