Алвидо, Ортиқхўжаев! Энди навбат кимга? Ёхуд одамлар одамдек яшашни истаяпти

Таҳлил

2019 йил. Хорижда архитектура ва инфратузилма лойиҳалари қуришда кўп йил тажриба орттирган танишларимдан бири бугун сиз қурт еган конфетни ҳам чиройли қоғозга ўрагандек, пойтахт Тошкентни устидан безашга ҳаракат қиляпсиз. Лекин асл муаммо Тошкент остида пайт пойлаб ётибди, у бўй кўрсатганда эса анча вақтни бой берган бўласиз, деган эди. Ўшанда унинг гапларини жиддий қабул қилмаган эдим. Жорий ҳафтада мамлакатнинг бошқа ҳудудлари қаторида унинг юрагида газ, электр энергияси, сув билан содир бўлган ҳодисалар айнан ўша танишимнинг гапини ёдимга солди. Сон-саноқсиз қурилишлар, Тошкентнинг вертикал кенгаши, 1 та ҳовли ўрнига қурилган 20 хонадонли кўп қаватли уйлар ва унинг ортидан газ ва электр энергияси сарфининг ортиши, юкламалар Тошкентимизни шу кунга олиб келди.

Бу ва бошқа воқеалар ҳақидаги Ҳафта таҳлилини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин

Хайр Ортиқхўжаев ёхуд Тошкент муаммолари ҳоким билан кетдими? 

Гапни бежиз Тошкентдаги муаммоларни айтишдан бошлаганим йўқ. Ўтган ҳафта бошланиб, тугаётган ҳафтада ҳам давом этган қақшатқич совуқ ҳақиқатан ҳам Тошкент остида сақланиб ётган қатор муаммолларни аниқ ва равшан кўз ўнгимизга чиқариб берди. Манаман деган бойлар, казо-казоларнинг ҳам уйи газ ва “свет”сиз қолди. Тошкентнинг энг олди туманларида ҳам газ ва “свет” ўчди. Одамлар туман электр тармоқлари корхоналарига тўпланиб, оддий чилангарларни саволга тутди. Уларда нима айб? Гўё “свет” бору улар бермай ўтиргандек. Бундай ҳодисалар ортидан 16 январь, душанба куни тонгда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказилди. 

Президент бундай қишга мамлакат энергетика тизими умуман тайёр эмаслигини тан олди. 

Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслигини кескин танқид қилди. Қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди. Давлат раҳбари Ортиқхўжаевни ушбу мажлисгача, якшанбадан душанбага ўтар кечасининг ўзида ишдан олиб бўлган. Президентга кўра, қишнинг аёзида Тошкентдаги 584 та маҳаллладан 120 тасида суткалаб электр энергияси бўлмаган. 

Хўш, Ортиқхўжаевнинг хатоси нимада эди? Президентнинг қайд этишича, пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмаган, бунинг оқибатида  рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетган. Қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаган. 

Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига "ҳайфсан" берилди.

Шу ўринда савол туғилади: “свет” ё газнинг эгаси Ортиқхўжаевми? Ҳукумат қаерга қараган? Нега ёзнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик масаласи бўйича жиддий тайёргарлик қилинмаган, назорат амалга оширилмаган? Бу савол айни вақтда Президентни ҳам қийнаяпти. 

Айни вақтда қишдаги энергетик инқирозга фақат қуйи тизимдагилар айбдор қилинаётгани жамоатчиликда ҳам эътирозларни уйғотмоқда. Хусусан блогер Саодат Абдузокирова биринчи навбатда Бош вазир Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари Очилбой Раматов Ҳукумат билан истеъфога чиқиши кераклигини айтди. 

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ортиқхўжаев 2018 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳар ҳокими ўлароқ иш бошланида Президент Шавкат Мирзиёев уни бюрократ бўлмаган кадр сифатида таништириб, тадбиркор бўлгани учун ҳам тадбиркорларнинг муаммоларини тушунишини айтган эди. Ортиқхўжаев ўз номи билан тадбиркор ва у шаҳарни ҳам шунга мослаштирди. Шаҳар катта савдо мажмуасига айланиб қолди. Пулинг бўлса марказда яшайсан, бўлмаса, "соррй" сен чиқмасанг, ўзимиз сиқиб чиқарамиз, дегандек қанчадан қанча Тошкентнинг қоқ марказида яшаётган тошкентликлар Сергелига олиб бориб қўйилгани ёлғонми? Яна нима кутгандик ундан? Албатта, бугун ундан, қилган ишларидан розилар ҳам талай. Бироқ, давлат ундан бошқа нарсаларни кутгани Президентнинг айтганларидан яққол аён. 

Шу куни йиғилишда "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдураҳмонов ва ўтган йилдан буён электр энергиясидаги узилишлардан огоҳлантириб келаётган, агар очиқ бозор шаклига ўтиб, инвесторлар жалб қилинмаса аҳвол бундан ҳам баттар бўлишини бир неча бор айтган ва журналистлар орасида тўғрисўз одам сифатида эътироф этилган Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳам лавозимидан озод этилди. 

"Ҳудудий электр тармоқлари" раҳбари Улуғбек Мустафоев, "Ўзтрансгаз" раҳбари Беҳзод Норматов, “Ўзбекнефтгаз” раҳбари Меҳриддин Абдуллаев лавозимидан озод этилиб, вақтинча вазифасини бажариши белгиланди ва уч ой синов муддати тайинланди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага лавозимидан озод этилганларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш топширилди. Бироқ, Ортиқхўжаевни ҳам прокуратура ва ДХХ текширади деб ўйласангиз хато қиласиз. Ортиқхўжаев ҳокимликдан кетсада, ўзида Тошкент шаҳар депутатлигини ва сенаторликни, бу орқали эса дахлсиз ҳуқуқини сақлаб қолмоқда. 

Дарвоқе, Ортиқхўжаев ўрнига Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариш унинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга юкланди. Қизиқ, Тошкентдаги муаммоларга бош-қошлардан бири Раҳмоновнинг ўзи-ку. У айнан у архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари бўлган. Демакки, юқорида саналган муаммоларнинг кўпи унга келиб тақалади. Хўш, ҳоким ўринбосари бўлганида Тошкентда келиб чиққан шунча муаммони Раҳмонов ҳоким бўлгач ҳал қила олармикин. Дарвоқе, у иш бошлаган биринчи куннинг ўзидаёқ аҳолига бир ҳафтада газ ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар ечилишини ваъда қилди. Лекин ҳафта охирлади ҳамки, ваъдасининг устидан чиқа олгани йўқ. Аксинча, Ортиқхўжаевнинг йирик савдо мажмуалари иш вақтини чеклаш ва соат 10:00 дан 17:00 гача этиб белгилаш бўйича қарорини кичик дўконларга ҳам тадбиқ қилди. Шаҳардаги айрим кўчалар буткул чироқсиз қолди, ҳатто, катта чорраҳаларда ҳам соатлаб светофор ишламади. 

Президентнинг қисқарган сафари

Мамлакатдаги сўнгги воқеалар, пойтахт Тошкентда электр энергияси ва газ билан келиб чиққан муаммолар сабаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16-18 январга режалаштирилган Сингапурга давлат ташрифи 3 кундан 1 кунга қисқартирилди.  

Президент 17 январь куни Сингапурга етиб борди ва Мирзиёев Президентлиги давридан буён олти йилда биринчи марта Президент Матбуот хизмати унинг хорижий сафарга жўнаб кетгани ҳақида хабар бермади. Ташриф ҳақидаги биринчи хабар бир неча учрашувлар ўтказиб бўлингач, эълон қилинди. 

Ташриф доирасида Президент Мирзиёев Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб билан учрашув ўтказди ва уни Ўзбекистонга таклиф қилди. Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан, давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида 8 та ҳужжат алмашилди. Савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди. Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компанияси ташкил этилиши белгиланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига ном бериш маросими бўлиб ўтди. Гулга “Шавкат Мирзиёев орхидеяси” номи берилди.

Президент 18 январь куни Тошкентга қайтиб келди. 

Мирзаев ва Ҳидоятовда ҳам ишлар чатоқ 

Боя Президент ўтказган йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам танқидлардан бебахра қолмагани, давлат раҳбари унга огоҳлантириш, вилоятнинг Чирчиқ шаҳри ҳокими Даврон Ҳидоятовга эса “ҳайфсан” берганини айтиш ёдимдан чиқибди. Аммо бу огоҳлантириш ва ҳайфсанлардан кейин вилоятда эътирозлар тингани йўқ. Зангиота тумани аҳолиси Мирзаевга видеомурожаат йўллаб, қиш тугул ёзда ҳам “свет” берилмаслигини айтиб, оҳ урса, Чирчиқ шаҳрида аҳоли электр энергияси йўқлиги сабаб йўлни тўсиб қўйди. 

Шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа жойига ҳоким Даврон Ҳидоятов етиб келиб, аҳолидан узр сўраган ва электр энергияси тикланишини ҳоким шахсан назорат қилган. Шундан 40 дақиқа ўтиб, аҳоли электр энергияси билан таъминланган. Маҳалладаги эски трансформатор таъмирланган, шунингдек, янги трансформатор олиб келинган. 

Кейинги ҳолатда эса Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонасининг диспетчерлик пунктига одамлар электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норозилик билдириб тўпланган. Шу вақт 35 ёшли аёл электр таъминоти корхонаси монтёрининг ортидан келиб, унинг бўғзига пичоқ тираган ва уни ўлдирмоқчи бўлган. Ходим эса қўлидан ҳеч нарса келмаслиги, муаммолар унга боғлиқмаслигини айтиб, бамайлихотир “сўйсанг сўй” деб тураверган. 

Мазкур ҳолат бўйича Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Заҳарланган қурувчилар

Тугаётган ҳафтада Тошкентдаги қурилиш компанияларининг бирида 20 нафар ишчи овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълум қилди. 

Ишчилар Республика ихтисослаштирилган эпидемиология микробиология ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази қабул бўлимига овқатдан заҳарланиш эҳтимоли билан олиб келинган. Бироқ, бу қайси қурилиш компанияси ходимлари эканига аниқлик киритмаган. 

Орадан кўп ўтмай, Бош прокуратура QALAMPIR.UZ’га Тошкентдаги Nest One турар жой мажмуасини қуриш ишлари билан шуғулланаётган хорижий компаниянинг 9 нафар ходими ўткир ичак инфекцияси билан касалланганини маълум қилди. 

Қурувчилар озиқ-овқат ташкилотларидан бири томонидан объектга етказиб бериладиган маҳсулотларни истеъмол қилган.

Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговолди текширувлари давомида ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Прокуратура жиноят иши қўзғатган ҳолатнинг биринчи воқеаликка алоқаси бор-йўқлиги аниқ эмас. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хабарида 20 киши овқатдан заҳарлангани айтилган, прокуратура хабарида эса 9 нафар. Икки хабарни қўшиб ҳисобласак, шу кунларда Тошкентда қурилиш компаниясининг 29 нафар ходими овқатдан заҳарланган ё прокуратура берган рақам бирламчи маълумотдагидан 11 тага фарқ қиляпти. 

Операция қилинган Назарбоев ва ҳамон ош-қатиқ Путин

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўтган ҳафта мамлакатда унга берилган Элбоши рутбаси ва фарзандларининг дахлсизлик ҳуқуқи ва ўзининг сенаторлик ваколати тортиб олинганини кўтаролмаган чоғи бу ҳафта юрак хасталиги билан шифохонага тушди. 82 яшар Назарбоевнинг юраги операция қилинди ва жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. 

Операция Миллий илмий кардиожарроҳлик марказида машҳур кардиожарроҳ Юрий Пя раҳбарлигида ўтказилган. 

Шу куннинг ўзида Россия Президенти Владимир Путин Назарбоевга тезроқ соғайиб кетишни тилагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо Россия раҳбари сайтида ҳеч қандай мактуб юборилгани ёки телефон суҳбати ҳақида хабар берилгани йўқ. Президент Матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг тилаги ҳақида журналистларга ахборот бергану лекин бу тилак қайси йўллар билан етказилганига аниқлик киритмаган. Бундан кўринадики, Путиннинг ҳамон Назарбоев билан норасмий алоқаси давом этмоқда. 

Ҳа бу орада Қозоғистон ҳақида бошқа муҳим хабаримиз ҳам бор. Тугаётган ҳафтада Қозоғистон Республикаси парламенти Мажлис тарқатиб юборилди ва янги парламент қуйи палатасига муддатидан олдин бўладиган сайлов жорий йилнинг 19 мартида ўтказилиши белгиланди. Шунингдек, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев барча даражадаги маҳаллий вакиллик органлари ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармонни ҳам имзолади. Марказий сайлов комиссиясига навбатдан ташқари депутатлар сайловини тайинлаш, унга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш чораларини кўриш топширилди.

Янги Ўзбекистон: прокурор – тўра, ўқитувчилар хор – куради қор

Ўтган ҳафтадаги дастуримизда минбарлардаги айтилаётган гапларга қарамай, Янги Ўзбекистонда ҳам ҳамон ўқитувчиларга қулдек ишлатилаётгани, ударга тўраларча муносабат давом этаётгани ҳақида сўз очгандик. Бунинг исботи ўзини узоқ куттирмади. Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Қобилжонов мактаблардан бирини кўздан кечираётиб, муассаса ҳудуди қордан тозаланмаганидан эътироз билдиргани тасвирланган видео тарқалди.

Ушбу видеодан сўнг инглиз тилига ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчилари мактабни тозалашга чиқарилган. Ўтган ҳафта ҳали таътилни узайтариб, ҳали қисқартирилиши ортидан билдирилган қатор эътирозларга миқ этмаган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бу воқеани шунчаки ўтказиб юбормади. У ҳолат юзасидан муносабат билдириб, бу воқеа Бош прокуратура назоратига олинганини маълум қилди. 

“Бош прокуратура раҳбарияти билан гаплашдим, ҳолат айни дамда назоратга олинган ва ўрганилмоқда. Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан педагог ходимларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланганини эслатиб ўтаман. Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди”, дейди Умарова. 

Қизиқ, у ўтган ҳафта таътил бир узайтириб, бир қисқартирилиб, ўқувчию ўқитувчи сарсон қилинганда, ўқитувчиларга ярим кечаси ўқувчиларга дарсга чақирув хабарларини бериш топширилганда ҳам шу фикрдамиди? Нега ўша заҳотиёқ ўз позициясини билдириш ўрнига, бутун ваколатни ҳокимлар қўлига топшириб, қўпол қилиб айтганда, ўқитувчиларни яна ем қилиб берди. 

Хуллас, Ҳилола Умарованинг ваҳимасидан кейин прокурор бирор оғирроқ жазо олади ё учиб кетадиёв деб ўйлагандик. Эй қаерда, Тошкент вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Қобилжонов фаолиятда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун интизомий жазога тортилган. "Ну зато" мактаб қордан тозаланган. 

Шундан сўнг прокурор мажбурий меҳнатга жалб қилинган ўқитувчилардан узр сўраб, видеомурожаат йўллаган. У ўқитувчиларни қор курашга чақирмаганини, аксинча, мактаб маъмуриятига ҳолатни бартараф этиш учун масъул ходимларни жалб қилишни сўраганини рўкач қилди. (!)

Нима? Прокурор нималар деяпти? Ахир у эмасми биринчи видеода "ҳаммаёқ тозаланмаган, ўқитувчилар йўқ, ойлик олиб ётишибди", деган. Хуллас, узрларимиз, узрчи ҳоким ва прокурорларимиз бор бўлсин. Улар бериладиган интозомий жазолар эса ҳе-е-еч тугамасин. 

Қадри ҳам, қиймати ҳам ошган пиёз

Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон бозорларида суякли мол гўшти, қўй гўшти, картошка, пиёз, сабзи, тухум, гуруч нархлари ошди. Улар орасида наарх ошиши кескин таъсир қилган маҳсулот пиёз. Энди нафақат арчилган ҳолда, балки арчилмаганида ҳам кўзингизни, ҳатто, юрагингизни ҳам ачиштиради. Бозорларда пиёз қадри ортиб, 10 минг сўмдан сотиляпти. Агар уни ҳам топа олсангиз. Айрим жойларда 12 мингга чиққанн ҳолатлар ҳақида хабар топдик.

Пиёз нархининг кескин кўтарилиши ортидан Ҳукумат ички истеъмол бозор нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг 1 январидан 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов ўрнатди. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги агротехнологиялар бош бошқармаси бошлиғи Зафар Ортиқов бугунги кунда ҳудудларда жами 319 минг тонна пиёз маҳсулоти борлиги тасдиқланиб, жойларда пиёз захираси мавжудлиги айтилган.

Лекин мутахассисларнинг таҳлиллари аҳоли истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз кераклигини кўрсатмоқда. Айни вақтда маҳсулотни импорт қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

“EastFruit” таҳлил марказига кўра, аномал совуқ оқибатида Ўзбекистонда пиёз нархининг ўсиши давом этади. Қайд этилишича, совуқ кунларда “музламаган” сўзи фермер ва савдогарлар томонидан мақталадиган пиёзнинг асосий хусусиятига айланди. Аммо қишда Ўзбекистонда пиёз узоқ ва ҳар доим ҳам сифатни сақлаб қолиш учун мақбул шароитларда сақланмайди. Бунинг учун мослаштирилган омборлар нафақат барқарор ҳаво ҳароратини сақлаб туриш учун ускуналар билан жиҳозланмаган, балки кўпинча минимал иссиқлик изоляциясига ҳам эга эмас. Бундан ташқари, Ўзбекистонда пиёзнинг бир қисми одатда ёмғирдан ҳимоя қилиш учун фақат шийпон остида сақланади.

