Ёзувчилар уюшмаси атрофида “скандал”: Британияликлар нимадан норози?
Интервью
−
23 Июль 2022
16671Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жорий йилнинг 17-21 сентябрь кунлари мамлакатда ўтказилиши режалаштирилган “Ипак йўли” адабиёт фестивалига мезбонлик қилишни рад этгани ҳақида хабарлар тарқалди ва уюшмага тош отила бошлади.
Уюшма мезбонликни рад этгани ҳақида биринчи бўлиб шоир Аъзам Обидов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида хабар берган. Бунинг ортидан журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари Ўзбекистон учун бу каби тадбирлар, адабиёт фестиваллари кераклиги ҳақида ёзаркан, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда баҳс-мунозаралар авжига чиқди. QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганиш мақсадида Ёзувчилар уюшмасига мурожаат қилди.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Ёзувчилар уюшмаси “Ипак йўли” адабиёт фестивалига мезбонликни рад этганидан сўнг турли гап-сўзлар пайдо бўлди. Бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
Рисолат Ҳайдарова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бош мутахассиси: — Биринчи бўлиб фестиваль ўтказилишидаги келишувга тўхталсак. Ўтган йили Ўзбекистонинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон “Ипак йўли” адабиёт фестивалини ўтказиш таклифи билан чиқди. Биз таклифни ўрганиб, “Осиё адабий агентлиги”дан ноширлар қатнашиши, музокаралар юритиш ва тенг ҳамкорлик шарти билан ташкил этишга рози бўлганмиз. Улар ҳам рози бўлишган.
Таклифга кўра, музокаралар ўтган йили июль ойларида бошланган ва декабрь ойигача давом этган. Улар юборган биринчи хатда 6-8 кишилик делегация келиши айтилган эди. Биз ҳам харажатларни шу асосда шакллантирганмиз.
Март ойи келди, афсуски, улардан фестиваль концепцияси келмади. Шунингдек, Ўзбекистонга келувчилар рўйхати ва келишилинганидек, “Осиё адабий агентлиги” вакиллари ҳам келишлари ҳақида сўрадик. Март-апрель ойида улардан жавоб бўлмади. Май ойида эса танлов бошланиши, сайт ишга тушиши керак эди.
Софи дастурнинг қоралама варианти борлиги ва у сайт ишга тушганидан сўнг қўйилишини айтди. Табиийки, биз дастур ўзаро келишиб тузилиши кераклигини айтдик. Бизга дастурнинг илк қоралама варианти февраль ойида келганди ва у жуда шошмашошарлик билан ёзилгани билинарди.
Дастурда ўзбек адабиёти ва ўзбек маданиятини тарғиб қилишга бўлган бандлари битта ёки иккита эди. Бобурнинг ватани ҳақида битта ҳикоя демаса, [бошқа ҳеч нарса] деярли йўқ. Кейин биз ўз вариантимизни ишладик ва уларга кўриб чиқишга юбордик.
Апрель ойи бошланганда ҳам улардан биз юборган дастурга жавоб бўлмади. Охир-оқибат фестиваль ўтказилиши рад этилган мактуб йўлладик. Ҳозир муҳокама бўлаётган ҳолат аслида апрель ойида бўлган.
Май ойида Сафи Иббитсон Тошкентга келади дейишди, 5 майда қабул қилишимиз сўралди. Қабул қилдик, гаплашдик. У ўзи билан инглиз тилидаги қоралама дастурни ва иштирокчилар рўйхатини олиб келди. У 36 кишилик рўйхат кўрсатди, 6 киши онлайн қатнашиши айтилди. Меҳмонлардан айримлари кимнингдир ёрдамчиси, отаси. Уларнинг ҳамма харажатлари уюшма томонидан қопланади. Биз қайта тақдим этган дастурларига ҳам эътироз билдирдик.
Энг қизиқ томони, улар тақдим этган дастурда “Осиё адабий агентлиги” ноширлари билан музокараларга вақт ажратилмаган, назарда ҳам тутилмаган. Биз берган кўплаб таклифлар чиқариб ташланган.
Бошида ўтказилган музокаралар давомида тўсатдан Софи Ибботсон Тожикистондан Латифий ва у ердаги нашриётнинг беш-олти кишилик делегацияни таклиф қилиш кераклигини айтди. Нима учун бу таклиф декабрда берилмагани ва айнан Латифий чақирилганини тушунмадик. Ёзувчилар уюшмаси халқаро тадбир ташкил қиларкан, Тожикистондан меҳмон таклиф қилдими, демак Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам экспертлар чақиришга мажбур. Бу ўзаро ҳамкорлик қоидаси. Улар UNESCO’га ариза бериб, фестиваль UNESCO шафелигида ўтказилиши ҳақида маълумот юборишимизни сўрашди.
Биз улар айтганидек, 36 кишини кутиб ҳам олармиз, лекин дастурдаги айрим чиқишлар жамоатчилик томонидан нотўғри талқин қилиниши аниқ эди.
Масалан: “Рус тили марказий Осиё халқлари учун адабий тил” тадбири, “Темерлан” деган тадбир ўтказиб, Жастин Мароцини шу номли китоби тақдимотини ўтказиш шулар жумласидан эди. Лекин Амир Темур бизнинг миллий қаҳрамонимиз ва биз “Темерлан” деб тадбир ўтказолмаймиз. Хуллас узоқ тортишувлардан кейин ўйлаб кўрамиз деб жавоб бердик.
Орадан вақт ўтиб Софи Ибботсон Telegram гуруҳда “фестиваль бўлади”, деб ёзди. Биз эса Ёзувчилар уюшмаси дастурни тасдиқламаганини билдирдик. Улар “дастур учун фестиваль дирекцияси жавоб беради”, деб жавоб қилишди.
Ф.Н.: — Фестиваль дирекциясига кимлар киради?
Р.Ҳ.: — Фестиваль дирекциясига фақат Британияликлар киради.
Ф.Н.: — Фестивалга тахминан қанча маблағ ажратилган?
Р.Ҳ.: — Уюшмадан тахминан 200 млн сўмга яқин маблағ ажратилган эди. Бу 10 киши учун ажратилган пуллар. Лекин, кўзда тутилмаган харажатлар ошиб кетганди. Меҳмонхона, Бухорога бориш-келиш чипталари, совғалар – барчаси шу маблағ ичида.
Бизни хафа қиладиган яна бир томони, Тошкентда ўтадиган тадбирларга ҳам Британия томонининг аралашуви бўлди. Улар “Ситораи Моҳи Хоса” саройини бир кунга туристлар учун ёпишни сўрашди. Афсуски, бунинг имкони йўқ. Шунингдек, Бухорода бўладиган барча саёҳатларни Софи Ибботсонга таниш бўлган туристик фирма ташкил қилишини айтишди. Софи бу фирма билан гаплашиб қўйганини айтганда, мен “нима учун”, деб савол бердим. “Мен уларни яхши танийман”, деб айтди, лекин мен Ўзбекистондаги тадбирларни ўзимизга қўйиб беришларини сўрадим. Шу кунга қадар бошқа тадбирларни биз ташкил қилганмиз ва бу бўйича ҳам ўз режамиз бор эди.
Ф.Н.: — Бизда Софи томондан тақдим этилган дастур бор ва Уюшма берган баёнотдан фарқли ўлароқ дастурда адабиётга кўпроқ эътибор қаратилган.
Р.Ҳ.: — Сиз кўрган дастурнинг бир қисми уларники, бир қисми бизники. Улар берган дастурга бизнинг эътирозимиз бўлган. Масалан, улар Нодира ва Увайсий ҳақида ҳикоя қилишларини айтишди. Биз бунга рози бўлдик ва маърузачи ўзбекистондан бўлишини билдирдик. Лекин улар маърузачини ҳам ўзлари танлайдиган бўлишди. Жадидлар ҳақидаги мавзуни кейин қўшишди. Биринчи дастурда адабиётга жуда кам эътибор қаратилганди. Иккинчи дастур келган вақтда ғишт қолипдан кўчиб бўлган эди.
Бизда тажриба бор, бундай тадбирларни биринчи марта ташкил қилаётганимиз йўқ, йилига бир неча маротаба ташкиллаштирган вақтларимиз ҳам бўлган. Ҳамма томонлама ўрганиб, ҳал қилиб, битта дастур тузамизда, кейин шундан оғишмаймиз. Британия томони битта дастур қилиб олганидан кейин ҳам дастурдан кўплаб маротаба чиқиш ҳолати бўляпти. Қандайдир ғоя бўляпти-да, тез шуни қилайлик дейишяпти. Очиғини айтиш керак, улар тартибли ишлашмади. Бизнинг энг катта эътирозимиз мана шунда бўлди.
Ф.Н.: — Фестиваль ўтказилмаслиги ҳақида Британия томонини ТИВ орқали юборилган хат билан хабардор қилдингизми?
Р.Ҳ.: — Аввало Софи Ибботсон биздан, мендан фестиваль бўлмаслиги ҳақидаги хабарни норасмий равишда эшитган. Лекин халқаро шерикларга расмий жавоблар ТИВ орқали юборилади. Қоида шунақа.
Ф.Н.: — Шу вақтгача Туризм ва маданий мерос ва Маданият вазирликлари фестиваль ўтказиш ва ташкилий ишларга кўмаклашиш масаласида алоқага чиқишдими?
Р.Ҳ.: — Хозиргача мана шу нарсани қилиб берайлик, мана шу харажатни биз кўтарайлик, деган таклиф улардан чиққани йўқ.
Юқоридагилар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фестиваль ташкил қилиш борасида Британия томонига нисбатан эътирозлари эди. Албатта, QALAMPIR.UZ масалага холис ёндашиш, иккинчи томоннинг ҳам ҳолат бўйича версияларини билиш мақсадида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Туризм элчиси Софи Ибботсон билан боғланди.
Шаҳзод Нусратуллаев, мухбир: — “Ипак йўли” адабиёт фестивали учун нимага айнан Ўзбекистон танланди?
Софи Ибботсон, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Туризм элчиси: — Даставвал айтишим мумкинки, мазкур “Ипак йўли” адабиёт фестивали тижоратга йўналтирилган адабиёт соҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижодий ҳамда технологик жиҳатдан Марказий Осиё ҳудудида нашриёт соҳасини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Буюк Британия томонидан масъул Васийлар Кенгаши тасдиқлаб берган ушбу фестиваль мезбон сифатида танланган мамлакатдан кўра кенгроқ кўлам ёки таъсир доирасига эга. Ҳудуднинг бой адабий салоҳияти ва анъаналари мазкур фестиваль ғояларини қўшни давлатларга ҳам ёя олади.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг машҳур ёзувчи ва ноширларини Қозоғистон, Грузия, Тожикистон ва Туркия каби давлатлар жамоатчилиги билан бир даврага йиғади. Айнан битта давлатни мазкур жараёнда масъул қилиб тайинлаш бизга турли давлатларни бу ерда жамлаш ва халқаро ҳамжамият ногоҳида бўлишга имкон беради. Хабарингиз бор, шу йилнинг сентябрь ойида мазкур адабиёт фестивалини Ўзбекистонда, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида ўтказишга умид қилгандик. Фестиваль ташкилий қўмитаси ўтган йили июнда Ўзбекистон ҳукуматига мазкур ташаббус билан чиққан эди.
Шунингдек, Қўмита (Ўзбекистон) Ёзувчилар уюшмасига асосий ҳамкор бўлиш таклифини билдирган. Бу борада Ташқи ишлар вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан ҳам алоқалар бўлган. Шу тариқа биз мазкур лойиҳа борасида ҳамкорлик қилиш юзасидан Ўзбекистон ҳукуматидан юқори даражадаги қўллаб-қувватлаш билдирилганига гувоҳ бўлдик.
Ш.Н.: — Фестиваль ташкил этиш аввалида томонларнинг бир-бирига қўйган талаблари нималардан иборат эди? Вазифалар қай тарзда тақсимланган?
С.И.: — Ўтган йили бу мавзуда барча ҳамкорларимиз билан жуда кўплаб муҳокамалар қилганмиз. Биз йирик тадбирлардан тортиб, уларнинг майда деталларигача синчиклаб кузатиб чиққанмиз. Чунки, бу халқаро фестиваль эди. Жараёнлар асносида барча ҳамкорларнинг мажбуриятлари ва вазифалари рўйхатини шакллантирдик ва уларга етказдик.
Ёзувчилар уюшмасининг вазифаси Ўзбекистон доирасида кечадиган барча жараёнларни режалаштириш эди, яъни фестиваль ўтказиладиган жойлар, маърузачилар ва сўзга чиқувчилар учун турар-жой буюртириш, транспортни йўлга қўйиш, шунингдек фестиваль таркибига киритилиши мумкин бўлган сўзловчилар борасида қўшимча тавсиялар бериш, тадбирларнинг тасвирга олиниши ва таржима қилинишини йўлга қўйиш, шу билан бирга, жараёнларни онлайн тарзда халқаро миқёсда эфирга узатиш. Вазифаларнинг асосий қисми қўмитамиз зиммасида эди.
Фестиваль барча жабҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ўн нафар вакил ажратилган эди. Фестиваль доирасида Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда 12 та расмий ҳамкорга эга эдик. Булар сирасига кўп йиллик тажрибага эга ташкилотлар, хусусан британия элчихонаси, Осиё ишлари бўйича қўмита ва бошқалар. Улар билан биргаликда, биз дастурни мувофиқлаштириш, фестивални веб-сайт орқали ёритиш, маркетинг, барча нутқ сўзловчилар билан шартнома белгилаш масалаларида масъул эдик.
Ш.Н.: — Ташкилотчилик жараёни бўйича Ўзбекистон томонига қандай эътирозларингиз бор?
С.И.: — Айтишим мумкинки, ушбу тадбир режаси Ўзбекистон ҳукумати, Маданий ишлар бўйича идоралар, ёзувчилар ва шоирлар, энг диққатга сазовор жиҳати, кўп сонли оддий китобсеварлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Кузатувчилардан тадбир тўғрисида ниҳоятда кўп мурожаатлар келиб тушди. Аммо фестивалга тайёргарлик жараёнида асосий қийинчиликлар Ёзувчилар уюшмаси билан содир бўлди. Даставвал, уюшма фестиваль арафасида бажарилиши зарур бўлган кўплаб вазифаларини якунламади. Муҳим вазифалар қачон ва ким томонидан бажарилиши борасида сўров юбориб, бир неча маротаба мурожаат қилдик. Айтганимдек, Ёзувчилар уюшмаси тадбир жойлари ва иштирокчилар учун турар-жойларни олдиндан буюртириш каби бир қанча муҳим вазифаларга масъул эди. Аммо мазкур ишлар ҳалигача якунига етказилмаган. Улар қўмитанинг бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот бериш тўғрисидаги талабини эътиборсиз қолдиришди.
Иккинчидан, Ёзувчилар уюшмаси билан боғланиш қийин бўлиб борди ва мулоқотимиз қониқарсиз даражада эди. Менинг Ёзувчилар Уюшмаси билан сўнги учрашувим май ойи бошларида Тошкентда бўлиб ўтган. Унда Ёзувчилар уюшмаси Халқаро бўлими бошлиғи барча муаммолар ечим топганини ва фестиваль режалаштирилганидек, сентябрда ўтказилиши, муаммолар бўлмаслигини маълум қилган эди. Орадан икки ҳафта ўтиб, май ойи ўрталарида кутилмаганда Ёзувчилар уюшмаси тўсатдан фестиваль олди тайёргарлик ишларини ва биз билан мулоқотни бутунлай тўхтатди.
Шу воқеадан бери, кўплаб сўровлар ва мурожаатлар юборишимизга қарамасдан, жавоб сифатида ҳатто, оддий Telegram хабари ҳам олмадик. Ташқи ишлар вазирлиги ва Қўмита орқали қилган саъй-ҳаракатларимизга қарамай, Уюшма биз билан алоқага чиқмади. Кейинчалик Ташқи ишлар вазирлиги бизга хабар беришича, Ёзувчилар уюшмаси май ойи ўрталарида фестивалда иштирокчи бўлмаслигини маълум қилган.
Қўмитага фестивални ўтказиш учун муносиб янги ҳамкор топишга камида 6 ҳафта муддат керак. Афсуски, июнь охири ва ёки июль бошида мазкур жараёнларни қайта тартибга солиш учун анча кеч. 17 июлда олинган расмий хабар уюшманинг сентябрда ўтказиладиган Фестивалда иштирокини бутунлай тўхтатди.
Ш.Н.: — Фестивалда “Темерлан” номи остида тадбирлар бўлиши ҳақида маълумотлар бор. Миллат қаҳрамонини бундай лақаб билан аташ камситиш бўлиб қолмайдими?
С.И.: — Шу ўринда айтишим керакки, Амир Темур Ғарбда “Темерлан” номи билан кўпроқ машҳур. Кристофер Марло ва Уильям Шекспир ҳам уни шу номда тилга олган. Марло ҳатто 1590 йилда, 450 йил олдин “Темурланг” номли асар ҳам ёзган. Фестивалда британиялик тарихчи ва нотиқ, бестселлер даражага чиққан Амир Темурнинг инглиз тилидаги биографияси муаллифи Жастин Мароцци иштироки ҳам кутилган. Умуман олганда, тадбир номи “Темурланг”: Ислом қиличи, жаҳон фотиҳи” деб номланади.
Жастин Амир Темур шахси кеча ва бугун қандай тушунилгани ҳақида мулоҳазалар беради. Албатта, миллий қаҳрамонлар турли ҳудудларда турлича номларга эга. Амир Темур номи Ўзбекистон тарихи учун хос. Биз фестиваль учун мамлакат ташқарисида, халқаро миқёсда таниқли бўлган номни асос қилиб олдик. Кенг омма Амир Темур шахсини “Темурланг” (Темурланг) номи билан танишади ва тан олишади.
Ш.Н.: — Ёзувчилар уюшмаси хабарига кўра дастурда адабиётга кам вақт ва ўрин ажратилган. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?
С.И.: — Мен бу фикрга умуман қўшила олмайман. Фестивалда 50 та тадбир мўлжалланган эди. 3 тасини инобатга олмаганда, деярли барчаси адабиётга тўғридан-тўғри алоқадордир. Учта ноадабий тадбирлар эса болалар учун қўғирчоқ театри, Ёзувчилар уюшмаси томонидан таклиф этилган фестивалда нутқ сўзловчи спикер томонидан ишланган ҳужжатли фильм ҳамда очиқ осмон остида ўтказилувчи маданий тадбирдан иборат эди. Ўйлашимча, муаммо фестиваль қўмитанинг Ёзувчилар уюшмаси билан адабиёт нима эканлиги борасида турлича фикрда эканлигида. Мен учун, ёзувчилар ва уларнинг асарлари ҳақидаги мунозаралар ва очиқ муҳокамалар, нашриёт борасидаги техник кўргазмалар, муаллифлик ҳуқуқи, адабиётшунослик бўйича вакил топиш, ҳикоячилик, шеърхонлик тадбирлари ҳамда адабиётга йўналтирувчи тадбирлар – биз олдиндан режалаштирган адабиёт фестивалида намоён этилиши керак бўлган адабий ҳодисалардир.
Ш.Н.: — Фестиваль ўтказилиши билан боғлиқ жараён ҳақида сўзловчи мақола “ТIME” журналида чоп қилинган эди. Бу борада Ёзувчилар уюшмаси билан қандайдир қўшма протокол имзоланганмиди?
С.И.: — Очиғини айтсам, фестиваль маркетинги тўлалигича қўмита ваколати ҳисобланади. Умуман, фестиваль тўғрисида иккита расмий мақола эълон қилинган. “ТIME” журналидаги хабар улардан бири бўлиб, тахминан икки ҳафта олдин чоп этилган. Даставвал журнал мухбирларидан бири билан ишладик. У менга ҳали чоп этилмаган матнни текшириб беришимни сўради. Фестиваль ҳақида ҳикоя қилувчи хабар мен бошқа аъзолар тасдиғидан ўтгач, нашр этилган.
Ш.Н.: — Бу фестивалнинг қолдирилиши туфайли икки томонлама алоқаларда нималарни йўқотдик, дея оламиз?
С.И.: — Мен буни икки томонлама эмас, балки кўп томонлама алоқа деб атаган бўлардим. Чунки, фестиваль фақатгина Ўзбекистон ва Буюк Британияга алоқадор ҳодиса эмас эди. У бутун ҳамжамиятга алоқадор жараён ва халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабати ва талқинини ифода этарди. Бу Ўзбекистоннинг адабий анъаналарини ва ижодкорларини намоён этиш ва шундай йирик фестивалга Ўзбекистоннинг мезбонлик қилиши ва бу билан фахрланиш учун имконият ҳам эди. Мазкур фестиваль хилма-хил тадбирларни ва ниҳоятда таниқли нотиқларни жамловчи йирик ҳодиса эканлигидан ниҳоятда ифтихорда эдим. Сентябрда ўтказилувчи бу тадбир бекор қилиниши мени ранжитди. Дунё адабиёт ихлосмандлари Марказий Осиё абаиётидан баҳраманд бўлишлари учун уюштирган учрашувимиз, афсуски, амалга ошмаслик арафасида.
Ўзбекистон ортиқ кичкина давлат эмас ва бундай тадбирларни ташкил этишда ўзига яраша катта йўлни ва тажрибани босиб ўтган мамлакат. Албатта ёзувчилар уюшмасининг адабиёт фестивали каби халқаро миқёсдаги тадбирларни ташкил этишда тажрибаси йўқдир бироқ бу миллат қаҳрамонларини "Темерлан" деб аташ ёки бутун бир тарихий обидани ёпиб қўйиб тадбир ўтказиш, дегани эмас. Биз бундай тадбирлар икки томоннинг манфаатларига ва энг муҳими халқнинг тарихий қадриятларига, келажагига хизмат қилган ҳолда ўтказилиши тарафдоримиз. Томонлар ўзаро келишувга келмасдан туриб "TIME" журналида Ўзбекистонда ана шундай йирик тадбир ўтказилиши ҳақида эълон берилиши ва бундан Ёзувчилар уюшмаси ҳам журнални ўқиб хабар топишининг ўзи ҳам тадбирга тайёргарлик жараёнлари ва ўзаро келишувлар суст ва шунчаки оғзаки бўлганининг намунаси. Ўйлаймизки, бу келгусида бундай тадбирларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратилиб, ҳар бир хоҳиш-истак ҳужжатларда ўз аксини топишига асос ва сабаб бўлади. QALAMPIR.UZ халқаро фестиваль ўтказилишини қўллаб-қувватлайди. Қандай ўтказилиши юқорида айтганимиздек, умумманфаатларга хизмат қилишидан келиб чиқади.
LiveБарчаси