Кеча чўққида бугун эса... Гулнора Каримованинг ҳаёт йўли

Таҳлил

image

Бугун, 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 50 ёшни қаршиламоқда. Аммо ушбу шодиёнани Каримова бирор ҳашаматли ресторан ёки денгиз бўйида эмас, балки қамоқхонада нишонлайди. Ҳозирда ҳибсда бўлган Гулнора Каримова нафақат Президентнинг тўнғич қизи балки сиёсатшунос, иқтисодчи, элчи, шоира, дизайнер, заргар, хонанда, спортчи, маданият ва санъат ҳомийси дея эътироф этилган. Қуйида Гулнора Каримованинг ҳаёт йўлига разм солишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Шахсий ҳаёт

1991 йилда Гулнора афғонистонлик этник ўзбек Мансур Мақсудийга турмушга чиқади. Ушбу никоҳдан бир йил ўтиб, 1993 йилда уларнинг Ислом исмли ўғли дунёга келади, 1999 йил эса қизи – Имон туғилади. 2001 йили Гулнора ва Мансурнинг муносабатларига дарз кетиб, оила ажралади.

Кейинги йилларда эса у “Дадо” гуруҳи аъзоси Рустам Мадумаров билан танишади.  Рустам Мадумаров билан ишқий муносабатларини Гулнора рад этмагандек, доим у билан бирга намоён бўлади. Рустам Мадумаров Гулноранинг жиноий шериги сифатида 2014 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва миллионлаб долларларни ўзлаштиришда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Гулнора Каримова ҳибслангач, унинг ўғли ва қизи Лондонга кўчиб ўтади. Бу орада Имон бир неча бор Ўзбекистонга келди. Ўғли Ислом эса Ўзбекистонга қайтмади ва Лондонда уйланди. Каримованинг ўғли Ислом Каримов 2021 йилда ўғил фарзандли бўлди. 

2016 йилда Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов онаси ва холасининг муносабатлари ҳақида сўз юритар экан, улар ўртасида бутун умр ўзаро рақобат бўлгани, нафрат ва адоват ҳозир ҳаётларида акс этаётгани, улар анча йиллардан буён гаплашмаслиги ҳақида сўз юритган.
Жорий йилнинг январь ойида Гулнора Каримованинг жияни Марям Тилляева, Гулнора Каримованинг қизи Имон билан орадан 8 йил ўтиб учрашганини ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилган.

“Биз бобомникига келганда бирга вақт ўтказардик. Биз оналаримиз гаплашишни тўхтатмагунча яхши дўст бўлганмиз. Улар гаплашишни тўхтатгач, бизга, менга тақиқлашди. Имонга ҳам тушунтиришди. Аммо бу менга алам қилди, чунки опам бор, лекин у ҳақда ҳеч нарса билмайман”, деган эди Марям Тилляева. 

Маълумоти

1988 йил у Тошкентда ёш математиклар академиясини тугатган, 1994 йили Тошкент давлат университети фалсафа-иқтисодиёт факультетининг халқаро иқтисодиёт бўлимини бакалавр даражаси билан тамомлади. 1992 йили шу билан бирга Нью-Йорк штати университети қошидаги Мода технологиялари институтида таҳсил олди. 1996 йили Каримова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Иқтисодиёт институтининг магистратурасини битирди, 2000 йили Гарвард университетида санъат магистри даражасига эга бўлди. 2001 йили у Тошкент Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида сиёсий фанлар доктори бўлди. 2009 йили эса ўша ернинг ўзида профессор илмий даражасини олди. 2006 йили Гулнора Каримова Тошкент ахборот технологиялари университетида телекоммуникациялар соҳасида бакалавр даражасига эришди.

Сиёсий фаолияти

1995 йил июль ойида Гулнора Каримова Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида вазир маслаҳатчиси лавозимида ўз фаолиятини бошлайди. 2003 йил сентябридан бошлаб, то 2005 йил апрелигача у Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида маслаҳатчи-элчи бўлиб фаолият юритди. Бунга қадар Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси эди. 2008 йил февраль ойида у Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирига Маданий-ижтимоий соҳада халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинланди. 2008 йил сентябрь ойида Каримова БМТ қошидаги ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили этиб тайинланди. 2010 йил январь ойида Каримова Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси бўлди ва у ерда 2012 йил июль ойигача ишлади. 

Ижтимоий фаолият

Гулнора Каримова Ўзбекистонда ва хорижда бир ярим мингдан ортиқ лойиҳаларни ташкил этган ва ўтказган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг асосчиси ва Васийлик кенгаши раиси эди. Фонд Ўзбекистоннинг жамоатчилик ташкилотлари ўртасида ўрнак сифатида ЮНEСКОнинг расмий ҳамкорлари сафига кирган. 

Ўша йиллари Гулноранинг жамғармаси шу қадар гуллаб-яшнайдики, гўё мамлакатдаги бошқа ҳар қайси ташкилотлар айнан Фонднинг тадбирлари мазмунли ва “опа”нинг даражасига мос тарзда ўтиши учун парда ортида хизмат қилаётгандек эди. Аслида ҳам шундай бўлган. 

Фонд бир нечта мамлакатда расмий ваколатхоналарини очди. Гулнора Каримова Францияда ваколатхона очилиши муносабати билан Луврда ўзбек дизайнерлари дефилесини ўтказади, Глазгода эса ўзбек сўзаналари кўргазмасини ташкил этади.

Фонд форум ташкил этган йирик тадбирлар орасида – 35 мингдан зиёд болалар иштирокидаги “Янги авлод” болалар фестивали, 84 мингдан ортиқ ёшларни бирлаштирган “Келажак овози” республика ёшлар танлови, мамлакатнинг турли ҳудудларидан 30 мингдан кўпроқ аёллар қатнашадиган “Йил аёли” республика танлови, юзлаб уста-ҳунармандлар ва сулолалар иштирокидаги “Bazar-Art” кўргазма-ярмаркаси, “M&TVA” миллий мукофоти, “Меҳр нури” жамғармаси ҳамда Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди (ИТҚҚФ) грант дастурлари, шунингдек, “Ҳаёт учун” хайрия марафонлари бор эди. 

Гулнора Каримова бошчилигидаги лойиҳаларнинг аксарини маданият ва санъат соҳасидаги ишлар ташкил этган. У “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали, “Art week style.uz” мода ҳафталиги, Teatr.uz, “Олтин гепард” фестивалига бош-қош бўлиб келган.
Каримованинг фаолиятида охирги йилларда энг катта шуҳрат қозонган лойиҳаси эса “1000 тўй” бўлган. Ушбу лойиҳада Каримова республика бўйлаб оғир шароитлардаги оилаларнинг тўйларини ўтказиб беришга бошчилик қилган. Бироқ ушбу лойиҳа тадбиркорларнинг чўнтагига ўғринча қўл солиш, уларни мажбурлаш орқали ўтказилгани ҳақида иддаолар бор. 

Мусиқа

Гулнора Каримова шахсий телеканали ва радиоларига асос солганидан кейин, Googoosha тахаллуси билан қўшиқ куйлашни бошлайди. Унинг илк қўшиғи – “Унутма мени” таронаси 2004 йилларда эфир юзини кўради. Гулнора профессионал даражада вокал (метсо-сопрано) билан шуғулланди, Хулио Иглесиас, Монсеррат Кабале ва Жерар Депарде каби таниқли қўшиқчилар билан дуэтлар ижро этади. 2012 йилнинг июнь ойида Googoosha АҚШда, шунингдек iTunes, Amazon ва бошқа интернет-дўконлар орқали халқаро савдода биринчи инглиз тилидаги альбомини тақдим этди. Альбом россиялик продюсер ва мусиқачи Макс Фадеев билан ҳамкорликда яратилди. 

Альбом 12 композицияни ўз ичига олган. Улар орасида америкалик DJ White Shadow’дан “Round Run” синглига ишланган ремиксдан ташкил топган қўшиқ ҳам бор. Мазкур қўшиққа голливудлик режиссёрлар томонидан Бухорода қимматбаҳо клип суратга олинади. 

Гулнора Каримова кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарган қўшиғини 2012 йилда куйлаган. “Сочим майда ўринг, ота” таронаси Гулнора Каримованинг муаллифлик қўшиғи эмас. У бу қўшиқни “Олтин гепард” танловига келиб тушган фильмлардан бирида эшитиб қолган ва куйлашга қарор қилган. Каримова қўшиқни 2012 йил М&TVА тақдимот маросимида куйлаб чиққанди.

Заргарлик ва мода

Гулнора Каримова ўзи томонидан ташкиллаштириладиган “Art week style.uz” мода ҳафталигида бир неча бор қимматбаҳо шахсий коллекцияларини тақдим этган. Айниқса, унинг 2012 йилдаги коллекцияси мамлакатда жуда кенг тарғиб қилинган. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновадан тортиб хонандалар Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, Райҳон каби таниқли санъаткорлар Каримовага мансуб қимматбаҳо либосларни харид қилиб, ушбу либосларда чиқиш қилишни бошлаганлар.

Гулнора Каримова ўша даврларда заргарлик ва атторлик молларини ишлаб чиқаришга ҳам қўл урди ва Гули брендига асос солди. Шаҳар марказидаги курант соати биносида мазкур атторлик моллари ва тақинчоқларнинг илк тақдимот маросими бўлиб ўтган эди.

Бурилиш нуқтаси

Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У 2015 йилнинг августида, яъни биринчи Президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Ўзбекистонда унга нисбатан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва ўғрилик бўйича иккита жиноий иш очилган. Ушбу икки ҳолатда давлат ва фуқароларнинг манфаатларига етказилган зарарнинг умумий ҳажми 1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион АҚШ доллари, 26,1 миллион евро экани айтилган. 2015 йилда Каримова беш йилга, 2017 йилда 10 йилга қамалган. 2018 йилда иккинчи ҳолатда қамоқ муддати беш йил озодликни чеклаш билан алмаштирилган.

2018 йилнинг декабрь ойида Каримова рейдлар билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбланиб, унга янги жиноий иш қўзғатилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, ушбу иш доирасида етказилган зарар 165 миллион доллар ва 85 миллиард сўмдан (қарийб 9 миллион доллар) ташкил этган.

Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йил 18 мартда ёпиқ тартибда ўтган суд мажлисида Гулнора Каримовага суд ҳукми билан 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1754

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг