Марказий Осиё Венециясига саёҳат
Жамият
−
21 Июль 2022
12958Туркистон – Қозоғистоннинг жанубида, Сирдарёдан унча узоқ бўлмаган шаҳар. 1991 йилдан Туркистон Жанубий Қозоғистон вилоятидаги шаҳар сифатида Қозоғистон Республикаси таркибига киради. Эртакнамо шаҳарга бориш йўллар кўп. Истасангиз ҳаво кемаси ёки темир йўлни танланг. QALAMPIR.UZ Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан ушбу манзилга борди. Йўл бўйи сайёҳларга ва шаҳарлараро қатновчиларга яратилган шароитларни ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида саёҳатни миниавтобусда амалга оширдик.
QALAMPIR.UZ'нинг Туркистон шаҳрига саёҳатини юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
2018 йилда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг маънавий пойтахтини тиклаш ташаббусини эълон қилди. У Туркистон вилоятини ташкил этиш ва вилоят марказини Туркистонга ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Туркистондаги кўзга кўринган ва кўплаб туристлар эътиборини торта олган, Марказий Осиёдаги энг йирик ва кўп функцияли “Карвон сарой” сайёҳлик мажмуасининг қурилишига 2019 йилда старт берилган ва 2021 йилда битказилган. Жорий йилнинг 10 апрель куни эса мажмуанинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган.
“Карвон сарой” ўзининг архитектураси, кўплаб марказларни ўзида жамлагани билан ҳар қандай кишини ўзига маҳлиё қилади. Мажмуадан меҳмонхона, кинотеатр, музей, савдо дўконлари, кафе, ресторан, шарқона бозор, бутиклар, фитнес маркази ва оилавий кўнгилочар марказлар ўрин олган.
“Карвон сарой” ҳудудида бизни ҳайратга солган яна бир маскан бу – “Олтин Самрук” учар-кинотеатри бўлди. Марказий Осиёдаги ягона, дунё бўйлаб 20 та ҳисобланган учар-кинотеатрлардан бири айнан шу ерда жойлашган.
Учар-кинотеатр меҳмонлари афсонавий Семурғ қуши билан бирга вақт ва макон бўйлаб қозоқ маданияти ва тарихи билан танишишлари мумкин. Ушбу лойиҳанинг ғоявий асосини коинот дарахти тожига тухум қўйган муқаддас қуш Семурғ ҳақидаги қадимий қозоқ афсонаси ташкил этган, шунинг учун мажмуанинг ўзи олтин тухумли уя шаклида қурилган.
Кинотеатрга кириш учун 15 доллар тўлайсиз, 20 дақиқа қозоқ халқи тарихи билан танишиб 10 дақиқа давомида 8D форматда учар кинотеатрда саёҳат қиласиз.
Карвон сарой ҳудудида нафақат кўнгил очар масканлар, балки ўзида бутун тарихни жамлаган марказлар ҳам қад ростлаган. Улардан бири эса "Ұлы Дала Елі" (Буюк дашт эли/халқи) маркази.
Буюк дашт тарихини ўзига жамлаган марказ ўзгача дизайнда барпо этилган. Интерактив, анимация ва аудиовизуал технологиялар туфайли "Ұлы Дала Елі" (Буюк дашт эли/халқи) маркази Қозоғистондаги юқори технологияли иншоотлардан бири ҳисобланади. Марказдаги экспонатлар илмий асосланган материаллар, ҳақиқий археологик топилмалар асосида ташкил этилган.
Туркистон ҳудудидаги кўзга кўринган ва энг йирик мажмуалардан бири – Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси. Саёҳатимизнинг навбатдаги манзили айна шу мажмуа.
ХIV асрнинг охирларида Соҳибқирон Амир Темурнинг буйруғи билан Туркистон шаҳрида барпо этилган Аҳмад Яссавий зиёратгоҳи — ўрта аср бинокорлигининг яққол ва нодир намунаси ҳисобланади.
У ХII асрда ижод қилган бутун шарқ дунёсига машҳур қадимги туркийзабон шоир Аҳмад Яссавийга атаб барпо этилган. Туркистонга борадиган ҳар бир сайёҳнинг кунлик режасига Қозоғистондаги Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини кўриш, албатта, киритилади. Ўтган йили 1 миллион 500 минг сайёҳ айнан шу мақбарага зиёрат учун ташриф буюрган.
Мақбара қурилганидан ҳозирга қадар реставрация қилиб, янгилаб борилади. Эътиборлиси XIV асрда чизилган нақшлар сақланган деворлар ҳам бор. Тарихий маълумотларга кўра, дастлаб Яссавий қабри устида кичик мақбара қурилган. Кейин Амир Темур томонидан улкан маҳобатли мақбара мажмуи бунёд этилган. Баландлиги қарийб 40 метр, жами 30 та хона ва заллардан иборат бу мажмуанинг марказий зали қозоқ хонлари қароргоҳи бўлган.
Зал марказида Тойқозон ўрнатилган. Сиғими 3000 литр. Оғирлиги тахминан 2 тонна. Баландлиги 1,62, диаметри 2,42 метр. Қозон 7 турдаги металлар: олтин, кумуш, темир, қўрғошин, мис, рух ва қалайдан ясалган. Мақбара 2003 йили UNESCO умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Маълумотларга кўра, мақбара ичидаги қозон Туркистон вилоятининг Қарнақ қишлоғида қуйилган. Қозон туялар ёрдамида Аҳмад Яссавий мақбарасига олиб борилган.
Туркистонда эътиборга молик ва ҳозиргача сақланадиган 2 минг йиллик тарихга эга Сауран қаласи ҳам мавжуд.
Қала XIV асрда Амир Темур қўрғони бўлган. Сауран қаласи Қозоғистон учун маданий ва тарихий стратегик объект ҳисобланади. Ҳозирги кунда қала яқинида ташриф маркази ташкил этилиши ва сайёҳларга қулайлик яратилиши кўзда тутилган. Сиз гувоҳ бўлаётган деворлар XIII-XIV асрга оид бўлиб ҳозиргача шу ҳолатда сақланиб қолган. Бу қалада 15 минга яқин одам истиқомат қилган. У Буюк ипак йўлидан ўтган тадбиркорлар учун ҳам бошпана вазифасини бажарган.
Шунингдек, саёҳатимиз давомида Туркистон вилоятининг Кенто шаҳридаги Қарнақ қишлоғида қурилган Қарнақ жоме масжидида ҳам бўлдик. 2016 йилда кимдир пенсияси, кимдир даромади, яна кимдир жамғарган пулидан, яъни халқдан йиғилган пулларга қурилиши бошланган ушбу масжид 3000 минг одамга мўлжаллаб 3 қават қилиб қуриланган.
Масжиддаги ёзувлар, эслатмалар хадислар ўзбек тилида экани эътиборимизни тортди. Айтишларича, 17 минг аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқнинг 99 фоиз аҳолиси ўзбеклар экан. Шу сабаб ҳам барча ёзувлар ўзбек тилида.
Туркистонга саёҳатимизни музей, кинотеатрларга бориб, мақбараларни зиёрат қилиш билан тугата олмадик ва Эртакнамо Карвон саройнинг кечки гўзаллигини ўз кўзимиз билан кўришга қарор қилдик.
Туркистонга саёҳатимизни музей, кинотеатрларга бориб, мақбараларни зиёрат қилиш билан тугата олмадик ва Эртакнамо Карвон саройнинг кечки гўзаллигини ўз кўзимиз билан кўришга қарор қилдик.
Қозоғистоннинг гўзал ва Эртакнамо Туркистон шаҳрига саёҳатимиз шу тариқа ўз ниҳоясига етди. Сизни ҳам саёҳатга таклиф этамиз!
QALAMPIR.UZ'нинг Туркистон шаҳрига саёҳатини юқоридаги видеоплеер ёки YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь