Туркиянинг энг иссиқ шаҳрига саёҳат
Олам
−
01 Август 2022
12297Туркия деганда, одатда кўз ўнгимизда Европа ва Осиёни бирлаштирган, қадим тарихни ўзида мужассам этган, антик дунё ва замонавийликни жамлаган Истанбул шаҳри ёки Анталия, Бодрум ёки Мармарис келади. Бироқ дунё цивилизациясига катта ҳисса қўшган ушбу диёрнинг биз билмаган сирлари, қадамимиз етмаган масканлари бисёр. Диёрбакир айнан шундай шаҳар. QALAMPIR.UZ узоқ йўл босиб, ушбу шаҳарда бўлди.
Туркиянинг жануби-шарқидаги шаҳар инсоният тарихининг энг қадимги цивилизация ўчоғи – Месопотапия жойлашган минтақа, у Дажла дарёси бўйида. Сурияга қўшни ушбу шаҳарда 1 миллион 800 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Шаҳар оддий одамлари, қадриятларга содиқлиги ва уларни авлодлардан-авлодларга ташиб келаётган кексалари билан эътиборга молик.
Континентал иқлим ҳукмрон бўлган шаҳарда ёз жуда иссиқ ва қуруқ. Ўзбекистондаги иссиққа ўрганиб кетганлар учун бу иссиқ ҳеч нарсамас дегандик. Адашган эканмиз.
Шаҳар озода, тартибли. Инфратузилмани кўрган одам бу ерни Туркиянинг энг чекка ҳудуди демайди. Шаҳарнинг янги қисми замонавий кўп қаватли уйлар билан тўлган.
Марказий кўчалар Диёрбакирнинг тарихий қисми, эски ва тор кўчаларга бориб уланади. Бу ерга келган сайёҳлар эса Улуғ масжидни кўрмай кетмайди.
У Онадолудаги энг қадимий масжидлардан биридир. Милодий 639 йилда, Ислом қўшинлари Диёрбакирни забт этганда, Мар-Тома черкови масжидга айлантирилади. Масжид Ислом оламида бешинчи Ҳарам-и шариф номи билан машҳур. Унинг деворларида кўплаб цивилизацияларга оид ёзувлар бор.
Масжиддан чиқишингиз билан тарихий бозорга кўзингиз тушади. Бозор бўйлаб Диёрбакирга хос тор маҳалла кўчаларидан юриб борсангиз, сизни аллақачон сайёҳларга ўрганиб қолган болалар қаршилайди. Йўлаклар сизни XVII асрда қурилган Жамил Пошо саройига элтади.
Сарой 1888-1902 йиллар орасида Яман ҳокими, кейинроқ Сиирт ҳокими Жамил Пошо томонидан қурилган. Жамил Пошо ва унинг оиласи 1927 йилгача қасрда яшаган. Кейинчалик бошланғич мактаб ипакчилик ва тўқувчилик ҳудудига айлантирилди.
2010-2012 йиллар орасида Диёрбакир шаҳар ҳокимлиги ва Диёрбакир вилоят махсус бошқармаси сарой меросхўрлари билан келишиб, уни шаҳар музейига айлантиришга қарор қилди ва 2013 йилда тадқиқот, қайта тиклаш жараёни якунланди. Тахминан 3 йил давом этган реставрация ишларидан сўнг, сарой 2014 йилда тарих ва маданият музейи сифатида очилди.
Диёрбакир турли миллатлар ва элатлар, кўплаб дин ва эътиқод вакилларининг бирлашган нуқтаси. Бу ерда турклардан ҳам кўпроқ дунёда кам сонли бўлган оромий миллатига мансуб православ насронийларини учратасиз. Жумладан уларнинг ибодатхоналари ҳам талайгина. Шулардан бири Амир Темур қўшинлари томонидан вайрон қилинган Марям она ибодатхонаси.
Ушбу черков III асрда қурилган деб тахмин қилинади. У бугунги кунгача кўп марта ёндирилган, вайрон қилинган ва тикланган.
LiveБарчаси