Сафарбарлик Путиндан қора хат...ми?

Олам

Хабарингиз бор, роппа-роса 211 кундан буён Россия-Украина ўртасида уруш давом этмоқда. Бугунга қадар рус ҳарбийлари Украинанинг Луганск ва Херсон вилоятларини тўлиқ, Запорожье ва Донецк вилоятларини қисман босиб олди. 21 сентябрь куни Россия федерацияси Президенти Владимир Путин кутилмаганда халқига мурожаат йўллаб, мамлакатда қисман ҳарбий сафарлик эълон қилди.

"Муддатли ҳарбий хизматга фақат ҳозирда резервда бўлган ва биринчи навбатда Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, муайян ҳарбий мутахассислик ва тегишли тажрибага эга бўлган фуқароларгина чақирилади. Ҳарбий хизматга чақирилганлар бўлинмаларга юборилгунга қадар махсус ҳарбий операция тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қўшимча ҳарбий тайёргарликдан ўтадилар”, деди Владимир Путин.

Россияда 21 сентябрдан сафарбарлик тадбирларига старт берилди, буни мамлакатда захирадаги аскарларга армияга чақирув қоғозлари келишни бошлаганидан кўриш мумкин. Чақирув қоғозлари акс этган суратлар эса ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Шунингдек, Путин НАТО Россияни ядровий шантаж билан қўрқитяпти, деган иддаони илгари сурди. Шундай экан расмий Москва ўз халқини ядровий қуролларни ишга солиб бўлса ҳам ҳимоя қилишини айтди.

“Ғарб барча чегараларни кесиб ўтди, биз доимий таҳдидларни эшитяпмиз. Курск ва Белгород вилоятлари ҳудудига аллақачон террорчилик зарбалари бериляпти. НАТО бутун Россия жанубида разведка ишларини олиб боряпти. Улар очиқчасига Россияни жанг майдонида мағлуб этиш кераклигини айтишяпти. Ядровий шантаж ҳам кучга кирди. Бундай гапларга йўл қўяётганларга шуни эслатиб ўтмоқчиманки, бизнинг мамлакатимизда ҳам шундай воситалар (ядровий қуроллар – таҳр.) мавжуд. Биз халқимизни ҳимоя қилиш учун барча воситалардан фойдаланамиз. Бу блеф эмас. Мустақиллигимиз ва эркинлигимиз барча воситалар билан таъминланади”, деди Путин.

Россия раҳбарининг мурожаатидан сўнг ижтимоий тармоқларда россияликлар қўшни мамлакат ҳудудларига қочишга уринаётгани акс этган суратлар тарқалди. Россия ОАВнинг маълумотларига кўра, Президентнинг ҳарбий сафарбарлик ҳақидаги нутқидан сўнг, бир неча дақиқа ичида, 21 сентябрь куни Истанбул, Тбилиси ва Ереванга учадиган рейслар учун чипталар қолмаган. Ҳатто, Москва-Тошкент йўналиши бўйича чипталар ҳам куннинг яримгача тугаб бўлган. Россиядан водий вилоятларига бўлган авиабилетлар нархи эса икки бараварга ошиб кетган.

Россия шаҳарларида эса сафарбарликка қарши намойишлар бошланди. Сибир ва Узоқ Шарқда одамлар ҳибсга олинишидан қўрқиб, шаҳарларнинг марказий майдонларига шиорлар ва плакатларсиз чиқишди. Екатеринбургдаги Меҳнат майдонида ҳам “қисман сафарбарлик”га қарши митинг бўлиб ўтди. Маҳаллий нашрларга кўра, хавфсизлик кучлари митингда камида 40 кишини ҳибсга олган. Одамлар майдонга тўплана бошлаганидан 20 дақиқа ўтгач, полиция ходимларидан бири намойишчиларга “рухсат этилмаган митинг”дан кетиш учун 30 сония вақт беришини айтган. Шунга қарамай 28 нафар намойишчи аллақачон 1-шаҳар ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

“ОВД-Инфо” инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, Россиянинг саккиз шаҳрида Москва вақти билан соат 17:00 га келиб хавфсизлик кучлари “қисман сафарбарликка қарши намойишларда 66 дан ортиқ одамни ҳибсга олган. Сўнги маълумотларда ҳибсга олишлар 38 та шаҳарда бўлиб ўтгани айтилади. Намойишчиларнинг 565 таси Санкт-Петербургда, 536 та Москвада, 48 та Екатеринбург қўлга олинган.

Москва прокуратураси россияликларни митингларда қатнашиш ва уларни билдиришномасиз ташкил қилиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирган.

Россияда армияга ёллаш ва намойишлар дараги чиққач, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам жим ўтирмади. Бош Прокуратура Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.

БПнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 1541-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

“Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликга, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Украина сафарбарлик

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг