Туркия биринчи хоними бошчилигида турк таомлари ҳақида китоб ёзилди
Олам
−
28 Май 2022
5107Искандар кабоб, Маржимак шўрва, дўлма, симит, баклава... Туркияга сафар қилган ёки ушбу мамлакат егуликларини яхши билганлар учун юқорида тилга олинган таомлар ва ширинликлар номи яхши таниш. Осиёдан Европагача, кун чиқар мамлакатдан то Америкага етиб борган турк ошхонаси лаззатлари бугун ўзбекистонликлар учун ҳам бегона эмас. Хўш, улар қандай тайёрланади? Тарихий турк ошхонаси айнан қайси таомлар билан ёдга олинади? Бу саволларга жавоблар, турк таомлари рецепти энди бир китобга жамланди.
Жорий йилнинг 21-27 май кунлари Туркия Биринчи хоними Эмина Эрдўған бошчилигида мамлакатнинг дунё давлатларидаги элчихоналарида "Турк ошхонаси ҳафталиги" ўтказилди. Кеча, 27 май куни Туркиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонасида ҳам Турк ошхонаси таомларининг кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Олган Бекар сўзга чиқиб, Эмина Эрдўған бошчилигида турк ошхонаси ҳақида китоб нашр этилганини айтиб ўтди.
“21-27 май кунлари дунёдаги Туркия элчихоналарида Туркия ошхонасининг тарғиботи ўтказилмоқда. Бу тадбирга Туркия Республикаси Президентининг рафиқаси, муҳтарама Эмина Эрдўған ўзлари бошчилик қилдилар. У кишининг бошчилигида чиққан китобни кўрдингиз. Унда рецептлар, таомларнинг қандай тайёрланиши таърифланган. Туркия ошхонаси Онадўлунинг таомларидан ташқари, 600 йил мобайнида Истанбулда жойлашиб, гуллаб-яшнаган Усмонийлар императорлигига ҳам бориб тақалади”, дейди элчи Олган Бекар.
“Юз йиллик рецептлар билан турк ошхонаси” китоби Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған бошчилигида тайёрланган. Ушбу китобда соғлом ва ирофсиз тайёрланиш жиҳатлари билан ажралиб турадиган рецептдаги таомларлар ўрин олган. Китоб машҳур ошпазлар, академиклар ва кўплаб мутахассисларнинг ҳиссаси билан тайёрланган. Рецептларда таомларнинг соғлом, анъанавий, чиқиндисиз тайёрланиш хусусиятларига эътибор қаратилган. Китоб турк ва инглиз тилларида нашр этилган ва унда кўплаб машҳур ошпазлар томонидан киритилган 218 та рецепт мавжуд. Китоб ўзбек тилида ҳам чоп этилиши кутилмоқда.
Тадбир давомида соғлом, анъанавий, чиқиндисиз ва барқарор хусусиятларга эга турк ошхонаси таомлари тақдим этилди. Турк ошхонаси ҳафталигида мамлакатнинг етакчи ошпазлари ўз тақдимотлари ва тадбир учун махсус тайёрланган таомлари билан иштирок этишди.
Шунингдек, турк ошпазлари кўргазма иштирокчиларини Туркиянинг дунёга машҳур бўлган мазали таомлар мероси билан таништириб, уларнинг аксарияти маҳсулотларнинг ҳар бир парчаси ишлатилиб, исроф қилинмай тайёрланишини урғулади.
LiveБарчаси