Қаримаётган Алиева, учган Абдувоҳидов, хаста Камалов, ажал қаршисидаги Тотлисас, 0 олган абитуриентлар – Ҳафта марказида

Таҳлил

Тунов куни жамоамиз сафини кенгайтириш, янги журналист кадрлар олиш мақсадида ишга қабул эълонини бердик. Унда оммавий ахборот воситаларида камида бир йил ишлаган, энг муҳими “журналистик билими бор ходимлар керак”, деб алоҳида ёзилганига қарамай, бир сутка ичида камида 20 дан ортиқ мактаб ўқитувчиларидан талаблар келиб тушди. Нима бўлди, мактабларда ўқитувчиларга иш қолмаяптими ё ўз қадрини, ҳуқуқини билган мактабда ўқитувчиликдан кечяптими? Ё бунга бу йилги ОТМларга кириш имтиҳонларидан 51 фоиз абитуриентнинг лоқал 56 балл ҳам тўплай олмай йиқилганими сабаб? Нима бунинг ортидаги сир? Ҳозирча бу бизга аён эмас, лекин имтиҳонлардаги натижа таълимимиз сифати, хатоларимизни сув юзига чиқарди. Юзимизга муздек сув сепгандек бўлди. Ёзнинг сўнгги, аммо жазирама кечган ҳафтаси воқеаларини биргаликда таҳлил қилишга тайёр бўлсангиз, демак бошладик.

Хайр, Абдувоҳидов!

Гапни бекорга таълимдан бошлаганим йўқ. Президентнинг ҳам бу соҳадан кўнгли тўлмаяпти, имтиҳонлардаги натижалар унинг қулоғига ҳам етиб борди чоғи, Шавкат Мирзиёев 25 август куни ўзининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовни ишдан олди. У бу лавозимга 2018 йилда тайинланганди. Унинг маслаҳатчилик даврида Халқ таълими вазирлиги икки, Соғлиқ сақлаш вазирлиги уч, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки вазирни кўрди. Аммо ўтган 4 йилда нима ўзгарди? Хуллас, 65 яшар Абдувоҳидовнинг ўрнини ўша куннинг ўзида бир вақтлар унинг ўринбосари бўлиб ишлаган Тошкент давлат транспорт университетининг ректори 44 яшар Одил Абдураҳмонов эгаллади.

Мурат Камалов хаста

Юқори мартабали кадрлар билан хайрлашиш шу ерда тугагани йўқ. Мен нима дедим, ахир?! Ҳафта қайноқ кечди демадимми? Гап исботи билан – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимида 2020 йилнинг октябридан бери ишлаб келаётган Мурат Камалов ҳам лавозимидан озод этилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳафта охирида Қорақалпоғистонга бориб, Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари 34-сессиясида иштирок этди. Унда Мурат Камалов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 

Қайд этилишича, Камалов хаста. Шу боис у ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида мурожаат қилган. Мурожаат кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган. Бироқ, Камоловнинг ўзи бу йиғилишда қатнашганми ё йўқ, буниси номаълум. Мажлисдан олинган видео ва фототасвирларда Камалов кўриниш бермаган. Ва қизиғи ҳам шундаки, бизда юқори лавозимдагилар доим касаллик сабаб, ўз ихтиёри билан ишдан кетади, уларни бўшатишмайди, кўчага олиб чиқиб ташлашмайди. Бу гаплар биргина Камаловга тегишлимас. Олий суднинг собиқ раиси Козим Комилов ва Президент Администрациясининг собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ҳам ишдан кетишига оид сценарий Камаловникига ўхшаш. 

Бир кунда депутат, иккинчи кунда Жўғорғи Кенгесга раис

Камаловнинг ўрнини эса шу куннинг ўзида бор-йўғи 5 ой Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган ва июль ойи бошида Нукусда содир бўлган талатўплардан кейин лавозимидан озод этилган Аманбай Оринбаев эгаллади. У Ички ишлар вазири лавозимидан озод этилиб, 26 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. Орадан бир ой ўтиб бутун Қорақалпоғистонга бош бўлиб турибди-я, омадни қаранг.  

Президентнинг Қорақалпоғистонга ташрифи, Жўғорги Кенгеснинг навбатдан ташқари сессияси ва ўзининг Кенгесга раис этиб тайинланишидан бир кун аввал, 25 август куни 56-сонли “Бердақ” сайлов округидан депутатликка сайланганди. Омад келса, қўшлашиб келаркан, бир кунда депутатликка сайланган Оринбаев эртасига Жўғорғи Кенгесга раис бўлиб кетди

Президент тайинлов муносабати билан ўтказилган йиғилишида шунча саъй-ҳаракатларга, ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, Қорақалпоғистонда аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганини қайд этди.

"Бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар “халқни рози қилиш” деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган", дейди Президент.

Самарқандда бемор ва донор Операциядан кейин вафот этди

Боя Абдужаббор Абдувоҳидовнинг Президент Администрациясидаги 4 йиллик фаолиятини сарҳисоб қилаётиб, “Қани натижа?” деган саволни ўртага ташлагандим-у гапимиз чала қолганди. Натижага ҳам ўзим тўхталсам. 

Самарқандда илк бор жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилди ва бир ҳафта ўтар-ўтмас бемор ҳам, донор ҳам вафот этди. Жараёнда жигар циррози, субкомпенсация босқичи билан касалланган оғир аҳволдаги 57 ёшли беморга 35 ёшли қизи донорлик қилган.

13 соату 20 дақиқа давом этган жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор реанимация бўлимига ўтказилиб, интенсив даво муолажалари давом эттирилган. Бироқ ўткир юрак-қон томирлари етишмовчилиги туфайли вафот этган.

Беморга донорлик қилган 35 ёшли қиз эса буйрак етишмовчилиги, икки томонлама зотилжам асорати кузатилиб вафот этган. Мазкур ҳолат бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Йиқилган эмас, бор бўйи билан тушган абитуриентлар

Жорий йилда олий таълим муассасаларида ўқиш учун имтиҳон топширган абитуриентларнинг ярмидан ортиғи, 550 102 нафари ёки 51,2 фоизи ўтиш балининг энг қуйи чегараси – 56 баллни тўплай олмаган ва имтиҳондан нафақат йиқилган, балки бор бўйи билан тушган. Бу ўтган йилга нисбатан анча, яъни 15 фоизга кўп. Улар орасида бирорта саволга ҳам тўғри жавоб бермаганлар ҳам бор. 

1 073 821 нафар абитуриент имтиҳонда қатнашган бўлса, шундан 48,8 фоизи – 523 719 нафари энг кам баллдан юқори балл йиғган, холос. 

Энг ёмон кўрсаткич Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келган. Энг яхшиси Тошкент шаҳрида қайд этилган – 45,2 фоиз. Жами 9 та ҳудудда 50 фоиздан кўп абитуриентлар минимум балл тўплай олмаган. 

Тадбиркорларга енгиллик берилаётганда улар ўзини осяпти?

Жорий ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашди. Уларнинг 29 нафарини мукофотлади. Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. Тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун 6 ой давомида жазо қўлланилмайдиган, савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинадиган бўлди. Шунингдек, эндиликда ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни фақат суд бекор қилиши мумкин. Хуллас янгиликлар бисёр. Бироқ шундай янгилик ва енгилликлар бўлаётган бир пайтда Андижонда тадбиркор ўз жонига қасд қилди. У Жалақудуқ туманидаги 29-сонли мактаб спорт залида ўзини осган. 

Марҳумнинг танаси суд-тиббий экспертизаси бюроси экспертлари иштирокида кўздан кечирилганида унинг баданида бўйнидаги осилишдан қолган излардан ташқари бирон-бир тан жароҳатлар аниқланмаган. Ҳозирда марҳумнинг ўз жонига қасд қилгани сабабларини аниқлаш юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. 

Бу Андижондаги биринчи ҳолат эмас. Шу мавсумнинг ўзида вилоятда яна икки кўзга кўринган тадбиркор ўз жонига қасд қилган. 
 
Хусусан, жорий йилнинг 23 июнь куни Андижон вилоятининг Бўстон туманида тадбиркор ўзини дарахтга осди, 25 июль куни эса Шаҳрихон туманида 45 ёшли тадбиркор ўз жонига қасд қилиб, вафот этди. Ўшанда ҳам шу саволни бергандим, яна такрорлайман: Андижонда тадбиркорларга нима бўляпти, қирғин келдими?

Амир Олимхонми ёки Султон Сулаймон?

Андижондан узоқлашмаймиз. Вилоятда ҳангомалар бисёр. Ҳафта бошида ижтимоий тармоқ Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевнинг Амир Олимхондек соя салқин айвонда ўтириб, пойгакда фуқароларни қабул қилаётгани акс этган суратлар тарқалди. Ҳоким ёши бир жойга етган отахон ҳузурига келганида ҳам жойини ўзгартирмаган. У айвонда савлат тўкиб ўтираркан, унинг қабулига келган бошқа фуқаролар тик оёқда навбат кутган. 

Ҳолат акс этган суратлар тарқалиши билан тармоқ фойдаланувчилари Абдужаббор Эгамбердиевга ҳоким эмас, хон деган таърифларни бериб, уни “Шайтанат” сериалидаги Асадбек образига ўхшатди. Андижон тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур баҳсларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, пойгакда ўтиргандаги сурати тарқалган фуқаро қўшни тумандан бўлиб, туман ҳокимига миннатдорлик билдириш учун келган. Сабаби, ушбу фуқарога такрорий экин экиш учун Чўлпон массиви “Шокиржон” фермер хўжалигидан белгиланган тартибда экин ери ажратиб берилган. А причём тут ер, причём тут миннатдорлик? Биз хонларникидек айвон ва пойгак ҳақидаги гапиряпмиз, ахир. 

Россия Дугинанинг ўлимидан хулоса чиқарадими?

20 август куни рус файласуфи ва сиёсатчиси, “Путиннинг мияси” деб таъриф бериладиган Александр Дугиннинг қизи Дарья Дугина портлатиб юборилди

Ўша куни Дугина отаси билан бирга Москва вилоятидаги тадбирда қатнашиб, у ердан чиққач, ўз автомобилида кетаётган вақтида машина портлаган.

Россия Федерал хавфсизлик хизматига кўра, Дарья Дугинанинг ўлдирилишини Украина махсус хизматлари тайёрлаган, ижрочи жиноятдан кейин Эстонияга қочиб кетган Украина фуқароси Наталья Вовк экани айтилмоқда. Бироқ буни расмий Киев, жумладан Президент Владимир Зеленский рад этди. 

Президент Владимир Путин Дарья Дугинанинг оиласига ҳамдардлик мактубини йўллади ва марҳума журналистни "Жасорат" ордени билан тақдирлади.

Дугинанинг вафотига нисбатан кўплаб хорижий мамлакатлар қатори АҚШ Давлат департаменти ҳам муносабат билдирди. 

Департамент вакили Нед Прайсга кўра, Оқ уй Киевда, Бучада, Харьковда, Краматорскда, Мариуполда ёки Москвада тинч аҳолига қилинган ҳужумларни сўзсиз қоралашини, бу тамойил бутун дунёда амал қилишини айтган.  

У сўзида руслар бўлиб ўтган воқеадан хулоса чиқаришига шубҳа қилмаслигини қистириб ўтган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса россиялик журналист ва жамоат арбоби Дарья Дугинанинг ўлдирилиши бўйича барча фактларни аниқлашга чақирди. 23 август куни Дугина билан видолашиш маросими ўтказилди.

Қотилликлар нафақат уруш давом этаётган мамлакатларда, балки тинчлик ҳукм сураётган давлатлар, жумладан Ўзбекистонда ҳам содир этилмоқда. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Уруш авжида, байрам ҳам

Тугаётган ҳафтада, 24 август куни Россия Қуролли Кучлари Украинага бостириб кирганига 6 ой тўлди. 6 ойдирки, дунё остин-устун ва бунинг зарби таъсир қилмаган мамлакат қолмаяпти. 24 август куни эса Украина мустақиллигининг 31 йиллигини нишонланди. 

Зеленский ушбу кун муносабати билан халқига мурожаат қилди ва бу давр мобайнида украин халқи кимнинг аслида кимлигини, дўстлари, биродарлари ва шунчаки танишларининг юзини яхши таниб олганини айтди. 