2023 йилнинг 6 январидан 13 январигача Ўзбекистонда сариқ пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 5000 сўмдан 6000 сўм/кг гача, яъни 20 фоизга кўтарилган эди. 13 январь ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотларнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 3 баравар ва 2020-2021 йилларнинг шу санасига нисбатан қарийб 4 баравар юқори бўлган.

Ҳарбий қисмдан аскарнинг ўлиги чиқди

Яна Тошкент вилоятидан ёмон хабар. Зангиота туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат ўтаётган 20 ёшли йигитнинг уйига жасади қайтди. 

Жорий йилнинг 11 январь куни соат тахминан 10:15 ларда Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида оддий аскар ўзига бириктирилган автомат билан бош қисмига ўқ узган ва воқеа жойида вафот этган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳодиса жойида Тошкент ҳарбий прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказмоқда.

Маълумотларга кўра, ўзини отган аскар 2003 йилда туғилган, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри “Худойзор” маҳалласида яшаган. У ҳарбий хизмат ўташ учун Тошкент вилояти Зангиота туманига 2022 йилнинг май ойида кетган.

Ўзбекистонда илк бор сиам эгизаклари операция орқали ажратилди

Ўзбекистонда илк бор ўзбек шифокорлари томонидан сиам эгизакларини ажратиш операцияси ўтказилди ва муваффақиятли амалга оширилди.

Эгизаклар ўтган йилнинг 31 майида Қирғизистонда дунёга келган. Чақалоқлар туғилганда уларнинг умумий вазни 1 600 грамм бўлган ва уларга Фотима ва Зуҳра деб исм қўйилган. Улар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, яъни опа-сингилларнинг фарзандларидан дунёга келган.

Туғуруқдан 10 кун ўтгач, ота-онага болаларнинг яшаб қолиш имкони умуман йўқлиги айтилиб, уйига рухсат берилган. Аммо ота-она Ўзбекистондаги Республика перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашевга ушбу масалада мурожаат қилган.

Операция 2022 йилнинг 19 декабрь куни 3 соат давомида бўлиб ўтган. Ушбу мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли амалга оширилган. Фотима ва Зуҳра танасининг қорин қисми, аниқроғи, жигари билан бирлашган эди. Битта ички аъзоларга эга эгизакларни ажратиш эса ўта мураккаб ва хавфли операция бўлган. Беморларнинг ўт пуфаклари алоҳида-алоҳида шакллангани операцияни муваффақиятли амалга оширишига сабаб бўлган.

Операция қилишни ўз гарданига олган қаҳрамон шифокор Бахтиёр Эргашевнинг бугун қувончи чексиз. У АҚШ ё Европа, боринг ана Россиядаги шароитларсиз ҳам уддалади.

Андижон ички ишлар ходими фуқарони дўппослади

Тугаётган ҳафтада ҳам яна ижтимоий тармоқларда Андижонда ички ишлар органи ходими фуқарога куч ишлатаётгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Унда Ички ишлар ходимлари либосидаги шахс ёш йигитнинг ёқасидан тутиб тепаётгани, уни ҳақорат қилаётгани ва судраб олиб кетаётгани акс этган. Ички ишлар вазирлиги эса анъанасига содиқ қолган ҳолда ходимни айбсиз деб чиқди. 

Вазирликка кўра, Асака туманида “EVRO METAN” автомобилларга газ қуйиш шохобчасида навбатда турган ҳайдовчилар навбат талашиб, жанжаллашган ва жамоат тартибини бузган.

Шу ерга жамоат тартибини сақлаш учун бириктирилган Ички ишлар бошқармаси Патруль-пост хизмати ходими келиб, жанжални бартараф этиш мақсадида фуқароларни тинчлантиришга ҳаракат қилмоқчи бўлган. Жанжал сабабчилари – 2004 йилда туғилган фуқаро ва унинг акаси ходимга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, унга қаршилик кўрсатган.

Ҳодиса жойида жамоат тартиби тикланиб, тартиббузарларга нисбатан жисмоний куч ишлатилган ҳолда туман ИИБга олиб келинган. Улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилган.

Ҳолат юзасидан воқеа иштирокчиларининг, шу жумладан, Ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ваъда қилинди. Бизнингча, катта эҳтимол билан ушбу ҳолатда ё Ички ишлар ходими айбсиз бўлиб чиқади ё унга интизомий жазо бериш билан чекланилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made