70 минглик сомсанинг ҳисобини ким беради?
Таҳлил
−
18 Август 2022
17425Яқинда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг “Тошкент халқаро инвестициялар форуми” доирасидаги жами 15 млн долларлик қимматбаҳо таомномаси – донаси 70 минг сўм бўлган сомса, 50 минг сўмлик манти ва порцияси 130 минг сўм бўлган ош мавзуси кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган эди. Аммо бу воқеани масьуллар ҳам, жамоатчилик ҳам тезда унутиб юборди. QALAMPIR.UZ мухбири эса бугун, 18 август куни бўлиб ўтган Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотга ташриф буюрган масьуллардан айнан мана шу саволга жавоб олишга ҳарақат қилди.
Аммо, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи саволимизга аниқ жавоб бера олмади.
“Бу саволингиз бугунги тадбирга алоқадор бўлмагани учун мен аниқ бир гап айта олмайман. Аммо, адашмасам, вазирлик бу бўйича алоҳида муносабат тайёрлаб эьлон қилган”, дейди Иномжон Абдураҳмонов
Афсуски, бошқарма бошлиғи адашди. Чунки вазирлик харажатлар бўйича ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ. Харажатларни эьлон қилиш бу алоҳида қонуний талаб бўлиб, уларни шунчаки эьлон қилиш етарли эмас.
Мухбирнинг бундай харажатлар вазирлик учун одатий ҳолми, деган саволига жавобан, у бугунги сессияни мисол сифатида кўрсатиб, ортиқча маблағ сарфланишига йўл қўйилмаганини айтди.
Шунингдек, қонунчиликка кўра, товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат хариди бўйича тузилган шартномалар ва уларга қўшимча келишувлар базавий ҳисоблаш миқдори (1 июлдан буён 300 минг сўм – таҳр.)нинг йигирма беш минг (бюджет буюртмачилари учун олти минг) баравари миқдоридан ошган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасида комплекс экспертизадан ўтказилиши керак.
Бироқ, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ушбу харажатлари бўйича ҳеч қандай экспертиза ўтказмаган. Буни эса вазирлик ходимлари сарфланган харажатларнинг қонунда белгиланган миқдордан камлиги билан изоҳлади. Яъни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, бир компания билан тузилган давлат хариди бўйича шартнома суммаси 7,5 млрддан зиёдни ташкил қилиши керак ва шундан кейингина текшириш ўтказиш мумкин бўлади.
Лекин, юқорида таькидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида бюджет буюртмачилари, яьни давлат органлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ошиқ миқдоридаги бугунги кунда 1 млрд 800 минг сўм миқдордаги харидларни амалга оширса, “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” томонидан экспертизадан ўтказилиши керак.
Хуллас, 70 минг сўмлик сомса мавзуси масьуллар томонидан яна очиқ қолдирилди.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15