Жаноб Солиев ва унинг ҳокимиятига 27 автомобиль камлик қилмаяптими?

Таҳлил

image


Ўзбекистондаги барча вазирлик ва идоралар қандай машиналарга эгалик қилиши, қандай турдаги давлат харидларини амалга ошираётгани, ходимларининг қачон ва қаерга, қанча маблағ эвазига хизмат сафарларига чиқаётгани каби бир қатор маълумотларни ўзининг расмий сайтидаги очиқ маълумотлар порталига жойлаб бориши керак. Бу талаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек,  жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгилаб қўйилган. 

Барча давлат органлари ҳам бу Фармон талабларини тўла бажаравермагач,  эндиликда улар маълумотларни очиқламагани учун жавобгарликка тортилади ва жарима тўлайди. Бу яқиндагина “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Президент томонидан имзоланган Қонунда ўз аксини топган. 

Агар вазирлик ва идоралар маълумотларни очиқлаган кўп ҳолларда харажатлар Президент фармони, қонун ва қонуности ҳужжатларга зид равишда амалга оширилгани, бесамар харажатлар қилингани ёки 70 минг сўмга сомса харид қилгани каби аслига нисбатан қимматбаҳо сарфлар қилингани, хуллас бюджет маблағлари ҳавога учирилгани маълум бўлиб қоляпти. 

Нима учун айрим маҳаллий ҳокимликлар ва идоралар томонидан маълумотлар очиқланмаётганини тушунгандекмиз. Масалан, Жиззах вилояти ҳокимлиги тасарруфида меҳмонлар учун аталган 9 та ва яна 3 та навбатчи автомашина хизмат қилади. Ҳокимликдаги жами давлат машиналарнинг сони эса 27 та! 

Уларнинг 8 таси – 2 та Toyota Prado, 2 та Trailblazer, 1 та Mercedes-Benz, 2 та Captiva, 1 та Lacetti’дан вилоят ҳокими Эргаш Солиев ва унинг ўринбосарлари фойдаланади. 
Шунингдек, ҳокимликнинг бошқа ходимларига аталган Tracker, Lacetti, Captiva, Damas, Nexia 1, Nexia 2 турдаги 7 та хизмат машиналари ҳам бор.

Навбатчилик ва меҳмонлар учун мўлжалланган 13 та автоуловлар орасида Cadillac, 2 ta Mercedes-Benz, 8 ta Captiva русумдаги енгил автомашина, Mercedes Sprinter маркали 2 та микроавтобус мавжуд.     

Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий бавлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 258-сон Қарорига мувофиқ, Давлат бошқаруви органларининг Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига делегация ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш мақсадида 5 тагача навбатчи автотранспорт воситаси сақлаш учун лимит белгиланган. Бундан кўринадики, Жиззах вилояти ҳокимлигида автомобиллар сони белгиланган меъёрдан анча ошиб кетган. 

Мазкур қарор 2021 йилнинг 30 апрелидан бошлаб кучга кирган ва унда Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари шакллантирилган рўйхат асосида ортиқча хизмат автотранспорт воситаларининг 2021 йил 1 августга қадар электрон аукцион савдоларига қўйилишини таъминлаши керак эди. 

Бундан ташқари, Жиззах шаҳри ва вилоятнинг 12 та тумани ҳокимлиги тасарруфида ҳам 2021 йилги маълумотларга кўра, 100 га яқин автотранспорт воситалари хизмат қилади. Улардан 8 таси белгиланган меъёрдан ортиқчалиги аниқланган. 

Уларнинг нархларини таҳлил қилиб кўрамиз:

Cadillac автомобилининг 2016 йилги версияси 304-410 от кучили автомобиль бўлиб, нархи хорижда 23,334 — 33,360 доллар атрофида. 

Mercedes-Benz’нинг E классдаги энг арзон нархи эса 57,700 — 66,200 евро бўлиб, бу нархда Ўзбекистонга олиб киришдаги божхона тўловлари назарда тутилмаган.  

Mercedes-Benz Sprinter маркали микроавтобуслар ҳам юқоридаги қимматбаҳо автомобиллар сингари Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва йиғиш имконияти мавжуд бўлмаган ва фақат хориждан сотиб олинадиган транспорт воситалари сирасига киради. Унинг нархи эса энг камида 15 000 евро туради. 

Captiva автомобили эса Ўзбекистондаги энг оммабоп машиналардан бўлиб, унинг бугунги кундаги нархи ўртача 200-250 млнни ташкил қилади.

Гарчи Жиззах вилоят ҳокимлигининг бундай маълумотларни тўла очиқлагани ижобий ҳолат бўлса-да, Ҳукумат қарори талабларига амал қилиш шартдир. 

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

1557

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг