Тошкент кўз ёшларга ишонмайди ёхуд пойтахтга сиғмаётган талабалар
Таҳлил
−
08 Сентябрь 2022
19954Уйингиз атрофидаги ёки шаҳар марказидаги олий таълим муассасаларида кўрпа-тўшак қўлтиқлаган йигит-қизларга кўзингиз тушяптими? Булар ким, деб ҳайрат билан саволга тутаётгандирсиз ўзингизни. Жавоб тайин. Улар талаба. Ўзбекистон талабаси. Пойтахт Тошкент талабаси. Азим Шошга келажак излаб келган, биринчи кундан сарсонгарчиликка йўлиққан ёшлар. Улар Тошкентда яшаш учун жой топа олмаяпти.
QALAMPIR.UZ талабаларнинг ижара уйларини топиш билан боғлиқ қандай муаммоларга учраётганини билиш учун талабалар шаҳарчасида бўлди ва бошпана тополмаётган талабаларга микрофон тутди.
“Ижара уйлари қиммат. Шунингдек, жуда кўп уй эгалари шартнома орқали талабаларни олмаяпти. Чунки бунинг ҳам югур-югури кўп. Ижарачининг ўзи ҳам ҳужжатлар тўғирлаши керак. Шунда ижара ҳақининг ярмини университет тўлаб беради. Лекин негадир бунга ижарачилар кўнмаяпти”, дейди ижарага уй излаб юрган талаба қизлардан бири.
Яна бир жиҳат бор, бу ҳам бўлса ижарачилар талабаларни танлашда уларнинг жинсига қарайди. Яъни сўровномада қатнашган ўғил бола талабаларнинг кўпчилиги уй эгалари уларни қабул қилишни хоҳламаётганидан шикоят қилди.
“Ўғил болаларнинг квартира топиши анча қийин. Чунки бор квартирани ҳам сўрасангиз фақат қизларга дейишади. Ўғил болаларни эса олишмаяпти. Сабабини ўзим ҳам тушунмайман”, дейди талаба.
Бошқа бир талаба эса буни изоҳлашга ҳаракат қилди:
“Кўп уй эгалари йигитларни уйни тоза тутмасликда айблайди. Ростдан ҳам бундай ҳолат учрайди. Лекин, ҳамма йигитлар ҳам бирдай эмас”.
Кечагина вилоятдан Тошкентга келган яна бир тоифа талабалар эса шаҳарни билмасликларини, ижарага уй тополмаётганларини, улар давлат гранти асосида ўқишга киргани учун ОТМ ётоқхонадан жой ажратмаётганини айтишмоқда.
Ижара уйларида яшашнинг энг катта муаммоси эса бу унинг нархи қимматлигидир. Талабаларнинг айтишича, янги ўқув йили бошланиши билан ижара тўловлари ҳам қимматлаб кетган.
“Ўртача квартира учун ижара нархини бир ойга 750 минг дейишяпти. Бундан ташқари озиқ-овқатимиз бор, йўл ҳақимиз бор. Бу туришда шароитимиз кўтармаса керак, деб ўйлайман”, дейди талабалардан бири.
Агар талабалар ўзлари бирон хонадонни ижарага олмоқчи бўлса, унинг нархи 300-400 доллар атрофида бўлишини, натижада эса улар кам харажат қилиш учун битта хонада 4-5 тагача талаба яшашга мажбур бўлишини айтмоқда.
“Вилоятларда катта ҳовлили уйни ижарага олиш осон, унда эса 10 киши, 20 киши ҳам яшаса бўлади. Тошкентда эса битта одам 500-600 минг сўм эвазига катакка тиқилгандай бир хонада яшайди. Бунинг устига шароит ҳам яхши эмас”, дейди яна бир талаба.
Айни кунларда талабалар ўқишнинг бошланганидан қувониш ўрнига мана шундай муаммолар билан курашишга мажбур бўлмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг маълум қилишича, кундузги таълим шаклида талабалар турар жойлари мавжуд ОТМда бугун жами 477 минг 388 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 83 минг 672 нафарини ТТЖга жойлаштириш белгиланган. Лекин, ҳозирги кунда республика бўйича атиги 26 009 нафар талаба ётоқхонага жойлаштирилган. Бу жами ТТЖга жойлаштирилиши режалаштирилган талабаларнинг 31 фоизини ташкил этмоқда. Республика бўйича 48 минг 309 нафар талабалар ижара хонадонларига жойлашган. Бунда Тошкент шаҳрида таълим олувчи талабаларнинг кўрсаткичи 16 779 нафарга тўғри келади.
Бу эса жами ижарага эҳтиёжи бор талабаларнинг 41 фоизини, Тошкент шаҳри бўйича 37 фоизни ташкил этмоқда. Демак, Тошкент шаҳридаги кўпчилик талабаларнинг ётоқхона ёки ижарага жойлаша олмаётгани билан боғлиқ муаммолар юқори.
Чунки агар бутун республика бўйича олий таълим муассасаларининг сони 177 та бўлса, шулардан 113 таси давлат ОТМ лари. 2021 йилги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 72 та ОТМ бор ва қолгани бошқа вилоятларда жойлашган.
Тошкентдаги талабаларни турар жой билан боғлиқ ташвишдан халос қилишнинг ягона йўли эса олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойларини кўпайтиришдир.
2021 йилги маълумотларга кўра, давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойларининг сони 256 та бўлиб, 91 минг нафар талабани жойлаштириш имконияти мавжуд. Бу эса ётоқхонага бўлган эҳтиёжнинг атиги 41 фоизи таъминлайди ва яна 132 минг ўринли талабалар турар жойларига талаб мавжуд.
Мазкур муаммога ижобий ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сон қарорига мувофиқ 2022-2025 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 85 та олий таълим муассасаларида жами 91,2 минг ўринли 228 та талабалар турар жойлари барпо этиш белгиланди. 2022 йилда қурилиши режалаштирилган ётоқхоналар сони эса 47 тани ташкил қилади.
Ҳукумат белгилаган режа 100 фоиз бажарилса, 2025 йилда талабалар турар-жой муаммосидан ғам чекмаса ҳам бўладими? Афтидан ундай эмас. Негаки, бу вақтга келиб республикадаги ОТМлар сони ҳам, талабалар сони ҳам бугунгидан анча ортган бўлади. Ўз-ўзидан эса ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ошади. Агар 2025 йилгача қуриладиган ётоқхоналар фақатгина бугунги ёҳтиёжни қондиришга қаратилган бўлса, ундан кейинги йилларда ҳам талабалар яна турар жой билан боғлиқ муаммоларга тўқнаш келишини олдиндан прогноз қилиш мумкин. Шундай экан 2025 йилни кутмасдан, талабалар ортишини инобатга олиб, режа қилиш керакмасми? Мутасаддилар талабалар сарсон бўлаётгани юзасидан ҳозирча сукут сақламоқда. На вазирлик, на ОТМлар бу масалага изоҳ бермаяпти.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси