ССВ чиройли қоматга интилиб, инфаркт ва инсульт орттириб олаётган ёшларни огоҳлантирди

Саломатлик

image

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон шифохоналарига инфаркт, инсульт, томирларда тромблар ҳосил бўлиши каби хавфли хасталиклар билан мурожаат қилаётган ёки оғир аҳволда олиб келинаётган фуқаролар орасида ёш, жисмонан бақувват, тоғни урса талқон қиладиган қадди-қоматга эга беморлар ҳам учраяпти ва бу ачинарли ҳолат. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга қандай омиллар сабаб бўлаётганини маълум қилди.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, ушбу беморлар тана мушаклари массаси ва қувватини ошириш мақсадида бодибилдинг, культуризм, фитнес каби спорт турлари билан шуғулланиш давомида кукун, таблетка ва инъекция шаклидаги турли биологик фаол, хусусан, протеинли қўшимчалардан мунтазам фойдаланиб келган. 

Ҳатто улар орасида ҳафтасига бир-икки маротаба турли кўринишдаги препаратларни тизимли равишда қўллаганлар ҳам учраб туради.

Оқибатда қондаги гемоглобин, эритроцит, тромбоцитлар миқдори ўзгариб, қон қуюқлашиши юзага келган. Сўнгра томирларда тромблар ҳосил бўлиши ҳисобига юқоридаги сингари хавфли асоратлар пайдо бўлган. 

Таҳлилларга кўра, фойдаланилаётган бу сингари стероид препаратлар ва анаболик комплексларнинг аксарияти тегишли давлат рўйхатидан ўтмаган ва тиббиёт ходимлари назоратисиз қабул қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев мазкур вазиятга муносабат билдириб, ёшлар спорт билан шуғулланаёнгани, албатта, қувонарли ҳолат эканини таъкидлаган. Аммо уни соғлик учун зиён етказадиган машғулотга айлантириб қўймайлик муҳимлигини ҳам қўшимча қилган.

“Афсуски, бугун айрим ёшларимиз билак ва мушакларим янаям бақувват, қоматим келишган бўлсин, деб, мутахассислар билан маслаҳатлашмай, палапартиш, назоратсиз турли зарарли воситалар, оқсил ва гормонларни қабул қилаётгани жуда ачинарли. Бу соғлом турмуш тарзига мутлақо тўғри келмайди. Шундай экан, ёшлар, ота-оналар ва жамият фаоллари, соғлом турмуш тарғиботчилари, тиббиёт ходимларини бу борада янада хушёр ва эътиборли бўлишга чақирамиз.

Бақувват билак ва мушаклар, чиройли қомат учун соғлом ва ўктам йигитларимизнинг ўз ҳаётини хавф остида қолдиришига ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз шарт”, дейди Мусаев.

Қолаверса, вазир тегишли давлат рўйхатидан ўтмай реализация қилинаётган юқоридаги сингари препаратлар савдоси тегишли давлат органлари томонидан қатъий назорат остига олиниши ва даволаш стандартида кўзда тутилмаган дори-дармонларнинг ишлатилишига чек қўйиш зарур эканини қайд этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

450

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг