Дунёнинг эртаси қандай? Самарқандда нимага келишилди?

Жамият 11807

Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўз ишини бошлади. 15 сентябрь куни Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Россия Президенти Владимир Путин, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди жами 14 та давлат ва ҳукумат раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитда иштирок этиш учун Самарқандда жамланди.

Меҳмонлар Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишгани, Президент Шавкат Мирзиёев давлат ва ҳукумат раҳбарларини қабул қилгани, Президентлар музокара ўтказиб турли ҳужжатлар имзолагани ҳақида кеча 15 сентябрь куни эълон қилинган видеода тўлиқ мълумот берган эдик.

Бугун эса Президентларнинг кеча тунда дарахт экканидан тортиб уларнинг кечки овқати ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг тор доирадаги ва кенгайтирилган мажлиси ҳақида маълумот берамиз.

Кеча охирги бўлиб Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистонга келди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги икки томонлама учрашув ва музокаралар якунлангач, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида дарахт экди. Айнан шу ерда Президентларнинг норасмий учрашувлари бошланди.

Етакчилар биргаликда эккан дарахтлар ШҲТ мамлакатларининг дўстлиги, яхши қўшничилиги, тараққиёт ва равнақ сари муштарак интилишлари рамзи бўлиб хизмат қилиши айтилди.

Сўнг давлат раҳбарлари Самарқанддаги “Боқий шаҳар” мажмуасига боришди. Мажмуада қадимий шаҳарлар қиёфаси, миллий анъаналари билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс этган.

Шу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар етакчиларининг ташрифи шарафига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан қабул маросими ўтказилди.

Меҳмонлар мажмуани айланиб суратга тушдилар, ШҲТнинг Самарқанд саммити бошлангани муносабати билан улар шарфига мушаклар отилди. Тармоқларда Президентларнинг дастурхон атрофида ўтиргани акс этган суратлари тарқалди. Ижтимоий тармоқнинг зийрак кузатувчилари 11 та давлатлар раҳбарлари иштирокидаги кечки овқатда ХХР раиси Си Цзиньпин кўринмаганини мухокама қилишни бошлади. 

“Reuters” агентлигининг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага таяниб хабар беришича, Хитой делегацияси Си Цзиньпин коронавирус билан боғлиқ эҳтиёт чоралари сабаб кечки овқатда қатнашмаганини билдирган.

16 сентябрь кунини эрта тонгдан Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши саммитида қатнашиш учун келган меҳмонларни Конгресс холлда шахсан ўзи қарши олди. Бир жойга йиғилган раҳбарлар биринчи ишни жамовий суратга тушишдан бошлашди. 

Кейин эса Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги мажлиси бошланди. Мажлис кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақада юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишди.

Самарқанд саммитида имзолаш учун салмоқли ҳужжатлар тўплами – 40 дан зиёд битим ва қарорлар тақдим этилди. Уларда ШҲТ давлатларининг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби энг муҳим ва истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этган.

Йиғилишда шунингдек, Қоғозистон Президенти Тўқаев, Ҳиндистон Бош вазири Моди, ХХР раиси Си Сзинпин, Қирғизистон Президенти Жапаров, Покистон Бош вазири Шариф, Россия Президенти Путин ва Тожикистон Президенти Раҳмон сўзга чиқди.

Бироздан сўнг, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кенгайтирилган мажлиси бошланди. Унда Беларусь фуқароси Лукашенко, Туркия Президенти Эрдўған, Эрон Президенти Раисий, Озарбайжон Президенти Алиев ва Мўғулистон Президенти Хурэлсух ҳам иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган тартибдаги мажлисида дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан кўплаб таҳдидлар кучайганини айтиб ўтди.

Унинг фикрича, иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замона муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Шунингдек, ШҲТнинг кенгайтирилган тартибдаги мажлисида сўз олган Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Украинадаги инқироз таъминот занжирида жиддий узилишларга сабаб бўлганига тўхталди.

“Украинадаги инқироз таъминот занжирларида жиддий узилишларга олиб келди ва бутун дунёни мисли кўрилмаган даражада энергия ва озиқ-овқат инқирозига дучор қилди”, дейди жаноб Моди. 

У ШҲТ минтақада ишончли ва хилма-хил таъминот занжирларини ривожлантиришга ҳаракат қилиши кераклигини, бунинг учун мамлакатлар ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш зарурлигини қайд этди.

Саммитда Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти номидан дунё ҳамжамиятини Покистондаги табиий офатнинг кенг кўламли салбий оқибатларини бартараф этиш учун ушбу мамлакатга имкон борича гуманитар ёрдам беришга чақирди.

ШҲТ Саммитида сўз олган Россия Президенти Владимир Путин мамлакатларни ўз сиёсатларида “иқтисодий худбинлик” ва ноқонуний санкциялардан фойдаланишни тўхтатишга чақириб, дунёнинг етакчи иқтисодиётларининг тизимли хатоларига ишора қилди. 

Путин Россия сиёсатда ҳар қандай “худбинлик”дан холи эканлигини таъкидлаган. Бундай сиёсатнинг ёрқин намунаси сифатида у Европа комиссиясининг Россия ўғитларига нисбатан санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги қарорини келтирди.

“Озиқ-овқат муаммосини ҳал қилишда ўғитлар қанчалик муҳимлигини биламиз. Биз, албатта, санкцияларни бекор қилиш қарорини олқишлаймиз, бироқ маълум бўлишича, бу санкциялар Европа комиссиясининг жорий йил 10 сентябрдаги тушунтиришига кўра, фақат Европа Иттифоқига аъзо давлатлар учун бекор қилинган. Маълум бўлишича, бизнинг ўғитларимизни фақат улар сотиб олишлари мумкин! Аммо ривожланаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин? Дунёнинг энг қашшоқ давлатлари?”, деди Россия рахбари.

Шунингдек у, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга Европа Иттифоқининг денгиз портларида 300 минг тонна Россия ўғитлари тўпланганини, Россия уларни ривожланаётган мамлакатларга текинга беришга тайёрлигини айтиб ўтди.

ШҲТ саммитида сўз олган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Афғонистондаги наркотик моддалар контрабандаси туфайли ташкилотнинг гиёҳвандликка қарши тузилмасини яратиш ғоясини амалга ошириш ҳақида ўйлашни таклиф қилди.

“ШҲТнинг гиёҳвандликка қарши алоҳида тузилмасини яратиш ғоясини амалга ошириш вақти келди”, дейди у.

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған давлатлар раҳбарлари қаршисида Анқара ШҲТ билан ҳамкорликни, асосан, хавфсизлик соҳасида кенгайтиришни ниятида эканини айтди.

“ШҲТ – бағрикенглик ва ҳамкорлик ғоялари илгари суриладиган жуда ҳурматли ва ишончли платформа. Туркия Анқара ва ШҲТ ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши давом этишига чин дилдан ишонади. Биз ШҲТ билан ҳамкорликни, асосан, хавфсизликни таъминлаш соҳасида кенгайтиришни кутамиз”, дейди у. 

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф давлат раҳбарлари эътиборини Афғонистонга қаратиб, мамлакат терроризм қурбони бўлганини очиқча айтди.

“Терроризмга қарши курашиш ва хавфсизликни таъминлаш борасида Афғонистонни мустаҳкамлаш нафақат бу мамлакат, балки бутун дунё учун ижобий бурилиш бўлади”, деди Покистон Бош вазири.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги кескинлашув учун барча жавобгарлик Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбариятига юкланишини айтди.

“Афсуски, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Арманистон Озарбайжон билан давлат чегараси ҳудудида кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказди. Арманистоннинг провокацияси муносабатларни нормаллаштириш жараёнига зарба бўлмоқда. Бунинг учун барча жавобгарлик Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбариятига юклатилади”, деди Алиев.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнишиш учун Самарқандда бўлиб турган Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари чегарадаги вазият юзасидан юзма-юз музокара ўтказиб, келишиб олишди.

Икки давлат раҳбарлари тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, қўшин ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олдилар.

Шунингдек, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси ишини жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган тартибдаги мажлиси якунига етди. Иштирокчилар Самарқанд декларациясини қабул қилишди. Жами 44 та ҳужжат – битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот тарихида рекорд кўрсаткичдир.

Ташкилотнинг навбатдаги саммити илк бор Ҳиндистонда ўтказиладиган бўлди.

Ҳужжатдаги асосий қоидалар:

•    Мамлакатлар ШҲТ бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилган эмаслигини тасдиқладилар, шунингдек, ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик учун очиқликни қайд этдилар;
•    Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, террористик ва экстремистик ташкилотларнинг ягона рўйхатини тузиш ниятида эканликларини билдирдилар, шунингдек, “Тинчлик миссияси” қўшма аксилтеррор қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди;
•    Алоҳида давлатлар бир томонлама глобал ракетага қарши мудофаа тизимининг такомиллаштираётгани танқид қилинди. Бу, уларнинг фикрича, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатади;
•    Давлатлар ахборот коммуникация технологияларини ҳарбийлаштиришга қарши чиқишди ва БМТ шафелигида АКТдан жиноий мақсадларда фойдаланишга қарши кураш учун халқаро конвенция ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватлашди;
•    Кимёвий қуролларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тўплаш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда уларни йўқ қилиш тўғрисидаги конвенцияга (КҚТК) риоя қилишга чақирилди;
•    Космосни қуролсиз сақлаш тарафдори ва коинотда қуролланиш пойгасининг олдини олишга кафолат берадиган халқаро ҳуқуқий ҳужжат тузиш зарурлиги таъкидланди;
•     Эроннинг ядровий дастури бўйича ҳаракатлар режасини амалга ошириш ва Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳим деб эътироф этилди;
•    Афғонистонда барча этник, диний ва сиёсий гуруҳлар вакиллари иштирокидаги инклюзив ҳукумат зарурлиги таъкидланди;
•    Стартаплар ва инновациялар бўйича махсус гуруҳ, шунингдек, қашшоқликни бартараф этиш ва халқ табобати бўйича гуруҳ тузишга келишиб олинди;
•    “ШҲТнинг яхши ният элчиси” унвони тасдиқланди;
•    2023 йил Туризм йили деб эълон қилинди. Умуман олганда, аъзо давлатлар 40 га яқин ҳужжат, жумладан, узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга оширишнинг комплекс режасини имзолади.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 132
Рейтинг: 3.1
t
×