“Олти ой ичида биз тарихни ўзгартирдик, дунёни ўзгартирдик ва ўзимизни ўзгартирдик. Энди биз ким ҳақиқатан ҳам бизнинг биродаримиз ва дўстимиз эканлигини ва ким оддий таниш эмаслигини аниқ биламиз. Ким ўз номини ва обрўсини йўқотмади ва ким террорчилар юзини сақлаб қолиши учун хавотирда эди. Бизга кимга керакмаслигимиз ва биз учун қайси эшиклар очиқлигини билдик. Биз кимнинг кимлигини кўрдик. Ва бутун дунё украиналиклар кимлигини билиб олди. Энди биз ҳақимизда ҳеч ким “бу Россия яқинидаги давлат”, демайди”, дейди Зеленский. 

Бир кун аввал Зеленскийни йўқлаб Польша Президенти Анжей Дуда келган бўлса, 24 август куни мустақиллик байрами билан табриклаш учун шахсан Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Киевга сафар қилди. Польша Президенти мамлакатнинг Россия билан урушда ғалаба қозониши, босиб олинган барча ҳудудлар қайтарилиши ҳамда Украина тикланиб, мустаҳкамланишига ишонч билдирган. Дудага кўра, Польша ва бошқа демократик ҳамкор давлатлар бу борада Украинани қўллаб-қувватлайди.

Зеленский уруш бошлангандан бери Киевга учинчи бор келаётган Борис Жонсонни Украинанинг “Озодлик” ордени билан тақдирлади.

Зеленскийга табрик йўллаган Мирзиёев

Украина мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Президент Владимир Зеленскийга табрик йўллади. Бироқ, табрик матни анънага кўра Ўзбекистон Президенти сайтига эмас, балки Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси веб-саҳифасига жойлаштирилди. 

Унда Шавкат Мирзиёев Зеленскийни ва мамлакат халқини Украина миллий байрами – Мустақиллик куни билан табриклаган.

“Шу ойда икки томонлама муносабатларимиз тарихидаги муҳим сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаётганимизни ҳам мамнуният билан қайд этаман.

Ҳеч шубҳа йўқки, анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Украина муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бундан кейин ҳам ривожланиб бораверади”, деб ёзган Мирзиёев ўз табригида. 

Туркия Қримнинг аннексиясини тан олмайди. 

Украинадан узоқлашмаймиз. 23 август куни Қрим платформаси саммити иш бошлади. Унда 60 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан вакил иштирок этди. Уларнинг 40 га яқини Президентлар ва Бош вазирлар даражасида бўлди. Хусусан, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам саммитда онлайн иштирок этиб, Туркия Қримнинг аннексиясини тан олмаслигини айтди

“Мамлакатимизнинг Қрим бўйича позицияси нафақат қонунга асосланади, балки Анқаранинг маънавий позицияларининг асосий нанумасидир. Қримнинг Украинага қайтарилиши ҳам халқаро ҳуқуқнинг талабидир. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва сиёсий бирлигини сақлаб қолиш нафақат минтақа, балки глобал хавфсизлик ва барқарорлик учун ҳам жуда муҳим”, дейди Туркия раҳбари. 

У қрим-татарлар ўз тарихида бир неча бор фожиали воқеаларни бошдан кечиргани ва ота-боболари заминида тинч яшашга тўла ҳақли эканини эслатди. Эрдўғанга кўра, Қрим татарларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш Туркиянинг устувор вазифаларидан бири.

Украинларга қойил қолаётан Байден

АҚШ Президенти Жо Байден 25 август куни Владимир Зеленскийга телефон қилди. У Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди. Оқ уй раҳбари Украинани Мустақиллик куни билан табриклади ва бутун дунёни эркинлик тамойилларига содиқлиги билан илҳомлантиришда давом этаётган Украина халқи ва унинг қуролли кучларига қойил қолишини айтган

АҚШ Киевга қурол ва аслаҳалар учун 3 миллиард доллар миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам ажратди. Шу йўл билан Америка раҳбарияти ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. Ажратилган маблағ 24 август куни Киев ҳисобига келиб тушди.

Колонияда сақланаётган шахс қандай қилиб одам ўлдирди?

Боя қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар Ўзбекистонда ҳам содир этилаётганини айтгандим. Чала қолган гапимни давом эттирай. Энг қизиғи, одамларнинг уйига кирган ўғри ёки суиқасдни режалаштирган шахс бемалол ўз ўлжасини гумдон қилиб, ғойиб бўляпти. 

Гап шундаки, Сирдарёнинг Ховос туманидаги уйга ўғирликка тушган 25 яшар шахс юзини кўриб қолган 14 ёшли қизни қасддан ўлдирди.

20 август куни соат 04:00 ларда номаълум шахс Ховос тумани, Минор кўчасидаги уйларнинг бирига яширинча кириб, уйнинг барча хоналаридан пул ва қимматбаҳо буюмларни излаш жараёнида ётоқхонада ётган 14 ёшли қиз унинг юзини кўриб қолганлиги сабабли пичоқ билан қасддан ўлдирган. 

Сўнг, пулларни қидиришни давом эттириб, уйнинг бошқа хонасида 78 ёшли аёлга пичоқ билан таҳдид қилган ҳолда пуллар қаерда эканини сўраган. Аёлдан “пуллар йўқ” деган жавобни олгач, ҳодиса жойидан яширинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ховос тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратурага кўра, ушбу жиноятни 1997 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган, охирги маротаба 2018 йилда босқинчилик билан судланиб, ҳозирда манзил колонияда жазо ўтаётган шахс содир этгани аниқланган. Қайтараман, манзил колонияда жазо ўтаётган шахс содир этган! Шунда бу шахс манзил колониядан қандай қилиб Ховосдаги уйга келиб қолди? Демак, у колониядан қочириб юборилган, шундайми? Бу саволларга ҳали жавоб топганимизча йўқ. Жиноят иши доирасида гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қуйи Чирчиқда эр хотинини қайнотасининг уйида ўлдирди

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида эса эр девор ошиб қайнотасининг уйига тушиб, ётоқда ётган хотини пичоқлаб ўлдирди

Аввалига тармоқда эркак боғчада болалар кўз ўнгида аёлини калтаклаётгани акс этган лавҳалар тарқалди. Кейин у хотинини ўлдиргани маълум бўлди. 

Бош прокуратурага кўра, 24 август куни Қуйи Чирчиқ тумани "Пахтакор" маҳалласида яшовчи 31 ёшли эркак оилавий келишмовчиликлар ва рашк туфайли 24 ёшли турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, боғча болаларининг кўз олдида турмуш ўртоғини уриб, ҳақорат қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Қуйи Чирчиқ тумани ИИБ томонидан ўрганиш ишлари бошланган.

Эртаси, яъни 25 август куни эркак қайнотасининг уйига ошиб тушиб, оилавий муаммолар туфайли отасининг уйида яшаб келган турмуш ўртоғининг ётоқхонасига кириб, бўйин соҳасига ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Олган тан жароҳати оқибатида, аёл вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Қуйи Чирчиқ туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Путиннинг кайфиятини билиб қайтган Тўқаев Озарбайжонга борди

Қозоғистонда Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бундан олиндинги ҳафта Россияга, Путиннинг ҳузурига борганди. Ўшанда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги учрашув тор доирада ёритилганди. Томонлар ҳеч қандай ҳужжат имзоламаган, кўтарилган аниқ масалалар хусусида ҳам гап йўқ. Фақатгина Тўқаев Россия билан муносабатларни ривожлантиришда қатъий эканини келтирилган. 

Жорий ҳафтада Қозоғистон раҳбари яна сафарга чиқди, бу гал қардош ўлка Озарбайжонга. Бу Тўқаевнинг Озарбайжонга илк ташрифи. У Президента Илҳом Алиев билан учрашиб, қатор масалаларни, жумладан нефть Баку орқали жаҳон бозорига сотиш йўлларини ҳам муҳокама қилгани айтилмоқда. Учрашув якунида томонлар ўртасида 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Тўқаев Алиевни мамлакатнинг олий унвони «Олтин бургут» ордена билан тақдирлади. 

Дарвоқе, урчашувлардаги энг муҳим жиҳат шуки, Президентлар яккама-якка мулоқотда тўлиқ қозоқ ва озар тилларида субатлашдилар. Унда одатдагидек рус тилидан фойдаланилмаган. 

Лочин тўлиқ Баку қўлига ўтди

26 август куни Қорабоғнинг Лочин шаҳри, Забух ва Сус қишлоқлари тўлиқ Баку назоратига ўтди ва у ерга Озарбайжон байроғи ўрнатилди.

2020 йил ноябрь ойида Россия Федерацияси, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари томонидан имзоланган уч томонлама баёнотга мувофиқ, бу ерда Россия ҳарбийлари хизмат қилаётган эди. Йўл назорати Озарбайжон маъмурияти топширилди ва энди Россия контингенти Лочин шаҳрини айланиб ўтадиган янги йўлда ўз миссиясини давом эттиради.

Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудида яшовчи арманлар Арманистонга бориб-келиш учун янги йўлдан фойдаланади. Агар у ерда арманлар қолган бўлса. Чунки расмий Ереванга кўра, арманлар аллақачон Лочин, Забух ва Сусни тарк этган.

Шу куни мамлакатнинг биринчи хоними – вице-президент Меҳрибон Алиева 58 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мактуб йўллаб, уни таваллуд куни билан табриклади. Мактубда Меҳрибон Алиеванинг икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси таъкидланган. 

Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида икки киши ўлди

21 август куни Сурхондарё вилоятидаги “Пайғамбар ороли” ҳудудида 24 нафар Афғонистон фуқароси давлат чегарасини бузиб ўтди. Ҳудудга етиб келган Ўзбекистон чегарачиларига улар қаршилик кўрсатган.

Олиб борилган тезкор тадбир натижасида Ўзбекистон давлат чегарасини бузганларнинг барчаси қўлга олинган.

Ўтказилган сўров натижаларига кўра, чегарадаги ҳодисага Ўзбекистоннинг чегара зонасида кўп миқдорда ўсадиган қизилмия илдизининг ноқонуний равишда олиб ўтилиши сабаб бўлгани аниқланган.

Ҳодисада Афғонистон томонидан 2 киши ҳалок бўлган, 6 киши яраланган. Афғонистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг ваколатли вакиллари ўртасида Давлат чегарасида вужудга келган вазият бўйича музокаралар ўтказилган. Учрашув давомида ҳар икки томондан ҳам мазкур ҳудудда тарангликни юзага келтирган айрим қоидабузарликларга йўл қўйилгани қайд этилган. Ҳозирги пайтда ҳодиса юзасидан пухта текширувлар ўтказилмоқда.

Украина мустақиллик кунига Россиядан совға

24 август куни – Украина мустақиллик кунида Россия Украинанинг Днепропетровск вилоятидаги Чаплино вокзалига ракета ҳужуми уюштирди. Оқибатда ҳозиргача 22 киши қурбон бўлди. Шунингдек, 50 га яқин одам жароҳатланган. Қурбонлар орасида шунингдек, 6 яшар бола ҳам бор.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Чаплино вокзалига ҳужумга муносабат билдириб, уни ваҳшийлик деб баҳолади.

Покистонда қарийб 1000 киши тошқинлар қурбони бўлди

Покистонда 14 июндан бери кучли ёмғир қурбонлари сони 27 августа ҳолатига кўра қарийб 1000 нафарга этди. 1456 киши жароҳатланганлар рўйхатидан жой олган.  

Табий офатлар туфайли минглаб одамлар уйини тарк этишга мажбур бўлган. Иқлим ўзгаришлари вазири Шери Реҳман мамлакатдаги вазиятни «гуманитарный инқироз», деб атади.

Сув тошқинлари оқибатида 2,9 мингга яқин йўл, 72 мингдан ортиқ уй ва 129 та кўприк вайрон бўлган. 500 минг бошдан ортиқ чорва моллари нобуд бўлган.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф аҳолини тошқиндан жабр кўрган фуқароларга ёрдам беришга ​​чақирди. Шарифга кўра, ҳукуматга ёрдам ва реабилитация ишлари учун юзлаб миллиард рупий керак.

Муссон ёмғирлари Жанубий Осиёдан июнь-сентябрь ойларида ўтиб, ҳар йили табиий офатлар ва фалокатлар келтириб чиқаради.

Ёғингарчиклар туфайли Афғонистондаги вазият ҳам ачинарли тус олди. Афғонистоннинг турли вилоятларида сўнгги бир ой ичида 182 киши тошқин қурбони бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

313

Рейтинг

3.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг