Ҳар кузда шу бўлар такрор ёхуд Тошкентда ариқларнинг эгаси борми?

Жамият 9943

Куз ҳам келди. Ёғингарчилик кунлари эшик қоқиб турибди. Пойтахтда яна эски муаммо авжига чиқса ажабмас. Ҳар кузда шу бўлар такрор, ҳар ёмғирда шаҳар сувга тўлади. Бунга асосий сабаб эса амалдорлар ва масъуллар эмас. Уларнинг ҳеч айби йўқ. Айбдор – ўз ишини вақтида тўғри бажаролмаётган ариқ ва дренажлар. 

Дренажлар ёки йўл, кўча қирғоғидаги ариқлар дарахтларни суғориш, ёқингарчилик мавсумида эса йиғилган сувни ташиш, шаҳардан олиб чиқиб, ўзидан каттароқ ариққа, каналларга қуйишга мўлжалланган  ирригация тармоғидир. Аммо Тошкент шаҳридаги барча ариқлар ҳам бу талабга жавоб бермайди. Ярмига келиб тўхтаб қолади, кўмиб ташланади ва бу ҳақида ҳеч ким бош қотириб ўтирмайди. Бугун айнан шундай ариқлар QALAMPIR.UZ нишонида. 

“Бунёдкор” стадиони олдида сув тошди

Ёмғир ёғиши билан мана шундай сарлавҳали видеолар  яна турли тармоқлар орқали телефонингизга кела бошлайди. Шу сабабли  ҳам бизнинг биринчи манзилимиз айнан шу ер бўлди. 

Стадион олдидаги айрим ариқлар кўмиб юборилган, ҳали ёмғир ёғмаган бўлсада бу ерда сув тошаётганини кўриб ҳайратга тушдик. Аммо масъулларнинг бу ҳолатга берган изоҳи бизни кўпроқ ҳайратлантирди. 

“Бу ариқнинг ўзи йўли йўқ. Олдиндан шунақа бўлган ўзи. Сув баландлигини кўряпсиз, тўғри келиб, Анҳорга қуйилади. 

Мана бу жойга ҳам аввал сув келмасди. “Водопровод” қувури ўтганми, тешилганми, билмадим. Биз энди кўряпмиз буни, хабаримиз йўқ эди. Лекин қишда сув тошмайди энди”, дейди Чилонзор тумани ирригация тизими мутахассиси Ихтиёр Толипов.

Майли, қиш ҳам келар, ёмғир ҳам ёғар. Агар тошаётган сув шу биргина тешикчага боғлиқ бўлса ёғингарчилик мавсумида сув тошади ё йўқ, вақти келиб кўрармиз.

Ҳудудга Ободонлаштириш масъулларни чақирганимизга биро-о-оз виждонимиз қийналди. Оддий тозаловчи ходимлар – 50-60 ёшли эркакларнинг кўз олдимизда эгилиб ишлашини, раҳбарлар эса уларга буйруқ беришдан нарига ўтмагаётганини кўриб, юрагимиз ачиди. 

Улар билан суҳбатимиз давомида эса Ободонлаштириш ходимларининг ҳар куни ишлаши, кам маош олиши ва ташкилот томонидан қўшимча ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаслиги аниқ бўлди. 

Юнусобод тумани, хусусан, Боғишамол кўчаси ҳам ёғингарчилик мавсумида мунтазам равишда сув тошувчи нуқталардан биридир. Оқибатда автомобиллар тирбандлиги юзага келади, бу йўлда ҳаракатланувчи пиёдаларга ҳам ноқулайликлар келтириб чиқаради. 

Қизиғи, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилдаги “Тошкент шаҳри суғорма дренаж тизимининг фаолиятини ташкиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Юнусобод туманидаги айнан Боғишамол маҳалласи  ва Муродов кўчасидаги мавжуд ариқларни ободонлаштириш мақсадида маҳаллий бюджет параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобига капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2015 йилнинг охиригача муддат берилган эди. 

Аммо мазкур ҳудудда таъмирланган ариқлардан кўра бузилган, кўмиб юборилган ва ярмида тўхтаб қолган ариқларга кўпроқ кўзимиз тушди. 

Шунингдек, Юнусобод туманининг “Малика” савдо мажмуаси атрофидаги ариқларда ҳам худди шундай вазият. Бир-бирига уланмаган ариқларни кўздан кечирарканмиз йиллар давомида қаровсиз қолганини сезиш қийин бўлмади. 

Биз журналистик рейдимиз давомида Тошкент шаҳрининг бошқа кўплаб кўчаларида, ҳудудларида бўлдик. Чорсу майдони, Лабзак кўчаси, Тахтапул, Мустақиллик кўчаси каби 20 га яқин манзилларни ўргандик. Уларнинг барчасида кўча чеккасидаги ариқлар худди кўргазмага қўйилган ва бошқа ҳеч қандай вазифаси йўқдек таъмирсиз, тозаловсиз ва қаровсиз. 

Шаҳарнинг бу аҳволга тушиб қолишининг сабаби нима?

Америкада айнан шу йўналишда фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик мутахассис Асқарали Каримов пойтахт дренаж тизимида йўл қўйилган хатолар ҳақида гапирди: 

“Охирги 7-8 йилда Тошкент шаҳри шиддатли ўсиб борди. Ер устида тезкор қурилишлар амалга оширилди-ю ер остидаги ирригация тизимининг нима бўлаётгани ҳақида ҳеч ким ўйламади. Бу эртага биз учун жуда катта муаммо бўлади. Бунақанги табиат ҳодисалари, кучли ёқингарчиликлар, сел тошишлари – ҳали бошланиши. Афсуски, Тошкентдаги ҳозирги тизим буни кўтара олмайди. 1970-йилларда қурилган дренаж тизими бу даражадаги ривожланишни ҳисобга олиб қурилмаган эди. Шунинг учун ҳозирдан буни ислоҳ қилмасак, муаммолар кўпаяверади”.

Тошкент шаҳри дренаж-ирригация тизимини ислоҳ қилиш ишлари аслида анча аввал бошланган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 июндаги 431-ф-сон қарори билан шу масала бўйича Ишчи гуруҳ тузилган. 2015 йилда эса Кучли ёғингарчиликлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, ёмғирли сув оқимларининг аварияларсиз ўтишини таъминлаш, бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари вайрон бўлишининг, шунингдек, шаҳар ландшафтининг эрозияланишининг олдини олиш бўйича ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасига кўплаб вазифалар юкланган бошқа бир  қарор қабул қилади. Ушбу қарорга эса ўша даврда Бош вазир лавозимида ишлаган Шавкат Мирзиёев имзо қўйган. 

Қарор бўйича шаҳар кўчаларини Тошкент шаҳрида кучли ёғингарчилик билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ёмғирли дренажларнинг аварияларсиз ўтишини таъминлаш бўйича ишларни самарали ташкил этиш учун 2015-2017-йиллар оралиғидаги белгиланган муддатлар, ажратилажак маблағлар аниқ қилиб ёзиб қўйилган эди. Бироқ бу аниқлик фақатгина ҳужжатлигича қолиб кетди. 

“Бугунги кунга келиб Тошкент шаҳрида чорраҳаларда, маҳалла ичларида сув тошиш муаммоларини бир чеккадан ҳал қилиб келяпмиз. Умуман 68 та сув тошадиган жойлар маълум бўлган. ”
(Бахтиёр Турсунов. Амалга оширилган ишлар) 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамон муаммони бартараф этиш чоралари кўрилаётганини айтиб, бу бўйича Асқарали Каримов билан келишувлар олиб бормоқда. Лекин мутахассиснинг фикрича, пойтахтда издан чиққан дренаж тизимини модернизация қилишдан аввал дренажларнинг эгаси кимлигини аниқлаб олиш керак. Бу ҳақида Каримов шундай дейди:

“Тошкент шаҳар дренаж тизимини назорат қилиш бир эмас, учта ташкилотнинг вазифасига киради. Дренаж тизимини лойиҳалаш учун алоҳида, тозалаш учун алоҳида ва келажакдаги режалар учун алоҳида ташкилот жавобгар экан. Шаҳарда дренажнинг аниқ эгаси йўқ ва шунинг учун техник муаммоларга кўчишдан олдин барча дренаж тизимларини бир ташкилот зиммасига юклаш керак. Ана шунда масъулият бўлади”.

Шунингдек, Каримов бу соҳадаги чет эл тажрибаси билан бўлишар экан, лойиҳалаш биринчи ўринда туришини айтмоқда.

“Мен АҚШнинг Техас штатида инженерман. Мана шу дренаж тизимларини лойиҳалайман, оқова сув, ичимлик суви тизимлари, уларни тозалаш иншоотларини лойиҳалаб, қуриш билан шуғилланаман. Америкада маълум қоида бор, яъни бутун АҚШ ёмғирни ёғиш эҳтимоллигига қараб ва қонун бўйича дренажлар лойиҳаланади. Биринчи ўринда биз рельефни ўрганиб чиқамиз. Рельеф ва компьютер дастурлари асосида  моделлаштирамиз. Кейин эса эҳтимоллик назариясини ўрганиб чиқамиз. Агар 10-15 см лик ёмғир ёғадиган бўлса, уни шаҳардан қандай қилиб олиб чиқиш кераклиги ҳақида бош қотирамиз. Америка тажрибаси шундай – лойиҳалаш, моделлаштириш ва кейин қуриш”. 

Ўзбекистондаги “Toshkentboshplanliti” ДУК ҳам дренаж, ирригация тизимини янгилаш бўйича лойиҳавий таклиф ишлаб чиққан. Унда эса маълумотларга кўра, ирригация тизимини капитал таъмирлашда фақатгина хом ашёнинг ўзига 500 млрд сўмдан ортиқ маблағ талаб этилиши ҳақида гап боради. Аммо Америкадаги ўзбек муҳандиси Асқарали Каримов маблағ ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини айтмоқда.

Кексаларимиз қиш ғамини ёзда кўр, деб бекорга айтишмаган. Мутахассис хорижда туриб жон куйдирмоқда. Тошкентдаги масъулларнинг гапларига ишонадиган бўлсак, ишлар амалга оширилмоқда. Улар бажараётган ишларни қанчалик самара беришини эса ёмғир ёғганида кўраверамиз!

Ҳулкар Муртазоева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 55
Рейтинг: 3.1
t
×